www.muslimuz

www.muslimuz

9 сентябрь куни тажвид устози ва ижоза соҳиби – Жаҳонгир қори Неъматовнинг онлайн-тажвид дарсларининг 3-машғулотлари ўтказилади. Унда Қуръони каримнинг 113-сураси бўлган "ал-Фалақ" сурасининг ўқиш қоидалари ўргатилади.

Онлайн-тажвид дарсларини ижтимоий тармоқларимиз орқали тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!

Youtube: MuslimTV 
Интернет телеканали : ITV.UZ
Facebook: MuslimUz

Ўз қироатларини текширмоқчи бўлганлар жонли эфир вақтида 97-760-70-49 рақамли телефонга қўнғироқ қилишлари мумкин

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳадис ихлосмандларининг илтимосларига биноан Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент Ислом институтиниг ҳадис илми устози ва ижоза соҳиби – Жалолиддин домла Ҳамроқуловнинг ҳадис шарҳи суҳбатларини янги шакл ва инновацион услубларда тақдим этилади.

Аллоҳ таоло бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туфайли олиб чиққан. У зот Ҳақ таолонинг омонатини сизу бизга мукаммал тарзда етказган. Роббимизга бўлган муҳаббатнинг изҳори, Муҳаммад алайҳиссалломга итоат билан ўз ифодасини топади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини мухлис халқимизга имкон қадар чуқурроқ етказишда ушбу янги лойиҳа муносиб ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

? 2020 йил 10 сентябрь, пайшанба куни соат 15:00 дан бошлаб, онлайн- ҳадис шарҳи суҳбатларининг илк сонини қуйидаги ижтимоий тармоқларимиз орқали тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!

Youtube: MuslimTV
Интернет телеканали : ITV.UZ
Facebook: MuslimUz

? Мавзу юзасидан савол ва фикр-мулоҳазаларингизни
@OnlineHadisBot орқали жўнатинг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вівторок, 08 сентябрь 2020 00:00

2. БАҚАРА СУРАСИ, 114–115 ОЯТЛАР

وَمَنۡ أَظۡلَمُ مِمَّن مَّنَعَ مَسَٰجِدَ ٱللَّهِ أَن يُذۡكَرَ فِيهَا ٱسۡمُهُۥ وَسَعَىٰ فِي خَرَابِهَآۚ أُوْلَٰٓئِكَ مَا كَانَ لَهُمۡ أَن يَدۡخُلُوهَآ إِلَّا خَآئِفِينَۚ لَهُمۡ فِي ٱلدُّنۡيَا خِزۡيٞ وَلَهُمۡ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٞ١١٤

114. Аллоҳнинг масжидларида Унинг номи зикр қилинишидан қайтарадиган ва уларни хароб қилишга уринадиганлардан ҳам золимроғи борми? Бундайлар фақат қўрққан ҳолларидагина масжидларга киришлари керак эди. Уларга дунёда шармандалик, охиратда қаттиқ азоб бордир.

Насронийлар жангда яҳудийлар устидан ғолиб чиққанларида улардан ўч олиш учун ибодатхоналарини бузиб ташлашди. Инсонларга ўчакишиб, Аллоҳ таоло учун бино қилинган масжидларни бузиш ё одамларни масжиддаги ибодатлардан ман этиш жуда катта золимликдир. Калбийнинг ривоят қилишича, бу оят насроний Тотлис Румий ва сафдошлари ҳақида нозил бўлган. Улар Бани Исроил устига юриш қилиб, жангчиларини ўлдиришди, зурриётларини асир олишди, Тавротни ёқишди, Байтул-Мақдисни хароб этиб, у ерга ўликларни ташлашди. Қатода айтади: "Бу кимса Бухтунасир ва унинг шериклари эди. У яҳудларга қарши уруш очиб, Байтул-Мақдисни харобага айлантирди. Бу ишда унга Рум насоролари ёрдам беришди". Ато ривоятида Абдуллоҳ ибн Абоос бундай деган: "Бу оят Макка мушриклари ҳақида бўлиб, мусулмонларни Масжидул-Ҳаромда Аллоҳ таолони зикр этишдан тўсганлари хусусида нозил бўлгандир".

