muslim.uz

muslim.uz

Қирғизистоннинг пойтахти Бишкек шаҳрида қурилаётган баланд биноларнинг бирида ишлаётган кран бошқарувчиси ўз иш ўрнини тарк этмасдан намоз ўқиши тасвирланган видеолавҳа интернет тармоғида тарқалди. Бу ҳақда Спутник нашри маълум қилди.

Видеолавҳада кран бошқарувчиси 12-13 қаватли бино баландлигида туриб намоз ўқиган.

Интернет фойдаланувчиларининг баъзилари буни учун кран бошқарувчисини мақтаган бўлса бошқалар унинг хавфсизлик техникасини бузганликда айблашган.

Ушбу лавҳани қуйида кўришингиз мумкин.
https://youtu.be/Y-kWyHaEfcw


ЎМИ Матбуот хизмати

Гиёҳванд моддалар нима, гиёҳвандлар ким? Нима учун жамият бу иллатга қарши бу қадар кескин кураш олиб бормоқда? Бунга жавоб: гиёҳванд моддалар – бу оғу, ажал. 
 
Табиийки, заҳар инсон онгини ҳам, жисмини ҳам ҳалок этади. Мутахассисларнинг фикрича, гиёҳванд моддаларни бир марта истеъмол қилган киши унга бутунлай боғланиб қолиши мумкин. Бу иллатга мубтало бўлган кишининг фикри, хоҳиш ва истаклари, хатти-ҳаракатлари гиёҳванд модда измида бўлади. Шу сабабли гиёҳвандликка қарши кураш давр талаби ҳисобланади.
 
Таҳлилчиларининг сўзларига қараганда, ўртача 110 миллиондан ортиқ киши бир ойда бир марта бўлса-да гиёҳванд моддалардан бирини истеъмол қилар экан. 25 миллион киши бу иллат домига тушган.
 
Арабларда “уммул хабоис” – “барча ёмонликлар онаси”, деган тушунча бор. Гиёҳвандлик жиноятчилик ва зўравонликларнинг бош омилидир. Гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ аъзолари оддий фуқароларни давлат идораларига бўлган ишончини сусайтиради ва бу, ўз навбатида, коррупцияга сабаб бўлади. Маълумки, гиёҳванд моддалар савдосидан тушган маблағ қуролли тўқнашувларни молиялашга ишлатилмоқда. Бундан ташқари давлат бу иллатга қарши курашиш учун полиция, соғлиқни сақлаш тизимларига катта маблағ сарфламоқда. Гиёҳвандларни даволаш ҳам давлат хазинасига қимматга тушмоқда. Бу иллат ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
 
Гиёҳванд моддалар билан боғлиқ муаммо чегара билмайди. Бу иллатга қарши дунё мамлакатлари биргаликда кураш олиб боришлари керак ва шарт. Мана шуларни инобатга олган ҳолда БМТ гиёҳвандлик билан боғлиқ глобал муаммоларни турли даражаларда ҳал қилишга интилиб келади. 1998 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг махсус йиғилишида гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммо муҳокама қилинди. Ўшанда дунё мамлакатлари гиёҳванд моддаларни етиштиришга барҳам бериш ва гиёҳвандликка қарши биргаликда кураш олиб бориш бўйича ўз зиммаларига бир қатор мажбуриятларни олишган эди.
 
photo5301027114545424639.jpg
 
117 мамлакатда тадқиқот олиб борган БМТ мутахассисларининг маълумотларига кўра, бугунги кунда одамлар асосан героин, кокаин, наша, марихуана, морфий ва бошқа гиёҳванд моддаларни истеъмол қилади. Улар орасида 14-21 ёшдаги йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Мана шу ёшдагиларга кўз-қулоқ бўлиб турилса, улар кейинчалик камдан-кам ҳолларда гиёҳвандликка ружу қўйишар экан. Шу сабабли ҳам гиёҳвандликка қарши курашни ўз вақтида бошлаш бугунги куннинг асосий масаласидир. Гиёҳвандликка қарши кураш - жиноятчиликка қарши курашдир. Руҳшуносларнинг фикрича, ота-оналарнинг фарзандлари билан яхши муносабатда бўлиши гиёҳвандликка қарши курашда асосий роль ўйнайди. 
 
