muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Самарқанд вилояти имом-хатиблари инсонга эътиборни янада кучайтириш, уларга яқин бўлиш, муаммо ва камчиликларини бартараф этишда кўмакдош бўлиш мақсадида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари Самарқанд туманида йиғилди.

Тумандаги мавжуд 6 та масжид имом-хатиблари билан ҳамкорликда 100 дан зиёд хонадон ва 20 та маҳаллада бўлиб, моддий ёрдам кўрсатиш, низоли ҳолатларни маҳалла иштирокида бартараф этиш ва пешин намозида жамоат билан диний маърифий суҳбатлар ўтказиш каби ишларни амалга оширди.

Аллоҳ таоло бу хайрли ишларни бардавом ва манфаатли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Вторник, 14 Ноябрь 2023 00:00

Юзларида сажда излари бор

Бошланиши...

Уларнинг Ин­жилдаги мисол­лари эса, худди шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб ўз новдасида тик турган, деҳқонларни ажаблантирадиган ўсимликка ўхшайди”. Яъни Расули акрам алайҳиссалом­нинг умматлари васфи Тавротда ҳам, Инжилда ҳам бор. Буни аҳли китобларнинг ҳеч бири инкор этмайди, лекин яширади.
Аллоҳ таоло Исломнинг қандай ривожлан­ганини, мусулмонлар сафи қандай кенгай­ганини ўсимликка қиёсламоқда. Чунки деҳқонлар эккан ўсимлиги, ерга қадаган дон-дунлари қанчалик гуркираса, шунчалик хурсанд бўлади. Бунинг ортидан қанчалаб одамлар мева-чевалардан, дон-дунлардан баҳраманд бўлади. Худди шундай Ислом ҳам жаҳолат ботқоғига ботган инсонларни ҳидоят билан неъматлантирди, уларга руҳий, маънавий озуқа берди.
Лекин бу ҳолат кофирларга ёқмайди. Шу боис Аллоҳ таоло: “(Бу) улар сабабли кофирлар жаҳ­лини чиқариш учундир”, деб марҳамат қилди. Кофирлар мусулмонлар сони ошганидан асло хурсанд бўлмаган, аксинча, ич-этини еб, ҳақ диннинг пайини қирқиш илинжида бўлган. Ботиний ва рофизийлар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг кофир бўлиб, диндан қайт­дилар. Лекин, шундай бўлса-да, Аллоҳ таолонинг нусрати ғолиб келди: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро сураси, 81-оят).
“Аллоҳ улардан имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотларга мағфират ва улкан мукофот ваъда қилгандир”. Яъни, ҳамиша Ҳаққа итоат этиб, солиҳ амаллар қилган кишиларга Аллоҳ таолонинг улкан мукофоти бордир.

Абу Мансур Мотуридийнинг
“Таъвилоту аҳлис сунна” асари асосида
Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кеча қоронғу эди. Осмондаги зулматни парчалаб ташлайдиган ой ҳам кўринмасди. Ҳали шаҳарлар нур кўрмаган. Аммо гўшт ва қондан иборат бир Ой Мадина кўчаларида қадам ташлаб борарди. Бу ой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар!


Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг уйда Қуръон ўқиётганини эшитиб қолдилар. Унинг овозидан завқландилар. Абу Мусо қироатини тугатгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлларида давом этдилар.


Эртаси эрталаб уни учратганларида:
– Эй Абу Мусо! Кеча кечқурун сенинг қироатингни эшитаётганимни кўрганингда эди! Сенга Довуд оиласининг найларидан бири берилибди!-дедилар.


Абу Мусо розияллоху анху айтди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Сизнинг эшитаётганингизни билганимда янада чиройлироқ ўқиган бўлар эдим!


Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Қуръонни бевосита Жаброил алайҳиссаломдан олган бўлсалар-да, тўхтаб уни эшитдилар. Бу нарса у зотнинг қалбларида ўчмас нақш бўлиб жой олди. Сўнгра тонгда Абу Мусони мақтадилар. Унга овози чиройли эканини айтдилар. Довуд алайҳиссалом оиласининг овозига ўхшашлигини билдирдилар. Ҳа! Довуд алайҳиссаломнинг! Довуд алайҳиссалом тасбиҳ айтсалар, тоғлар, қушлар Яратувчисининг амри билан у зотга қўшилиб айтар эди: «Эй тоғлар! У билан бирга тасбиҳни қайтаринглар ва қушлар ҳам!»


Бошқаларнинг иқтидорини мақташ пайғамбарлар одобидандир. Мусо алайҳиссалом олдинроқ Аллоҳ таолога шундай деган эдилар: «Биродарим Ҳоруннинг тили меникидан кўра бурро!»


Бошқалар хислатини инкор қилиш, ўзини асрининг ягонаси, яктоси деб билиш иблиснинг хулқидир. Иблис Одам алайҳиссаломга сажда қилишга амр қилинганида, «мен ундан яхшироқман», деган эди.


Масалан, бир маърузани эшитсангиз, у сизга ёқса, ўша маърузачига раҳмат айтиб қўйишингиз сизнинг самимиятингизга далолат қилади. Инсонлар қанчалар юқори кўтарилишмасин, қанчалар муваффақиятга эришмасин, барибир мақтовни яхши кўришади. Қўлингизда ишлайдиган ишчингиз бирор ишда муваффақиятга эришса, уни мақтаб қўйинг. Доим хатони кўраверишимиз айбдир. Акс ҳолда, фақатгина ахлат тепасига қўнадиган пашшага ўхшаб қоламиз. Биз гулларгагина қўнадиган асаларига ўхшамоғимиз лозим!


