muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 22 Апрель 2022 00:00

Залолат аҳлининг юзи қораяди

Бу дунёда инсон яшар экан доимо юзи ёруғ бўлишига интилади. Айниқса, инсоннинг юзи қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида ёруғ бўлиши жуда ҳам муҳим. Мўмин-мусулмон ҳар доим дуосида “Эй Аллоҳ, икки дунёда юзимни ёруғ қил” деб дуо қилади ва шунга мувофиқ ҳаракат қилади.

Инсоннинг динда бидъат ишларни қилиши уни залолатга етаклайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат – залолатдир" – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Ислом динида тафриқаларни юзага келтириш, турли хил оқимларга бўлиниш, тарафкашлик қилиш каби ишлар залолатга олиб борувчи бидъатлардир.

Залолат эса қиёмат куни инсоннинг юзини қора бўлишига сабабчи бўлади.  Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Баъзи юзлар ёруғ ва баъзи юзлар қораядиган Кун (қиёмат)ни эсланг..." (Оли Имрон сураси, 106-оят), деган оятни: "Аҳли сунна вал-жамоат"нинг юзи ёруғ бўлади, аҳли бидъат ва залолатнинг юзи қораяди" - деб тафсир қилганлар (Имом Молик, Имом Дайламий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни турли хил залолатлардан асраб, Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!

 

Р. Акбаров,

Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси бўлими мудири Камолиддин Маҳкамов, ушбу бўлим етакчи мутахассиси-реставратор Саидраҳмат Икромов ҳамда Диний идора Зиёрат туризмини илмий ривожлантириш сектори мудири Жаҳонгир Саломовлар хориж мамлакатларидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида хизмат сафарига жўнаб кетди.

Маълумки, сўнгги йилларда халқимиз тарихи ва бой маданиятини тиклаш, улуғ алломаларимиз илмий меросини асраб-авайлаш ва ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Айни вақтда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар натижасида бу йўналишдаги ишлар ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.
Мазкур йўналиш бўйича жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланган, Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган қўлёзмалар фондига эга бўлган Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия ва Америка Қўшма Штатлардаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот учун, 2017 йили Президентимизнинг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Унга мувофиқ, турли давлатларда сақланаётган қадимий ноёб қўлёзмалар, чет эл фондларидаги мавжуд асарлар нусхаларини айрибошлаш ёки олиш ҳисобидан Ўзбекистондаги қўлёзма ва ёзма манбалар фондларини бойитиб бориш белгиланган. Шунингдек, унда Ўзбекистоннинг турли ташкилотларида сақланаётган араб ёзувидаги қўлёзма асарлар, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларнинг сақлаш ва таъмирлаш ҳолатини янада такомиллаштириш масалалари ҳам белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхона фондида 3 минг жилддан зиёд қўлёзма, 20 минг жилддан ортиқ тошбосма ва янги нашр китоблари сақланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2022 йил 20-22 апрель кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятида бўлиб, ҳудуддаги масжид ва мадрасаларда намозхон ва талаба-ёшларга маърифий мавзуларда мавъиза қилиб бермоқда.

Дастлаб Ҳомиджон домла Нукус шаҳрида бўлиб, диний соҳа ходимлари билан учрашди. Шунингдек, шаҳардаги “Ережеп бий” жоме масжиди таровиҳ намози олди “Рамазон рўзасининг фойдалари” мавзусида сермазмун мавъиза қилди.

Сафар давомида Ҳомиджон домла Хоразм вилоятига ташриф қилиб, Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юртида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, ўқув даргоҳи ҳудудида талаба-ёшларга янги барпо этилаётганган ётоқхона пойдеворига илк ғиштни табаррукона қўйиб, унинг қурилишига оқ фотиҳа берди. Пешин намозида талаба-ёшлар билан дилдан суҳбат бўлиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Шу куни Ҳомиджон домла Ишматбеков Урганч шаҳридаги “Охунбобо” жоме масжидидаги таровиҳ намози ва хатми Қуръонда қатнашиб, бу ерда йиғилган мўмин-мусулмонларга Қадр кечасининг фазилатлари ҳақида чиройли маъруза қилиб берди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ

Давлатимиз раҳбари оилавий болалар уйи ташкил этган ота-оналар билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев раҳбар сифатида қатъиятли ва талабчан бўлса, шахс сифатида меҳрибон ва эътиборли инсон. Буни унинг кексаларга, болаларга, эҳтиёжманд одамларга муносабатидан билса бўлади.

Давлатимиз раҳбари Жиззах вилояти ҳокими бўлганида Меҳрибонлик ва Мурувват уйларини тартибга келтиргани, Самарқандда кўзи ожиз болалар интернатига борганини одамлар ҳалигача эслайди.

Бугун бундай меҳр-эътибор бутун мамлакат миқёсига ёйилган. Президентимиз ҳудудларга чиққанида шундай ижтимоий муассасаларга боришга вақт топади.

Яқинда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги мактаб-интернатга борганида Шавкат Мирзиёев «юртимизда умуман етимлар бўлмаса, қандай яхши бўларди» деган эди. Халқимиз бу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаб, барча ҳудудларда оилавий болалар уйлари ташкил этилмоқда. Натижада сўнгги ойларда 16 та Меҳрибонлик уйидан 10 таси ўз фаолиятини тугатди.

Қашқадарё вилоятида ҳам биринчилардан бўлиб, Китоб туманидаги 5-сон ва Қамашидаги 4-сон Меҳрибонлик уйлари ёпилди. У ерда тарбияланганларнинг бир қисми яқинлари бағрига қайтган бўлса, бир қисми оилавий болалар уйларига қабул қилинган.

Президентимиз Қашқадарёга сафари чоғида шундай меҳрибон инсонлар - Ҳусан Холлиев ва Гулбаҳор Хонимова, Шокир Суюнов ва Гулбаҳор Ҳамидова, Бахтиёр Тўраев ва Гулбаҳор Алланазарова оилалари билан учрашди.

- Давлатимиз сиёсатини амалга ошириб, болаларнинг бошини силаб, оилангиз бағрига олганингиз учун сизларга таъзим қилиб, раҳмат айтаман, - деди Шавкат Мирзиёев. - Сиз ўзлигимизни, халқимиз маънавиятини намоён этиб, намуна бўлаяпсиз. Бу қийин, буни ҳамма ҳам тушунмаслиги мумкин. Лекин бу савоб ишнинг ажру мукофоти жуда улкан. Сиз тарих яратаяпсиз, ўзингизга маънавий ҳайкал қўяяпсиз. Халқимиз бундай олижаноб фазилатларни юксак қадрлайди.

Президент болажонларга ҳам мурожаат қилиб, далда берди.

- Ҳаёт ўнқир-чўнқир, синовлардан иборат. Ҳозир сизлар учун синов. Лекин, мен ишонаман, келажакда тенгдошларингга ўрнак бўласизлар. Меҳнат, машаққатсиз муваффақиятга эришиб бўлмайди. Мен ҳам болалигимда қийинчилик кўриб, катта бўлганман. Сизлар ҳар доим давлатимизнинг эътиборида бўласиз: таълим-тарбиянгиз, ўқишларга киришингизни назоратга оламиз. Худо хоҳласа, камолингизни кўриш ҳаммамизга насиб этсин, - деди давлат раҳбари.

Қашқадарё вилоятида жами 16 та оилавий болалар уйлари ташкил этилган бўлиб, уларда 98 нафар ўғил-қиз меҳр оғушига олинган. Президентимиз ушбу оилаларга ҳам миннатдорлик билдирди.

 

ЎзА

Мақолалар

Top