muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

"Минг афсуски, бу қонли низо оқибатида аввало, тинч аҳоли вакиллари, айниқса, аёллар, болалар ва кексалар кўплаб қурбон бўлмоқда. Урушнинг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олмоқда.

Қарама-қаршиликнинг кенг кўламли низога айланиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз.

Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни, ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позициямизни яна бир бор билдирамиз", деди Шавкат Мирзиёев.

Асрлар давомида бизга ён қўшни бўлган кўпмиллатли Афғонистон халқини бугунги мураккаб муаммолари қаршисида ёлғиз қолдириб бўлмаслиги, ушбу мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига фаол жалб этиш барқарор тараққиётимизнинг ажралмас ва зарурий шарти экани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари йиғилганларни афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кўпайтиришга, ушбу мамлакатдаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жамоавий масъулият ва мақбул механизмлар асосида ҳал этишга чақирди.

Четверг, 09 Ноябрь 2023 00:00

Қуръондаги охирги насиҳат!

Аллоҳ таоло муборак Каломида бандаларга жуда кўп панду насиҳат, буйруқ ва қайтариқларни нозил қилган бўлиб, унга ким амал қилса, икки дунё саодати кафолатлагандир. Каломуллоҳдаги оятларни тадаббур қилсак, унинг ҳар бири мусаффо қалбларни ларзага солади. Қалбдаги иймон, ишонч уруғлари тафаккур суви ила суғорилса, у куртак очишга, ўсиб-униб, бақувват илдиз олишга ва ҳосил қилишга олиб келади. Бу уруғни ўсишдан тўхтатишга уринадиган турли хил шайтоний, шаҳвоний васвасаларни ўчиради, қалбни тозалайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57 оят).

Дарҳақиқат, Қуръон оятларида келтирилган эслатма, буйруқ ва қайтариқлар унга амал қилувчиларга фойдалар манбаи ҳисобланади. Каломуллоҳни доимий тиловат қилиб, оятларини тадаббур қилувчи мўминларга буюк панд-насиҳат, қалбидаги ўзига яширин иллатларига шифо, икки дунёда ҳидоят ва раҳмат манбаидир. Шу боис Аллоҳ таоло Қуръонни ўқиб, унинг оятларини тадаббур қилишга тарғиб қилган: “Ахир улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! Ёки уларнинг дилларида қулфлари борми?!” (Муҳаммад сураси, 24-оят).

Ушбу ояти карима кўрсатмасига амал қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга энг охирги нозил бўлган ояти карима билан қисқача танишиб чиқамиз. Кўпчилик уламолар Қуръони каримнинг охирги нозил бўлган ояти Бақара сурасидаги 281-ояти: “Ўзингиз Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқинг. Сўнгра ҳар бир жон касб қилган нарсасини тўлиқ олур. уларга зулм қилинмас”ни айтади. Ибн Журайжга кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ушбу ояти карима нозил бўлганидан сўнг тўққиз кун яшаганлар, холос (“Улумул-Қуръон” китоби).

Мазкур ояти каримада: “Ўзингиз Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқинг...” дейилмоқда. Эътибор берсак, ушбу оятда Қиёмат куни назарда тутилмоқда. Унинг ўрнига Аллоҳ таоло: “Қиёмат кунидан қўрқинг”, дейиши мумкин эди. Лекин у кунда ҳар бир банда бир жойга – Оламларнинг Роббиси бўлган ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтарилишига алоҳида урғу берилмоқда. Ушбу кунда ҳар бир банда буюк Роббиси ҳузурида туриши эслатилмоқда. У куннинг даҳшати ва қўрқинчидан огоҳлантирилмоқда. Бошқа ояти карималарда ушбу маъно кенгроқ ифодаланади: “Одамларга ҳисобот (кун)лари (қиёмат) яқинлашиб қолди. Улар ҳануз ғафлатда, (имон ва амалдан) юз ўгирувчидирлар. Уларга Парвардигорлари (томони)дан бирор янги эслатма (оят) келса, уни, албатта, ўйнаб (масхаралаб) туриб тинглайдилар. Диллари эса ғофилдир...” (Анбиё сураси, 1-3 оятлар).