Мана шу воқеалардан кейин 1187 йили мусулмонлар қўшини Қуддуси шарифни эгаллаш учун ҳужум бошлаганида қўшин бошида Ислом тарихида энг ёрқин из қолдирган мусулмон саркардалардан бири Салоҳиддин турган эди. Ислом қўшинларига зафар ёр бўлганида эса улар Қуддуси шарифга “Аллоҳу акбар” такбирлари остида кириб келишди. Муқаддас шаҳар яна мусулмонлар қўлига ўтди. Ушбу воқеаларнинг ўзиёқ Салоҳиддиннинг номини “Қуддуси шариф халоскори” сифатида тарих саҳифаларига ёзиб қўйиш учун кифоя эди. Бироқ уни машҳур қилган нарса бугина эмас эди, балки шаҳарнинг насроний аҳолисига кўрсатган муносабатлари уни афсонага айлантирди. Салоҳиддин саксон саккиз йил олдин насронийларнинг мусулмонлар ва яҳудийларнинг қонини дарё қилиб оқизгани каби Қуддуси шариф кўчаларини қонга ботирмоқчи эмас эди. Бунинг ўрнига музаффар мусулмон аскарлари зудлик билан шаҳарни босиб кетган нажас ва нопокликлардан тозалашга тушишди. Буюк Ислом саркардаси қасосни тақиқлади, бунинг шарофати билан юз мингдан ошиқ насронийнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Муқаддас шаҳардаги насронийларнинг муқаддас ибодатхоналарини зиёрат қилишга рухсат бериб қўйилди. Ҳолбуки, салибчилар шаҳарни босиб олганидан кейин мусулмон ва яҳудийларнинг шаҳарга киришини тақиқлаб қўйган эди. Тарих ҳанузгача Салоҳиддиннинг буюк одамийлиги, бағрикенглиги, ўзга дин вакилларига меҳр-шафқати борасида таажжуб ва ҳайратда қолиб келяпти. Ваҳоланки, салибчилар мусулмонлар ва яҳудийларни аёвсиз қатлиом қилгани ҳолда нега Салоҳиддин етакчилигидаги мусулмон аскарлар бирор кишидан қасос олмади, бировнинг қонини ноҳақ тўкмади? Бу саволга Салоҳиддин Айюбийнинг Қуддусдаги оламшумул ишлари энг яхши жавоб бўла олади.

وَلِلَّهِ ٱلۡمَشۡرِقُ وَٱلۡمَغۡرِبُۚ فَأَيۡنَمَا تُوَلُّواْ فَثَمَّ وَجۡهُ ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ وَٰسِعٌ عَلِيمٞ١١٥

115. Машриқ ҳам, мағриб ҳам Аллоҳникидир, демак қаёққа юзлансангиз ҳам Аллоҳни топасиз. Аллоҳ албатта кенг қамровли ва билимлидир.

Бошқа диндагиларга фақат ўз ибодатхоналарида диний маросимларни ўтказиш буюрилгани ҳолда мусулмонларга Ер юзининг ҳамма жойида намоз ўқиш, ибодат қилиш неъмати ато этилган. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бутун Ер юзи менга саждагоҳ бўлди" деб марҳамат этганлар (Бухорий, Муслим, Насоий ривояти). Ислом динида ибодатлар, диний маросимлар тўрт девор ичига қамаб қўйилмаган. Масжидлар қуббасигина эмас, осмон қуббаси остида, тоғдаю чўлда, сувдаю қуруқликда, жомеъ ёки уйдаю ундан ташқарида, хулласи Аллоҳнинг ҳамма ери ибодат қилишга муносиб масканлардир, фақат қиблага юзланилса, бас! Исломият мусулмонларга ҳамма ерда ибодат қилиш имконини берди, Ер юзининг ҳамма жойида Аллоҳга юзланиш йўлини кўрсатди. Чунки Аллоҳ азза ва жалла ҳар ерда ҳозиру нозирдир.

