muslim.uz

muslim.uz

Саййидул башар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсониятнинг энг улуғ ва энг камтар вакили эдилар. У зот мўминларга мулойимлик билан муомала қилардилар. Саҳобалар бой-камбағал ёки чиройли-хунуклигидан қатъи назар, уларга бир хил муносабатда бўлардилар. У зот ҳаммага табассум қилардилар, исрофга йўл қўймаган ҳолда сахий, қалби хокисор, мўминларга раҳм-шафқатли эдилар. 
У зот кечиримли бўлганлар. Ўзларига етказилган озорларни авф этардилар. Шунча азият етказишига қарамай қавмларини лаънатламаганлар. “Ё Аллоҳ, уларни кечир! Чунки улар билишмайди!” деб дуо-илтижо қилардилар. Бироқ шариат ҳукми топталганда, Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқилганда, адолатли ҳукм чиқарар, жиноятчига муносиб жазолардилар. 
Мана бу ривоят сўзимизнинг исботидир. 

 عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: مَا انْتَقَمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِنَفْسِهِ فِي شَيْءٍ يُؤْتَى إِلَيْهِ حَتَّى يُنْتَهَكَ مِنْ حُرُمَاتِ اللهِ فَيَنْتَقِمَ للهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ. 

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига қилинган иш учун интиқом олмасдилар. Магар Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқилса, Аллоҳ учун интиқом олардилар” (Бухорий ривоят қилган). 
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳар бир ҳолатлари, ҳатто сукутларида ҳам Аллоҳ розилиги ният қилинарди. У зот зинҳор ўз нафслари учун бировдан қасос олган эмаслар. Агар Аллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидалар бузилса, ўшанда жиноятчиларни муносиб жазолаганлар. Оламларга раҳмат этиб юборилган зот – фақат шариат ҳукмига ҳурматсизлик қилингандагина – жиноятчиларга қаттиққўл муомалада бўлардилар. Чунки вазият шуни тақозо этарди. 

 وَعَنْ أَبِي مَسْعُودٍ قَالَ: أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلٌ فَكَلَّمَهُ فَجَعَلَ تُرْعَدُ فَرَائِصُهُ فَقَالَ لَهُ: هَوِّنْ عَلَيْكَ فَإِنِّي لَسْتُ بِمَلِكٍ إِنَّمَا أَنَا ابْنُ امْرَأَةٍ تَأْكُلُ الْقَدِيدَ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَابْنُ سَعْدٍ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. 

 Абу Масъуддан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. У зот ўша киши билан гаплашдилар. Шунда у дағ-дағ қалтирай бошлади. Расулуллоҳ унга: “Қўрқма! Мен подшоҳ эмасман. Балки қуёшда қуритилган гўшт ейдиган (оддий) аёлнинг ўғлиман”, дедилар (Ибн Можа, Ҳоким, Ибн Саъд ва Табароний ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ). 
Ривоятда айтилишича, бир киши ҳожат юзасидан Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига келиб, у зот билан гаплашганда ҳаяжонланиб кетиб дағ-дағ қалтирай бошлади. Буни кўрган Расули акрам унга қарата: – Қўрқма! Ўзингни бос. Мен подшоҳ эмасман! Балки қуёшда қуритилган гўшт ейдиган оддий бир аёлнинг ўғлиман, – дедилар. 
У зотнинг камтарликларини қаранг! Одамлар бор, ҳамма унинг соясига салом беришини хоҳлайди. Одамлар бор, келганида тик туриб хизматида ҳозиру нозир бўлиши, ҳурматини жойига қўйишини ёқтиради. Одамлар бор, маросимларда давранинг туридан жой берилишини истайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса нафақат инсонларнинг, пайғамбарларнинг улуғ бўлсалар ҳам камсуқум, камтар инсон эдилар. Бир киши ҳузурларида туриб, салобатларидан қўрқиб, ҳаяжондан қалтирай бошлаганида унга мулойимлик билан муомала қилдилар. Камтарлик қанақа бўлишини Пайғамбаримиздан ўрганайлик, азизлар! 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам подшоҳлардан ортиқ бўлсалар ортиқ эдиларки, зинҳор кам эмасдилар. Тасарруфларида бойлик ҳам етарли эди. Айтганлари айтган, деганлари деган эди. Минглаб саҳобалари хизматларида камарбаста туришарди. Ислом жамиятининг ҳукмдори эдилар. Шундай бўлса-да, ўта хокисор бўлганлар. Нега? Чунки у зот манманлик қандай офат эканини яхши билганлар, Аллоҳни сизу биздан кўра яхшироқ таниганлар. Шунинг учун қалбларида кибрга тариқча жой бермаганлар, тавозеъ либосини лозим тутганлар. Аллоҳ таоло у зотга гўзал хулқларни, чиройли одобларни берганди. 