Қиёмат куни ҳолатнинг оғирлигидан ҳар бир жон ўзи билан овора бўлиб қолади. Аллоҳ таоло бу ҳақда кўплаб оятларда қайта-қайта эслатади. Жумладан: “Ўша куни киши ўз биродаридан қочур. Яна онаси ва отасидан ҳам, хотини ва ўғилларидан ҳам (қочур). (Чунки) у кунда улардан ҳар бир кишида ўзига етарли нарса (ташвиш) бўлур. У кунда (баъзи) юзлар ёруғ, шоду хуррам (бўлур). У кунда (бошқа бир) юзлар узра ғубор бўлиб, уларни қоралик қоплар...” (Абаса сураси, 34-41 оятлар).

Ушбу куннинг даҳшати буюк, машаққати оғир бўлади. Қуёш халойиққа яқин келтирилади. Ҳар бир киши гуноҳига яраша тўпиғидан тортиб оғзигача терга ботади. Ал-Миқдод ибн ал-Асвад розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда бундай хабар берганлар: “Қиёмат куни қуёш одамларга яқинлашади. Ҳаттоки улардан бир мил (тақрибан икки километр) миқдорга келади. Шунда одамлар амалларига қараб терга ботади. Улардан кимдир икки тўпиғигача, кимдир икки тиззасигача, кимдир икки биқинигача терга ботади. Кимнидир тер юганлаб олади”, дедилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қўллари билан оғизларига ишора қилдилар” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Қиёмат кунида бутун дунёда мисли кўрилмаган ўзгариш рўй беради. Ер теп-текис жойга айланади. Қабрдан одамлар бош кўтариб чиқа бошлайди. Қуёшнинг нури йўқолиб, ўз жойидан қўзғалади. Нурини йўқотган юлдузлар ҳам ҳар тарафга сочилиб кетади. Улкан тоғлар эса ҳавода титилган юнг каби учиб юради. Ваҳший ҳайвонлар ҳам қўрққанидан бир ерга тўпланиб олади. Денгизу дарёлар тошиб, сувлари бир-бирига аралашиб кетади. Биз кўриб турган бу дунё интизоми бутунлай ўзгариб кетади.

Қиёмат кунидан қўрқиш деганда – у кунда Аллоҳ таоло ҳузурида ҳар биримиз беражак ҳисоб-китобдан қўрқиш ва унга тайёргарлик кўриш кераклиги тушунилади. Роббиси ҳузурига қайтишини билган банда унга ўзини тайёрлаб, солиҳ амаллар қилиши ва динимизда қайтарилган ишлардан сақланиши лозим. Шунинг учун ояти кариманинг давомида: “...Сўнгра ҳар бир жон касб қилган нарсасини тўлиқ олур...” дейилмоқда.

Аввало, ҳар бир кишининг бу дунёда қилган ишларининг номаи аъмоли ҳисоб учун келтирилади. Кейин дунё ҳаётида қилган амалга яраша ё жазо ёки мукофот берилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бошқа ояти каримада бундай деган: “Биз Қиёмат куни учун адолатли тарозилар қўюрмиз, бас, бирор жонга заррача зулм қилинмас. Агар хантал (ўсимлиги) уруғидек (яхши ёки ёмон амали) бўлса ҳам, ўшани келтирурмиз! Биз ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз” (Анбиё сураси, 47-оят).

Ҳар бир инсон ўзининг қисқа умри давомида гоҳида яхшилик ғолиб кела олмагани ва ёмонликка яраша жазо берилмаганини кўриб, афсус чекади. Дунёда ҳам яхшиликка яхшилик, ёмонликка ёмонлик қайтади, лекин ҳақиқий жазо ва мукофот Қиёмат куни бўлади. Қуръони каримда бундай дейилади: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала сураси, 7-8 оятлар).  

Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада бундай хабар беради: “Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида – уларнинг қўллари сўзлар, оёқлари гувоҳлик берур” (Ясин сураси, 65-оят).

Адий ибн Ҳотим розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлардан ҳар бирингиз билан Парвардигори Қиёмат кунида ўртада таржимонсиз гаплашади. У (банда) ўнг томонига қараб, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, чап томонига қараб ҳам фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, олди томонига қараб, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай экан, яримта хурмо (ни садақа қилиш) билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!” (Имом Бухорий  ривояти).