photo5301212433794312407.jpg
 
АҚШ – жаҳондаги энг катта гиёҳвандлик бозор, дея тан олинган. Салкам 300 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилувчи АҚШда 13 миллиондан ортиқ гиёҳванд бор экан. “Қора бозор”да гиёҳванд моддалар айланмаси 60 миллиард доллардан ошиб кетган. АҚШ давлат департаменти маълумотларига кўра, гиёҳвандлик ҳар йили давлат хазинасига 600 миллиард доллар зарар келтиради. Бу мамлакатдаги кўча жиноятлари (ўғирлик, босқинчилик)нинг тенг ярми гиёҳвандлар томонидан содир этилади. Gallup хизмати ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, респондентларнинг ҳар тўртасидан учтаси АҚШ гиёҳвандликка қарши курашда мағлубиятга учраётганини тан олган. Ҳар ўн нафар америкаликнинг иккитаси ўз оилаларидаги муаммоларга гиёҳвандлик сабаб бўлаётганини билдиришган. Респондентларнинг 40 фоизи оила аъзолари гиёҳвандликка ружу қўйишидан хавотирда эканини айтишган.
 
АҚШда сотилаётган гиёҳванд моддаларнинг 80 фоизи хориждан олиб келинади. Божхона хизмати маълумотларига кўра, бир йилда АҚШ чегарасини 60 миллион киши, 116 миллион автомобиль кесиб ўтади. Мамлакат сув ҳудудлари ва портларига 90 мингта йўловчи ва юк кемалари, 157 кичик кема, катер ва яхталар киради. Бу транспорт воситаларининг ҳаммасини кўздан кечиришнинг имкони ҳам, иложи ҳам йўқ. Асосан Колумбия ва Мексикадаги жиноий гуруҳлар АҚШга кокаин ва героин олиб киради. Айни дамда “океан орти” мамлакатида гиёҳвандликка қарши учта концепция устида иш олиб борилмоқда. Биринчи концепцияга кўра, ҳам мамлакат ичкарисида, ҳам ташқарисида гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси ва ишлаб чиқарувчиларга қарши кескин кураш олиб борилиши кўзда тутилади. Бироқ, таҳлилчилар бу концепцияни танқид қилмоқда. Уларнинг фикрича, гиёҳвандликка қарши бу каби кураш самара бермас экан. Чунки гиёҳвандлик аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам мавжуд ва бундан кейин ҳам бўлар экан. Агар гиёҳвандларга қарши кескин кураш олиб бориладиган бўлса, у ҳолда қамоқхоналар гиёҳвандлар билан тўлиб тошар экан. Бундан ташқари АҚШ бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашиши мумкин экан. Бу ўз навбатида кўнгилсиз ҳодисаларга сабаб бўлади.
 
Иккинчи концепцияга кўра, гиёҳванд моддалар истеъмолига талаб камайтирилади. Бунда тушунтириш ишларига катта урғу берилади. Гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси билан шуғулланувчилар шафқатсиз жазоланади, аммо истеъмол қилувчиларга юмшоқ жазо берилади. Бироқ, бу каби соғлом турмуш тарзининг танқидчилари бу концепция ҳам самара бермаслигини айтишмоқда. Учинчи концепцияда гиёҳвандларга муносабат ўзгаради. Яъни, гиёҳвандлар жазога тортилиши керак бўлган жиноятчи сифатида эмас, балки даволаниши зарур бемор сифатида кўрилади. 
 
АҚШнинг бу борада олиб бораётган кураш сиёсати аҳолининг гиёҳванд моддалар истеъмолини камайтириш ва хориждан гиёҳванд моддалар олиб киришни чеклашга қаратилган.
 
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА

Нигерия маҳаллий полициясининг хабар беришича 22 июнь куни содир бўлган келишмовчиликлар натижасида 86 киши ҳалок бўлган ва 50 дан ортиқ турар жой бинолари вайрон қилинган. Фулани чўпонлари ва Бером деҳқонлари ўртасида келиб чиққан можарога жаҳон оммавий ахборот воситалари томонидан диний тус берилмоқда ва бу ҳолат узоқ йиллардан буён нма ён яшаб келган нигериялик мусулмон ва насроний жамоалари ўртасидаги қарама қаршиликларни кескинлаштирмоқда.

Аслида воқелик чўпонларнинг қорамоллари фермерлар ерига кириб кетгани ва бунинг натижасида бир мунча ҳосилнинг топталгани оқибатида тортишув келиб чиққан. ББС сингари оммавий ахборот воситалари таъкидлаган Ливиядан олиб кирилган қурол-яроқнинг аралашуви аянчли якунланган.