Зиёфатга борганингизда барча нарсани тартиб билан қўйилганини кўрсангиз, овқатлар ширин бўлса, уй соҳибига чиройли зиёфат учун миннатдорчилик билдириб қўйинг. Ширин овқатларни ҳозирлаган унинг аҳлини дуо қилинг. Улар кўринмаса-да, гўзал ишларни амалга оширадиган номаълум аскарга ўхшашини айтинг!


Булардан ҳам афзали ҳамкасбларингизни, сиз каби маҳоратга эга бўлганларни ютуққа эришганларида мақташингиздир. Масалан, ёзувчи бўлсангиз ва бошқа бир ёзувчининг яхши бир китобини ўқисангиз, уни муаллифига мақтаб қўйинг!


Агар муваффақиятга эришган амалдор бўлсангиз ва ҳамкасбингиздан ажойиб фикр эшитсангиз, уни мақтаб янада шижоатлантириб қўйинг. Чунки халқлар ўзаро меҳр билан оёққа туради, уруш-жанжал билан эмас. Ҳар бири эрининг қалбига эгалик қилмоқчи бўлган кундошлар каби бўлмаслигимиз керак. Шерик бўлишимиз, бир- биримизни қўллашимиз лозим!


Аёллар бошқа бир қўшни аёлнинг уйига борганида, унинг уйидаги тартиб-интизомни кўрганида ёки ширин овқатлари мазасини тотганида уни мақтаб, ўз ишида моҳирлигини айтиб кўйиши керак. Барчамиз ўзимиз бажарган гўзал ишлар учун мақтовли сўзлар эшитишни яхши кўрамиз!


Инсонлар йўқлигида уларнинг гўзал хислатларини мақташ аслзодаликдир. Нима учун доим ҳузуримизда бўлмаганларнинг патини юламиз?! Уларнинг салбий томонини гапирамиз?! Инсонларнинг яхши хислатлари ҳам бор. Ана ўшаларни гапирайлик!


Мусо алайҳиссалом акалари Ҳорун алайҳиссаломнинг хислатлари ҳақида мақтовли сўзларни айтганларида Аллоҳ билан гаплашаётган эдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ Ҳорун алайҳиссаломни у кишидан кўра яхшироқ билади. Энди сиз бир киши ҳақида уни танимайдиган кишига яхши сўзларни гапирсангиз, бу қандай ҳам гўзал!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

 

Вторник, 14 Ноябрь 2023 00:00

Ҳасаддан сақланинг!

▫️Динимиз инсонларни ёмон амаллардан қайтариш билан бирга, қалбида ҳам бошқаларга нисбатан гина, адоват ва ҳасад каби иллатлар бўлишини қоралайди. Аллоҳ ўз фазли билан бир бандасига кўпроқ насиба берган бўлса, унга нисбатан ҳасад қилиш энг оғир гуноҳлардан биридир.
Ҳасад бошқалардаги фазилатни кўролмасликдир. Бу эса Аллоҳнинг раҳматига қарши чиқиш ҳисобланади.
Бу ҳақда қуръони каримда шундай марҳамат қилинади.
Яъни: «Ўки Аллоҳ ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қиладиларми?»
Мусулмонда бирор нарсага ҳасад қилиш унинг йўқ бўлишини ва заволини орзу қилишдир. Бу эса ўша мусулмоннинг ҳаққига зулм ҳисобланади. Ҳасадчининг ҳасади ниҳоятда ёмон нарса бўлганлиги учун Аллоҳ таоло ўзига сиғиниб ундан паноҳ сўрашни таълим беради.
Ҳасаднинг қанчалик иллат эканлигини Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай баён қилиб берганлар:
«Олдинги умматлардан сизларга етиб келган касаллик — бу ҳасадгўйлик ва ғиллу-ғашликдир. Ваҳоланки, ҳасад сочнинг эмас, балки диннинг қирувчисидир. Муҳаммад (с.а.в.)нинг нафси қудрат қўлида бўлган зотга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча жаннатга киролмайсиз. Бир-бирингизга ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча мўмин бўлолмайсиз!».
Ҳар бир иллатнинг шифоси бўлгани каби, ҳасаднинг ҳам даъвоси бор. Буни Расулуллоҳ (с.а.в.) муборак ҳадисларида баён қилиб берганлар.
Яъни: «Уч нарса борки, умматим ундан қутулмайди: ҳасад, бадгумонлик ва шумланиш. Сизларга ундан қутулиш йўлини айтайинми? қачон бир кишидан гумон қилсанг, шу гумонга кўра иш тутма. қачонки бировга ҳасад қилсанг, зулмга ўтиб кетма. Бирор нарсадан шумлансанг, унга парво қилмай ўтиб кетавер!».
Аллоҳ таоло қалбларимизни бошқаларга нисбатан ҳасад қилишдан сақлаб, гуноҳларимизни магфират айласин. Омин!

Зикрияев Саййидафзалхон,
"Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Страница 38 из 301

Видеолавҳалар

Top