muslim.uz
Қабристон бу дунёдаги сўнги манзилимиз
Ҳар бир инсоннинг жамиятда ўз ўрни, мавқеи, иззат-ҳурмати бўлгани каби, у вафот этганидан кейин ҳам ортда қолганлар хотирасида шу иззат-ҳурмат сақланиши керак. Муқаддас динимизда ўтганлар қабрини зиёрат қилиш ҳам катта савоблар қаторига киритилган. Зеро, марҳумларнинг ҳоки поклари қўним топган масканларни обод қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).
Ушбу оятда инсоннинг вафотидан кейинги ҳақларидан бири уни яхшилик билан эслаш, хотиралаш ва ҳаққига хайрли дуо қилиш, мағфират сўраш экани айтилмоқда.
Маълумки, инсон умри тугагач унинг дунёдаги сўнги манзилгоҳи қабр ҳисобланади. Қабр ўз навбатида дафн этилган инсон учун қиёмат куни қайта тирилгунигача ё жаннат боғларидан бир боғча, ёки дўзах чоҳларидан бир чоҳ бўлиши мумкин эканлиги динимиз таълимотларида айтиб ўтилган. Қабрнинг бу икки ҳолатдан бири бўлиши эса, инсоннинг ҳаётлик вақтида қилган ишлари ва бажарган амалларининг яхши ёки ёмонлигига қараб бўлади. Шунинг учун, ҳар бир инсон тириклик вақтида ўзи борадиган қабрини жаннат боғчаларидан бирига айланишига сабаб бўладиган амалларни қилиб яшамоғи лозим бўлади.
Динимизда қабристонларни зиёрат қилишга тарғиб этилган. Зеро, бунда зиёрат қилувчи инсонлар учун кўплаб манфаатлар мавжуд. Жумладан, Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида шундай деб марҳамат қилганлар: “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у дунёга берилиб кетишдан сақлайди ва охиратни эслатади” (Ибн Можа ривояти). Бошқа ривоятда “қалбларни юмшатади, кўзларни ёшлатади”, дейилган бўлса, яна бир ривоятда “ўлимни эслатади”, дейилган. Яна бошқа бир ривоятда “қабрларни зиёрат қилишда сизлар учун ибрат бордир”, дейилган. Демак, динимизда қабрларни зиёрат қилишга тарғиб этилишидан кўзланган мақсад, дўнёнинг ўткинчилиги, ўлим ва охиратнинг ҳақ эканлиги эслатиш, бир кун келиб зиёрат қилаётган киши ҳам шу манзилгоҳдан ўз жойини олиши ва қилмишларига яраша муносабат кўришини эслатишдир.
Энди, бевосита қабристонларнинг ҳолати қандай бўлиши ҳақида сўзлайдиган бўлсак, динимизда қабристонларнинг қандай бўлиши борасида ҳам етарлича маълумот берилган. Имом Муслим Пайғамбаримиз с.а.в.дан ривоят қилган ҳадисларида қабристондаги қабрларни бир-биридан фарқ қилмаган ҳолда бир текис бўлиши айтилган. Яъни, бири баланд, бири паст, бўлиши дуруст эмас. Чунки, бу қабрда шоҳ ҳам, гадо ҳам бирдек эканлигига ишорадир. Қабрнинг ташқи кўриниши унинг остидаги ҳолат қандай эканлигидан далолат бера олмаганидек, унга фойда ҳам келтирмайди. Шундай экан, қабрларни ҳаддан ташқари ҳашамдор қилиб, унга қимматбаҳо тошлардан ҳайкал, сурат ва қабр тошлар ўрнатиш мутлақо дуруст эмас. Ҳудди шунингдек, қабрни умуман қаровсиз, ташландиқ ҳолатда қолдириш ҳам тўғри эмас.
