muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 23 апрел куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Тошкент вақти билан эрталаб соат 03:30 да пойтахтимиздаги “Дорул Омон” жоме масжиди имом-хатиби Абдулҳамид домла Жуманов илмий суҳбат қилиб берди.

Таниқли уламо ва имом-хатибларимиз кун давомида Нью-Йоркдаги “Mahalla USA” ўзбекистонликлар жамиятига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ташриф асносида бу ерда юртдошларимиз билан мулoқaтда бўлиб, мамлакатимиздаги янгиликлар, Рамазон ойи фазилати ҳақида суҳбат қилиниб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бердилар.

Кун якунида уламо ва имом-хатибларимиз Нью-Йорк шаҳридаги Рамазон тадбирларини якунлаб, Огая штатининг Синсиннати шаҳрига йўл олдилар.

Таниқли ва воиз имом-хатибларимиз ташрифлари давомида Синсиннати шаҳрида яшовчи ҳамюртлар билан учрашув ўтказиш, Рамазон ойи тадбирлари ҳамда ватандошлар томонидан қурилиши бошланаётган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди пойдеворига тамал тошини қўйиш режа қилинган.

Ташриф тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда кузатиб боринг.

Аллоҳ таоло уламоларимизнинг сафарларини бехатар ва суҳбатларини манфаатли қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла ҳазратлари

Суббота, 23 Апрель 2022 00:00

Мен ҳам закот бераманми?

CАВОЛ: Мен узоқ йиллар чет элда ишлаб пул йиғиб келдим. Уй-жойим шароитларини яхшилаб олдим, лекин бирор бир тадбиркорлик қилиб ишни бошини тутмадим. Аллоҳни тақдири экан касал бўлиб, вақтинчалик меҳнатга яроқсиз бўлиб қолдим. Тирикчиликни ота-онамни нафақасидан ва ишлаб келган пулимдан қилиб турибмиз, оилада ҳеч ким ишламайди, фарзандларим бор. Саволим шуки, маблағим анча бор, нисобга етган. Шундан закот бераманми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Чет элда ишлаб, олиб келган пулингиз камида 85 гр тиллонинг қийматига етган бўлса, пулингиз нисобга етган бўлади. Ана шу вақтдан роса бир йил ўтгач, ейилиб, кийилиб, бошқа ҳожатларга ишлатилиб кетгандан қолган пул 85 гр тилланинг қийматидан камаймаган бўлса, энди жами пул (тилла, сотишга мўлжалланган тижорат моллар)ингиз қирқдан бири (1/40)ни закот сифатида берасиз. Яна бир йил ўтгандан кейин яна қўлингиздаги маблағни ҳисоблаб кўрасиз, яна 85 гр тилланинг қийматидан кўп чиқса, яна закот берасиз. Масалан, ундан кейинги йил пулингиз камайиб, 85 гр тилланинг қийматидан камайиб кетса, закот бермайсиз. Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасига унинг тоқати етмайдиган нарсани юкламайди, шу жумладан закот масаласида ҳам. Аллоҳ таоло қўлингда бор мол мулкдан 1/40 ни берасан, дейиши ҳам мумкин эди. Лекин ундай демади, балки ҳожати аслиядан ташқари бўлган мол мулкнинг 1/40 қилиб белгилаб берди.

Фиқҳий манбаларда закот ҳақида шундай дейилади:

لا تجب إلا علي حر مكلف مسلم مالك ملكا تاما لنصاب نام وهو إما بالثمنية أو السوم أو نية التجارة مع الحول فاضل عن حاجته الأصلية

Яъни: “Закот – ўсувчи нисобга етган мулкка эга эга бўлган ҳур, болиғ, мусулмон кишига фарз бўлади. Ўсиш қуйидагича билинади: пул бўлиши (олтин, кумуш, нақд пул), яйловда ўтлайдиган ҳайвон бўлиши, тижоратдаги маҳсулот бўлиши. Ҳожати аслиядан ташқари бўлиши керак. Бундан ташқари бир йил айланиши керак. Кишида шунча маблағ бир йил давомида мавжуд бўлса, унинг бой эканлиги маълум бўлади. (“Фатҳу бобил иноя” китоби).

Демак, закот олтин, кумушдан, савдо учун боқилаётган мол-ҳоллардан, ишлаб чиқарилаётган барча турдаги маҳсулотдан, нақд пуллардан, дўкондаги сотиладиган атир-упа, кийим-кечак ва бошқа шуларга ўхшаш нарсалардан ўзи ёки қиймати берилади. Кундалик аслий ҳожатига кирадиган нарсалар қўшилмайди. Кундалик аслий ҳожатига яшаши учун ҳожатини чиқариб турган нарсалар: уй-жой, машина, соғин сигир, уй ичини безаш учун қўйилган матоҳлар, бисотда ўғил-қизга аталган совға-сарполар, ейиш учун сақлаб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Булардан закот берилмайди.

