muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 12 Апрель 2021 00:00

Рамазон ойи дастури

Қуръони каримни хатм қилишда ҳар ким ўз даражаси, вақти каби имкониятларини ҳисобга олиб, қуйидагиларга тақсимлаш мумкин.

1) 30 кунда хатм қилиш йўли:

Ҳар куни 1 порадан ўқилади.

Бомдоддан кейин (ёки олдин): 4 саҳифа (бет)
Пешиндан кейин: 4 саҳифа
Асрдан кейин: 4 саҳифа
Шомдан кейин: 4 саҳифа
Хуфтондан кейин: 4 саҳифа

2) 15 кунда хатм қилиш йўли:

Ҳар куни икки порадан ўқилади.

Бомдоддан кейин (ёки олдин): 8 саҳифа (бет)
Пешиндан кейин: 8 саҳифа
Асрдан кейин: 8 саҳифа
Шомдан кейин: 8 саҳифа
Хуфтондан кейин: 8 саҳифа

3) 12 кунда хатм қилиш йўли:

Ҳар куни икки ярим пора (25 вароқ) дан ўқилади.

Бомдоддан кейин (ёки олдин): 10 саҳифа (бет)
Пешиндан кейин: 10 саҳифа
Асрдан кейин: 10 саҳифа
Шомдан кейин: 10 саҳифа
Хуфтондан кейин: 10 саҳифа

4) 10 кунда хатм қилиш йўли:

Ҳар куни уч порадан ўқилади.

Бомдоддан кейин (ёки олдин): 12 саҳифа (бет)
Пешиндан кейин: 12 саҳифа
Асрдан кейин: 12 саҳифа
Шомдан кейин: 12 саҳифа
Хуфтондан кейин: 12 саҳифа

5) Олий ҳимматлилар режаси — 6 кунда хатм қилиш йўли:

Ҳар куни беш порадан ўқилади.

Бомдоддан кейин (ёки олдин): 20 саҳифа (бет)
Пешиндан кейин: 20 саҳифа
Асрдан кейин: 20 саҳифа
Шомдан кейин: 20 саҳифа
Хуфтондан кейин: 20 саҳифа

6) Аксар саҳобалар хатм услуби:

Ҳафтада бир хатм қилиш. Сураларга кўра тақсимланади.

1-кун: Фотиҳадан Нисогача
2-кун: Моидадан Тавбагача
3-кун: Юнусдан Наҳлгача
4-кун: Исродан Фурқонгача
5-кун: Шуъародан Ясингача
6-кун: Соффатдан Ҳужуротгача
7-кун: Қофдан Насгача

Хатмга ёрдамчи ишлар:

1. Қуръон фазилатлари ҳақида китоб ўқиш, маърузалар эшитиш;
2. Қуръон ўқишдан олдин ўша оятлар тафсирини ўқиб қўйиш;
3. Чиройли тиловатлар эшитиш;
4. Мусобақа қилиш (дўст ёки оила билан);
5. Кўпроқ дуо қилиш;

Рамазон ойи хатм қилиш катта фазилат ва унга ўрганиш учун энг қулай имкониятдир.

Понедельник, 12 Апрель 2021 00:00

Рамазон ойи муборак!

Мана яқин кунларда ҳижрий йил ҳисоби бўйича 1442 йилнинг Рамазон ойи кириб келади. Рамазон ойи мўмин-мусулмонлар муштоқлик билан кутадиган ойдир.

Авваламбор, Рамазон ойи мўмин-мусулмонларга рўза тутиш фарз қилинган ойдир. Бу ҳақда Алоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ким  бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан.  Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчилик хоҳламас. Саноғини мукаммал  қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсангиз ” ( Бақара сураси, 185-оят).

Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да шундай дейилади: “ Рамазон ойи барча самовий китоблар, шу жумладан Қуръони карим нозил қилинган шарафли ойдир. Ким бу ойга етса, рўза тутишига монеъ сабаблари бўлмаган муқим киши рўза тутсин, чунки у Ислом рукнларидан биридир”.     

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Рамазон ой кириши арафасида шундай марҳамат қилганлар: “ Эй инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик билан Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда бир фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгаларга меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда,  ўшанча ажр бўлади ( Имом Байҳақий, Ибн Ҳузайма ривояти).

Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар рўза тутиб Аллоҳнинг розилигини топадилар. Аллоҳнинг мағфирати, раҳматига сазавор бўладилар.

Рамазон ҳидоят, тақво, ихлос, сабр, ибодат, мағфират, раҳмат, дўзахдан нажот топиш, хайру-саховат, қаноат  ойидир.

Умуман айтганда Рамазон ойи Аллоҳнинг биз мўмин-мусулмонларга берган катта неъматидир. Аллоҳнинг бизга берган неъматини ғанимат билиб қадрлашимиз ва унга шукр қилишимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга кириб келаётган Рамазон ойини муборак қилсин!

 

Р. Акбаров,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими

Понедельник, 12 Апрель 2021 00:00

Сиз ўзи кимга эргашасиз?

Сохта салафийлар "Саҳобалар ақидаси" дейишади, ҳолбуки саҳобалардан битта ҳарф нақл қилишмайди. Балки Ибн Таймия ва Ибн Абдулваҳҳобдан нақл қилишади.

Қизиғи шуки:
Мен ҳижрий 194 йилда туғилиб 256 йилда вафот этган Имом Бухорийнинг "Аллоҳ таоло кулди..." деган ҳадисни (Имом Байҳақий "Асмо ва сифот"да нақл қилганидек) "Кулишнинг маъноси — меҳрибонликдир" дея таъвил қилганлигини зикр қилган эдим.

Битта "салафий" келиб:
"Бу саҳобалар ва салафларнинг мазҳабимас, балки салафларнинг мазҳаби зоҳирига кўра қабул қилишдир, Ибн Таймийя айтади: ..." деб ёзибди.

Яхшилар! Салаф ким? Иккинчи ҳижрий асрда таваллуд топган Имом Бухорийми ё еттинчи асрда туғилиб саккизинчи асрда вафот топган Ибн Таймиями?

Шайх Сайф Ал-Асрий ҳафизаҳуллоҳ

 Муҳаммад Аюб Фахриддин таржимаси

Тошкент шаҳрида таровеҳ намози муносабати билан ҳар Рамазон оқшомида (13 апрелдан 12 майга қадар) — соат 18:00 дан 23:00 гача масжидлар яқинидаги йўллар транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилади , дея хабар бермоқда пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Жумладан,

Лутфий кўчаси (фақат масжид томони, қарама қарши томон ҳаракат учун очиқ бўлади) — Катта Қаъни кўчаси билан кесишмадан Катта Хирмонтепа кўчаси билан кесишган йўлгача («Абдуллоҳ ибн Масъуд» масжиди);
Кўкча Дарвоза кўчаси — Бешқайрағоч кўчасидан Нурафшон айланма кўчасигача («Шайх Зайниддин» (Кўкча) жоме масжиди);
Келес йўли — Норазтепа кўчасидан Гулсарой кўчасигача («Дўстжонбой ота» жоме масжиди);
Камолон кўчаси — Самарқанд дарвоза кўчасидан Бунёдкор шоҳ кўчасигача («Хўжа Аламбардор» (Камолон) жоме масжиди);
Ал-Хоразмий кўчаси — Катта Қаъни кўчасидан Катта Хирмонтепа кўчасигача («Убай ибн Каъб» (Бўрижар, Илонлик ота) жоме масжиди);
Қорақамиш-3 кўчаси — Қорақамиш-1 кўчасидан Келес йўлигача («Сирож-солиҳ» жоме масжиди) ёпилади.
«Ҳолатга қараб, намозхонлар сони кўпайиб кетган тақдирда, масжидларга туташган бошқа йўллар ҳам ёпилиши мумкин», — дейилади бош бошқарма ахборотида. Шаҳар расмийлари ҳайдовчилардан таровеҳ намозлари вақтида масжидлар атрофидаги кўчаларни четлаб ўтишни илтимос қилган.

daryo.uz

Воскресенье, 11 Апрель 2021 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар халқимизга ва динимизга хизмат қилиб келаётган Тошкент шаҳар Олмазор тумани «Имом Термизий» жоме масжидининг имом ноиби Иброҳимжон домла Узоқовнинг жуфти ҳалоллари вафоти муносабати билан у кишининг барча оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумани ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Иброҳимжон домла Узоқовнинг оила аъзолари, фарзандлари ва ёр-биродарларига, марҳума онахоннинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Янгиликлар

Top