 وَعَنْ يَحْيَى بْنِ أَبِي كَثِيرٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: آكُلُ كَمَا يَأْكُلُ الْعَبْدُ وَأَجْلِسُ كَمَا يَجْلِسُ الْعَبْدُ فَإِنَّمَا أَنَا عَبْدٌ وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجْلِسُ مُحْتَفِزًا. رَوَاهُ ابْنُ سَعْدٍ فِي الطَّبَقَاتِ الْكُبْرَى. 

Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен бир қул каби (овқат) ейман. Бир қул каби ўтираман. Зеро, мен бир қулман”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (туриб кетишга шайланаётгандек) тик ўтирардилар (Ибн Саъд “Ат-табақотул кубро”да ривоят қилган). Расули акрам пайғамбар бўлишларига қарамай жуда камтар инсон эдилар. Қолаверса, “Мен оддий одамман. Қул қандай таом еса, шундай ейман. Қул қандай ўтирса, шундай ўтираман”, деб марҳамат қилардилар. Пайғамбар алайҳиссалом фақат тил билан эмас, амал билан ҳам кўпчиликка ўрнак эдилар. Саҳобалар у зотнинг муборак ҳаётлари, ибратли хислатлари ҳақида келтирган ривоятлар шуни кўрсатади. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг бандаликлари билан фахрланар, Аллоҳга қул эканларини айтишдан тортинмасдилар. У зотнинг қалблари тавозеъ хислати билан зийнатлангани боис оддий бандаларга хос турмуш тарзини маъқул кўрганлар. Қул қандай яшаса, шундай яшаганлар, қул қандай ўтирса, овқатланса, шундай ўтирганлар, таомланганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг юриш-туришларида, умуман ҳаётларида мутакаббирларга хос биронта ҳам жиҳатни кўрмайсиз. Ҳаммаси оддий ва улуғвор. 

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا عَلِمْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَكَلَ عَلَى سُكْرُجَةٍ قَطُّ وَلاَ خُبِزَ لَهُ مُرَقَّقٌ قَطُّ وَلاَ أَكَلَ عَلَى خِوَانٍ قَطُّ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукружа еганларини, у зот учун юмшоқ нон ёпилганини, хонтахта устида таомланганларини билмайман” (Бухорий, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган). 
    “Сукружа”ни баъзилар сиркага ўхшаш нарса, у овқат ҳазми енгил бўлиши учун истеъмол қилинади, десалар, бошқалар уни лаган, деб изоҳлашган. Бу ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом таомланиш бобида ўта камтар бўлганларига ишора қилинмоқда. 

    Ривоятдан олинадиган фойдалар:  

