muslim.uz

muslim.uz

Бишкекда "Мисс Қирғизистон" танлови ғолибига айланган Айкол Аликжанова Саудия Арабистонига Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун сафарга кетадиган мусулмонлар учун махсус кийимларни тикишни йўлга қўйди.

Янги дизайндаги кийимлар қирғизистонликлар томонидан ижобий қабул қилинган ва бу дизайнернинг лойиҳада ғолиб бўлишига сабаб бўлган.

Енгил ва аллергия келтириб чиқармайдиган матолардан тайёрланган кийимлар, Саудия Арабистонида бўладиган 40 даража иссиқда зиёратчилар учун қулайлик бўлиши танлов ҳайъат аъзолари томонидан қайд этилган.

Зиёратчиларга бир хил кийимларнинг тайёрланиши уларни бир-бирларини осон топишларига кўмак бериши айтиб ўтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

     بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ للهِ الَّذِي عَرَّفَ عِبِادَهُ غَوَائِلَ الكِذْبِ وَآفَاتِهَا. وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي حَذَّرَ أُمَّتَهُ مِنْ قَبَائِحِ الْخَدِيْعَةِ وَعَوْرَاتِهَا. وعلى آله وأصحابه أجمعين. اَمَّا بَعْدُ

АЛДОВ ва фирибгарлик – оғир гуноҳ

Муҳтарам азизлар! “Фириб” сўзи форс тилида алдаш, йўлдан оздириш, макр-ҳийла маъноларини билдиради. Шу ишни қилган ёки буни касбга айлантириб олган кимсани эса фирибгар дейилади. Алдов, фирибгарлик, ўғрилик шу қадар кенг тарқалдики, у кириб бормаган жой, у кириб бормаган соҳа қолмади: имтиҳонларда, тижоратда ва ҳатто никоҳ муносабатларида ҳам одамлар ёлғонни кенг ишлатишмоқда.

Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган. Аллоҳ таоло айтади:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

яъни: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўллар билан емангиз. Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз.” (Бақара сураси, 188-оят).

Исломда алдов, фирибгарлик, бировни чув тушириш, савдо-сотиқда алдамчилик каби иллатлар қораланган. Сир эмаски, кейинги вақтларда баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзини пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللَّهُ عَنْهُ وَمَنْ أَخَذَها يُرِيدُ إِتْلَافَهَا أَتْلَفَهُ اللَّهُ"

(رواه الامام البخاري)

яъни: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади” (Имом Бухорий ривояти).

Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қуйидаги ҳадислар бунга очиқ далил бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нимаси?”, деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расуллуллоҳ, унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига чиқариб қуймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва:

    ﻣَﻦْ ﻏَﺸَّﻨَﺎ ﻓَﻠَﻴْﺲَ ﻣِﻨَّﺎ

(رواه الإمام الحاكم)

яъни: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”,  дедилар (Имом Ҳоким ривояти). Имом Табаронийнинг ривоятида эса:

 َﺍﻟﻤَﻜْﺮُ ﻭَﺍﻟﺨّﺪِﻳْﻌَﺔُ ﻓِﻲ ﺍﻟﻨّﺎﺭِ

(رواه الإمام الطبراني)

яъни: “Макр ва алдов дўзахдадир” деганлари зиёда қилинган.

Демак, алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас.

Фирибгарлик жиноятининг бугунги кунда кенг тарқалган яна бир кўриниши порахўрлик ҳисобланади. Порахўрлик дунёнинг деярли ҳар бурчагида илдиз отган разил бир иллатдир. Амалдорларнинг ўз вазифаларини суистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда давлат мол-мулкидан фойдаланиши жамиятнинг турли хил жабҳаларда ўсиш ва ривожланишдан тўхтаб қолиши, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончининг йўқолиши, одамларнинг ўз ҳаётларини ўзгартиришга қаратилган ташаббусларининг йўққа чиқиши сингари ўта салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لَعَنَ اللهُ الرَّاشِى وَالْمُرْتَشِى وَالرَّائِشَ الَّذِي يَمْشِى بَيْنَهُمَا

(رواه الإمام أحمد)

яъни: “Пора берганга ҳам, пора олганга ҳам, улар ўртасида воситачи бўлганга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Имом Аҳмад ривояти).