Биз ўрганаётган ояти карима сўнгида: “...уларга зулм қилинмас” дейилмоқда. Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло раҳмати, карами ва бандаларига меҳр-шафқати туфайли Ўзига зулмни ҳаром қилди, бандалари орасида ҳам зулмни ҳаром қилди. Қуръони каримда ушбу маъно таъкидланиб, бундай марҳамат қилинади: “Шубҳасиз, Аллоҳ бир зарра мисқолича ҳам (бировга) зулм қилмас. Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо сураси, 40-оят).  

Абу Зар ал-Ғифорий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтганлар: “Аллоҳ таоло деди: “Эй бандаларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилмангиз”” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ жалла ва ало одилдир, олийжанобдир. Халқларидан биронтасига ҳам зулм қилмайди. Аксинча банданинг ихлос билан қилган кичик бир амалига ҳам тоғдек ажру савоблар билан сийлайди. Роббимизнинг бизга бўлган мана шундай марҳаматини билиб туриб ҳам унга осий бўламизми?! Парвардигоримизнинг мана шундай олийжаноблигига муносиб жавоб қайтариб, ўзимизни ислоҳ қилмаймизми?! Биз мана шу саволларни ўзимизга беришимиз даркор.

Юқорида ўрганган ояти каримадан хулоса шуки, Қиёмат кунини ёдимиздан чиқариб қўймайлик. Ушбу буюк кун учун ҳар биримиз тайёргарлик кўриб, дунё ҳаётида кўплаб солиҳ амаллар қилиб қолайлик. Бунинг учун, аввало, фарз амалларини вақтида бажариб, нафл ибодатлар билан ундаги камчиликларимизни тўлдирайлик. Тилимизни доимо Аллоҳ таолонинг зикрига ўргатиб, турли ғийбат ва беҳуда гаплардан сақланайлик. Жамиятдаги муҳтож ва йўқсиллар  ҳолидан хабар олишга одатланайлик. Ҳасрат ва надомат фойда бермайдиган кунда улуғ Хожамиз ҳузурида ҳисобга тортилмасдан туриб, бугун ўзимизни ҳисоб қилайлик.

Имом Аҳмад ва Имом Термизийлар ривоят қилишича, умар ибн хаттоб розийаллоҳу анҳу бундай деганлар: “Эй одамлар! Ҳисоб қилинишдан олдин ўзингизни ҳисоб қилингиз, (амаллар) тарозига қўйилишдан олдин нафсингизни тарозига қўйингиз! чунки, (бугун) нафсингизни ҳисоб қилишингиз эртага (қиёматда) ҳисобингизни енгиллаштиради. Катта ҳисоб-китоб кунига ўзингизни ҳозирлангиз!”.

Шу боис салафи солиҳларимиз ўзини ҳисоб-китоб қилар, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг  ҳузурига бориш учун тайёрланишар эди. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу айтади: “Ҳазрати Умар ўзларини ҳисоб қилиб, шундай деяётганларини эшитдим: “Умар ибн Хаттоб – мўминларнинг амири”, дейдилар. эҳ..! Аллоҳга қасамки, эй Хаттобнинг ўғли, Аллоҳ сени ё азоблайди ёки азобдан сақлаб қолади”.

 Язид ибн Рақшовий раҳимаҳуллоҳ ҳар куни ўзини ҳисоб-китоб қилиб йиғлар ва бундай дер эди: “Эй Язид, ҳолингга вой! Вафот этганингдан кейин сенинг номингдан ким рўза тутади?! Эй Язид, ҳолингга вой! вафот этганингдан кейин сенинг номингдан ким садақа қилади?!...”.  

Аҳнаф ибн Қайс раҳимаҳуллоҳ шамнинг олдига келиб, бармоқларини оловга тутиб кўрарди. Оловнинг тафтидан бармоқлари куйганда аламдан “Ухх!” дерди. Кейин ўзига хитоб қилиб: “Эй Аҳнаф, фалон куни, фалон ишни қилишга сани нима ундади?! Фалон кунидаги ишингчи?!” дея койирди.

Робийъ ибн Ахсам раҳимаҳуллоҳ уйида ўзига қабр қазиб, баъзан унга тушиб турар, у ерда “Ё Роббим! Мени қайтар! Ё Роббим! Мени қайтар!” деб нидо қиларди. кейин у ердан чиқиб “Эй нафс! Ана қайтдинг! Энди ғайрат қилиб, солиҳ амаллар қил!” дер эди.