  1. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам иштаҳа очадиган, овқат ҳазм қиладиган қўшимча маҳсулотларга эҳтиёж сезмаганлар. Сабаби у зот кўпинча оз миқдорда таом истеъмол қилардилар. Табиийки, одам кам овқат еганидан кейин ошқозон фаолияти ҳам яхши бўлади, овқат ҳазм қилишга ёрдам берадиган турли зираворлар ва кўкатларни ейишга ҳожат қолмайди. 
        Асри саодат даврида одамларнинг ҳаёти жуда оддий ва содда бўлган. Таом турлари ҳам унча кўп бўлмаган. Бизнинг даврларга келиб, зиёфатларга ўн хил таом тортиладиган бўлиб кетди. Қуюқ-суюқ таомлар, норин дейсизми, кабоб ва ош – буларнинг ҳаммасини бир инсон еб улгуриши қийин. Энг қизиғи, охири музқаймоқ тортиш ҳам урф бўлмоқда... 
        Тўкин-сочинлик, фаровонлик бўлгани яхши албатта. Лекин бу нарса исрофгарчиликка сабаб бўлмасин. Аллоҳ берган неъматларни У Зот рози бўладиган ўринларга сарфласак, Аллоҳ янаям зиёда қилиб беради. Унутмайлик, Аллоҳ исроф қилувчиларни хуш кўрмайди!  
  1. Пайғамбар алайҳиссалом учун алоҳида юмшоқ нонлар ёпилмаган, асосан қотган нон еганлар. Хоҳласалар энг сифатли нонларни, оқ ундан тайёрланган турфа нонларни есалар бўларди, аммо у зот бу борада ҳам камтарин бўлганлар. 
       Бизнинг даврга келиб, нонларнинг ўнлаб-юзлаб турлари пайдо бўлди. Олий сифатли унлардан ёпилган патирлар бозорлар кўркига айланди. Бу фаровонлик натижаси. Биз бунга шукр қилишимиз керак. Неъматнинг шукри “Алҳамдулиллаҳ”, дейиш билан, ўша неъматни яхшилик йўлида, савоб амаллар учун ишлатиш билан адо этилади.  
  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастурхон устида овқатланмаганлар, ерда ўтирганлар. Буям камтарлик белгиси. Одатда, шоҳона дастурзон тузаш, турли хил овқатлар тайёрлатиш “улуғ”лар ва мутакаббир кимсаларга хос деб билинади. Шу сабаб бўлса керак, Пайғамбар алайҳиссалом ерда ўтиришни афзал билганлар. Шундан келиб чиқиб, ерда ўтириб овқатланиш пайғамбарларга хос одат эканини билиб оламиз. 
        Шаҳар жойларда дастурхонда ёки стол-стулда ўтириш анча урф бўлган. Аммо қишлоқ жойларда ерда ўтириш одати ҳалиям сақланиб қолган. Мана шу одатга амал қилиш билан бирга, бу иш Пайғамбар алайҳиссалом ёқтирган одат эканини ҳисобга олиб, ният қилиб ерда таомлансак, савобга эришамиз. Чунки бу билан суннатга амал қилган бўламиз.  
  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари учун зуҳд ва тақвони лозим тутганлар, дунёнинг ўткинчи зийнатларига, ялтир-юлтир нарсаларга, жуда шоҳона ҳаёт кечиришга қизиқмаганлар, охиратни – боқий ҳаётни ўткинчисидан афзал билганлар. Шунинг учун турмуш тарзлари ҳам жуда оддий ва улуғвор бўлган. Бундай содда ҳаёт тарзи Пайғамбар алайҳиссаломнинг инсониятнинг энг улуғ вакили бўлишларига тўсқинлик қилмади. Демак, улуғлик, буюклик ҳашаматли саройларга яшаш, шоҳона таомларни истеъмол қилиш, фаровон ҳаёт соҳиби бўлишда эмас, имонда, тақвода экан. Ҳақиқий мусулмон бўлган инсон, Аллоҳга ва охират кунига имон келтириб, солиҳ амалларни чин ихлос ила бажарган банда дунё ва охиратда азизу мукаррам бўлади, икки дунё саодатига эришади. 

 عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: أُتِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِتَمْرٍ عَتِيقٍ فَجَعَلَ يُفَتِّشُهُ يُخْرِجُ السُّوسَ مِنْهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. 

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эски хурмо олиб келинди. Шунда у зот хурмодаги зараркундаларни чиқариш учун уни диққат билан текшира бошладилар” (Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ). Бу ерда эски мевалар таркибида қурт-қумурсқа бўлиши эҳтимоли бўлганда, уни текшириб истеъмол қилиниши зикр қилинмоқда. Шунингдек – бу ривоятдан – мевага қурт тушиши билан ҳаром бўлмаслигини ҳам билиб оламиз. Мазкур ривоятда Пайғамбаримизнинг камтарликларига ҳам алоҳида урғу берилмоқда. У зот пайғамбар бўла туриб, эски хурмоларни қабул қилар, уларни ўзлари текшириб кўрардилар. У зотнинг ўта улуғ мақомлари одамлар наздида кичик саналган бундай ишларни қилишдан тўсмасди. Камтарлик мана шундай бўлади! 

 

Ривоятдан олинадиган хулосалар:  

  1. Эскирган хурмо қоқиси, туршак, майиз кабиларни ейиш жоизлиги;  
  1. Қурт тушган дея тахмин қилинаётган хурмони ейишдан олдин текшириб кўриш кераклиги.  
  1. Таомга қурт тушиши билан нопок бўлмаслиги, уни тозалаб истеъмол қилиш мумкинлиги. Сабаби қуртда оқадиган қон бўлмайди.  
  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эскирган хурмо меваси ҳам ҳадя этилгани. У зот буни қабул қилишдан бош тортмаганлари, эски хурмоларни текшириб истеъмол қилганлари.  
  1. Аллоҳ бандаларига ато этган ҳар бир неъматни авайлаб-асраб, унинг қадрига етиш лозимлиги, уволдан қўрқиш кераклиги. 

 

عَنْ أَنَسٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اللَّهُمَّ أَحْيِنِي مِسْكِينًا وَأَمِتْنِي مِسْكِينًا وَاحْشُرْنِي فِي زُمْرَةِ الْمَسَاكِينِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَقَالَتْ عَائِشَةُ: لِمَ يَا رَسُولَ اللهِ قَالَ: إِنَّهُمْ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ قَبْلَ أَغْنِيَائِهِمْ بِأَرْبَعِينَ خَرِيفًا يَا عَائِشَةُ لاَ تَرُدِّي الْمِسْكِينَ وَلَوْ بِشِقِّ تَمْرَةٍ يَا عَائِشَةُ أَحِبِّي الْمَسَاكِينَ وَقَرِّبِيهِمْ فَإِنَّ اللهَ يُقَرِّبُكِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. 

