muslimuz

muslimuz

Субҳаналлоҳ – Аллоҳ таолога энг севимли калима. Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган каломни айтайми? Аллоҳ таоло учун каломларнинг энг яхшиси “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деб айтишингдир”, дедилар”.

 

Субҳаналлоҳ – айтишга осон, тарозида оғир келувчи калима. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир ва Раҳмонга маҳбубдир. Улар: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил аъзийм”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Субҳаналлоҳ – Жаннатда боғ бўлувчи калима. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Субҳаналлоҳ – энг афзал калима. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси калом афзал?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ фаришталари ёки бандалари айтишини ихтиёр қилган “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” калимасидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Субҳаналлоҳ – гуноҳларга каффорат бўлувчи калима. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ), ўттиз уч марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), ўттиз уч марта такбир (Аллоҳу акбар) айтса, жами тўқсон тўққиз бўлади, юзта бўлишига: “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Субҳаналлоҳ – хатоларни кетказувчи калима. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деб бир кунда юз марта айтса, хатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечиб юборилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи аъдада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).

 Даврон НУРМУҲАММАД

Ўрта аср Шарқ муаррихларининг фикрига кўра, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудлари VII асрдан Мовароуннаҳр номи билан тилга олинган.  Ушбу атама юртимизга ислом дининг кириб келиши билан боғлиқ. Манбаларга кўра, "Мовароуннаҳр" сўзи "дарёнинг нариги томони, икки дарё оралиғи, дарёнинг нариги соҳили" маъноларида ишлатилган.  Бу ҳозирги Амударё бўлиб, қадимда Жайҳун номи билан юритилган.

Бу атама ҳақида даслабки маълумот ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Абу Бакр ат-Тамимий Аҳнаф ибн Қайс ибн Муовия ибн Ҳусайнга йўллаган мактубида учрайди. Асли исми Зоҳҳак бўлган бу шахс ўз исми билан эмас, Аҳнаф (яъни оқсоқ) лақаби билан танилган. Бу саҳобий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида мусулмон бўлиб, Умар розияллоҳу анҳунинг давлат бошқарувлари вақтида Хуросонга жўнатилган.

Аҳнаф ибн Қайс ҳижрий 22 (мил. 642) йилда Хуросоннинг Марв ва Балх шаҳарларини эгаллагач, Халифа Умар розияллоҳу анҳу унга шундай мазмундаги мактуб йўллаган: "Аммо баъд! Дарёдан ўтманглар. Унинг аввалги тарафи билан чекланинглар. Хуросонга нима мақсадда кирганингизни ёдда тутингизлар. Ўз мақсадингизда бардавом туринглар. Шунда ғалабангиз ҳам аён бўлади. Дарёнинг у тарафига ўтишдан сақланинглар". Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз мактубини ҳамд-у сано билан бошлаб, ўз лашкарбошига дарёнинг нариги томонига ўтмасликка чақирмоқда. Мактубдаги  араб тидиги "дун" (олди) ва ан-Наҳр (дарё) сўзлари дарёнинг олди тарафи мазмунини англатар эди. Бу эса ўша вақтда "Мовароуннаҳр", яъни "дарёнинг орқа тарафи" атамаси мавжуд бўлганига далалолат қилади.

Машҳур тарихчи Ёқут Ҳамавий: “Мовароуннаҳр Хуросондаги Жайҳун дарёсининг нариги томонидир” деган фикрни илгари суради. Муаррих Жайҳун дарёсининг шарқий томонини "Ҳайталлар юрти" деб атайди.  Ислом кириб келганидан сўнг "Мовароуннаҳр" деб юритила бошлаганини зикр этади. Дарёнинг ғарбий томонини эса, Хуросон ва Хоразм вилоятига тегишли дейди. Шу ўринда яна Хоразмнинг Хуросон ҳудудига кирмаслигини таъкидлаб, унинг алоҳида бошқа юрт бўлганини уқтириб ўтади.