Пора берувчи жамиятда белгиланган низомни бузган, адолатли қонун мажмуасини ўз фойдасига ишлатган, ҳақсизлик қилиб ишини бажариб кетган ҳисобланади. Пора олувчи виждонини еган, ноҳақликка, адолатсизликка рози бўлган, ўз манфаатини ўйлаган, халқ ҳақига хиёнат қилган бўлади.

Абу Ҳумайд Соъидий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Сулайм қабиласидан закот йиғишда Ибн Лутбия исмли бири кишининг хизматидан фойдаландилар. У закот йиғиб келгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллламга ҳисоб-китоб бераётиб: “Бу (закот) сизники, бунисини эса менга ҳадя қилишди”, – деди. Шунда Набий алайҳиссалом минбарга чиқиб: “Нега мен юборган хизматчи: “Бу сизга, буниси эса менга”, – деб айтади? Отаси ёки онасининг уйида қолганда, унга ҳадя улашишармиди? Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, кимки ўзига тегишли бўлмаган нарсани олса, у Қиёмат куни елкасида бўкираётган туяни ёки мораётган сигирни ёки балаётган қўйни топади”, деб айтдилар”.  

Фирибгарликнинг бугунги кундаги яна бир кўриниши судхўрликдир. Ислом дини молни тижорат йўли билан кўпайтиришга ижозат беради. Аммо молни судхўрлик йўли билан кўпайтирмокчи бўлганларни қаттиқ қоралади ва судхўрликнинг озини ҳам, кўпини ҳам ҳаром қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

"إِذَا ظَهَرَ الزِّنَا وَالرِّبَا فِي قَرْيَةٍ ، فَقَدْ أَحَلُّوا بِأَنْفُسِهِمْ عَذَابَ اللهِ"

(رواه الإمام الحاكم)

яъни: “Агар зино ва рибо бирон қавмда тарқалса, улар ўзлари учун Аллоҳнинг азоби келишига йўл очибдилар”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Муҳтарам жамоат! Ҳаром луқмадан, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган кишиларнинг фарзандлари ўзлари орзу қилгандек одам бўлишадими? Йўқ, албатта! Улар ҳам нари борса бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган ва энг ёмони, ота-она розилигини топишга рағбат қилмайдиган кимсалар бўлади, Аллоҳ асрасин. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ لَحْمٌ نَبَتَ مِنْ سُحْتٍ

(رواه ابن حبان في صحيحه)

яъни: “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди”, деганлар  (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Сўфи Оллоёр раҳимаҳуллоҳ  бу борада шундай деган:

Кўнгил Ҳақ файзига бўлсун десанг чок,

Ки, аввал мартаба халқингни қил пок.

Яъни, агар кўнглингни Аллоҳ таолонинг илҳоми кириши учун очиқ қилай десанг, унинг биринчи шарти томоғингни буткул ҳаромдан пок қилмоғинг кераклигидир. Чунончи:

Ема зарра ҳаром оғушта нондин,

Бўлур чоҳи нажас бир қатра қондин.

Яъни, ҳалқумни пок қилмоқлик аввал бошда ҳаром аралашган неъматларни емаслик билан бўлади. Агар еган неъматингда бир заррача ҳаром бўлса-да, ул таомни емаслик керак. Чунки, қудуққа бир томчи қон ёки хамр тушса, нажас қилар. Шунга ўхшаб кўп ибодатдан ҳосил қилган савобинг бир оз ҳаром аралашган неъматдан ейиш билан йўққа чиқар. Уламолар айтурларки, биров ҳаром луқма билан тоат-ибодат қилса, гарчи кечалари уйғоқ туриб, кундузлари рўза тутса-да, қабул бўлмас.

Оила ва фарзандларимизга оз бўлса ҳам ҳалол ризқ топиб беришга ҳаракат қилайлик. Зеро, барака ҳалолликда экани ҳамда дунё ва охират саодатига эришишнинг асосий омили покликда эканлигини асло унутмайлик.

ИЛОВА: РАЖАБ ОЙИ ФАЗИЛАТИ

Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари бу ойни улуғлагани ва ҳурматлагани боис шу ном билан аталиб қолган.

Саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларимиз Рамазон ойидан сўнг тутган рўзаларини қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўрашар эди. Ражаб ойи келганда эса, Рамазонга соғ-саломат етишни сўрар эдилар. Бу ҳақида Пайғамбаримиздан қуйидаги ҳадис ҳам ривоят қилинган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ. قَالَ : كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ رَجَبٌ قَالَ: اللهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِي رَجَبٍ، وَشَعْبَانَ، وَبَلِّغْنَا رَمَضَانَ

(رواه الإمام ابن عساكر والبيهقي)

яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ! Ражаб ва Шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”, дер эдилар” (Имом Ибн Асокир ва Имом Байҳақий ривоят қилган).

Машҳур тобеинлардан бўлган Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳ Ражаб ойи фазилати ҳақида шундай деган:

عن عَامِرِ بْنِ شِبْلٍ رضي الله عنه، قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا قِلابَةَ رضي الله عنه،  يَقُولُ: فِي الْجَنَّةِ قَصْرٌ لِصُوَّامِ رَجَبٍ

(رواه الإمام البيهقي)

яъни: Омир ибн Шиблдан ривоят қилинади, Абу Қилоба разияллоҳу анҳудан эшитдим, у зот айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор” (Имом Байҳақий ривояти).

Шундай экан, имкони бор кишилар Ражаб ойидан бошлаб, нафл рўзаларни тутиб, Рамазон рўзасига ўзларини тайёрлаб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Демак, Ражаб ойида ҳам бошқа ойларда бўлгани каби нафл рўза ва намозлар бирор кунга белгиламасдан, одат қилиб олмасдан ўқилаверади. Шундагина шариатимизда кўрсатилмаган турли бидъат ва хурофотдан узоқ бўлинади.

Илова:  Ҳашар – элга ярашар!

Маълумки, баҳор кўклам фаслидир. Шу кунларда атроф-муҳит тозалигига яна бир карра эътибор бериш динимиз кўрсатмаларига мувофиқдир. Мана шундай хайри ишларни амалга ошириш мақсадида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан жорий йилнинг 11-17 март кунлари Тошкент шаҳрида “Hashar Week” ижтимоий лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур ҳашарда барчамиз фаол қатнашиб, уй-жойларимиз ва маҳалла-кўйимизда ободонлаштириш, ариқ ва сув ҳовузларини тозалаш, қабристон ва зиёратгоҳларни тартибга келтириш, шу билан бирга, бўш ерларга манзарали ва мевали дарахт кўчатлар экиш, гул кўчатларини ўтқазиш айни муддаодир.

Аллоҳ таоло барчамизни хайрли ишларда бардавом айлаб, юртимиз ободлиги йўлида олиб бораётган ишларимизда Ўзи мададкор бўлсин.

ИЛОВА: “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтган ҳафтада Бухоро вилоятида имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 12 000 000 (ўн икки миллион) сўм, соғлиғини тиклаш, дори-дармон ва жарроҳлик амалиётлари учун моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган 38 нафар кишига 27 000 000 (йигирма етти миллион) сўм, жами 39 000 000 (ўттиз тўққиз миллион) сўм хайрия қилинди. 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ТАДБИРКОРЛИК – ЯРИМ РИЗҚ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

Тезисга илова

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримиз бўлсинки, Парвардигорнинг бизга ато этган энг бебаҳо неъматларидан бири бўлмиш юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлигимиз барча соҳада ривожланиш ва тараққий этишимиз учун асосий омил ҳисобланади. Шундай экан, бу неъматнинг қадрига етишимиз, уни кўз қорачиғидек асраб авайлашимиз шу заминда яшаётган каттаю кичик фуқароларнинг бурчимиз ҳисобланади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:

قَالَ رَسُولُ اللهِنِعْمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيْهِمَا كَثِيْرٌ مِنَ النَّاسِ اَلصِّحَةُ وَالْفَرَاغُ

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” - деганлар (Имом Термизий ривояти).