Ғарб мамлакатлари томонидан Ливияда нотинчлик ва фуқаролар урушининг сунъий яратилиши, ушбу ҳудудни бошқариб бўлмас даражага келтирди. Бунинг оқибатида эса Ғарбда ишлаб чиқарилган қурол-яроқлар савдоси учун қулай шароит пайдо бўлди. Кўриб турибсизки қарийб 190 миллионлик аҳолиси бўлган Нигерия заминида ушбу аслаҳалар ёрдамида диний можаролар яратилди.


ЎМИ Матбуот хизмати

Маълумки, Тошкент шаҳри Республикамизнинг пойтахти, қолаверса ҳар кун юзлаб, минглаб хорижий ва юртимиз меҳмонлари ташриф буюрадиган марказий шаҳар ҳисобланади. Ўз навбатида, пойтахтда фаолият юритаётган имом-хатиблар ҳам ҳар жиҳатдан билимли, тажрибали бўлишлари лозим. Ушбу шаҳарнинг бош имом-хатиби эса нафақат республика балки минтақа ва дунёда ўз ўрнига, обрў-эътиборга эга олим бўлишлигини замоннинг ўзи тақозо этмоқда.
Бугун, 26 июнь куни пойтахтимиздаги «Шайх Зайниддин» жоме масжидида Тошкент шаҳар имомларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу мажлисда қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилди. Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари диний идора раиси ўринбосари вазифасидан ажралмаган ҳолда Тошкент шаҳар вакили, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби, ўз навбатида Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги «Минор» жоме масжиди имом-хатиби этиб тайинланди.
Йиғилиш ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.


ЎМИ Матбуот хизмати

Вторник, 26 Июнь 2018 00:00

Қуръоний ишора

Қуръони Карим ер остида сув манбаи борлигига ишора қилган. Бу эса бугунги замонавий илм ҳам тасдиқлаётган, исботлаётган ҳақиқатдир. Қуръон нозил бўлган пайтларда бирор киши биз яшаётган тупроқ остида катта миқдорда чучук сув захираси борлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Олимлар “Ер сатҳининг тагида тўпланган чучук сув миқдори дарё ва кўллардаги биз кўриб турган чучук сув миқдоридан анча кўпдир” дейишяпти.

Агар биз Қуръонни синчиклаб ўқиб чиқсак, унда ер остида сув захираси борлигига ишора қилувчи оятни топамиз. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:

وَأَرْسَلْنَا الرِّيَاحَ لَوَاقِحَ فَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَسْقَيْنَاكُمُوهُ وَمَا أَنتُمْ لَهُ بِخَازِنِينَ

“Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик. Сизлар уни тўплаб олувчи эмассиз”. (Яъни, Биз шамолларни ўлчов билан булутларни урчитувчи, бир-бирига қўшиб сув ҳосил қилувчи этиб юбордик. Асосан, ёмғирнинг ёғишига шамоллар сабаб бўлади. Улар маълум қоидаларга кўра эсади. Пайдо бўлган булутларнинг бир-бирлари ила қўшилишларидан сув ҳосил бўлади. Ана шундан кейин осмондан сув тушади, ёмғир ёғади. Аллоҳ таоло у сув билан ер юзини, одамларни сероб қилади. Деярли ҳамма ризқ осмондан тушган шу сувга боғлиқ бўлади. Инсон эса, Аллоҳ тайёр ҳолда унга осмондан тушириб берган сувни тўплаб олишга ҳам қодир эмас. Уни тўплашни ҳам булоқ, қудуқ, анҳор, ер ости кўллари ва бошқа воситалар орқали Аллоҳ таолонинг Ўзи амалга оширади.) (Ҳижр сураси, 22-оят).

Аллоҳ таоло шамолларни сувни туширишга сабаб қилиб қўйди. Кейин ўша сув тупроқ орқали ерга сингиб, ер остида йиғилади. Шундай жойларга йиғиладики, у ерда сув узоқ йиллар давомида айнимай, бузилмай, ичишга яроқли ҳолда туради.

Хўш, қани айтингчи, тупроққа сувни айнитмаслик хусусиятини ким берган?

Сувга узоқ йиллар давомида айнимаслик хусусиятини ким берган?

Албатта, Аллоҳ таоло берган!

Ҳа, Аллоҳ таоло тупроққа сувни бузмай тоза ҳолда ушлаб туриш хусусиятини берган. Олимларниг айтишича, бугунги кунда сувларни тозалашнинг энг афзал йўли уларни ер остидаги ўзига хос омборларга қўйиш экан. Субҳаналлоҳ! 

 

 www.kaheel7.com сайтидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Мақолалар

Top