 

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Аллоҳ, мени мискин ҳолда яшатгин. Мени мискин ҳолда вафот эттир! Қиёмат куни мени мискинлар жамоасида ҳашр қил!” деб дуо қилдилар. Шунда Оиша: “Нима сабабдан (бундай дуо қиляпсиз,) эй Расулуллоҳ?” деб сўради. У зот: “Сабаби улар бойлардан қирқ йил олдин жаннатга кирадилар. Эй Оиша, мискинни (қуруқ) қайтарма! Яримта хурмо бериб бўлса ҳам (уларга садақа қил). Эй Оиша, мискинларни (чин дилдан) яхши кўр, уларга яқин бўл. Шунда Аллоҳ қиёмат куни сени уларга яқин қилади”, дедилар (Термизий ва Байҳақий ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ). 
    Ибн Асир: “Бу билан у зот тавозеъ ва хокисорликни, мутакаббир кимсалардан бўлмасликни ирода қилганлар”, деган (Манба: “Мадорижус соликин”). Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Сизлар ибодатларнинг энг афзалидан: тавозеъдан ғафлатда қоляпсизлар” (Бухорий ривоят қилган). 
    Бошқа ривоятларда Пайғамбар алайҳиссалом бойлик сўраганлари келтирилган. Бу бобдаги далилларни жамлаган уламолар: “У зот алайҳиссалом хорликка сабаб бўлувчи ўта қашшоқликдан ва туғёнга кетказувчи бойликдан паноҳ сўраганлар”, деб айтишган. 

 

Ушбу ривоятдан олинадиган хулосалар:  

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мискин ҳолда яшаб, мискин ҳолда вафот этишни, охиратда мискинлар жамоасида ҳашр қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилганлари. Баъзилар буни “қалб мискинлиги”, яъни қалбнинг ортиқча нарсалардан холи бўлиши деб таъвил қилишган. Айрим уламоларга кўра, мискинлик виқор, хотиржамлик, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлиш, ўзига берилган ризққа қаноат қилишдир. Баъзи уламолар бу дуони: “Мени камтарин қил, мутакаббир қилма!” деб тушунтиришган.  
  1. Мискинлар бойлардан қирқ йил олдин жаннатга киришлари. Улар имон-эътиқодлари, одоб-ахлоқлари, эзгу хислатлари боис шундай мақомга эришадилар.  
  1. Камбағаллар бойлардан афзал эканлари. Албатта бунда биринчи мезон имон-эътиқод ва тақво. Зеро, қуруқ фақирлик банда учун шараф бўлолмайди. Мўмин, муттақий бадавлат одам имонсиз, тақвосиз камбағалдан минг марта афзалдир.  
  1. Ривоятда мискинларга тасалли берилмоқда, уларнинг кўнгли кўтарилмоқда. Зотан, камбағаллик айб эмас. Фақирлик банданинг Аллоҳ даргоҳида юқори мартабаларга кўтарилишига, жаннатга киришларига тўсиқ бўлолмайди.  
  1. Бирон нарса сўраб келган мискинни қуруқ қўл билан қайтармаслик лозимлиги, яримта хурмо бериб бўлса ҳам садақа қилиш кераклиги. Садақани энг ҳақдор, муносиб одамга берилади, жойини топиб, ҳақиқатан муҳтож бўлса, ўшанда инфоқ-эҳсон қилинади. Агар эшигингизга биров нарса сўраб келса, тиланчиликни касб қилиб олган бўлса, унга ҳеч нарса берилмайди. Чунки тиланчилик касб қилиб олинмайди. Шундай экан, садақани кимга беришни ҳам билиш лозим. Кўп ҳолларда уйингизга садақа сўраб келган лўлидан кўра, иффатини сақлаб юрган одамлар садақага муносиброқ бўлади. Буни сезиш учун инсондан зийраклик, фаҳм-фаросат талаб этилади.  
  1. Мискинларни – бева-бечорларни ва камбағал кишиларни яхши кўрган, уларга қалби билан яқин бўлганлар қиёмат куни ҳам мискинларга яқин бўлади. Ривоятларда келишича, жаннат аҳлининг кўп қисми бечора ва заифҳол кишилардан иборат бўлади. 

