www.muslimuz

www.muslimuz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси қудсийда айтадилар: «Аллоҳ таоло айтадики: “Ҳар бир яхши амал учун ўн баробардан етти юз баробаргача савоб бераман, фақат рўза бундан мустасно. У Мен учун тутилади, унинг ажрини ҳам Ўзим бераман»”.

Ҳакимул уммат, мавлоно Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: Рўзанинг савоби беҳад ва беҳисобдир. Чунки у хос Аллоҳ учундир. Яъни, Aллоҳ таолонинг Зоти камолот ва сифатлари эътиборидан ғойри маҳдуд (чегараланмаган)дир. Унга хос бўладиган нарса ҳам ғойри маҳдуд (чегараланмаган) бўлади.

Aллоҳ таоло нега айнан рўзани Ўзи учун хослади? Барча намоз, закот, ҳаж каби ибодатлар фақатгина Aллоҳ таоло учун адо этиладику ахир. Қайси ибодат Aллоҳдан бошқа учун? Бу хослашликнинг сабаби шуки, рўзада риё бўлмайди. Чунки рўзанинг ҳақиқати адамийдир (яъни, зоҳирда унда бирор нарса қилишга тўғри келмайди, балки) бу бир неча турукдан иборатдир. (Яъни, бир неча нарсаларни тарк қилишликнинг номи рўзадир) яъни, емоқ-ичмоқ ва жимоъни тарк қилиш ва таркнинг бирор зоҳирий сурати йўқки, ундан бирортага маълум бўлса. Aгар бирор кимса яширинча еб олса, у ҳолда Aллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди.

 

“Муборак Рамазон аҳкомлари” китобидан. Урду тилидан

Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом ноиби Абдулқайюм КОМИЛ таржимаси.

 

Ёсин сурасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқий пайғамбар эканлари, Исо алайҳиссалом томонидан Антокия шаҳрига юборилган элчилар кўрган-кечиргани, Ҳабиб Нажжор исмли киши имон йўлида жонини фидо қилиши, қуёш, ой, юлдузлар илоҳий қонуният асосида ҳаракатланиши баён этилган. Шунингдек, жаннат ва дўзах аҳлларининг қиёмат кунидаги ҳолатлари, тавҳид масаласи, қайта тирилиш ҳақлигига далолат қилувчи оятлар келтирилган.

Ёсин сураси фазилатлари тўғрисида кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Уларда айтилишича, кимда-ким бу сурани ихлос билан ўқиса, ҳожати раво бўлади, хавф-хатарда бўлса хотиржамлик топади, камбағал бўлса бойликка эришади, маҳбус бўлса озодликка чиқади, қарздор бўлса қарзини осон узади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ёсин Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳ (розилиги)ни, охират кунини истаб тиловат қилса, гуноҳлари кечирилади. Уни ўликларингизга ўқинглар(Имом Насоий, Имом Аҳмад ривояти).

Бошқа ҳадисда севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир маййит ҳузурида Ёсин сураси ўқилса, Аллоҳ унга енгил қилади”, деганлар.

Қайси бир банда тонг отганида Ёсин сурасини ўқиса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради. Бундан ташқари Қуръонни ўн марта хатм қилиш савобини олади, барча ҳожатлари раво этилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким кун аввалида Ёсин сурасини ўқиса, ҳожатлари раво этилади”, деб айтганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Ёсин сурасини тунда ўқиса, ўша кечада гуноҳлари мағфират этилади”, дейилган.

Демак, бошига ташвиш тушган, оғир аҳволда қолган киши Ёсин сурасини ўқиса, Аллоҳ унга нажот беради, мурод-мақсадига етади.

Яҳё ибн Абу Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ким тонг отганда Ёсин сурасини ўқиса, кечгача хурсандчиликда бўлади. Ким уни кеч кирганда ўқиса, тонг отгунча хурсандчиликда бўлади”.

Бандаларининг икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани Исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Умматларига рўза тутмоқни барча сир-асрорлари ила ўргатган ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга абадул абад салавоту саломлар бўлсин!

Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Истилоҳда эса, «тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқликдир».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим бераман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай», дедилар» (Бешовлари ривоят қилганлар).