Аллоҳ таоло барчамизни ўзининг солиҳ бандалари қаторида қилиб, Қиёмат кунида ҳисобимизни енгил этсин! Бу дунё ҳаётига алданиб, Қиёматни унутиб қўйган бандалардан бўлиб қолишдан паноҳида асрасин!   

Абдуллатиф домла Турсунов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази бош мутахассиси

Четверг, 09 Ноябрь 2023 00:00

Юзларида сажда излари бор

Бошланиши...

Тарихдан яхши маълум, Набий алайҳиссалом­нинг сафдошлари кофир ва мушрик­ларга қаҳри қаттиқ, мўмин-мусулмонларга нисба­тан эса раҳмдил бўлишган.
Ҳадиси шарифда: “Бир-бирларингизга меҳ­рибон бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсиз”, дейилди (Имом Ҳоким ривояти). Шунда саҳобалар: “Бизларнинг ҳар биримиз фарзандларимизга меҳрибонмиз”, дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Бу раҳмат эмас. Ҳақиқий раҳмат киши ўзига раво кўрган нарсасини биродарига ва фарзандларига илинишидир”, дедилар.
Нўъмон ибн Башир розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: “Мўминларнинг барчаси бир киши кабидир. Унинг бир аъзоси оғриса, танасининг барча аъзоси иситмалайди ва бедор бўлади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
“Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва рози­лик тилаб руку ва сажда қилаётган ҳолла­рида кўрарсиз”. Яъни, бу Аллоҳдан жаннатни сўраб, раҳматидан умидвор бўлишидир. “Руку ва сажда қилаётган ҳоллари...”нинг эса икки хил маъноси бор. Биринчиси, уларнинг на­мозни доимий тарзда жамоат билан ўқиши мунтазам равишда руку ва сажда қилишига ишора этилмоқда. Иккинчиси, Раббисидан қўр­қиши ҳамда мўминларга та­возели бўлишдир.
Баъзи муфассирлар “Аллоҳдан фазл ва рози­лик тилаб...”дан мурод яшаш учун за­рур нар­саларни сўраш эканини айтишади.
“Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир”. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар оятдан мурод юзларида гуноҳлари боис қўрқув ва намознинг белгилари бор, дейдилар.
“Уларнинг юзларида...” оятидан мурод қиё­мат куни таҳорат ва сажда белгилари борлиги учун шундай дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Мен қиёмат куни умматимни бошқа умматлар орасида танийман”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Қандай қилиб танийсиз?” дейишди. Набий алайҳиссалом: “Сажда белгилари туфайли қиёмат куни умматимнинг (пешонаси) порлаб туради. Лекин бу ҳолат ҳеч бир умматда учрамайди”, дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).
“Мана шу (сифатлар) уларнинг Тав­ротдаги мисолларидир.

Давоми бор...

Четверг, 09 Ноябрь 2023 00:00

Қабристон зиёрати одоблари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қайси биримиз яхшироқ амал қилишимизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Роббимиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин! «Лаззатларни парчаловчи ўлимни ёдга олинглар», дея бизни огоҳликка даъват этган севикли Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруду саловатларимиз бўлсин!

 Ислом дини Аллоҳнинг сўнги ва мукаммал динидир. Шунинг у ҳаётнинг барча жабҳаларини – каттасию кичигини, эскию янгисини қамраб олган. Инсон ҳаётининг бирор тарафи йўқки, динимизда у ҳақда кўрсатма бўлмаса. Ҳатто кишилар одатда эътибор ҳам бермай, билганича иш юритиб кетадиган соҳа ва мавзуларда ҳам бир қанча оят ва ҳадислар безавол маъноларни ўзи ичига олган қатор кўрсатмалар берганини кўриш мумкин. Ислом таълимотининг буюклиги шундаки, унинг кўрсатмалари бирор замон ё маконга чекланиб қолмай, барча замон ва маконларга мос тушаверади, инсон зоти борки, унинг жонига малҳам бўлади. Мана, унинг инсониятга юборилганига қарийб бир ярим минг бўлганига қарамай, у худди бугун туширилгандек ҳаётбахш ва тароватлидир. Инсоният минг хил йўл йўриқлар, фалсафалар, низомлар ўйлаб топиб, бор будини сарфлаб, қўлидан келган ишни қилиб юриб уларни ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилиб келмоқда. Аммо бирортаси ҳам Ислом динидек оламий ва барҳаёт эмас, ўта ўткинчи ва торлигича қолиб, вақт ўтиши билан ҳаёт ўзи уни сиқиб чиқариб юбормоқда. Улар худди танага кирган ёт унсурдек инсон табиатига қориша олмаётир. Аммо Ислом дини асрлар оша бутун инсониятни ўзига маҳлиё этиб, кўзларни қамаштириб, дилларни забт этишдан тўхтагани йўқ. Буларнинг барчаси бу диннинг ҳақиқий дин экани, чиндан ҳам инсониятнинг Яратувчиси тарафидан юборилганини тасдиқловчи сўзсиз далиллардир. 