Диний китобларимизда баён қилинишича, қабр ердан бир қарич миқдорида кўтарилиши мумкин. Вақти-вақти билан қор ва ёмғирларда ювилиб, чўкиб кетмаслиги учун сомон аралаштирилган лой билан суваб туришнинг ҳам зарари йўқ. Қабрни аниқлаш мақсадида ҳозирги кунда қабристонлар бошқармаси тарафидан жорий қилинган дафнни рўйхатдан ўтказиш рақами ёзилган махсус бетон устунчани ўрнатишнинг ўзи кифоя қилади. Қабр устига қимматбаҳо тош ва мармарлар ўрнатиш, уларга марҳумнинг сурати, исми шарифи ва ҳоказоларни ёзиш мумкин эмас. Хусусан, Қуръони карим оятларини ёзиш мутлақо жоиз эмас. Зеро, бу Аллоҳнинг оятини таҳқирлаш саналади.
Қабристонларга мевали дарахтларни экиш жоиз эмас. Зеро, қабристонда ўсган дарахтнинг мевасини истеъмол қилиб бўлмайди. Шунингдек, қимматбаҳо ва ноёб дарахт ва ўсимликларни экиш ҳам жоиз эмас. Зеро, бу пулни беҳуда исроф қилиш саналади. Қолаверса, қимматбаҳо ва ноёб дарахт ва ўсимликлар инсонлар дам олиб хордиқ чиқарадиган оромгоҳ ва ҳиёбонларга ярашади. Қабристонларни оромгоҳ ва сайлгоҳлардек ҳолатга келтириб қўйиш жоиз эмас. Акс ҳолда, зиёратга келган инсонларни кўзланган мақсаддан чалғитиб қўяди.
Қабр устида ўсган ўт-ўлан ва турли ўсимликларни юлиш жоиз эмас. Зеро, Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳадисларида айтилишича, ўсимликларнинг шарофатидан қабрдаги кишиларга енгиллик етиб туради. Аммо, қуригандан сўнг олиб ташлаш жоиз.
Қабрларни устидан босиб юриш мумкин бўлмаган, гуноҳ ишдир. Пайғамбаримиз с.а.в. қабрларни босишдан, устига ўтиришдан қайтарганлар. Жумладан, бир ҳадиси муборакларида: “Бирор чўғ ёки қилич устида юришим мен учун бир мусулмоннинг қабри устида юрганимдан яхшироқдир”, деган бўлсалар, бошқа ҳадисларида: “Бирортангиз бир чўғ устига ўтириб, кийими титилиб, баданини куйдириши бирор қабрнинг устига ўтирганидан яхшироқдир”, деб марҳамат қилганлар. Шунинг учун, қабристонга зиёрат учун борган кишилар қабрларни босиб юришдан сақланишлари лозим.
Қабристонлар уларга масъул бўлган мутасаддилар томонидан муҳофаза қилиниши лозим. Яъни, қабристон ҳудудини панжара ёки девор билан ўраш, унга кириш учун алоҳида йўлак очиш ва дарвоза ўрнатиш, чорва ёки ёввойи ҳайвонларни киришидан сақлаш, зиёратга келганлар қабрларни босмай ўтишлари учун қулай йўлкалар ўтказиш, тиловат ва дуо қилиш учун махсус ўриндиқлар ўрнатиш, зиёратга келган кишиларга зиёрат одобларини эслатиб, ножоиз, ҳурофий амалларни қилишларидан қайтариб туриш ва ҳоказолар қабристон масъулларининг вазифаси саналади. Демак, қабристонларнинг масъуллари қабристонга оид бўлган динимиз таълимотларидан ҳам етарли даражада маълумотга эга бўлишлари талаб этилади.
