muslim.uz

muslim.uz

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

*****

Гуноҳлар сени ҳар қанча булғаган бўлса ҳам, Аллоҳга қайтишга иккиланма! Маъсият шифтининг остида турганингда сени сатр қилган Зот тавба қаноти остида турганингда ҳаргиз сени шарманда қилмайди!

Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

*****

«Гўзаллик қаерда?» деб сўрасалар, «Аллоҳ таолодан ҳаё қиладиган юзларда» деб жавоб бергин!

«Ҳаётнинг нариги юзи»

*****

Агар ўз нафсингни яхши танисанг, сен ҳақингда айтилган гаплар сенга зарар бермайди.

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ

*****

Онам фақир эди. У менга шундай дерди: “Албатта, фақирлик айб эмас. Аслида айб, хато – киши бой бўла туриб, бошқаларни пастга уришидир”.

Феодор Достоевский

*****

Донишманд бўлишни истайсанми? Атрофингдаги аҳмоқларни кузат ва уларнинг ишини такрорлама.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бир инсоннинг қанақалигини билмоқчи бўлсанг, ўзидан заифроқ кишилар билан қандай муомала қилишига боқ.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ўқиш-ўрганишнинг оғриғи бир лаҳзалик бўлиб, тезда тўхтайди. Аммо таълимга бепарволикнинг оғриғи умр бўйи давом этади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ғазабланиб турганингда тўртта ишдан тийил:

  • Бошқалар ҳақида ҳукм чиқаришдан;
  • Қарорлар қабул қилишдан;
  • Бошқалар билан гаплашишдан;
  • Бирорта иш қилишдан.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Мен дунёдаги энг ақлли инсон эмасман. Аммо менинг ўрнимга кимдир тафаккур қилишига мутлақо рухсат бермайман.

Алберт Эйнштейн

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган аёллар жазони ижро этиш муассасасида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

”Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан ташкил этилган мулоқотда фонд масъуллари, нашриёт соҳаси ходимлари, санъаткорлар, маҳкум аёллар иштирок этди.

Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш, жамиятда тутган мавқейини янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самара бераётгани таъкидланган.

Айниқса, ижтимоий оғир вазиятдаги аёлларга тиббий, моддий ва ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш, жиноят кўчасига кириб қолган аёлларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилгани алоҳида қайд этилди.

Тадбирда “Ҳилол нашр” нашриёти ва китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳкумаларга 130 дан ортиқ китоблар совға қилинди.

“Сўғдиёна” ўзбек давлат халқ чолғулари камер оркестри санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 11 март куни Ислом тараққиёт банки президентининг Илм-фан, технология ва инновация бўйича катта маслаҳатчиси Хаят Синди бошчилигидаги делегация ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ташриф доирасида Ислом тараққиёт банки делегацияси аъзолари бугун, 12 март куни Халқаро ҳамкорлик марказида ташкил этиладиган ”Илм-фан, технология ва инновациялар” мавзуси бўйича стартап лойиҳалар илмий семинарида иштирок этади.

Маълумот ўрнида, делегация таркиби Ислом тараққиёт банки бизнес таҳлил доира вакиллари, “Leverage Science LLC”, “Freuds LLC” каби халқаро ташкилотлар раҳбарларидан иборат.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вторник, 12 Март 2019 00:00

Аллоҳ яхши кўрган бандалар

Аллоҳ чин тавба қилувчи бандаларини яхши кўради: “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

Чин тавба қандай бўлади?

Чин тавба дилдан пушаймон бўлиш, тил билан мағфират сўраш, гуноҳдан воз кечиш ва унга бошқа қайтмасликка аҳд қилиш билан бўлади. 

Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчи бандаларини яхши кўради: Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Набий алайҳиссаломга эргашиш нима дегани?

Набий алайҳиссаломга эргашиш у зот келтирган шариат кўрсатмаларига итоат этиш деганидир. 

Аллоҳ тақво қилувчи бандаларини яхши кўради: “Аслида эса, ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ (бу каби) тақводорларни севади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Тақво нима?

Тақво – тиканзорда яланг оёқ ўзингизни тикандан сақлаб юрганингиздек гуноҳ ва маъсиятлардан ҳам эҳтиёт, узоқ бўлишингиздир. 

Аллоҳ яхшилик қилувчи бандаларини яхши кўради: “Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).