Кимда қуйидаги шартлар мавжуд бўлса, у кишига закот фарз бўлади:

Биринчидан, моли нисобга етган бўлиши керак. Нисоб: мол-мулкнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати томонидан ҳар йили Рамазонда тайин қилинадиган маълум миқдорга етиши. Фатво ҳайъатидагилар закот нисобини шариатга мувофиқ ҳанафий мазҳаби асосида белгилаб, эълон қилади.

Иккинчидан, нисобга етган молга бир йил тўлган бўлиши керак. Бу ерда бир йил ҳижрий ва қамарий йил билан ҳисобланади, масалан, Рамазондан Рамазонгача. Бир йил тўлмаган молдан закот бериш фарз эмас.

Учинчидан, ана шу нисобга етган, бир йил тўлган мол (ёки пули) эгасининг қўлида, ихтиёрида, тасарруфида турган бўлиши лозим. Йўқотилган, бировдан ололмаётган молидан ҳам закот берилмайди.

Тўртинчидан, закот бериладиган молда эгасининг тижорат нияти бўлиши керак, яъни сотишни, ундан моддий фойдани кўзлаган киши шу нарсасидан ҳам закот беради. Агар сотиш нияти бўлмаса, қиймати ҳарчанд баланд бўлса-да, унга закот берилмайди. Масалан, бирор маҳсулот ишлаб чиқарадиган цех – корхона ва ундаги қимматбаҳо ускуналарга закот берилмайди. Ундан олинган даромадидан закот беради. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Глобал ислом иқтисодиёти индикатори Малайзияни ривожланган исломий молия бозори ва бир қатор ҳалол маҳсулотлар ва хизматлар туфайли 81 давлат орасида энг яхши мамлакат деб топди.
Islam.ru хабарига кўра, Малайзия ҳалол озиқ-овқат, исломий молия, мусулмонлар учун қулай саёҳат ва оммавий ахборот воситалари ҳамда ҳордиқ чиқариш жиҳатидан юқори ўринларни эгаллаб, Саудия Арабистонидан устун келди. Жануби-Шарқий Осиё мамлакати фармацевтика, камтарона мода ва косметика бўйича ҳам биринчи ўнталикка кирди.
Малайзия 9 йил кетма-кет биринчи ўринни эгаллаб, айниқса ислом молиясида яхши натижаларга эришди, ислом қонунларига мос келадиган маблағлар қийматининг 20 фоизга ўсишидан фойда кўрди.
Индонезия умумий рейтингда тўртинчи ўринни эгаллади. Мамлакатда исломий молиявий технологияларнинг юксалиши кузатилмоқда. Сингапур 15-дан еттинчи ўринга кўтарилиб, исломга мос мода ва саёҳат борасида муваффақиятга эришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Суббота, 23 Апрель 2022 00:00

Мотуридийча ёндашиш

وقال المحققون من أصحابنا رحمهم الله : «إن الإيمان هو التصديق بالقلب، لكن الإقرار شرط لإجراء الأحكام في الدنيا؛ حتى إن من صدق بقلبه ولم يقر بلسانه فهو مؤمن عند الله لوجود التصديق، غير مؤمن في أحكام الدنيا لعدم الإقرار باللسان.
كما أن المنافق لما وجد منه الإقرار دون التصديق فهو مؤمن في أحكام الدنيا لوجود شرطه وهو الإقرار باللسان، وكافر عند الله لعدم التصديق».

وهذا القول مروي عن أبي حنيفة رحمة الله عليه، نص عليه في كتاب العالم والتعلم، وهو اختيار الإمام أبي منصور، والحسين بن الفضل البجلي، وأصح الروايتين عن الأشعري.. أهـ.

? «الكفاية في الهداية» للإمام نور الدين الصابوني رضي الله عنه.

Мутаҳаққиқ асҳобларимиз роҳимаҳумуллоҳ айтадилар: «Иймон - қалб билан тасдиқлашдир. Бироқ, иқрор дунёвий ҳукмларни жорий бўлиши учун шартдир. Ҳатто, ким қалби билан тасдиқ қилиб, тили билан иқрор бўлмаса, тасдиқ қилгани боис Аллоҳнинг наздида мўмин ва тил билан иқрор бўлмагани учун дунёвий ҳукмларда мўмин эмас ҳисобланади. Шунингдек, мунофиқда иқрор топилади-ю, тасдиқ топилмайди. У шарт ҳисобланмиш иқрор топилгани учун дунёвий ҳукмларда мўмин ва тасдиқ топилмагани учун Аллоҳнинг наздида кофир ҳисобланади».

Ушбу калом Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган. «Олим ва матаъаллим» асарида бу борада хужжат келган. Шунингдек бу Имом Абу Мансур роҳимаҳуллоҳ ва Ҳусайн ибн Фазл ал-Бижлий роҳимаҳуллоҳнинг ихтиёри ва Имом Ашъарий роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган икки ривоятдан саҳиҳроғидир».

«Ал-Кифоя фил Ҳидоя» китобидан, Имом Нуриддин Собуний роҳимаҳуллоҳ

Мақолалар

Top