muslimuz

muslimuz

Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Абу Дардо кечаси туриб, намоз ўқиди. Сўнг йиғлаб: «Аллоҳим! Менинг халқимни гўзал қилдинг, хулқимни ҳам гўзал қилгин», дея бошлади”.

Эй Абу Дардо! Туни билан фақат ҳусни хулқ ҳақидагина дуо қилдингиз-а? дедим.

Эй Умму Дардо! Мусулмон банда хулқини гўзал қилса, ўша гўзал хулқи уни жаннатга элтади. Мусулмон банда хулқини ёмон қилса, ўша ёмон хулқи уни дўзахга киритади. Мусулмон банда ухлаб ётганида ҳам мағфират қилиниши мумкин, деди.

“Эй Абу Дардо! Қандай қилиб ухлаётган одам мағфират қилинади?” дедим.

“Унинг бир биродари кечаси туриб, таҳажжуд ўқийди. Сўнг Аллоҳ азза ва жаллага дуо қилади. Шунда унинг дуосини қабул қилади. Ва биродарининг ҳаққига дуо қилади. Шунда унинг бунинг ҳақидаги дуосини ҳам қабул қилади”.

Бу ривоят машҳур саҳобия Умму Дардо розияллоҳу анҳодан қилинмоқда. У кишининг эрлари Абу Дардо розияллоҳу анҳу ҳам обидлиги билан машҳур бўлган зотлардандир. Бу оила ниҳоятда ибодатли оила бўлган.

Ривоятда келишича, Абу Дардо розияллоҳу анҳу кечаси туриб, намоз ўқидилар ва сўнг тонг отгунча: Менинг халқимни, яъни кўринишимни яхши қилиб қўйдинг. Энди хулқимни яхши қилгин, деб Аллоҳ таолога йиғлаб ёлвордилар.

Бу буюк саҳобийларнинг оилавий ҳаётида бўлиб ўтган бир ибратли воқеа. Албатта, бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган, у зотдан таълим олган инсонларнинг ҳаёт тарзидир.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, ҳусни хулқ шундай қадрли нарса эканки, улуғ бир саҳобий бир кеча давомида намоздан сўнг фақат шу сифат берилишини сўраб, «Аллоҳим! Менинг халқимни гўзал қилдинг, энди хулқимни ҳам гўзал қилгин», деб дуо қилиб чиқибдилар. Чунки ҳусни хулқ ўз соҳибини жаннатга олиб борар экан. Аллоҳ сақласин, хулқ ёмон бўлса, эгасини дўзахга олиб борар экан.

Энди ушбу ривоятнинг иккинчи қисмидаги дуо ҳақида.

Демак, мўмин-мусулмонлар ўз биродарларининг ҳаққига ғойибдан, хусусан, кечалари, таҳажжуд намозларидан кейин қилган дуолари ижобат бўлар экан, бундай дуоларда бирор кишининг ҳаққига қилинган дуо қабул бўлиб қолса, дуо қилинган киши бу пайтда ухлаб ётган бўлса ҳам, гуноҳлари мағфират бўлиши, баъзи ҳожатларини Аллоҳ таоло раво қилиб қолиши мумкин экан.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

Кечаси туриб, намоз ўқиш фазилатли иш экани.

Тонг отгунча йиғлаб дуо қилиш фазилатли иш экани.

Хулқини яхши қилишини Аллоҳ таолодан сўраб туриш кераклиги.

Мусулмон банда хулқини яхши қилса, ўша яхши хулқи уни жаннатга элтиши.

Мусулмон банда хулқини ёмон қилса, ўша ёмон хулқи уни дўзахга киритиши.

Мусулмон банда ухлаб ётганида ҳам мағфират қилиниши мумкинлиги.

Кечаси туриб, намоз ўқиб, Аллоҳ таолога дуо қиладиган кишиларнинг дуоси қабул бўлишидан умидворлик борлиги.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди.

 Шу кунларда Эронда ўтказилаётган Халқаро Қуръони карим мусобақасининг бешинчи кунида дунёдаги энг кичик босма Қуръон тақдимоти бўлиб ўтди.

“IQNA” сайти маълумотига кўра, 40-халқаро Қуръон мусобақасининг сўнгги кунида Эронда бундан 150-200 йил аввал босилган энг кичик босма Қуръон ҳам тақдим этилди.

Ушбу Қуръон соҳиби Оқил Рофиий Эронда ўтказилаётган Халқаро Қуръон мусобақасининг тўртинчи куни арафасида “IQNA” сайтига берган интервьюсида бундай деди: “Мен бу Қуръонни отамдан тахминан 20 йил аввал совға сифатида олганман. Бу китобни отам ҳам амакисидан олган”.

Қариндошларимизнинг ҳаммаси уламо бўлгани ва қадимий тилда  “мулла” атамасини ишлатиб, ўтмишда муллалар Қуръонни биладиганлар бўлган, – деди Рофиъий.