Эзгулик нима?

Эзгулик бу яхшиликдир. Ҳар бир савобли иш – яхшилик.

Аллоҳ адолатли бандаларини яхши кўради: “Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта, Аллоҳ одилларни севади” (Моида сураси, 42-оят). 

Аллоҳ ҳар бир ишни гўзал бажарувчи бандаларини яхши кўради: (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 195-оят). 

Аллоҳ сабрли бандаларини яхши кўради: “Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар” (Оли Имрон сураси, 146-оят).

Сабр нима?

- Тоат-ибодатларни адо этишда сабр.

- Гуноҳлардан тийилишда сабр.

- Мусибатга сабр. 

Аллоҳ таваккул қилувчи бандаларини яхши кўради: (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

 

 

Даврон НУРМУҲАММАД 

Вторник, 12 Март 2019 00:00

Ражаб ойи ҳақида

Савол: Ҳурматли устозлар, Ражаб ойининг фазилати, унда қилинадиган ибодатлар ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари бу ойни улуғлагани ва ҳурматлагани боис шу ном билан аталган.

Саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларимиз Рамазон ойидан сўнг тутган рўзаларини қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўрашар эди. Ражаб ойи келганда эса, Рамазонга соғ-саломат етишни сўрар эдилар. Бу ҳақда Набий алайҳиссаломдан заиф санад ила ҳадис ҳам ривоят қилинган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ. قَالَ : كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ رَجَبٌ قَالَ: "اللهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِي رَجَبٍ، وَشَعْبَانَ، وَبَلِّغْنَا رَمَضَانَ"

(رواه الإمام ابن عساكر والبيهقي)

яъни: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана ва баллиғнаа рамазона” (“Эй Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”) дер эдилар” (Имом Ибн Асокир ва Имом Байҳақий ривоят қилган. Имом Нававий ва Ибн Ражаб заиф ҳадис дейишган).

Машҳур тобеин Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳ Ражаб ойи фазилати ҳақида бундай деган:

عن عَامِرِ بْنِ شِبْلٍ رضي الله عنه، قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا قِلابَةَ رضي الله عنه،  يَقُولُ: "فِي الْجَنَّةِ قَصْرٌ لِصُوَّامِ رَجَبٍ"

(رواه الإمام البيهقي)

Омир ибн Шиблдан ривоят қилинади, Абу Қилоба розияллоҳу анҳудан эшитдим, у зот айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор” (Имом Байҳақий ривояти).

Имкони бор кишилар Ражаб ойидан бошлаб, нафл рўза тутиб, Рамазон рўзасига ўзларини тайёрлаб боришлари мақсадга мувофиқдир.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, халқимиз орасида Ражаб ойида қилиш шарт, деб тушуниладиган ибодатлар пайдо бўлган. Аслида уларнинг асоси мавжуд эмас. Шариатимиз кўрсатмаларида Ражаб ойининг муайян бир кунини рўза билан хосланмаган. Бу борада келган барча ҳадислар “мавзуъ” яъни тўқима эканига барча муҳаддис уламолар иттифоқ қилишган.

Аслида нафл рўза тутиш, нафл намоз ўқиш савобли ишлардан. Лекин бунинг учун муайян кунни белгилаб, ушбу иш шариат кўрсатмаси деб, одат қилиб олиш ҳамда бунга далил сифатида турли тўқима ҳадисларни ривоят қилиш  тўғри эмас. Айниқса, Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида “Рағоиб намози”ни адо этиш борасида нақл қилинган ҳадисларнинг барчаси тўқима бўлиб, унга амал қилинмайди. Чунки унинг бидъат эканини Ибн Нужайм, Ибн Обидин ва Абдулҳай Лакнавий каби муҳаққиқ уламоларимиз томонидан очиқ-ойдин айтиб ўтилган (манба: “Баҳрур-роиқ”, “Раддул Муҳтор”, “ал-Осорул марфуъа фил-ахборил-мавзуа” китоблари).

Демак, Ражаб ойида ҳам бошқа ойларда бўлгани каби нафл рўза ва намозни бирор кунга белгиламасдан, одат қилмасдан ўқилаверади. Шундагина шариатимизда кўрсатилмаган турли бидъат ва хурофотдан узоқ бўлинади. Валлоҳу аълам.

Видеолавҳалар

Top