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعُودُ الْمَرِيضَ وَيَشْهَدُ الْجَنَازَةَ وَيَرْكَبُ الْحِمَارَ وَيُجِيبُ دَعْوَةَ الْعَبْدِ وَكَانَ يَوْمَ بَنِي قُرَيْظَةَ عَلَى حِمَارٍ مَخْطُومٍ بِحَبْلٍ مِنْ لِيفٍ عَلَيْهِ إِكَافٌ مِنْ لِيفٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ. 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касални бориб кўрар, жанозада иштирок этар, эшак минар, қулнинг таклифини қабул қилардилар. Бани Қурайза куни ўсимлик толасидан эшилган арқон билан юганланган эшакка мингандилар. Унинг эгари ҳам толадан эди” (Термизий, Ибн Можа, Ҳоким ва Абу Яъло ривоят қилган. Ривоят санади заиф). 
    Расули акрам жундан либос кияр, эшак минар, оддий қул бирон жойга таклиф этса, мамнуният билан қабул қилар, қўйни боғлаб қўйиб ўзлари соғардилар. У зот меҳмонларга ўзларига хизмат қилардилар. Мўмин-мусулмонлар жанозасида қатнашиб, ҳақларига дуолар қилардилар. Бирон киши касал бўлиб қолганини эшитсалар, бориб кўриб, ҳол-аҳвол сўрар, беморнинг кўнглини кўтарадиган илиқ сўзларни айтардилар. 

 
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجْلِسُ عَلَى الأَرْضِ وَيَأْكُلُ عَلَى الأَرْضِ وَيَعْتَقِلُ الشَّاةَ وَيُجِيبُ دَعْوَةَ الْمَمْلُوكِ عَلَى خُبْزِ الشَّعِيرِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ерда ўтирар, ерда таомланар, қўйни боғлар, агар мамлук арпа унидан тайёрланган нонга таклиф этса, ижобат қилардилар” (Табароний ва Байҳақий ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан). 
    Пайғамбар алайҳиссалом хонтахтада ўтирмаганлар, таомни ерда истеъмол қилганлар. Агар бир қул арпа унидан нон ёпиб, меҳмонга чақирса, албатта ижобат қилардилар. Ҳаммага – шоҳга ҳам, гадога ҳам, бойга ҳам, камбағалга ҳам бирдек яхши муносабатда бўлардилар. 

 عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ مَرَّ عَلَى صِبْيَانٍ فَسَلَّمَ عَلَيْهِمْ وَقَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَفْعَلُهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ. 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у болалар олдидан ўта туриб уларга салом берди ва: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар”, деди (Бухорий ривоят қилган). Болаларга салом беришлари Пайғамбаримизнинг нақадар камтар инсон бўлганларини кўрсатади. 
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ёшлигида болалар билан ўйнаб юрганида Расулуллоҳ алайҳиссалом улар олдига келиб салом берганлар (Ибн Можа ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ). 

Одилхон қори Юнусхон ўғли/muxlis.uz

 

Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Ҳаж масалалари бўйича ишчи йиғилишида Байтул Ҳаром масжиди ва Мино водийсини боғловчи қўшимча йўллар қурилиши борасидаги таклиф кўриб чиқилган. Йиғилишда 130 га яқин маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирок этган.
Шунингдек, анжуманда Мино водийсидаги чодирларга совутиш ускуналарини ўрнатиш ва анъанавий чодирлар ўрнига бир тутқучли замонавий, барча зарурий техникалар билан таъминланган чодирларни ўрнатиш масалалари ҳам муҳокама этилган.

Манба:Muxlis.uz

 

Вівторок, 13 декабрь 2016 00:00

Айтинг-чи, бу қайси калима?

Айтинг-чи, бу қайси калима?

  1. Одам (алайҳиссалом) айтган илк сўз...
  2. Қуръони каримдаги биринчи калима...
  3. Неъматларни зиёда этувчи...
  4. Жаннат кўчати...
  5. Қиёмат куни одамларнинг энг афзали бўлишига сабаб бўлувчи...
  6. Ҳурсандчиликда ҳам хафачиликда ҳам айтилади...
  7. Энг афзал дуо...

 Алҳамдулиллаҳ, яшанг, саволимиз жавобини топдингиз!

 Даврон НУРМУҲАМАД

Тайёрлади

 

 

Бисмиллоҳир роҳмонир роҳиим

Ер юзида одам болаларини турли-туман халқлар, элатлар қилиб яратилиши, бир-бирларига эҳтиёжлари тушиб, ҳамкорлик қилишлари ва ўзаро мулоқотда бўлиб туришлари ҳаётнинг ўзига хос тарзи ҳисобланади. Бунинг бир қанча ҳикматлари ва манфаатлари мавжуд. 

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13-оятида шундай дейди:

ياأَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَآئِلَ لِتَعَارَفُواْ إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

Маъноси: Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир. (А. Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент 2004).