Ислом дининг улуғворлиги яна шундаки, унинг йўриқлари барча соҳаларда энг юксак чўққини забт этган. Унинг таълимотидан юқори, олижаноб йўсинни ҳеч ким тополмайди. У ўта юксаклиги, айни вақтда мўътадиллиги, ҳаётийлиги, оммавийлиги, ўлмаслиги билан ажралиб туради ва шунинг учун ҳам ҳамиша ҳамма элга манзур бўлади. Унинг бу хислатлари биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу – қабристон зиёрати борасида ҳам ўз ифодасини топган. Бунга қуйироқда ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз.

Очиғини айтганда, қабристонни зиёрат қилиш одоблари ҳақида ҳали бошқалар тузукроқ ўйлаб ҳам кўрмаган бўлса керак. Шунинг учун уларда ҳар ким билганича, ўзи истаганича, пойма пой ишларни қилиб, хурофотлар ботқғида юраверади. На ўликка, на тирикка заррача ҳам манфаати бўлмаган ишларни қилиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнайди. Аммо Исломда бу борада ҳам асрлар оша ўзини оқлаб келаётган бетакрор кўрсатмалар, одоблар баён қилинганки, уларни бажариш ҳар бир инсон учун фақат шараф ва хайру барака бўлади, тирикка ҳам, ўликка ҳам манфаат бўлади. 

Қабристон зиёратига доир одобларни қоралаш хаёли аҳёнда бўй кўрсатиб турар эди. Аммо қатъий бир ҳаракат бўлмаганди. Яқинда юртимиздаги айрим мутасадди кишилар қабристон зиёрати одоблари ва ушбу мавзуга доир оят ҳадисларни тўплаб беришимни илтимос қилиб қолдилар. Улар ушбу битикларни қабристонда махсус лавҳаларда намойиш этиб, кишиларни динимиз одобларидан, кўрсатмаларидан бохабар қилишни ният қилибди эканлар. Мен бундан жуда ҳам мамнун бўлиб, қўлдан келганича, билганимча уларнинг таклифларини бажаришга ҳаракат қилдим. Тайёр бўлган битикларни уларга топширар эканман, бу маълумотлар бошқалар учун ҳам керак ва манфаатли эканини мулоҳаза қилиб ҳамда яна бошқа қабристонларга мутасадди бўлган кишилар ҳам бундан фойдаланишларини таъминлаш мақсадида мазкур битикларни оммавий саҳифаларда беришни маъқул топдим ва шу боис битикларни лавҳага қайдлашга мўлжалланган суратида кўпчиликка тақдим этишга қарор қилдим. Яхшилик бўлса, Аллоҳдан, камчиликларим учун Ўзидан мағфират сўрайман. Ўйламанки, бу иш ҳаммамиз учун ҳам фойдадан холи бўлмайди.

 Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 

Четверг, 09 Ноябрь 2023 00:00

Нишонга урилган насиҳат!

Москва халқаро аэропорти. Самолётлар шунқордек парвозга шай. Олис юртлардан келган учоқлар бирин-кетин қўнмоқда.

Кутиш залида тумонат одам. Кимдир қўлида паспорт билан бетоқат бўлиб навбат кутмоқда, яна кимдир чамадонини олишга ошиқмоқда. Кимдир телефон титкиласа, яна кимдир мириқиб китоб мутолаа қилмоқда.