 Рофиъий яна бундай изоҳ берди: “Бу Қуръон менга бир неча авлодлар олдин келган ва мен унга қарийб йигирма йилдан бери ғамхўрлик қиламан.  Мутахассисларнинг фикрича, бу Қуръон 150 ёшда. Эшитилганларга кўра, бу китобнинг 10 та нусхаси Мисрда чоп этилган ва ҳозирда Қуръоннинг ягона нусхаси оммага эълон қилинадиган нусхадир”.

  Бу Қуръоннинг сақланиш ҳолати ҳақида бундай деди: “Бу Қуръон қадим замонлардан бери кумуш метал қутида сақланган, унинг ўз ҳолатини сақлагани ва саҳифаларининг бутунлигича қолиши сабабларидан бири, лекин бу Қуръоннинг муқоваси мавжуд эмас. Ушбу Қуръонни музейга ҳадя қилмоқчимисиз, деган саволга Рофиъий: “Мен бу Қуръонни асраш вазифасини давом эттиришга қарор қилдим”, деб жавоб берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

 Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади

Среда, 21 Февраль 2024 00:00

Михли шўрва фалсафаси

Ҳикоя қилинишича, бир фақир киши қаҳратон совуқда бир бурда емиш излаб кўчаларда кезиб юрган экан. Бироқ ҳеч нарса топа олмай, бир уйнинг эшиги тагига ўтирибди ва уйқуга кетибди.

Тонг отгач уй эшигини бир қари аёл очибди. Эшиги тагида ўлар ҳолда ётган кишини кўриб, “Сизга нима бўлди?” деб сўрабди.

Ҳалиги киши жуда ҳам оч-наҳор эканини ва қаттиқ совуқда қолганини айтибди. Қария аёл уни уйига олиб кириб, исиниб олиши учун ёпинчиқ ва бир стакан иссиқ сув берибди. У аёл жуда бахил бўлиб, ҳеч кимга ҳеч нарса бермас экан. Қорни жуда ҳам очган бу киши унинг бахиллигини сезибди, лекин уни уйига олиб кирганидан қалбида озгина бўлса ҳам раҳм-шафқат борлигини билибди.

Чўнтагидаги занглаган михга кўзи тушиб: “Битта қозоним ва идишим бўлганида эди, сизга қўлбола қилиб мих шўрва қилиб берардим”, дебди.

Қария аёл бундан ҳайратланиб: “Мих шўрва?! Нималар деяпсан, ҳой бола?” дебди.

Киши уни мана шу михдан зўр шўрва тайёрлай олишига ишонтирибди. Шунда гапига ишонган кампир унга идиш бериб, қозон ва ўчоқ турадиган жойни кўрсатибди.

У ўчоқ олдига бориб, қозонга сув ва михни солибди, кейин оловни ёқибди. Бироз кутгач дебди: “Озгина туз ва кўкатлардан қўшиб юборсак шўрва янада мазали бўларди”.

Кампир унга сўраган нарсасини берган экан, меҳмон табассум билан: “Сиз жуда яхши, саховатли аёл экансиз” дея мақтай кетибди. Сўнг яна шўрва мазали бўлади, деган баҳона билан пиёз ва сабзи сўрабди.

Атрофидаги одамлардан доим “бахил” деган тамғани эшитиб юрган аёл меҳмондан бу мақтовларни эшитгач хурсанд бўлиб кетибди ва унга сабзи, пиёзларни, у сўрамаган бошқа керакли маҳсулотларни ҳам тақдим этибди.

Киши қозонга солинган михни секин олиб чўнтагига қайта солиб қўйибди. Шўрва қайнаб чиққач, уни идишга солиб, кампирнинг олдига қўйибди.

Кампир ва фақир киши бирга овқатланишибди, кампир музлатгичдан мураббо ва бошқа нонхўракларни дастурхонга қўйибди.

Охирида қария аёл меҳмонга раҳмат айтиб дебдики: “Мих овқатга шундай таъм киритишини билмаган эканман!”.

Киши табассум қилган ҳолда: “Сизга раҳмат, сизнинг саховатингиз бўлмаганда михнинг ўзи ҳеч нарса қила олмасди”, дебди ва ичида: “Аслида мих ҳеч нарса қилгани йўқ, ҳаммасини ширин сўзлар бажарди”, деб шивирлабди.

Баъзида фарзандларимизнинг тарбиясини тўғирлаш учун вақт кечикиб бораётганини, улар бизга турган битгани машаққат, кулфат бўлаётганини ҳис қиламиз ва улардаги ёмон сифатларни айтиб, койиймиз-у, бироқ яхши жиҳатларига эътибор бермаймиз, яхши сифатлари учун уларни мақтамаймиз.

Ҳамма ота-оналар фарзандларини тарбиялаш йўлида юқорида келтирилган ҳикоядаги каби зўр “мих шўрва” қилиб, ширин сўзлар билан, қўллаб-қувватлаш билан уларни ижодкорларга, бошлиқларга айлантира олади.

