muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 29 Октябрь 2018 00:00

Ислом фиқҳи академияси анжумани бошланди

Кеча, 28 октябрь куни Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг 23 сессияси бошланди.
Жаҳоннинг таниқли ўнлаб уламоларининг анжуманда иштирок этаётгани ушбу халқаро сессиянинг муҳим аҳамиятга эга эканини англатади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ҳам мазкур анжуманда қатнашмоқдалар.
Мадина Ислом университети билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу анжуманга Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ҳомийлик қилган.
Анжуманда бугунги кунда Ислом олами дуч келаётган иқтисодий ва ижтимоий масалалар муҳокама этилади.
Маълумот ўрнида, ушбу сессия шу йилнинг 28–31 октябрь кунлари Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида бўлиб ўтади.
1981 йили Ислом конференцияси ташкилотининг Макка шаҳрида ўтказилган сессиясида Халқаро Ислом фиқҳи академияси ташкил этилган. Ушбу академияга 50 дан зиёд давлатлар уламолари аъзо бўлган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ҳам 2006 йилдан буён Ислом фиқҳи академияси аъзоси ҳисобланади. Сессия ишини сайтимиз орқали ёритиб борамиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2018 йил 29 октябрь куни Янгиариқ туманидаги “Ҳазрати Ғоиб ота” масжидининг янги биносига ЎМИ вилоят вакиллиги ва  Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда тамал тоши қўйилди. Эски масжид биноси бугунги кунда сейсмик талабларга жавоб бермайдиган ва авария холатига келиб қолган эди.

Мазкур қурилиш Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 27 июль кунги 970 сонли хатига асосан, вилоят ҳокимлиги билан мувофиқлаштирилган ҳолда бошлаб юборилди. Масжидда қурилиш ишлари ҳомийлар ва масжид қавми томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган. 

Тадбирда Вилоят ҳокимиятининг жамоат ва диний ташкилотлар масалалари бўйича котибият мудири, ЎМИ Хоразм вилояти вакили ҳамда шахар ва туман бош имом-хатиблари шунингдек, махалла фаоллари иштирок қилди.

Қуръони каримда шундай дейилган:

لَمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَىٰ مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَنْ تَقُومَ فِيهِ ۚ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَنْ يَتَطَهَّرُوا ۚ وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

Тақво ва эзгулик асосида қурилган бу жоме масжид ибодат қилишингиз учун муносибдир. Унда покликни хуш кўрадиган кишилар намоз ўқийдилар. Покликка интилувчиларни эса Аллоҳ таоло яхши кўради”. (Тавба сураси, 108 оят)

Хақ таоло ушбу масжидни обод ва мунаввар айласин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 29 Октябрь 2018 00:00

Қайтар дунё

Отасининг ўлимидан бир фурсат ўтиб, иш билан банд  ўғил касалманд кекса онани қариялар уйига топширишга қарор қилди. Ўғил ора-чора онасининг  ҳолидан хабар олиб турди.

Кунлар ўтди. Бир куни қариялар уйидан қўнғироқ қилишди: вазият жиддий - она оғир аҳволда ётибди ўғлига айтадиган сўнгги сўзи бор экан. Ўғил зудлик билан унинг ёнига шошди. Ажал билан курашаётган она темир каравотда ҳолсиз тўлғанар, ўғил сўнгги сўзни эшитмоқ учун унинг лабларига қулоқ тутди. «Ўғлим, сендан сўнгги илтимосим - қариялар уйи хоналарига кондитсионерлар ўрнаттириб берсанг. Қарилик боис совуқ ва иссиқ кунларда жуда қийналдим. Кейин, бу ерга музлатгич ҳам олиб келиб қўй - баъзида тунлар уйқум қочганида бирор нима топа олмай, оч ётиб, қийналдим.

Онанинг ўтинчидан ҳайратда қолган ўғил унга тикилиб қолди. Шунча вақтдан буён бу қийинчиликларга чидаб келиб, оғиз очмасдан, нега умр адоғида ёлвораётганини сўради. «Мен-ку, буларга чидадим, болам! Лекин сендан хавотирдаман. Кун келиб, болаларинг сени бу ерга ташлаб кетишса, сенинг ҳолинг нима кечади, болажоним?!» деб жавоб қайтарди онаизор. 

 

Одилжон Нарзуллаев 

Зангиота туман “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом хатиби.

 

 

Жорий йилнинг 25-26 октябрь кунлари Қозоғистонда фаолият олиб бораётган матбуот котиблари ва ахборот сайтлари раҳбарлари учун соҳани ривожлантириш мақсадида икки кунлик ўқув семинари ташкил этилди.

Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Серикбай ҳожи Ўраз семинар қатнашчилари ишига омад тилаган.

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси интернет шўбаси раҳбари Мурат Манапули ҚМИнинг махсус концепциясини барчага таништирди. Ушбу концепциянинг мақсади интернет соҳасида фаолиятни ривожлантириш экани айтилди.

Мuftyat.kz нашрининг хабар беришича, семинар сўнггида кўплаб таклифлар билдирилган ҳамда уларни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 29 Октябрь 2018 00:00

“Вақф” фондига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари лавозимига Искандар Халилов тайинланди. Фонднинг аввалги раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов ўз ихтиёрига кўра, ушбу вазифадан озод этилди.
Маълумот ўрнида, Искандар Халилов 1995 йилда Тошкент ислом институтини тамомлаган, 1995-1996 йилларда Тошкент шаҳри “Абул Қосим” мадрасаси ўқитувчиси, 1996-2008 йилларда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Олтинтепа” жоме масжиди имом-хатиби, 2010-2018 йилларда Тошкент шаҳар “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти ўқитувчиси, 2008-2018 йилларда Тошкент шаҳар Бектемир тумани бош имоми, “Алибек” жоме масжиди имом-хатиби, 2017-2018 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидларни таъмирлаш ва қайта қуриш бўлими мудири вазифаларида фаолият юритган.
Ушбу масъулиятли ва шарафли вазифада Искандар Халиловга улкан муваффақиятлар тилаймиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top