muslim.uz

muslim.uz

Қатар музейлар уюшмасининг хабар беришича, Лондон академияси университети билан ҳамкорликда мамлакат ғарбидаги Югби вилояти ҳудудларида олиб борилган қазишмалар жараёнида дастлабки Ислом даврига оид энг қадимий ҳудуд кашф этилди.

Сосонийлар даврининг охирларига (милодий 538–670) мувофиқ келиши тахмин қилинаётган ҳудудда барпо этилган ва ҳанузгача сақланиб қолинган меъморий қолдиқлар Умавийлар даври (милодий 661–750)га асосланиши айтилмоқда. Милодий VII–VIII асрларга алоқадор топилган меъморий қолдиқлар орасида керамик анжомлар, дастлабки Ислом даврига оид идишлар, металлар, тош идишлар ва ов анжомлари ҳам бўлган.

Ушбу археологик кашфиёт Қатар музейлар уюшмаси ва Қатардаги Лондон академияси университети ўртасида уч йил олдин имзоланган “Захирага тўла чўл” қўшма лойиҳаси доирасида қўлга киритилган, дея ёзади Ислом.уз нашри.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мисрнинг Порт Саид шаҳрида ўтказилган иккинчи Халқаро Қуръони карим мусобақаси ўз якунига етди. Ушбу мусобақа ғолибларини тақдирлаш маросими жорий йилнинг 5 март куни бўлиб ўтган. Бу ҳақда Sadi al-balad нашри хабар берди.

Ушбу Қуръони карим мусобақаси мисрлик машҳур қори Абдул Басит Абдул Самад шарафига жорий йилда иккинчи бор ташкил этилган.

Бу йилги мусобақада 29 мамлакатдан 55 нафар иштирокчи ўзаро куч синашган. Мусобақа уч йўналишда ўтказилган.

Мусобақа ҳакамлар ҳайъати таркибида Ал Азҳар университети уламолари, Миср, Судан, Марокаш ва БААлик қорилар ўрин олгани айтилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар қаторида диний соҳада ҳам кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, диёримиздан етишиб чиққан буюк муҳаддисларнинг улкан илмий асарларини ўрганиш, тадқиқ қилиш ҳамда нашр этиш ва буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш борасида Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди.

Самарқанд шаҳрида ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби фаолияти ҳамда яратилган шарт-шароитлар билан Тошкент ислом институти ҳамда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаларини яқиндан таништириш мақсадида, "Вақф" хайрия жамоат фонди ҳомийлиги ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Muslim Tour” томонидан жорий йилнинг 3 март куни зиёрат ташкил этилди.

Сафар давомида Тошкент ислом институти "Ҳадис" фани ўқитувчилари ва ҳадис фани бўйича талабалар орасида ташкил этилган мусобақада фаол иштирок этган талабалар, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчи ва талабалари Самарқанд шаҳридаги табаррук қадамжоларни зиёрат қилиб, ўтганлар руҳига дуойи хайрлар қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов бошчилигида Имом Бухорий ҳазратлари мақбаралари зиёрат қилиниб, янги ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишилди. Ушбу марказ ва мактабида яратилган шарт-шароитлар ўқитувчи ва талабаларда катта таассурот қолдирди.

Шерзод Чўлпонов, Диний идора Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси

ЎМИ Матбуот хизмати

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Ким бир мўминдан дунё ғамини аритса, Оллоҳ ундан қиёмат куни ғамини аритади. Ким қийналганга ёрдам берса, Оллоҳ унга дунё-ю охиратда ёрдам беради. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Оллоҳ уни дунёю охиратда сатр қилади, айбларини яширади. Банда модомики биродарига ёрдам берар экан, Оллоҳ унга ёрдам бераверади». (Муслим ривояти).

Динимизда инсонлар бир-бирига моддий ва маънавий ёрдам беришининг савоби жуда улуғдир. Бу билан жамиятда ўзаро меҳр, муҳаббат, самимийлик ва инсонийлик каби фазиллатлар тарқалиб, нафрат, адоват, ҳасад каби иллатлар барҳам топади.

Бир ҳикояча келтирсак: “Масхарабоз биргина ўғлини дафн этгач, циркка етиб келиб, саҳнага чиқди. Томошабинлар уни кулиб кутиб олдилар. Қўлида тупроқ қолдиқлари қолганди. Ўшани қоқиб ташлади. Томошабинлар янада баландроқ овозда кулдилар. Ўғлининг вафотидан ва томошабинлар уни ҳис қилмаётганидан таъсирланган масхарабоз хўнграб йиғлаб юборди, яна ҳар тарафдан кулгу садолари эшитилди. Мана шу пайт унинг жони узилиб саҳнага йиқилди. Ҳамма ўрнидан туриб, қарсаклар билан олқишлади”.  

Ҳа, азизлар, ҳикоя шундай якун топди. Одамларни кулдиришга, хурсанд қилишга одатланиб қолганингда, улар сенинг ичингдаги оғриқ ва аламларни сезмайдилар.

Ҳикматларда шундай дейилган: “Агар ўзингдаги оғриқни ҳис қилсанг, демак, тириксан. Агар бошқалардаги оғриқни ҳис қилсанг, демак, инсонсан”.

Одамларнинг оғриқларини ҳис этишга, уларга ёрдам беришга, тасалли билан кўнгилларини кўтаришга ва оғирларини енгил қилишга уринайлик!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Видеолавҳалар

Top