Сир эмаски, ҳозирги кунда ахборот хуружи шиддат билан авж олиб бораётган бир даврда турли экстремистик кайфиятдаги шахслар томонидан оқибатини ўйламай йўл қўйилган биргина хато кўплаб нотинчликларга сабаб бўлиши мумкин. Айни пайтда ана шундай хатолар содир этилишини кутиб турган ғаламис кучлар ҳам борки, улар бундай фурсатни қўлдан бермай аҳоли орасида фитна оловини ёқишга ҳаракат қиладилар. Шу нуқтаи назардан мўмин-мусулмонлар Аллоҳ ва Расулининг тинчлик ва осуда ҳаёт учун қилган чақириғларига лаббай деб, жавоб бермоқлари дунё ва охиратда саодатманд бўлишларига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَجِيبُوا لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ لِمَا يُحْيِيكُمْ ۖ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ يَحُولُ بَيْنَ الْمَرْءِ وَقَلْبِهِ وَأَنَّهُ

إِلَيْهِ تُحْشَرُونَ (24) وَاتَّقُوا فِتْنَةً لَّا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنكُمْ خَاصَّةً ۖ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ (25))

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизларни тирилтирувчи нарса (илм олиш) учун чорлаганларида, Аллоҳга ва Расулга (лаббай деб) жавоб қилингиз! Яна билиб қўйингизки, Аллоҳ инсон билан унинг дили (ўртаси)да “парда” бўлиб туради ва Унинг (ҳузурига) жамулжам бўлурсиз. Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (Анфол сураси, 24-25-оятлар).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: Аллоҳ таоло бу оятда мўминларга мункар ишларни тарк этишга амр этиб, акс ҳолда бошларига оммавий бало келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Ҳудди шунингдек, Зубайр ибн Аввом разияллоҳу анҳу ушбу оятни Жамал воқеасидаги фитнага таъвил қилиб, “бу оятда айнан биз ирода қилинганимизни билмаган эканман”, деганлар (Тафсири Қуртубий).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: الْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ

яъни: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир” деган (Бақара сураси, 191-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилиб, турли фитналарда Ўз паноҳида асрасин!

Ислом дини келишидан олдинги жоҳилият замонида хижолат қилиш ва ҳаёни заифлик деб билишар эди.

Маълумки, инсонни ҳайвонлардан ажратиб турадиган белгиларидан бири – ҳаё, уялиш ҳиссидир. 

Психология фани мутахассислари ҳаё туйғуси ҳақида изланишлар олиб бориб, унинг тиббиётга ва психологияга оид янги фойдаларини аниқладилар.

Канаданинг Торонто университети олими Фейнберг ўзининг тадқиқот хулосасида шундай деди: “Ноқулай вазиятлар натижасида пайдо бўладиган хижолат бўлиш, ҳаё ва юздаги қизиллик психологик ва физиологик жараён бўлиб, инсон учун ўта фойдалидир. Инсон ҳаёли бўлса, атрофдагиларнинг унга бўлган ишончи ортади, ҳамма уни яхши кўриб қолади. Ҳаёни ҳис этмаслик эса ёмон иш деб қаралади”.

Кардифф университетидаги яна бир тадқиқотчи профессор Рей Крозьер шундай таъкидлайди: “Хижолат бўлиш, ҳаё ва уятдан юз қизаришининг кўплаб фойдалари бор. Хоссатан аёллар ҳаёли бўлсалар, бошқа аёллардан устунликлари янада ортади. Уйланмоқчи бўлган эркаклар кўпинча уятчан қизларни излайдилар”.

Инсон миясида махсус марказлар бўлиб, улар ҳаё, уялиш пайтида янада яхшироқ ишлаб, мия ҳужайраларининг фаоллашишига ҳамда танадаги иммун тизимининг қуввати ошишига сабаб бўлади. Шундай қилиб, ҳаё инсонга фақат яхшилик келтиради. Ҳаёнинг тиббий ва психологик фойдалари кўплигини илм-фан таъкидламоқда.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёга муносабатлари қандай эди?

У зот алайҳиссалом ҳаёни иймондан деб эълон қилдилар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё иймондандир” дедилар.

Илмий тадқиқотчилар ҳаёни “тиббий ва психологик томондан жуда фойдали нарса, у инсонга фақат яхшилик келтиради” деб айтаётган бўлсалар, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ўн тўрт аср олдин “Ҳаё фақат яхшилик келтиради” деб марҳамат қилганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонни бошқалардан ажратиб турадиган сифатлардан бири ҳаё деб ҳисоблаганлар:

“Албатта, ҳар бир диннинг хулқи бор. Исломнинг хулқи ҳаёдир”. Имом Ибн Можа ривояти.  