Ушбу оятнинг тафсирида Азҳар университетининг тафсир ва Қуръон илмлари устози Аҳмад Муҳаммад Шарқовий “Ат-тафсирул-мавзуъий лисуварил-қуръанил-карим” китобида шундай дейди:

يُخْبِرُ تَعَالَى أَنَّهُ خَلَقَ بَنِي آدَمَ مِنْ أَصْلٍ وَاحِدٍ، وَ جِنْسٍ وَاحِدٍ، وكُلُّهُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى، وَيَرْجِعُونَ جَمِيعُهُمْ إِلَى آدَمَ وَحَوَّاءَ، وَلَكِنَّ اللهَ  بَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءَ، وَفَرَّقَهُمْ، وَجَعَلَهُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ أَيْ: قَبَائِلَ صِغَارًا وَكِبارًا، وَذَلِكَ لِأَجْلِ أَنْ يَتَعَارَفُواْ، فَإِنَّهُمْ لَوْ اسْتَقَلَّ كُلُّ وَاحِدٍ مِنْهُمْ بِنَفْسِهِ، لَمْ يَحْصُلْ بِذَلِكَ  التَّعَارُفُ الَّذِي يَتَرَتَّبُ عَلَيْهِ التَّنَاصُرُ وَالتَّعَاوُنُ، وَالتَّوَارُثُ، وَالْقِيَامُ بِحُقُوقِ الْأَقَارِبِ، وَلَكِنَّ اللهَ جَعَلَهُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ، لِأَجْلِ أَنْ تَحْصُلَ هَذِهِ الْأُمُورُ وَغَيْرُهَا.

Аллоҳ таоло одам фарзандларини асли бир наслдан яратди, барчалари бир эр ва аёл - Одам ва Ҳаввога бориб тақаладилар. Ўзаро бир-бирлари билан танишсинлар деб Аллоҳ у иккаласидан кўплаб эркак ва аёлларни тарқатиб, уларни халқлар ва элатларга айлантириб қўйди. Агар уларнинг ҳар бири ўзича мустақил (яъни, бировга эҳтиёжи тушмайдиган) бўлганларида эди, улар орасида бир-бирлари билан танишув деган нарса бўлмаган бўлар эди. Мана шу танишув натижасида ўзаро ёрдам, ҳамкорлик, бир-бирларидан мерос-бойлик олиб, бойлик қолдириш, яқинларнинг ҳақларини адо этиш каби ишлар амалга ошади. Мазкур ишлар амалга ошсин дея Аллоҳ уларни халқлар ва элатларга айлантириб қўйди.

Демак, одам болаларининг турли-туман халқлар, миллатлар ва элатлар қилиб яратилишидан мақсад бир-бирлари билан адовату нафратга бориш эмас, балки, ўзаро ҳамкорлик, яхшилик қилиш, бир-бирлари билан мулоқот қилиб, инсонийлик мурувватларини кўрсатиш экан.

“Айсарут-тафасир ликалаамил-ъалиййил-кабийр” китобида мазкур оятнинг тафсирида қуйидаги маънодаги сўзлар келган:

كُلُّ هَذَا لِحِكْمَةِ التَّعَارُفِ فَلَمْ يَجْعَلْكُمْ كَجِنْسِ الْحَيَوَانِ لَا يَعْرِفُ الْحَيَوانَ الْآخَرَ وَلَكِن جَعَلَكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ وَعَائِلَاتٍ وَأُسَرٍ لِحِكْمَةِ التَّعَارُفِ الْمُقْتَضَى لِلتَّعَاوُنِ إِذ التَّعَاوُنُ بَيْنَ الْأَفْرَادِ ضَرُورِيٌّ لِقِيَامِ مُجْتَمَعٍ صَالِحٍ سَعِيدٍ .

Буларнинг барчаси (яъни, халқлар ва элатлар қилиб яратилиши)нинг ҳикмати   бир-бирлари билан ўзаро танишишлари учун. Аллоҳ уларни бири иккинчисини танимайдиган ҳайвонлардек эмас, балки, бир-бирлари билан танишсинлар дея  халқлар, элатлар ва оилалар қилиб қўйди ва бу танишув ўзаро ҳамкорлик учун керак. Зеро, кишилар ўртасида ўзаро ҳамкорлик бахтиёр ва соғлом жамият қуриш учун зарурдир.

  Моида сурасининг  2-оятида шундай дейилади:

وَ تَعاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوى وَلا تَعاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوانِ

Маъноси: Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! (А. Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент 2004).

Юқоридаги оятларда инсон бир-бири билан ўзаро ҳамкор ва мулоқот қилиб, бир-бирига манфаати тегиб яшаши таъкидланмоқда.