Ўриндиқларнинг бирида ўтирган йигит атрофга олазарак қараб қўйди. Қўл телефони уч-тўрт маротаба қайта-қайта жиринглади. Ҳар сафар “Дадам” деган ёзув чиқарди. Лекин у жавоб бермади.

Йигитнинг онги заҳарланиб, Сурия сафарини мўлжаллаган эди. Йигит хаёлан осмону фалакда уча бошлади.

Эҳ, текин пишлоқ фақат тузоқда, қопқонда бўлишини бу йигит билармикин? .

Телефони қисқа жиринглади. Йигит “смс”ни очди, унда бундай сатрлар ёзилганди: .

“Ўғлим, икки ойдирки хорижга ишлагани бораман, деб ҳоли жонимга қўймадинг. Сенга рад жавобини бердим. Кеча пешиндан сўнг бироз мизғиб олиш учун хонага киргандим. Сўнг сени сўрасам, шу атрофда дейишди, лекин тополмадик. Биламан, ҳозир сафардасан. Охирги пайтларда сўзларингдан фақат жаҳолат уфуриб турарди, кўзларингда ёвузликни сезардим.

Ўғлим, огоҳ бўл! Ортингга, Ватанга қайт! Сени ота-онанг, укаларинг, сингилларинг, жигарларинг кутмоқда. Айниқса, кенжа синглинг Фотима сени кечадан бери сўрайди.

Ўғлим! Туғилганингда бир парча эт эдинг. Онанг иккаламиз қанчалик қувонганимизни биласанми?

Ўғлим... ёшлигингда “велик” оберинг деб хархаша қилдинг, она қўйни сотиб “велик” харид қилганимизда, қанчалик хурсанд бўлганинг эсингдами?

Футбол ўйнагани янги “бутси” кийганингда, қувончингга шерик бўлганимни сезганмидинг?

Ўғлим, қалбимда оталик меҳри жўш уряпти. Мен айтяпман, синглинг телефонга ёзяпти, онангнинг кўзлари жиққа ёшга тўлган”.

Йигит “смс”ни ўқиркан, қалбида болалик меҳри жўш ура бошлади. Юрагида ниш ура бошлаган қабоҳат, разолат ўрнини эзгулик, силаи раҳм ҳис-туйғулари эгаллай бошлади.

«Ўғлим! Огоҳ бўл!

Авлодимиздан хоин чиқмаган.

Ўғлим! Огоҳ бўл! Термилган кўзлар ортида минглаб ҳийлалар яширинган, табассумлар ортига шайтоний тузоқлар қўйилган, “дур” мисол ёқимли сўзлар ортида қармоқлар бор».

Йигит “смс”ни ўқиган сайин қайноқ юрагида раҳм-шавқат тўлқинлари уйғона бошлади.

Йигит бошини мағрур кўтарди, қўлидаги “Москва – Дамашқ” йўналишидаги чиптани ғижимлади, кўзларида нур ва шукроналик учқунлари порлади ва беихтиёр чиптани йиртиб улоқтирди.

Бу вақтда кутиш фойесини меҳр билан артаётган фаррош аёл йигитга яқинлашаркан, ҳайрону лол бўлиб:

– Ну что, парень, что случилось?

Йигит фаррош аёлга самимий боқаркан:

– Спасибо, папе. Большая ошибка предотврашена, – деди ва ўрнидан туриб, шахдам қадамлар билан “касса” сари йўналди.

Фаррош аёл серрайиб, лабини бураркан:

– Ну-у парень, ну-у парень... – дея олди холос.

Йигитнинг чипта олиши осон кечди. “Москва – Тошкент” йўналишидаги чиптани оларкан, қалбида вулқондек отилиб келаётган ҳис-туйғулари тилига кўчди:

– Раҳмат, отажон, менинг халоскорим, катта хатонинг олди олинди, мени золимлар ва ўлим чангалидан қутқариб қолдингиз. .

Йигит ойна ортида юраркан, порлаб турган кўзлари қўниш майдончасидан Ўзбекистон учоғини излай бошлади...

 

Тоҳиржон ТУНГАТОВ,

Чиноз тумани “Ҳазрат Али” жоме

масжиди имом-хатиби

Страница 44 из 301

Видеолавҳалар

Top