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло мўминнинг қайси фазилатларини яхши кўриши ҳақида гапирганларида шундай деганлар:

“Албатта, Аллоҳ ҳаё Соҳибидир, (бандаларнинг айбларини) Беркитувчидир. Беркитиш ва ҳаёни яхши кўради”. Имом Абу Довуд ривояти.   

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари инсонларнинг ичида энг ҳаёли зот эдилар. У зотнинг ҳаёлари гўшангада ўтирган келинчакнинг ҳаёсидан ҳам кучлироқ эди.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан 1400 йил олдин ҳаёнинг жуда гўзал хулқ эканини, уни Аллоҳ таоло яхши кўришини, у инсонларга фақат яхшилик келтиришини, у иймоннинг бир бўлаги эканини айтиб қўйганлари ҳамда ўзлари дунёдаги энг ҳаёли инсон бўлганлари у зот Аллоҳ таолонинг ҳақ Расули эканликларига яққол далилдир!   

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Қуръони каримни жамланиш тарихида китобат – ёзиб қолдириш ўзига хос ўрин тутган. Оятларни ёзиб олиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврлариданоқ бошланган, котиб саҳобалар ҳар бир оятни нозил бўилиши билан кечиктирмай ёзиб олишга катта эътибор беришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Қуръонга бандалар сўзи аралашиб қолмаслиги учун Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олмасликни буюрганлар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида эса тарқоқ саҳифалардаги оятлар бир бутун ҳолга – Мусҳаф шаклида ёзиб қолдирилган. Бу жамлашда бош котиблик вазифасида бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу фақат оғзаки тиловат билан кифоянмадилар, балки, эшитган ҳар бир оятларни мавжуд битикларга солиштириб, оғзаки тиловат ёзувдаги билан мос келиб, тасдиғини топса, Мусҳафга қўшардилар. Бу ҳолат ҳам Мусҳаф тарихида ёзишни нечоғли юқори аҳамият касб этишини кўрсатади.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ёзиб, катта шаҳарлара тарқатилган Мусҳафлар эса, кейинги авлод хаттотлари учун Мусҳафлар кўчириб тарқатишларига асосий манбаа бўлиб хизмат қилди. Ўша замонларда Мусҳафлар қўл меҳнати билан кўчирилган

Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳунинг набиралари Алий Зайнулобидин айтадилар: “Мусҳафлар варағи кетма-кет (бир-бирига боғланган, уланган) бўлмас эди, кимда Мусҳаф бўлса масжид минбарини олдига келиб, “Ким хоҳласа мендан кўчириб олсин” дер эди. Хоҳловчилар келиб ундан бир саҳифа, бир саҳифа қилиб Мусҳафни охиригача кўчириб олишар эди”[1].

Абу Ҳакима ал-Абидий айтадилар: “Мен Куфа шаҳрида хаттотлар билан биргаликда Мусҳафни кўчирар эдим. Кунлардан бирида Алий розияллоҳу анҳу биз кўчирган нусхалардан бирини кўрдилар ва бизнинг ёзгани хатимиз у зотни жуда ажаблантирди, шунда “Аллоҳ нурлантирган нарсани (Мусҳафни) мана шундай нурлатаверинглар”, бошқа бир ривоятда “Аллоҳ таоло бунга (Мусҳафга) нур бергани каби сизлар ҳам нурлантиринглар” дедилар[2]”.

Исломнинг дастлабки асрларидаги ҳолат шундай бўлган. Ўша замонларда нашр қилиш имконияти бўлмагани учун кимга Мусҳаф керак бўлса, хат саводи борлар ўзи кўчириб оларди, хат саводи бўлмаганлар хаттотларга илтимос қилиб, баъзан ҳақ тўлаш эвазига кўчиртириб олар эди. Хаттотлар имон-эътиқодининг мустаҳкамлиги, Қуръони каримга бўлган ҳурмат-эҳтироми ва асосийси, Аллоҳ таолонинг олдидаги масъулиятини ҳис қилиб, омонатдорлик билан ўз касбига ёндашуви натижасида Мусҳафлар бехато кўчирилар, камдан-кам ҳолларда йўл қуйилган камчиликлар Қуръонни ёд олган ҳофизлар тарафидан ўз вақтида тўғриланарди ҳам. Айрим моҳир хаттотлар умри давомида юзлаб нусхалар кўчириб, эхтиёжига ярашасини сотар, қолганларини илм давраларига, масжид ва толиби илмларга вақф қилиб тарқатар эди.