Албатта, ўзаро ҳамкорлик ва манфаат бор жойда ўзаро маслаҳат бўлиши ҳам табиий. Буни Қуръон бундан ўн тўрт ярим аср олдин таълим бериб қўйган. Оли Имро сурасининг 159-оятида Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари хотамун-нубувват саллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилиб айтади:

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ  

Маъноси: Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (А. Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент 2004).

Ушбу оятнинг тафсирида Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

مَا تَشَاوَرَ قَوْمٌ قَطُّ إِلَّا هُدُواْ لِأَرْشَدِ أُمُورِهِمْ

  Маъноси: “Инсонлар қачон ўзаро маслаҳат билан иш кўришган бўлса, улар энг тўғри ишга эриштирилган”. (Ибн Мунзир тафсири. 2-жузъ. 468-бет)

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳдан қилинган ривоятда Заҳҳок айтган эканлар:

" مَا أَمَرَ اللهُ عَزَّ وَ جَلَّ نَبِيَّهُ بِالْمَشْوَرَةِ، إِلَّا لِمَا عَلِمَ مَا فِيهَا مِنَ الْبرَكَةِ قَالَ سُفْيَانُ: وَبَلَغَنِي أَنَّهَا نِصْفُ الْعَقْلِ قَالَ: وَكَانَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ يُشَاوِرُ حَتَّى الْمَرْأَةَ "

Маъноси: “Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг Пайғамбарига маслаҳат билан иш тутишни унда (яъни, маслаҳатда) фақат барака борлигини  билганлиги учунгина буюрган.” Суфён Саврий яна айтдилар: Менга “маслаҳат ақлнинг ярми”, деган хабар етиб келди. Яна айтдилар: “Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳатто аёл киши билан ҳам маслаҳатлашар эди”.  (Ибн Мунзир тафсири. 2-жузъ. 468-бет)

Шўро сурасининг 38-оятида шундай дейилади:

وَالَّذِينَ اسْتَجَابُوا لِرَبِّهِمْ وَأَقَامُوا الصَّلاةَ وَأَمْرُهُمْ شُورَى بَيْنَهُمْ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ

Маъноси: Улар Парвардигорларига ижобат этган ва намозни баркамол адо этган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан (муҳтожларга) эҳсон қилурлар. (А. Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент 2004).

Мазкур оятда ҳам маслаҳат билан иш тутиш бошқа шу каби эзгу амаллар билан бир қаторда зикр этилмоқда.

Демак, инсон жамият аъзолари билан ҳамкорликда ўзаро бамаслаҳат иш қилиши матлуб экан.

Ҳадиси шарифларда ҳам киши одамлар билан аралашиб, ижтимоий ҳаёт кечириши ва бошқаларга манфаати тегиб яшашга тарғиб қилинади.

عَنْ جَابِرٍ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وِ سَلَّم : "خَيْرُ النَّاسِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ"

Маъноси: Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Одамларнинг энг яхшиси уларга кўпроқ манфаати тегадиганидир”. (Шарҳус-сиярил-кабийр китоби. 2-жузъ. 2-бет).

Инсон гоҳида бошқаларга яхшилик қиламан деб унга азият етиб қолиши мумкин. Бундай пайтда азиятга сабр қилиб, одамларга аралашиб зиёли киши ўзининг илми билан, бошқа касб эгалари эса ўзларининг иқтидорлари билан жамият аъзоларига кўмакдош бўлса, яхшилик устига яхшилик бўлади. Динимиз айнан мана шунга тарғиб қилади.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "الْمُؤْمِنُ الَّذِي يُخَالِطُ النَّاسَ وَ يَصْبِرُ عَلَى أَذَاهُمْ أَفْضَلُ مِنَ الْمُؤْمِنِ الَّذِي لَا يُخَالِطُ النَّاسَ وَ لَا يَصْبِرُ عَلَى أَذَاهُمْ".

Маъноси: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи васаллам айтдилар: “Одамларга аралашиб, уларнинг азиятларига сабр қилган мўмин одамларга аралашмай, уларнинг азиятларига сабр қилмасдан юрган  мўминдан яхшироқдир”. (“Тартибу саҳиҳи аҳаадисил-жаамиъис-сағийр ва зиядатиҳи ъалал-абваабил-фиқҳийя” китоби. 4-жузъ. 34-бет).