Афсуски, диёримизнинг айрим қабристонларида аҳвол кўнгилдагидек эмаслиги маълум бўлиб қоляпти. Баъзи мозорлар қаровсиз ҳолда ётгани аён бўлмоқда. Баъзи қабрларнинг йиллаб тозаланмагани ҳам билиниб турибди. Айрим қабристонларда чиқиндилар йиғилиб ётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Қабристон фақат арафа, ҳайит, рамазон ёки бошқа байрамлар кунлари эмас, мунтазам эътиборда бўлиши лозим. Маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар жамоалари ташаббус кўрсатиб, яқин ҳудудлардаги кабристонлар, қариндош-уруғларининг хилхоналарини тозалаб, обод этишга бош қўшсалар, қабристонларни ободонлаштириш ишларига бел боғласалар, айни муддао бўлар эди. Ахир, яқинларимиз ётган қабрни ўзимиз тозаламасак, биров келиб тозалаб кетмайди-ку.
ЎМИ Фатво бўлими мудири
Ҳ.Ишматбеков.
Аллоҳ йўлида дўстлашишнинг мукофоти
Ислом дини инсонларни доимо бир-бири билан дўстлашишга, ўзаро фикр алмашишга ва маслаҳатга, аҳиллик ила бирдамликка чақириб келган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жудаям кўп ҳадисларида Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўриш, Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашишга қаттиқ тарғиб қилганлар ва айнан шундай дўстликни ихтиёр қилганларга гўзал ҳушхабарлар берганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Қиёмат куни: “Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Менинг соямдан бошқа соя йўқ кунда Ўз соям билан соялантираман”, дейди”, дедилар. (Имом Муслим)
Аллоҳ йўлида дўстлашган кишилар учун бу ҳушхабардан яхшироқ мукофот бўлмаса керак аслида. Чунки, қиёмат кунидаги воқеа ва ҳодисалардан озгина хабари бор инсон борки, Аллоҳдан омонлик сўрайди. У куннинг дахшати одамларни ақлу хушидан айиради. Инсон фақатгина ўз нафсини ўйлаб, атрофидаги барча яқинларидан юз ўгиради. Бу ҳақда Роббимиз шундай хабар беради: “У кунда киши қочадир; ўз ака укасидан. Ва ота онасидан. Ва хотини ва бола чақасидан. У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор”. (Абаса-34-37)
Бугун бошимиз узра неча минг километрлар юқоридан бизга ўз нурини сочиб, танамизни қиздириб турган қуёшни Аллоҳ таоло елкаларимиз баробарига тушириб қўйган пайтда одамлар ўз терларига ғарқ бўлганча, унинг иссиғидан қочиб, соя жой қидириб қоладилар. Айнан шу пайтда, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлган бир пайтда оламлар Роббисининг ўзи: “Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Менинг соямдан бошқа соя йўқ кунда Ўз соям билан соялантираман”, деб чақириб туришидан ортиқ мукофот борми ахир? Йўқ, албатта.
Кейинги ҳадис эса бунданда гўзал, бунданда роҳатбахш. Уни тафаккур ила ўқиш одамга ҳаяжон беради. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло: “Менинг азаматим учун бир-бирларини дўст тутувчиларга нурдан бўлган минбарлар берилади. Уни кўрган набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилишади”, деди”. (Имом Термизий)
Азизим! Аллоҳнинг пайғамбарлари, жонини Аллоҳ учун фидо қилган шаҳидлар ҳавас қиладиган минбарларга наҳот сиз ҳавас қилмайсиз? Наҳот ҳаракат қилмайсиз? Ахир бунга сизга имкон борку. Молингни берасан демаяпти, жонингни берасан демаяпти. Фақатгина, бир-бирингизни Аллоҳ учун яхши кўринг деяпти. Мол дунёси учунмас, шон-шуҳрати учунмас, насаби ёки гўзаллиги учунмас, балки, қилаётган гўзал амалини, покиза қалбини, сувратию сийратини фақатгина Аллоҳ учун яхши кўр демоқда. Боридаям-йўғидаям, очлигидаям-тўқлигидаям, беморлигу-соғлигидаям бирдек муомала қил. Аллоҳ учун яхшилигини ошир, ёмонлигини яшир, хатоси бўлса оммага жар солмасдан секингина қулоғига пичирла. Борлигидаям-йўқлигидаям шаънини ва обрўсини сақла, демоқда холос. Агар жаннат фақатгина ибодат учун берилганда эди, Аллоҳнинг розилиги фақатгина намозда бўлганида эди, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг: “Аллоҳ қаерда?” деган сўзларига “Аллоҳ мўминнинг қалбида”, дея жавоб бермаган бўлардилар. Ёки: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, иймон келтирмагунингизча жаннатга кира олмайсиз. Ва бир-бирларингизга муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўла олмайсиз”, (Имом Муслим) дея Аллоҳ йўлидаги дўстликни мўминликка хужжат қилиб қасам ичмас эдилар.
