www.muslimuz

www.muslimuz

 

Ибн Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ер юзидаги ҳар бир экинга, дарахтлардаги ҳар бир мевага, ернинг қаъридаги ҳар бир уруғга “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу фалончининг ризқидир”, деб ёзиб қўйилган”.

Фарзанд ўғилми, қизми Аллоҳнинг неъмати ҳисобланади. Бундай вақтларда йигитларимиз “Зурриёдимни давомчиси бўлиши керак. Ўғил кўрмасдан ўтаманми?” ёки “Шунча қизни   боқиш, узатишни ўзи бўладими?”, демасдан, аёлига  руҳий мададкор бўлиши керак. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“(Эй, инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир. (Исро, 31 оят).

Аллоҳ таоло кимларгадир ўғил, кимларгадир қиз фарзандлар ато этади. Баъзиларига эса фарзандсизлик насибдир. Кўпчиликка эса ўғил-қиз аралаш берилади. Бу илоҳий тақсимот бандаларининг синови учундир. Бинобарин, бандасидан неъматга шукр ва мусибатга сабр матлубдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира АБУБАКИРОВА

 

Келинимни вақти соати етиб, туғруқхонага олиб бордик, шифокорнинг олдига кириб кетаётсак, фаррош аёл: “Келинингиз қиз туғади, қиз бўлса, менга сарпо қиларсиз”, деб гапириб қолди.

Аллоҳга шукр, келиним эсон омон қутилиб олди. Ўғил невара  кўрдим. Аллоҳ ҳар нарсага қодир!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши тўғрисида) билим бордир. У (хоҳлаганича) ёмғир ёғдирур ва бачадонлардаги нарса (ҳомила)ни билур. Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир (Луқмон, 31-оят).

Орамизда ҳомиланинг ўғил ёки қизлигини, кафтга қараб келажакда нима бўлишини, расмга қараб, инсонни қанча умр кўришигача айтиб берадиганлар ҳамон  учраб туради. Бундай инсонларнинг гапига қулоқ солиб мудҳиш хатога, гуноҳга қўл ураётганлар ҳам бор.

Тўртта қизи бўлган аёл ҳам замонавий аппаратларга тушиб, ҳомиласини текширтиради. Қизлигини билгандан кейин, олдириб ташлаш учун борганида, “Ҳомилангиз катта бўлиб қолган. Хавфли бўлиши мумкин”, деганида, “Ҳохлаган пулингизни бераман, олдириб ташланг”, деб  шифокорни кўндиради. Болани  бўлак-бўлакларга бўлиб олиб ташлаётганда, Аллоҳнинг қудрати билан ҳомиланинг белдан пасти бутун чиқиб келади.  Бундай ҳолатни кўриб, шифокор ҳам ҳайратда қолади. Ҳомила ўғил экан. 

Олиб ташлаган ҳомиласи ўғил бўлганлигини билиб, аёл  минг ёққа ўзини уриб, дод фарёд қилади. Минг афсус энди фойдаси йўқ.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур”.

“Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай*. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир.  (Шўро, 49-50 оят).

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира АБУБАКИРОВА

Ибн Муборакнинг исмлари баъзи таржимаи ҳол китобларида[1] оталари исмидан қисқартириб олинган дейилса, баъзиларида[2] боболариникидан дейилади.

У киши Абдуллоҳ ибн Муборак ибн Водиҳ Ал-Ҳанзалий Ат-Тамимий мавлолари, Абу Абдурроҳман Марвазий. У табаъ тобеъинлардан, бани ҳанзала мавлоларидан.

Ибн Жавзий “Мудҳиш”да келтирадилар: “Абдуллоҳ ибн Муборак исми билан номланувчилар олтита. Биринчиси – Марвазий, бу киши мана шу. Иккинчиси – Хуросоний. Учинчиси – Бухорий. Тўртинчиси – Жавҳарий. Қолганлари Бағдоддан”[3].

Абдуллоҳ ибн Муборакнинг оналари Хоразмдан, оталари турк бўлган. Оталари Бани Ҳанзаладаги Ҳамзон исмли тижоратчининг қули бўлганлар. У киши тақводор, солиҳ, ибодатгўй, хилватни севувчи, ўта даражада парҳезкор эди. Тарих саҳифалари бизга у киши ҳақларидаги ажойиб ҳодисани ёзиб қолдирган:

Абдуллоҳнинг оталари Муборак хўжайинларининг боғида ишлаб юрар эди. Бир куни боғ эгаси Муборакдан ширин анор келтиришини сўради. Анор келтирилиб,  ичи ёрилганда хом бўлиб чиқди. Шунда хўжайин жаҳли чиққанча, “Мен сенга ширин анор келтир, десам, хомини олиб келасан-ми?!” деди. Муборак яна бошқа бир дарахтдан янги анор келтирди. Униси ҳам хом чиқди. Бу ҳолат учинчи бор такрорланганда  хожанинг ғазаби кучайиб деди:

- Нима, сен ширин мева билан хомини фарқига бормайсанми?

- Йўқ.

- Бу қанақаси бўлди?!

- Боғдаги бирорта мевадан татиб кўрмаганман.

- Нима учун татиб кўрмадинг!?

- Чунки сиз боғдаги мевалардан еб кўришимга изн бермагансиз – да...

Хожа бундан таажжубга тушди. Муборак унинг кўзларига юксак инсон бўлиб кўринди. Унинг қадри ошди.

Боғ эгасининг бир қизи бўлиб, совчилари кўп эди. Муборакка деди:

- Эй, Муборак, қизимни кимга узатсам экан, нима дейсан?