Исломият исталган ерда ибодат қилиш ҳурриятини эълон қилди, чунки қаёққа юзланилса ҳам ўша жой Аллоҳнинг тарафидир. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: "Сизлар қаерда бўлсанглар ҳам У сизлар билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир" (Ҳадид, 4). Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида уламоларнинг бир неча хил ривоятлари бор. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик бир қўшинни жангга юбордилар. Мен ҳам ўша гуруҳда эдим. Атрофимизни зулмат қоплаб олиб, қибла қайси тарафдалигини билолмай қолдик. Айримларимиз: "Қиблани биламиз, у шимол томонда" дея чизиқ тортиб намоз ўқишди. Бошқалар эса: "Қибла жануб томонда" дея шу томонга чизиқ тортди. Тонг отиб қуёш чиққач, бу чизиқларнинг ҳеч бир қиблани кўрсатмагани маълум бўлди. Сафардан қайтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўрадик. У киши сукут қилдилар. Шунда Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди" (Ато ибн Абу Рабоҳ ривояти).

Робия отасидан ривоят қилади: "Сафарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Қибла қай томондалигини билмай ҳар биримиз ўз ҳолимизча намоз ўқидик. Тонг отгач, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдик. Шунда ушбу оят нозил бўлди". Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг фикрича, бу оят нафл намозда ихтиёрли бўлиш (қиблани билмаган тақдирда хоҳлаган тарафига қараб ўқиш) ҳақида нозил бўлган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай деган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Мадина аҳлининг кўпчилиги яҳудий эди. Аллоҳ у кишини Байтул-Мақдисга қараб намоз ўқишга буюрди. Бундан яҳудийлар хурсанд бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у тарафга юзланиб, бир неча ой (ўн учдан ўн тўққизгача) намоз ўқидилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломнинг қиблаларини яхши кўрардилар. Аллоҳ у кишини Каъба тарафга бургач, "Уларни олдинги қиблаларидан нима ўзгартирди экан-а", дея одамлар иккиланиб қолишди. Шунда Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди" (Ибн Абу Талҳа Саълибий ривояти).

— Банда Аллоҳни тушида кўриши мумкинми? Бу раҳмоний туш бўлади-ми?

— Аллоҳ таолони тушда кўриш бор нарса. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир неча ҳадисларида: “Роббимни тушимда кўрдим”, деганлар. Шулардан бири имом Аҳмад ўз “Муснад”ларида, шунингдек, имом Термизий ҳам “Сунан”ларида келтирганлар. Мужтаҳид имомларимиз ҳам бир неча бор тушларида Аллоҳ таолони кўрганларини айтганлар. Аҳли сунна вал жамоа уламолари: “Аллоҳ таолони тушда кўриш мумкин”, дейдилар. Бунинг ҳақиқати шуки, Аллоҳ таолонинг мисли-ўхшаши йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ﴾

“У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир” деб марҳамат қилган (Шууро сураси, 11-оят). Лекин Аллоҳ таоло Ўзига масал-мисолни исбот қилган.

﴿اللَّهُ نُورُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ مَثَلُ نُورِهِ كَمِشْكَاةٍ فِيهَا مِصْبَاحٌ الْمِصْبَاحُ فِي زُجَاجَةٍ الزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ يُوقَدُ مِنْ شَجَرَةٍ مُبَارَكَةٍ زَيْتُونَةٍ لَا شَرْقِيَّةٍ وَلَا غَرْبِيَّةٍ يَكَادُ زَيْتُهَا يُضِيءُ وَلَوْ لَمْ تَمْسَسْهُ نَارٌ نُورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَنْ يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ﴾

“... Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейди...” (Нур сураси, 35-оят).

Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатишлик билан мисол келтириш мумкин. Худди юқоридаги оятда Аллоҳ таоло нурининг мисолини келтиргани каби. Мисол келтириш билан бир нарсага ўхшатиш деган нарса келиб чиқмайди.

Инсон Аллоҳ таолони тушида айни ўзини ҳам, мислини ҳам кўрмайди. Аллоҳ таолонинг айни Ўзини бу дунёда кўришнинг имкони бўлмагани учун кўра олмайди. Мислини эса Аллоҳ таолонинг мисли йўқ бўлгани учун кўра олмайди. Лекин тушда Унинг мисолини кўра олиши мумкин. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Неділя, 06 сентябрь 2020 00:00

2. БАҚАРА СУРАСИ, 113 ОЯТ

وَقَالَتِ ٱلۡيَهُودُ لَيۡسَتِ ٱلنَّصَٰرَىٰ عَلَىٰ شَيۡءٖ وَقَالَتِ ٱلنَّصَٰرَىٰ لَيۡسَتِ ٱلۡيَهُودُ عَلَىٰ شَيۡءٖ وَهُمۡ يَتۡلُونَ ٱلۡكِتَٰبَۗ كَذَٰلِكَ قَالَ ٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَ مِثۡلَ قَوۡلِهِمۡۚ فَٱللَّهُ يَحۡكُمُ بَيۡنَهُمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ فِيمَا كَانُواْ فِيهِ يَخۡتَلِفُونَ١١٣

113. Яҳудийлар: "Насронийлар тўғри йўлда эмаслар", дейишади. Насронийлар эса: "Яҳудийлар ҳақ йўлда эмаслар", дейишади. Ҳолбуки улар Китоб ўқишади. Шунингдек, илмсизлар ҳам уларнинг гапини қайтаришади. қиёмат куни улар ўртасидаги тортишувни Аллоҳ ажрим қилади.

Ислом динининг асосий хусусиятларидан бири ўрталик, бошқача таъбир билан айтганда, мўътадиллик, мувозаналикдир. Чунки йўлнинг ўртасида бўлиш, ўнгга ҳам, сўлга ҳам оғишмай, Қуръон таъбири билан айтганда, "мустақим йўл"да бўлиш асл мусулмонликдир. Бу "мустақим йўл"нинг икки томонида жуда кўп масалаларда ифрот (ҳаддан ошиш) ва тафритга (сусткашликка) йўл қўйган яҳудий ва насронийлар турибди. Демак, буларнинг ўртасида бўлиш тўғри йўлда бўлишдир. "Илмсизлар" Макка мушрикларидир, улар Иброҳим алайҳиссалом динида бўлганлари ҳолда жоҳиллик туфайли йўлдан озиб, бутларга чўқиниб кетишди. Бу ояти карима Мадина яҳудийлари ва Нажрон насронийлари ҳақида тушган. Нажрон элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганида яҳудий роҳиблари ҳам келишди ва улар ўзаро мунозара қилиб кетишди, ҳатто овозлари баландлади. Яҳудийлар: "Сизлар ҳеч қандай динда эмассизлар!" дея Исо алайҳиссалом ва Инжилга куфр келтиришди. Насронийлар эса: "Сизлар ҳеч қандай динда эмассизлар!" дея Мусо алайҳиссалом ва Тавротга куфр келтиришди. Шунда Аллоҳ юқоридаги оятни нозил қилди. Улар ўртасидаги тортишувни эса қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи ажрим қилиб беради. Ҳакимлардан бири бундай деган: "Мен икки кишига ачинганимчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман: илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига ва илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига". Илмсиз кишилар ҳам ана шу яҳудий ва насронийлар каби тўғри йўлни топа олмай, адашиб кетаверишади.

Видеолавҳалар

Top