Қадрдоним! Инсон ҳаётида дўстнинг ўрни беқиёс. Чунки, киши ҳаётида турли-туман воқеа-ҳодисаларга, ҳар-хил синовларга, яхши ва ёмон кунларга дуч келади. Бундай пайтларда эса бир яхши ҳамсуҳбатга, ишончли насиҳатгўйга, самимий далда бериб тургувчи бир жонкуярга мухтож бўлади. Бундай пайтда эса, Аллоҳдан қўрқадиган, Аллоҳ учун дўстлашган солиҳ ва покиза дўст ниҳоятда асқотади.
Ҳикматларда айтилади: “Агар кишининг атрофида солиҳ, олийжаноб кишилар кўп бўлса, бу – Аллоҳ таолонинг унга берган инъоми ва икромидир”.
“Аллоҳ таолонинг хузурида мартабанг қанчалик юқори бўлса, ёнингда юрган дўстларинг шунчалар солиҳ, покиза ва олийжаноб кишилар бўлади. Агар мартабанг қанчалик паст бўлса, атрофингда юрган дўстларинг ҳам шунчалар пасткаш ва аблаҳ кишилар бўлади”.
Демак, бугун дўст танлашда адашма. Дўстлашишда адашма. Ниятинг ва мақсадингни тўғрилаб ол. Аллоҳдан яхши дўстларни сўра. Кимнидир яхши кўрсанг фақат Аллоҳ учун яхши кўр. Агар кимнидар ёқтирмасанг ҳам ўз истак ҳоҳишинг учун эмас, балки, Аллоҳга бўлган маъсиятини, қайсидир ёмон амалини ёмон кўр. Яхшилар билан дўстлаш. Ёмонлардан узоқлаш.
Унутма! Аллоҳ учун тутинган дўстлар нафақат бу дунёда, балки охиратдаям нажот топишингга сабаб бўлади.
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек
Солиҳ амал кушандаси
Ғийбат – мисқоллаб йиққан савобларимизни лаҳзада йўққа чиқарадиган офатдир. Солиҳ амалларсиз қолган қалбни эса фасод эгаллайди. Фасод эгаллаган қалбнинг кўзи кўр, оқ билан қорани ажрата олмайдиган бўлиб қолади, ғанимни дўст билади, дўстлар орасига нифоқ уруғини солади. Айтинг, бугун ғийбат ораламаган жамоат борми?! Агар бўлса, билингки, ана ўшалар ҳақиқий нажот эгалари, ана ўшалар азизлик тимсолидир.
Уларнинг сўзлари ўткир, қадамлари собит, ўзлари ғайратли, ниятлари яхши. Негаки, ғийбатдан узоқ қалб солиҳ амалнинг битта ёвуз кушандасидан озод қалбдир.
Яхши амали кўп инсон эса гарчи соқов бўлса ҳам ҳақиқий бийрондир. Жисми заиф бўлса ҳам, қалби салимдир. Гарчи чўлоқ бўлса ҳам қадамлари собитроқ, гарчи кўр бўлса ҳам, кўзлари равшанроқдир.