Нашр қилиш дастгоҳи ихтиро қилингач, китоб нашр қилиш жабҳасида мисли кўрилмаган ютукққа эришилди. Дастлаб нашр дастгоҳлари Германияда 1431 мелодий санада ишлаб чиқилди. Йиллар давомида бу ускунларнинг салоҳияти ва имкониятлари кенгайди, дастлаб Италия, сўнгра Франция давлатларида ишлатиладиган бўлди. Кейинчалик дунёнинг бошқа илғор мусулмон мамлакатларига ҳам тарқалди.  Жумладан, Ҳалаб шаҳрида 1698 йилда, Ливанда 1733 йилда сурён тилида, кейинчалик араб тилига ихтисослашган, Байрутда 1753 йилда “Қудайс” номли нашриёт фаолияти жорий қилинди. Мисрга Франциялик ҳарбий қўмондон Бонапарт 1798 йилда ўзи билан нашр дастгоҳини олиб кириши натижасида Қоҳирадаги “Аҳлийя” матбаасига асос солинган. Кейинчалик бу матбаа “Булоқ” номида фаолият олиб бориб, Ислом оламига жуда машҳур бўлган.  Туркияга Султон Аҳмад III даврида кириб келган. Бироқ бу дастоҳларда диний адабиётларни нашр қилиш ўша замон Турк уламолари тарафидан рухсат берилмаган. 1141 йилдан кейин аста-секин араб адабиёти, тарихи ва луғатига оид китоблар нашр қилинган.

Нашр этиш дастгоҳида чоп этилиши билан тарихда қолган Мусҳаф 1694 йилда Германиянинг Гамбург шаҳрида Абрахам Хинкельман (Abrahmi Hinckelmanni) исмли шарқшунос олимнинг саъй-ҳаракати билан 560 саҳифада нашр қилинган[3]. Ҳар бир саҳифа 16 сатрдан иборат бўлиб, оятлар бошланиши тартиб рақм билан белгиланган.

Бундан аввал Италиядаги “Бундуқия” нашриётида ҳам 1530 йилда нашр қилинган, бироқ, ўша замон ҳукмрон бошқарув табақа вакиллари томонидан нашр ўрнида йўқотиб ташланган[4].

Шунга кўра ҳозиргача сақланиб қолган Мусҳафлар орасида энг қадимийси Германиянинг Гамбург шаҳрида чоп қилингани ҳисобланади. Мусҳафнинг мазкур нусхаси бизгача сақланиб қолганлари орасида илк нашр қилингани билан аҳамиятли бўлсада, кўплаб хато ва камчиликлардан холи эмас эди. Унда учрайдиган хатолар асосан араб тили қоидаларига мос келмаслиги ҳамда нашр дастгоҳидаги техник камчиликларга бориб тақаларди. Масалан, ёнма-ён калималарни ўрин алмашиб қолиши, нуқталарнинг оз ёки кўпайиб қолиши, ораси ажратиб ёзилиши керак бўлган икки калиманинг ораси боғланиб қолиш каби камчиликларни келтириш мумкин.   

Ана шундан кейин Мусҳафлар кетма-кет нашр қилина бошланди.

Дастлабки нашр қилинган Мусҳафлар сифатида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 1787 йилда Мавло Усмон бошчилигида нашр этилган Мусҳафни, Эронда нашр қилинган иккита тошбосма нусха: бири 1828 йили Теҳронда, иккинчиси 1833 йили Табризда нашр қилинган нусхани, Қозон шаҳрида 1877 йилда босилган Мусҳафни, ҳудди шу йили Туркияда хаттот Ҳофиз Усмон қаламига мансуб нашр қилинган Мусҳафларни келтириш мумкин. Қозон шаҳрида босилган нусха аввалги Гамбург шаҳрида нашр қилинган Мусҳафга деярли ўхшаб кетсада, унда йўл қуйилган камчиликлар олди олинган, калима ва ҳарфларда учраган техник хатолар тузатилан эди. Бироқ ҳарфлар устига қўйиладиган ҳаракатларда камчиликлар бор бўлиб, Мусҳаф сўнгидаги махсус жадвалда йўл қўйилган хатолар кўрсатиб ўтилган[5]. Кейинчалик, Мусҳафнинг кўплаб нашриётларда чоп қилиш оммалашиб кетди. Мисрда 1890 йилда Ризвон ибн Муҳаммад Мухаллалотий бошчилигида, 1923 йилда хаттот Муҳаммад Алий Ҳусайний  бошчилигида нашр қилинган.