- Жоҳилият аҳли обрўлига, яҳудийлар пулдорга, насронийлар чиройлига узатадилар. Бу уммат эса диёнатлига лойиқ деб билади.

Боғ эгаси унинг етук ақлидан лол қолди. Тезда бориб аёлига унинг хабарини берди ва “Қизимиз учун Муборакдан муносиброқ куёв топилмаса керак”, деди. Сўнг уни Муборакка никоҳлаб берди. Абдуллоҳ исмли фарзанд кўрдилар. Бу фарзандга отасининг яхшилиги ўтди, Аллоҳ таоло солиҳ фарзандлардан қилди.

Бу ажиб қисса Абдуллоҳ ибн Муборакнинг оиласи тақводор, диёнатли ва солиҳ эканлигини кўрсатади. Абдуллоҳ ибн Муборакка ҳам гўзал хислатлар отасидан ўтган. Кўриниши ва шакли шамоили отасига ўхшагани каби, хулқи ва диёнати ҳам отасига жуда-жуда ўхшаган.

“Тарихи  Бағдод”да Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Абу Разимадан  келтирилади: “Абдуллоҳ ибн Муборакдан эшитдим, у айтади: “Абу Ҳанифа отамга разм солиб: “Бу боланинг онаси сендаги омонатини адо этибди”, деди. Чунки у отасига қуйиб қўйгандек ўзи эди”.

Абдуллоҳнинг отаси ҳақида фақатгина юқорида зикр қилган воқеа маълум. Боболарининг эса исмлари маълум. Оталарининг бошқа фарзандлари бўлмаган.

 

Н.Саидакбарова,

Тошкент Ислом институти

“Ҳадис ва Ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси.

 

[1] Тарихи Бағдод, Ал-ибар фи ахбори мин ғубар, Ал-жаваҳирул мудийя, Ал-бидоя ван Ниҳоя.

[2] Таҳзибул асмо вал луғот, Тазкиротул ҳуффоз, Таҳзибут таҳзиб, Вафоётул Аъён

[3] Ал-аълом, Заркилий. 4:256

Америка Қўшма Штатлари Давлат департаментининг расмий баёноти

Маълумки, АҚШ давлат департаменти томонидан ҳар йили "Халқаро диний эркинлик" тўғрисидаги қонунга дунё мамлакатларининг қай даражада амал қилиб бораётгани мониторинг қилиб борилади.

Диний эркинлик борасида ижобий ўзгаришлар амалга оширилмаган мамлакатлар "Махсус кузатувдаги мамлакатлар" рўйхатига киритилади.

Ўзбекистон Республикаси мазкур рўйхатдан 2020 йилда чиқарилган. (https://t.me/DinQumita/1315)

Жорий йилнинг 4 январь куни, АҚШ Давлат департаментининг расмий https://www.state.gov/religious-freedom-designations/ сайтида ўтган 2023 йил натижаларига кўра эълон қилинган расмий баёнотда Ўзбекистоннинг "Махсус кузатувдаги мамлакатлар" рўйхатига киритилмагани ижобий ҳол, албатта.

АҚШ Давлат Котиби Энтони Блинкен:

"1998 йилда Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги қонун қабул қилинган ва кучга кирганидан бери дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш АҚШ ташқи сиёсатининг асосий мақсади бўлиб келган.

Ушбу мақсаддан келиб чиққан ҳолда Бирма, Хитой Халқ Республикаси, Куба, КХДР, Эритрея, Эрон, Никарагуа, Покистон, Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Туркманистон каби давлатлар диний эркинликнинг ўта жиддий бузилишига йўл қўйганликлари учун алоҳида ташвишли давлатлар сифатида баҳоланди.

Бундан ташқари, Жазоир, Озарбайжон, Марказий Африка Республикаси, Қамар ороллари ва Вьетнамни диний эркинликларнинг жиддий бузилишида иштирок этаётгани учун махсус кузатув рўйхатига киритилган", деди.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

 

Келиним ҳомиладорлигининг учинчи ойларида шифокор тавсияси билан ультра товуш  ташхисини қилдирдик. Шифокор ҳомилани текшириб, соғлом, юраги яхши ураётганини айтди. “Табриклайман, неварангиз қиз экан”, деб, қоғозга ёза бошлади. Қизми, ўғилми Аллоҳнинг неъмати, кўрсатганига шукр.

Бирор ой ўтиб, келиним кўчадан гап топиб келди. “Ойижон уйга қайтаётсам, кўча бошидаги қўшни аёл: “Менинг кўзимга кўринади, келинпошша, қиз кўрасиз” деб, ой кунигача айтиб бердилар.

Ҳайрон бўлиб қолдим. Бир соатдан кейин нима бўлишини билмаймиз. Улар бўлса  ой кунигача айтишга журъат қилишади. Ҳаттоки Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ғайб илмидан бехабар бўлганлар.

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) бундай деганлар: “Ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эртага нима бўлишини айтадилар, деб ўйласа, Аллоҳ таолога катта бўҳтон қилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Айтинг: “Осмонлар ва ердаги бирорта ғайбни билмайди. Фақат Аллоҳ билади” (Намл, 65. Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сурасида марҳамат қилади:

“Сен: “Ўзим учун Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари, на фойда ва на зарарга молик эмасман. Агар ғайбни билганимда, яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмас эди ...” деб айт” (188-оят).

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Ғайб илмлари бештадир, уларни Аллоҳ таолодан ўзга билмайди. Бачадонлар қачон ташлашини, эртага нима бўлишини, қачон ёмғир ёғишини, ҳар бир тирик жон қаерда ўлишини ва қиёмат қачон қоим бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга билмайди” (Имом Бухорий ривояти).

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира АБУБАКИРОВА

 

Страница 4 из 637

Видеолавҳалар

Top