Ўзбекистон янгиликлари

Москвадаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” марказида давра суҳбати бўлиб ўтди

22 август куни Москва шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” марказида уламолар, мутахассислар ва Марказий Осиёлик меҳнат мигрантлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов, Котибият мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов, “Ҳилол-нашр” нашриёт-матбаа мажмуаси раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ ва Россия диний идоралари вакиллари қатнашди.
Тадбирда меҳнат мигрантлари таълим-тарбияси, маънавият ва маърифати масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф илмий меросини ўрганиш, тарғиб этиш ва китобларини мутолаа қилиш мустаҳкам эътиқодни сақлашда катта аҳамиятга эга экани ҳақида сўз юритилди.
Бу бежиз эмас, албатта. Шайх ҳазратлари нафақат диний, балки маърифий, тарихий, ахлоқий, ижтимоий мавзуларда 100 дан зиёд китоблар ёзган. У кишининг ҳикматли асарлари, суҳбатлари, телевидение ва матбуотдаги чиқишлари ҳар бир инсонни тўғри йўлга бошлайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарлари рус тилига ҳам таржима қилиниб, чоп этилган. “Тафсир Хилал” (Қуръон каримнинг шарҳи), “Хадисы и Жизнь”, “Ийман, Ислам, Куръан”, “Суннитские вероубеждения”, “Разногласия: причины и решения”, “Васатыя – путь жизни”, “Счастливая семья”, “Открытое послание”, “Истина о сути гадания”, “Заем и связанные с ним вопросы” каби китоблар шулар жумласидандир. Шунингдек, олимнинг асарлари қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ислом динининг асл моҳиятини тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашга қаратилган эзгу ишлар қаторида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илмий меросини тарғиб этиш ёш авлод учун улкан тарбия ва ибрат манбаи бўлиб хизмат қилади.
Мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчи Абдуҳаким қори Матқулов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз томонларидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, диний-маърифий жабҳадаги аҳамияти беқиёс ишлар ҳақида алоҳида тўхталди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибияти мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов эса юртимизда дин янги масжид-мадрасалар очилгани, илмий марказлар, ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани, шунингдек, ватанга садоқат, оила муқаддаслиги, огоҳлик мавзуларида суҳбат қилиб бердилар.
Давра суҳбати якунида меҳнат мигрантлари сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижда меҳнат қилаётган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида сўнгги йилларда жуда катта ишлар амалга оширилаётгани ва буни барча меҳнат мигрантлари ҳис этаётганларини эътироф этишди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

1955 марта ўқилди

Янгиликлар

Top