Бошқа бир ҳадисда:

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَ مَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَ الْآخِرَةِ وَ مَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللهُ فِي الدُّنْيَا وَ الْآخِرَةِ وَاللهُ فيِ عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ

Маъноси: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир мўминнинг дунё ғам-ташвишларидан бир ғам-ташвишини енгиллатса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги ғам-ташвиларидан бир ғам-ташвишини енгиллатади. Ким бир қийналиб қолган кишига осон қилса, Аллоҳ унга дунё-ю, охиратда осон қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ унинг дунё-ю, охиратда айбини беркитади. Модомики, банда ўз оға-инисига кўмак бериш пайида бўлар экан Аллоҳ унга  кўмак бериш пайида бўлади”. (“Икмаалул-муъаллим шарҳи саҳиҳи” Муслим китоби. 8-жузъ. 95-бет).

 

Раҳимов Абдурауф

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур  маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини яхши англаймиз. Тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳам, у келтириб чиқарадиган зарарли оқибатлар ҳам барчамизга аён. Аммо бугун кишиларимизга ана шу ҳакикатни айтсангиз сизга: “Нима қилай, ишламасанг бўлмаса!”, “Кўряпсиз-ку, осонмас, ҳаёт ташвишлари, болаларнинг еб-ичишию, кийим кечаги ...”, “Ҳа энди ўзи омон бўлса, тарбияси бир гап бўлар...”

Йўқ, тарбия “бир гап бўладиган” нарса эмас. Унинг учун жон куйдириш шарт. Мол дунё кийим кечакка ҳирс қўйиш дардидан фориғ бўлиб, тарбия билан шуғулланиш керак.

Гўё кўпчиликнинг фарзанд тарбияси билан банд бўлишга ортиқча вақти йўқ эмиш. Ваҳоланки, тарбия масалалари билан ортиқча вақтда эмас, ҳар дақиқада шуғулланиш даркор. Олимларнинг аниқлашича, бир суткада фарзанд тарбияси учун фақатгина ўн икки дақиқагина вақт ажратадиган ота-оналар бор экан. Бу дақиқалар ҳам асосан дастурхон атрофида ўтирганда, бола кўчага чиқаётганда, мактабга кетаётгандаги бериладиган кичик танбеҳларга сарф бўларкан, холос.

Буюк ватандошимиз Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг са­вобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.

 Азиз ота оналар, бу борада олиб бораётган ишларингизга бир назар ташлаб кўринг-а?! Сиз буни қай даража уддалаяпсиз, фарзандингизга, унинг тарбиясига қанча вақт ажратяпсиз?

Зеро, бугун илм-фан ва таълим изчил ривожланиб бораётган бир даврда ҳеч шак-шубҳасиз тарбия таълимнинг асосида туриши шартдир. Шундай экан, илм-фан таълим-тарбия асосида олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, ҳар бир педагог, муаллим ва устознинг таълим беришдан мақсади –келажаги порлоқ, Ватан ва эл-юрт хизматида турадиган кадрларни тарбиялаш бўлар экан, бундай таълим-тарбия ўз самарасини бермай қолмайди. Яъни, бугунги куннинг ўқитувчи ва муаллими ўзи таълим бераётган шахсга фидойилик билан таълим бериши, қолаверса жонкуяр тарбиячи бўлиши шарт.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтганларидек: “Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси”. Шундай экан, таълим ва тарбия ишини уйғун ҳолда олиб бориш талаб этилади.

Шуни унутмаслигимиз керакки, юрт келажаги, ватанимиз тараққиёти ва халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимиз ва ёшларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқдир. Шу сабабли ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, ўниб-ўсиб келаётган ёшларни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш – таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим, деб қабул қилишимиз керак.

Биринчи Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек: “Маънавиятни шакллантиришга бевосита таъсир қиладиган яна бир муҳим ҳаётий омил – бу таълим-тарбия тизими билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун маънавиятни шакллантиришда таълим ва тарбиянинг ўрни ва аҳамияти катта ҳисобланади”.

Маълумки, ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим ва тарбияни инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билган. Албатта, таълим-тарбия – онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган, яъни халқ маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ва шу асосда онгни ўзгартирмасдан туриб, маънавиятни ривожлантириб бўлмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, фарзандларимизни илм-фан ва таълим-тарбия асосида вояга етказиш мақсадга мувофиқ экан, ўз ўрнида тарбия эса маънавият билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, ёшлар келажак эгалари ҳисобланади. Ёшларимиз таълим-тарбиясида эса маънавий тарбия катта аҳамиятга эга. Муҳтарам биринчи Юртбошимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида фарзандларимизнинг маънавий тарбияси ҳақида алоҳида тўхталиб: “Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин”, – деган фикрларини доимо ёдда тутишимиз керак. Энг муҳими, фарзандларимизни соғлом, комил инсон қилиб тарбиялайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, ўз миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлишсин.

 

Ўткир ҒУЗАРОВ,

 “Хожа Бухорий” номли ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

Видеолавҳалар

Top