Тарихда Араблар кириб келгандан кейингина мазкур ерлар "Мовароуннаҳр" деб юритила бошланган. Араблар Мовароуннаҳр деганда Ўрта Осиёнинг Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ҳудудларни назарда тутганлар. Аллоҳ таоло биринчи ҳижрий асрда Мовароуннаҳр диёрини Ўзининг охирги ва мукаммал дини Ислом нури билан мунаввар қилди. Бу диёр аҳлининг кўпчилиги Исломни очиқ қалб билан қабул қилди. Уларнинг Исломи гўзал бўлди. Зотан Аллоҳ таолонинг Ўзи бу диёр одамларини уларга берган ажойиб табиат ва қобилиятларга мос ва уларнинг ривожига омил бўлувчи қиёматгача боқий қолувчи дини Исломга ҳидоят қилган эди. Мовароуннаҳр аҳолисининг Ислом динига кириши уларнинг кўплаб қобилиятларининг очилишига, ҳаётнинг кўплаб жабҳаларида ўзларининг пэшқадамликларини исбот қилишга олиб келди. Тез орада Исломнинг турли соҳа ва илмлари бўйича Мовароуннаҳрлик намояндалар етишиб чиқа бошладилар. Бу ҳаракат тезлик билан ривож топди ва турли илмларда умумдунё миқёсидаги буюк алломалар етишиб чиқа бошлади. Шу тариқа Мовароуннаҳрда Ислом дини ва исломий илмлар ривожи бошланди. Бухоро, Самарқанд, Термиз, Насаф каби шаҳарларнинг номи исломий шаҳарлар сифатида бутун дунёга танилди.

Мадина Жўраева,

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

 

 

 

 

Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров Макка шаҳрида бўлиб турган зиёратчилар илмий-маърифий суҳбатлар ўтказиб, улуғ ҳаж ибодати ҳақида мавъизалар қилмоқда. 

Мулоқотлар аввалида қилaётгaн ҳаж ибoдaтидaн Aллoҳ таолонинг poзилигини вa oxиpaтининг oбoдлигини кўзлaши, дyнё вa yнинг зийнaтлapини, pиёкopлик, нoм чиқapиш, фaxpлaниш кaби нapcaлapни зинҳop вa зинҳop xaёлигa кeлтиpмacлиги, акс ҳoлдa, бapчa қилгaн caъй-ҳapaкaтлapи бeҳyдa, бефойда кетишини алоҳида таъкидладилар. 

Суҳбат давомида ниятни тўғри қилиш, дoимo Аллоҳ таолонинг зикpи билан банд бўлиш, дyoлар, Қypъoни кapимни тилoвaтини кўпайтириш, тилни бeҳyдa cўзлapдaн тийилиш, қўлидaн кeлгaничa oдaмлapгa яxшилик қилиш, ўзини камтар тyтиш сингари ҳаж одобларига амал қилиш ҳақида сўзлаб берилди.   

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ушбу ташаббус зиёратчилар Қуръондан баҳраманд бўлишлари ва Қуръон ахлоқини дунё миқёсида ёйишлари учун 1445-ҳижрий 2024-йилги Ҳаж мавсуми учун Ҳарам масжиди ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидларида Дин ишлари бўйича раисликнинг режасини қўллаб-қувватлашдир. 

Муқаддас Китобни ёд олган малакали Қуръон ўқитувчилари зиёрат тажрибасини ошириш бўйича саъй-ҳаракатларга раҳбарлик қилади, дея хабар беради Quran.uz Саудия Пресс Агентлигига таяниб. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати 

Четверг, 30 Май 2024 00:00

Аллоҳим мени ташлаб қўйма!

Бир куни турмуш ўртоғим уйга шошиб кириб: "Телефонингни бер, қўшнига сотиб, бошқа яхшисини олиб бераман!" деб қолдилар. "Майли", дея у кишига оппоқ қўл телефонимни узатдим…

"Бу ҳам телефон жинниси экан", деб ўйлаяпсизми?! Рости, аввалига озгина бир нимасини йўқотган одамдек ҳис қилдим ўзимни. Кейинчалик нима учун бундай ҳолга тушганимни тушундим.

Тўғри, телефон орқали – шу кичиккина тўртбурчак ашё туфайли – ҳар ким ўзи излаган "дунё"га кириб боради… охир-оқибат ундан чиқолмай қолади. Ўзим-чи, хўш, мен нима учун телефонсиз қолиб қийналдим?!

Мен кимларгадир ўхшаб тинмай ижтимоий тармоқма-тармоқ кезиб юрмайман, шукр. Шунчаки қийналишимга сабаб – кундалик зикрларимсиз қолиб кетдим…

Ҳар куни бомдод ва шом маҳали, айниқса, изланиб қоламан, денг. Оқ телефонимда эса бутун бошли дуолар китоби ва Қуръони Карим бор эди. Уни очиб ўқишга асло қийналмасдим. Тайёр дастуримдан ажралиб қолиб, қалбим ҳувиллаб қолди.

Тўғри, ҳали ҳам ундан яхшисига етолмадим… лекин тан олиш керакки, ижтимоий тармоқларсиз ҳам ҳаёт табиий гўзалроқ экан, азизлар. Чиндан ҳам болаларингизга ҳақиқий маънода қарайсиз, улар билан қизиқасиз, ҳақиқий Қуръони Каримни очиб, оятларини излаб ўқийсиз, китобларни табиий ҳолда мутолаа қиласиз. Хуллас, ҳаммаси ўз ҳолича содир бўлади. Бир шиша банка ичидан чиққандай бўласиз гўё, десам, муболаға бўлмайди.