Рўзанинг фазилатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бу ибодатни серфазилат қилиб қўйган. Мазкур фазилатларни санаб адоғига етиш қийин.

  1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Алллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек рўза фарз қилинди, шоядки тақво қилсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

 

  1. Рўзанинг фойдаларидан навбатдагиси ҳавойи нафсни синдиришдир.

Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Натижада, инсон ҳавойи нафси нима деса, шуни қиладиган бўлади. Ҳавойи нафс инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса, иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавойи нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучайиб, ҳавойи нафсини жиловлаб олишга эришади.

 

  1. Рўзанинг фойдаларидан яна бири шайтонга қаҳр кўрсатишидир.

Лаънати шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон ёмонликка юрса, шайтон алайҳилаъна хурсанд бўлади. Яхшиликка юриб, Аллоҳнинг амрини бажо келтирса, у лаъин хафа бўлади. Рўзадор ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳга тақво қилиши билан шайтонга қаҳр кўрсатган бўлади.

 

  1. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг қалби мусаффо бўлиши.

Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса, киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.

 

  1. Рўза тутган кишининг тутган рўзаси сабабидан гуноҳлари мағфират қилинади.

 

  1. Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати ила сифатланади.

Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги ила айнан ўша сифатларга соҳиб бўлади.

 

  1. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг сабр-бардошли киши сифатига эга бўлишидир.

Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун ўзини турли шаҳватлардан тийган киши эса, керагича сабр-бардошга эга бўлади.

 

  1. Рўза рўзадорда раҳм-шафқат сифатини шакллантиради.

Рўза тутган киши ўз ихтиёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳлайдиган нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағалларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиб қолади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади.

Демак, ким ўзида раҳм-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни истаса, рўза тутсин. Юқорида зикр қилинган фойдалар рўзанинг бу дунёдаги баъзи фазилатлари, холос.

  1. Рўзанинг ҳикматларидан яна бири у туфайли рўзадор соғлиғини тиклаб олади. Рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги энди ошкора айтилмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг аксариятини мусулмон бўлмаган юртлар табиблари очлик, яъни, рўза тутиш йўли билан даволамоқдалар.

Рўза турли касалликлардан халос этиш билан бирга, киши баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Натижада инсоннинг жисми ҳам, руҳи ҳам енгиллашади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади.

Энг муҳими рўзани касалликларга даво бўлгани учун эмас, балки Аллоҳ таоло буюргани, Унинг розилиги учун тутамиз! Ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлишни, олий мақомларга эришишни хоҳласак, рўза тутиб унинг бу дунёда ҳамда охиратдаги манфаатларидан баҳраманд бўлайлик.

Жаҳонгирхон АБРОРОВ,

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот котиби.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Рамазонда умматимга бошқа умматларга берилмаган бешта хислат берилди: Рўзадорнинг оғзидан келаётган нохуш ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк-анбардан ҳам хушбўйроқдир. Уларга фаришталар то оғизларини очгунларича истиғфор айтади. Аллоҳ азза ва жалла жаннатига: “Бандаларим учун тайёрлангин ва безангин. Улардан тезда дунё қийинчиликлари, ташвишлари кетиб, Менинг жаннатим ва зиёфатимга келадилар”, дейди. Рамазонда шайтонларнинг энг қайсарлари кишанланади ва одатда қиладиган ишларини қила олмайди ва Аллоҳ таоло бандаларини Рамазоннинг сўнги кечасида мағфират қилади”, деган эдилар (атрофдагилар): “Ё Расулллоҳ, у Лайлатул қадрми?” дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Йўқ, амал қилган агар ишини тўлиқ қиладиган бўлса, ажр-савоб унга тўлиқ қилиб берилади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло бу хислатларни фақатгина “Уммати Муҳаммадия” га берди ва бу билан уларни бошқа умматлардан ажратиб олди.

Биринчиси: Рўзадорнинг оғзидан келаётган нохуш ҳид Аллоҳ таолонинг наздида энг ширин ҳушбўйликдан ҳам афзалдир. Рўзадор киши кун бўйи ҳеч нима емай юрган пайтда оғзидан инсонлар наздида ёқимсиз бўлган нохуш ҳид пайдо бўлади. Лекин бу ҳид Аллоҳ таоло наздида энг ҳушбўй ҳиддан афзалдир. Нима учун? Чунки у бандадаги ҳолат Аллоҳ таолога ибодат қилиш натижасида пайдо бўлган.