Санаб ўтилган Мусҳафларнинг барчасида ҳарфлар Усмоний Мусҳаф асосида, ҳаракатлар эса Халил ибн Аҳмад ва имом Сибавайҳлар асос солган йўналишда бўлган. 

Кейинги пайтларда тижорий нашриётларнинг кўпайиши, унда иш олиб борадиган ходимларнинг масъулиятсизлиги, беэътиборлик  билан нашр қилинган бир қанча Мусҳафларда техник хатолар кўпайиб кетиш оқибатида, айрим нашриётлар Мусҳафни кўпайтириб, тарқатиш эмас, балки турли нашрларда учрайдиган хато ва камчиликлардан тозалашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ҳозирда бундай эзгу мақсад сари фаолият олиб бораётган нашриётлар орасида энг кўзга курингани бу – Мадинаи мунавварадаги “Малик Фаҳд” нашриётидир. 1404 ҳижрий сана 20 рабиуссоний ойида Саудия Арабистони подшоҳлиги муассислигида Мусҳаф ва унга алоқадор илм аҳллари, мутахассислардан иборат ўн беш кишилик қўмита ташкил қилинган. Қўмита ҳайъат аъзолари Қуръони каримни ҳар бир калима, ҳарф ва ҳатто ҳаракатлари, тўхташ белги ва кўрсатмалари устида бош қотириб, чуқур тадқиқ қилишган, йиллар давомида Мусҳафга кириб қолган қушимчалар олиб ташланиб, хатолар тузатилган, камчилиги тўлдирилган, бундай машаққатли вазифани уддалаш мақасадида ҳайъат азолари Мусҳафни икки юз мартадан ошиқроқ ўқиб чишларига тўғри келган.[6] Нашр учун тайёр ҳолига келган Мусҳафнинг кўриниши, ҳажми ва хат тури борасида ҳам муаммолар бор эди. Ислом оламига машҳур хаттотларнинг Мусҳаф устида олиб борган изланиш ва маҳоратлари илмий ўрганиб чиқилди ва бер неча қўлёзма Мусҳафлар орасидан Дамашқлик хаттот Усмон Тоҳонинг ёзув услуби танлаб олинди. Усмон Тоҳо чиройли ёзиш ва ёзув қоидаларига риоя қилиш билан бир қаторда, танзим яъни тартибга, табвиб яъни жузларга ажратишни ҳам йўлга қўйган эди. Қуръони каримни 30 жузга бўлиб, ҳар бир жузга 20 саҳифа ажратган, Фотиҳа ва Бақара сурасининг биринчи саҳифасига чиройли шакл бериш учун икки бет, охирги жузда “Бисмиллоҳ” билан сураларнинг ажратилиши кўп бўлгани учун яна икки бет қўшилиб, жами 604 саҳифага жойлаган эди. Бундан ташқари, ҳар бир саҳифани оят билан бошлаб, оят билан якунлашга эриша олгани энг катта афзаллиги бўлган[7]. Санаб ўтилган жиҳатлари билан бошқа қўлёзма нусхалардан тубдан ажралиб турган Мусҳафни янги нашр қилинмоқчи бўлган “Мадина Мусҳафи” нусхасига асос қилиб олинди ва ҳозирда дунёга тарқалган Мусҳафлар орасида энг мукаммал шаклга эга бўлди.

Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳомийлигида 1405-1425-ҳижрий йиллар оралиғида “Мадина Мусҳафи” 193 миллион тиражда босиб чиқишга эришилди[8] ва бу дунёдаги энг кўп тираж қилинган босма деб баҳоланмоқда.

Ҳозирда йилига 30 милион тиражда ҳар хил ҳажм ва кўринишда нашр қилиб, тарқатиб келинмоқда.