Азиз инсонлар, айтинг, қайси дўстлар давраси бундай соғлом, бақувват жамоани соғинмайди, орзу қилмайди?! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима биласизларми?” – дея сўрадилар. “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингни уни хафа қиладиган сўз билан ёдга олишинг”, –дедилар. “Агар унда мен айтган сифатлар бўлсачи?” – дейилди. “Агар унда сен айтган нарсалар бўлса, демак, сен биродарингни ғийбат, агар бўлмаса, унга туҳмат қилган бўласан”, – дедилар (Имом Муслим).
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Зинхор бир-бирингизни ғийбат қилмангиз. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир аёл ҳақида “Унинг этаги узун”, деб гапирдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тупур, тупуриб ташла!» – дедилар. Тупурган эдим, оғзимдан бир парча гўшт тушди” (“Ат-Тарғиб ват-тарҳиб”).
Ҳасан Басрий айтади: “Ўзганинг айбини айтиш уч хил бўлади: ғийбат, бўҳтон ва ифк (ёлғон). Бу ҳақида улуғ ва қудратли зотнинг каломида айтилган. Ғийбат – ғийбат қилинаётган одамда бор нарсани, бўҳтон – унда йўқ нарсани, ифк – ҳар хил эшитган нарсани айтмоғингдир”.
Демак, ғийбат биродарингизни ўзи йўқ пайтида, агар эшитса, хафа бўладиган сўз билан тилга олишингиз, хотирлашингиздир. Масалан, “Пакана, чўлоқ” дея жисмоний камчиликларини ёки “Отаси фалон, онаси пистон” каби.
Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди
имом-хатиби Холбоев Х.
“Исломга назар ташланг… имон мукаммал бўлур”
Замона илми ва фанидан бебаҳра
миллат бошқаларга поймол бўлур”
Расулуллоҳ صلى الله علىه وسلم га энг катта мўжиза қилиб ўз каломи Қуръонни берган ва унда барча илмларни жамлаган Аллоҳ Таолога ҳамд санолар ва ҳар бир сўзлари бугунги кунгача мўжизакорлигини кўрсатиб келаётган Муҳаммад صلى الله علىه وسلمга салоту саломлар бўлсин.
Қуръони Каримнинг мўжизакорлигини биз қанча ҳаракат қилмайлик барчасини идрок қила олмаймиз. Бунга сабаб бизнинг ақл чегарамизнинг чекланганлигидир. Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти, ҳар бир сураси ҳам лафзан, ҳам маънан, ҳам аҳкому-ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Бу эса, Аллоҳ таолонинг қудрати нақадар буюк эканлигига далилдир.
Маълумки, Муҳаммад صلى الله علىه وسلم Маккада ўсган , ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам эдилар. У ерда илмий-маърифат, мадраса ёки илмий муассаса деган нарса асло бўлмаган. Аммо, юқорида айтиб ўтилганидек, Қуръони Каримда инсонлар онгги ожиз қоладиган даражадаги илмий масалалар зикр қилинганлигида - Расули Акрам صلى الله علىه وسلم нинг ҳақ дин элчиси, Бу башарнинг сўзи эмаслигига очиқ ойдин далил бордир. Қуръонда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, уларнинг сирини ўша вақтда ҳам, ундан кейинги вақтларда ҳам ҳеч ким билмаган. Фақат илм-фан ниҳоятда тараққий этган бизнинг давримизга келиб, у нарсалар аён бўлмоқда.
Қуръоннинг балоғат, фасоҳат ва тилдаги эъжозини айтадиган бўлсак, араб тили уламолари хоҳ наҳв илми, хоҳ сарф илми, хоҳ баён илми, хоҳ бадиъ илми бўйича мутахасис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатъи назар, Қуръони Каримга мурожаат қиладилар. Чунки, Қуръони Карим араб тилининг улкан мўжизаси ҳисобланади.