Иккинчиси: Рўзадор то оғзини очгунига қадар фаришталар унинг ҳаққига истиғфор айтадилар. Фаришталар ким? Улар Аллоҳ таолонинг энг азиз махлуқотлари. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар” (Таҳрим сураси, 6-оят).

Шундай улуғ ва дуоси ижобат фаришталар рўзадорни мағфират этилишини Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўрайдилар.

Учинчиси: Аллоҳ таоло ҳар куни улар учун тайёрланган жаннатни зийнатланишга буюради ва унга қарата: “Бандаларимдан азият ва қийинчиликлар кетиб, ҳузурингга келишларига оз қолди” - дейди. Шу сабабдан, уни солиҳ бандаларига тайёрлаш ва унга рағабтларини ошириш учун зийнатлайди.

Тўртинчиси: Иблис-шайтонлар кишанбанд қилинади ва натижада рўзадор бандани яхшиликлардан тўсиб, гуноҳ маъсиятга ундаш каби ёмонликларини қила олмайди. Бу эса рўзадор бандаларига берилган Аллоҳ таолонинг ёрдамидир.

Бешинчи: Агар банда Аллоҳ таоло бу ойда фарз қилган амалларни ихлос билан қилса, Аллоҳ таоло ”Уммати Муҳаммадия”ни бу фазилатли ойнинг сўнгги кечасида мағфират қилади. Банда учун бундан катта ютуқ борми?!!

Аллоҳ таоло барчамизни шундай хислатларга эга бўлишимизни ва бу ойдан барча гуноҳлардан покланган ҳолда чиқишимизни насиб қилсин.

 

Муҳаммад Али МУҲЙИДДИН,

Тошкент Ислом институти 3-босқич талабаси.

 

 

 

Каҳф сўзи “ғор” маъносини билдиради. Бу сурада бошқа қиссалар билан бир қаторда ажойиб тарихий воқеа – Асҳоби каҳф  қиссаси баён этилган. Унда имонини сақлаш учун ғорга яширинган йигитлар тўғрисида гап кетади. Мусо алайҳиссалом  билан Хизр ҳамда Зулқарнайн қиссаси ҳам сурадан ўрин олган. Каҳф сурасида мол-мулк мақтанишга арзигулик нарса  эмаслиги, бу дунё ҳаёти ўткинчилиги баён этилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Каҳф сураси бошидан ўн оят ёдласа, дажжол (фитнаси)дан сақланади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Дардо  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Каҳф сураси охирги ўн оятини ўқиса, дажжол фитнасидан сақланади”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти).

Дажжол  қиёматга яқин чиқиб, илоҳликни даъво қилади, одамларни йўлдан уради,  уларга осмондаги ойни ваъда қилади, қўйниларини пуч ёнғоққа тўлдиради. Каҳф сурасини ўқиб юрган одам дажжол фитнасидан йироқ бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Каҳф сурасининг  аввалини, охирини ўқиса, оёғидан бошигача нур  порлайди. Ким (сурани) тўлиқ ўқиса,  унинг учун  осмон  билан ер ўртаси(ни тўлдирадиган) нур порлайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Саид Худрий  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда-ким Каҳф сурасини нозил қилинганидек ўқиса, унга  қиёмат куни турган жойидан Маккагача  (бўлган масофада) нур порлайди. Ким бу сура охиридан ўн оят ўқиса, дажжол чиққанда унга ҳукмини ўтказолмайди”, деганлар (Имом Насоий, Имом Ҳоким ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким уйқуга  кетишдан олдин Каҳф сурасидан ўн оят ўқиса, дажжол фитнасидан сақланади. Ким уйғонганида Каҳфнинг охирини ўқиса, қиёмат куни бошидан оёғигача нурга тўлади”, дейилган.

Каҳф сурасини  исталган вақтда ўқиса бўлади. Лекин  муборак жума кунида ўқилса, нур устига нур бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, унинг учун ўзи билан икки жума ўртасини ёритувчи нур порлайди” (Имом Ҳоким ривояти).

 

Видеолавҳалар

Top