Энди эса турмуш ўртоғимга ҳам ўз телефонини оддий қўл телефонига алмаштиришини тайинлаганим-тайинлаган. Сабаби ҳатто овқат маҳали ҳам шуни титкилаб ўтирадилар, биз эса у кишининг юзига қараб ўтирамиз: бир кулишларига, бир қовоқ уйишларига боқиб овқатланамиз. Охири: «Бизга вақт ажратмасангиз ҳам, овқатни қаерга еяётганингизни билинг, дадаси», деб юбораман. Бу гапимдан сўнг бир четга қўйилган телефонни болаларим талашиб кетишади. «Ҳой, энди сизлар бошладингизми?!» десам, «Ойи, "мушук"ка қараб қўяйлик, балки очқаб кетгандир, ҳожатга боргиси келаётгандир… Агар ҳозир қарамасак, дадам яна телефонларини олиб қўядилар», дейишади чуғурлаб. Нима дейишни ҳам билмай қоласан одам.

Шу «собиқ» оқ телефонимда бир тармоқда ўқиган ҳикоям ҳеч эсимдан чиқмайди, уни айнан келтира олмайман, лекин айтиб бераман. Қулоқ солинг, балки сизга бу танишдир, ҳар ҳолда яна бир бор эслатма бўлса, ибрат бўлса, ажаб эмас.

Касалхонага нуроний бир онахон бетоб бўлиб ётқизилади. Унга бир ҳамшира ҳар куни қарайди. Онахон неча кун даволаниб ётган бўлса, шунча кун қўни-қўшниси, узоқ-яқин қариндош-уруғлари, қуда-андаси, хуллас, кўпчилик кўргани келади. Меҳр-оқибат тобора йўқолиб бораётган бир замонда буни кузатган ҳамшира ниҳоятда ажабланади.

Эртага жавоб деган куни у катта ўғилдан нима учун кўпчилик онасини кўргани келганининг сабабини сўрайди. "Онам жуда яхши аёллар, ҳаммага меҳр-оқибат кўрсатадилар, шунинг учун бўлса керак-да", дейди ўғил. Бу жавобдан қониқмаган ҳамшира онахоннинг ўзидан бунинг боисини билгиси келади. Шунда онахон нима жавоб қилган, биласизми?! Балки, унинг жавобини эшитиб, сиз ҳам мен каби ҳайратлар ва кўз ёшлар ичида қоларсиз!?

"Болам, мен қаерга, кимнинг уйига борсам, Қуръони Каримни кўзларим билан қидираман. Унга кўзим тушган заҳоти дарҳол қўлимга олиб, ярим-бир бет ўқийман ва Китобни ёпиб, Роббимга шундай дуо қиламан: "Аллоҳим, мен Сенинг Китобингни ташлаб қўймаганим каби Сен ҳам мени ташлаб қўймагин!".

Уни тинглаб турган ҳамширанинг ҳам кўзларидан тинмай ёш оқарди. У онахонни шу тобда маҳкам бағрига босгиси келди.

Ҳа, азизлар, ана Қуръон Каримга бўлган эътиборнинг мукофоти! Қани эди, қўлимиз тинмай телефонга эмас, Қуръони Каримга югурса… Қанийди, телефондаги нарсаларни кулиб ё йиғлаб ўқиганимиз каби Буюк Аллоҳнинг Каломини ҳам берилиб тиловат қилсак…

"Ҳар нарсанинг ўз ўрни бор", дерсиз?! Хўп, шундай экан, биз мусулмонларнинг телефонга тикилганимиздек, Қуръони Каримни ҳам ўқиб қўйганимиз қани?!

Мадомики, ким Қуръонни ўқишни билса-ю, уни уч кундан ортиқ ташлаб қўйса, "ғофиллардан" деб ёзиб қўйилишини биламизми? (Биламиз, чунки бу ҳақдаги мақолаларни ана шу телефонларимиздан аллақачон ўқиганмиз.) Агар Қуръонни ташлаб қўйсак, у қиёмат куни орқамиздан келиб, жаҳаннамга итаришини-чи?!

Шундай экан, келинг, барчамиз Аллоҳ таоло бизга дастур қилиб юборган Китобини ўқийлик, мағзини чақиб, унга амал қилайлик. Зеро, ана шунда ижтимоий тармоқлардан топган роҳатдан устунроқ роҳатни қўлга киритамиз…

Зуҳра ҲАМДАМОВА,

журналист

Страница 23 из 259

Мақолалар

Top