Кейинги йиллирда юртимизда ҳам ҳар соҳада бўлгани каби диний соҳани ривожлантириш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бундай ислоҳотлар Мусҳафи шарифни нашр қилиш ва аҳолимиз мўъмин-мусулмонларининг Қуръони каримга бўлган эхтиёжини қоплаш жиҳатини ҳам қамраб олди. 

Аллоҳ таолонинг муборак каломи — Мусхафи шариф Ўзбекистонда нашрдан чиқиши қалбларни сурурга тўлдирган шарафли воқеалардан бири бўлди. Юртимизнинг кўзга куринган нашриётларидан бири «Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти томонидан чоп этилган Мусҳафи шариф китобхонлар оммасига тақдим этилди.

Нашриётнинг кўп йиллик самарали фаолияти давомида Қуръони Каримни қадимий анъаналарга, ўзига хос тартиб-қоидалари ва одобларига риоя қилган ҳолда, илғор технологиялар ёрдамида сифатли ва гўзал шаклда чоп этиш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилди.

«Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти Мусҳафи шарифни нашр қилиш лойиҳаси бўйича дунёда Мусҳаф нашри бўйича етакчи матбаалардан ҳисобланган — Миср Араб Республикасидаги «Дорус-салом» нашриёти билан ҳамкорлик шартномаси тузди. Тузилган шартномага кўра, «Дорус-салом» нашриёти «Ҳилол-нашр»га Мусҳафни чоп этиш учун махсус ижозат берди ва Қуръони Карим нусхаси андозасини тақдим қилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўмагида ушбу табаррук лойиҳани бажаришга киришилди.

Нашриёт имкониятидан келиб чиқиб биринчи босқичда мазкур Мусҳафнинг адади 50 000 дона деб белгиланди, дастлаб шу ададдан 10 000 нусха савдога чиқарилди ва 31000 сўмдан сотилди. Бундан буён ҳар икки-уч ойда ана шундай ададда Мусҳафи шарифларни халқимизга тақдим қилиб бориш кўзда тутилмоқда. Зеро, Қуръони Карим кириб борган, ўқиладиган ҳар бир хонадонга Аллоҳ таолонинг файз-баракоти ёғилиб туради. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг каломи — Қуръони Каримнинг кўп минг нусхада босмадан чиқарилиши ва унинг самараси ўлароқ, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг хонадонида мусҳафлар кўз қорачиғидек сақланиши жонажон Ватанимиз учун мислсиз хайр-баракадир. Қуръони бор хонадонда тарбияланган фарзандлар динига, эл-юртига, миллатига содиқ, ватанпарвар, чинакам авлод сифатида камол топади.

Қалби Қуръонга ошно халқимиз ҳам янги нашр этилган Мусҳафи шарифни шод-хуррамлик, хурсандчилик ва севинч кўз ёшлари билан кутиб олди. Бу ёрқин ҳодиса мамлакатнинг деярли барча оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

 

Манбалар асосида нашрга тайёрловчи “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Абдулбоқи Турсунов

 

 

[1] . Муҳаммад Тоҳир Курдий “Тарийхул хаттил арабий” китоби, 182 саҳифа.

[2] . Канзул уммол 10/536 саҳифа.

[3] . Тарихул Қуръон: Ҳафаний Носиф 112 саҳифа, Тарихул Қуръон: Муҳаммад Тоҳир Курдий 16, 186-саҳфалар. Ҳозирда Мисрнинг “Дорул  кутуб ал-Мисрия” кутубхонасида (176 рақам остида) ва “Қоҳира” унверситети кутубхонасида бир нусха сақланади.

[4] . Мабоҳис фий улумил Қуръон: Субҳий Солиҳ, 99-саҳифа.

[5] . Муҳаммад Тоҳир Курдий “Тарийхул хаттил арабий” китоби, 339 саҳифа, Мабоҳис фий улумил Қуръон: Субҳий Солиҳ, 99-саҳифа.

[6] . Диросот фий улумил Қуръон. 505-саҳифа.

[7] . Ҳошимов Нуриддин “Қуръони карим ёзувчиси – Хаттот Усмон Тоҳо” мақоласидан қисқартириб олинди.

[8] . Диросот фий улумил Қуръон. 506-саҳифа.

Видеолавҳалар

Top