Қани бир михли шўрва фалсафасини фарзандингизда қўллаб кўрингчи…

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Среда, 21 Февраль 2024 00:00

Тарбияда кечикманг

Аллоҳ менга ўғиллар берганда жуда хурсанд бўлгандим. Аллоҳга шукрона қилиб хайр-эҳсонлар тарқатгандим. Лекин ўғилларим қулоқсиз бола бўлишди. Бекорчи, такасалтанг болалар билан ўртоқ бўлиб, кунда-кунора ишкал чиқариб келадиган, орқаларидан кўп гап эшиттирадиган бўлишди. Уларни калтаклаб ҳам тарбиясини қўлга ололмадим. Охири бўлмагандан кейин уйдан ҳайдашгача бордим.

Кейин ўша кунлари бир психолог билан маслаҳатлашиб қолдим. У менга ўғилларимга оталик меҳрини беришни, уларга етарлича вақт ажратишни, уларни ишларимга шерик қилишни тавсия қилди, кўрсатмалар берди. Ўйлаб қарасам, иш билан бўлиб, фарзандаларимга жуда кам вақт ажратар эканман. Уларнинг кимлар билан ўртоқ бўлиб юргани, дарслари қандай бўлаётганига қизиқмас, барчасини уй ишлари билан қўшиб онасининг зиммасига юклаб қўйган эканман.

Фарзандларим билан жиддий шуғулланишга қарор бердим. Дўконларимнинг идорасини секин-аста болаларимга топшира бошладим. Бошида дўкон ишларини расво қилиб касодга учратишмасмикан деб роса қўрқдим. Лекин Аллоҳга таваккал қилиб, Ўзидан ёрдам сўраб, ишга киришдим. Аллоҳга шукрки, фарзандларим мени уялтиришмади. Дўкон ишлари кўп бўлгани учун бемани дўстлари билан бекорчи ишларга ҳам вақтлари қолмади. Эртадан кечгача дўкон ишлари билан бўлиб, кечаси уйга чарчаб келиб ухлайдиган бўлишди. Тунлари ярим кечагача, баъзан тонггача дайдиб юриш одатлари йўқолди.

Ҳозир Аллоҳнинг фазли ила болаларимнинг ҳаммаси яхши. Ҳаммасини уйлантирдим. Энди улардан кўнглим тўқ. Уларни ўз вақтида катта дўконларимни бой бериш хавфи бўлса-да ўзимга жалб қила олганимга, тарбияларини ўнглашга муваффақ бўлганимга Аллоҳга ҳамд айтаман.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасалари, хусусан, Тошкент ислом институти таълим жараёнларини рақамлаштириш ва ўзаро ҳужжат алмашувини такомиллаштириш режалаштирилган.

Ҳозирда институтда Hemis ахборот тизимини жорий қилиш бўйича зарур ташкилий ва техник ишлар амалга оширилмоқда.

HEMIS – Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими бўлиб, «Маъмурий бошқарув», «Ўқув жараёни», «Илмий фаолият» ва «Молиявий бошқарув» модулларини ўз ичига олган.

HEMIS ахборот тизимидан 220 дан ортиқ олий таълим муассасалари ва 1 миллиондан ортиқ талаба ва ўқитувчи фойдаланмоқда. Олий таълим жараёнларини бошқаришга мўлжалланган HEMIS ахборот тизими 100 дан ортиқ my.gov.uz, ransfer.edu.uz, soliq.uz, mehnat.uz, diplom.edu.uz каби бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.

Тошкент ислом институти мутахассислари томонидан таълим тизимига Hemis ахборот тизимини жорий қилиш натижасида таълим муассасаси, ўқитувчи ва талабаларга қуйидаги имкониятлар пайдо бўлади:

– диний таълим муассасалари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари қаторига қўшилади;

– бакалавр ва магистратура босқичларида ёки хорижий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш учун ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйилади;

– my.gov.uz ягона интерактив Давлат хизматлари порталидан маълумотнома олиш осонлашади;

– талабалар вилоят ва шаҳарлараро қатновда транспорт чипталарида чегирма имтиёзларига эга бўлади;

– transfer.edu.uz тизими орқали ўқишни қайта тиклай оладилар;

– soliq.uz Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ижарада турадиган талабалар хонадон эгасини даромад солиғидан озод қила оладилар;

– Пенсия жамғармаси, ёшлар дафтари, ногиронлиги бор шахслар тегишли имтиёзлардан фойдалана оладилар;

– mehnat.uz порталидан битирувчилар ҳақида маълумот олиш имконияти;

– diplom.edu.uz тизими орқали электрон диплом тақдим этиш каби қулайликларга эга бўлиш мумкин.

Тошкент ислом институтида Hemis ахборот тизимини жорий қилиш тўғрисида талабаларни таништириш мақсадида Ахборот ва техник таъминот бўлими бошлиғи М.Валиев томонидан семинар ўтказилди. Унда профессор-ўқитувчилар ва ходимларга “HEMIS”нинг имкониятлари ва ундан фойдаланиш бўйича муҳим маълумотларни берди.

Ўқув-амалий семинар интерактив тарзда ташкил этилди. Унда талабалар фаол иштирок этиб, “HEMIS” тизимига боғлиқ масалалар бўйича саволлар билан мурожаат қилди. Мутахасис “HEMIS” орқали мисоллар ёрдамида саволларга амалий жавоб берди.

Оliymahad

Мақолалар

Top