Ислом дининг иккинчи мўтабар манбаси бўлмиш ҳадисун набавий ҳам бугунги кунда ҳар соҳада ўзининг мўжизакорлигини кўрсатиб келмоқда. Айниқса, Расулуллоҳ صلى الله علىه وسلم нинг амалий суннатларини бажаришда медитсина жиҳатдан инсон саломатлигига жуда кўп фойдалари борлиги тасдиқланмоқда. Мисол қилиб айтадиган бўлсак:
Зайд ибн Холид رضى الله عنه ривоят қилади: “Набий صلى الله علىه وسلم : “Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан олдин мисвок қилишга амр этар эдим”.
- Мисрда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, новдаларнинг ишлатилиши нафақат тиш карашларидан тозалайди, балки уларнинг қолдиқлари (мисвокнинг) икки кундан сўнг ҳам бактериялардан тозалаб тураркан. Мисвок тортилган оғизни бир чайилса, бир турдаги бактериялар сони 75% га камаяр экан.
Мусулмонлар нафақат тозаликда, кийиниш, овқатланиш маданияти соҳасида ҳам оврупаликларга ўрнак бўлишган. Биргина овқатланиш хусусида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўнлаб ҳадислар ворид бўлган. Бунга бир неча мисолларни далил қилишимиз мумкин:
- У зоти бобарокот умматни кўп таом ейишдан қайтарганлар. Бунинг зарарлари ва оқибатларини бугунги кунда ҳозирги тиббиёт фани ҳам, одамлар ҳам яхши тушуниб қолишган.
- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечқурун ётишдан олдин сув ва таом солинган идишлар устини ёпишни, синиқ, дарз, лаби учган идишларни ишлатммасликни буюрганлар.Ўша жойларда турли зарарли нарсалар (микроблар ) бўлишини ҳали Заррабин кашф этилмасдан аввал кўра билганлар. У зот овқат олдидан ва кейин қўл ювиш, овқатга пуфламаслик, хотиржам ўтириб овқатланиш, таомни иссиғича истеъмол қилмасликка ҳам тарғиб қилганларки, буларнинг ҳаммасида ҳам ҳикмат бор. Бу нарсаларни бугунги медитсина тажрибаларга суяниб аста секин тасдиқламоқдалар, Аммо Аллоҳнинг элчиси бўлган Расули Акрам мўминларга буларнинг барини ХИВ аср аввал ўргатиб, сунат қилиб қолдириб кетганлар...
Бу эса барча соҳада мўмин мусулмонлар илг`ор бўлганликлари ва Аллоҳнинг Расули ҳақ дин элчиси эканлиги ва Қур`они Карим ожиз қолдирувчи, башардан бўлмаган улуг` Робнинг мўжизакор каломи эканлигига далолат қилади.
Албатта Бугунги кунда инсонлар аста секинлик билан хоҳ у медитсина соҳасида бўлсин, хоҳ астрономия ва бошқа соҳаларда бўлсин илмларни кашф қилиб келмоқдалар, ваҳоланки ислом замона илмида вужудга келган ва келмаган илмларни ўша даврда очиб қўйди.Аллоҳ ўз каломида ва Набийсининг сўзида барча илмларни кўрсатиб қўйган. Буни англаш учун ақл эгалари бўлишлик кифоя қилади.
Имом Бухорий номидаги Тошкент
Ислом институти 2 курс талабаси
Орифжонова Моҳирахон Исломиддин қизи
Доҳа Ислом ёшлари маркази пойтахти сифатида танланди
Қатар давлатининг исломий ёшлар ривожида қўшган ҳиссаси учун 2019 йилда Доҳа шаҳри Ислом ёшлари пойтахти номига сазовор бўлди. Бу ҳақда gulf-times.com нашри хабар берди.
Ушбу шарафли унвонни тақдим этиш маросими жорий йилнинг 24 октябрь куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган.
Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти қошидаги Мулоқот ва Ҳамкорлик учун Ислом ёшлари форуми ушбу мукофотга Доҳа шаҳрини лойиқ деб топган.
ЎМИ Матбуот хизмати