muslim.uz

muslim.uz

Бир аёл 1415 (ҳижрий) йил эрида содир бўлган қиссани ҳикоя қилади: Эрим ёш, ҳаётга қизиқиши кучли, ҳаракатчан ҳамда ниҳоятда келишган, чиройли йигит эди. Диндор ва чиройли хулқ эгаси эди. Ота-онасига кўп яхшилик қилгувчи инсонлардан эди. Ҳижрий1390 йил турмуш қурдик. У билан бирга бошқа Саудиядаги оилалар сингари отасининг уйида яшар эдик. Ота-онасига қилган яхшилигини кўриб ҳайратга тушардим. Аллоҳга мен учун ушбу эрни насиб қилгани учун ҳамд айтардим. Турмушимизга бир йил ўтиб қиз фарзандлик бўлдик. Кейинроқ эримнинг иши мамлакат шарқидаги минтақага кўчди. У бир ҳафта ишига кетиб, ўша ерда қолар ва келиб уйимизда бир ҳафта бўларди. Уч йил мана шундай ўтган, қизим тўрт ёшга кирган эди. 1395 йил рамазон ойининг 9-куни, уйимизга қайтаётиб Риёзда машинаси ағдарилиб кетиб автоҳалокатга учради. Бу ҳақда mehrob.uz сайти хабар қилади.

Бунинг орқасидан касалхонага ётқизилди. У кома ҳолатига тушди. Даволаётган мутахассис дўхтирлар эримнинг мия фаолияти умуман тўхтаганини ва 95 фоиз мия ҳужайралари талофатга учраганини билдиришди. Бу воқеа бизга жуда аламли бўлди. Хусусан унинг ёши ўтган ота-онасига қаттиқ таъсир қилди. Отасини қаттиқ яхши кўрадиган Асмо қизимизнинг саволлари ичимни тирнарди. Дадаси унга яхши кўрадиган ўйинчоғини олиб беришни ваъда қилганди. Биз ҳар куни навбатма-навбат эримнинг ҳолини билгани бориб турардик. Лекин унинг ҳолати ўзгармас эди. Беш йил ўтганда, баъзи одамлар менга қозиликка бориб, эримнинг мияси ўлганлиги ва у тирилишлигига умид йўқлигини айтиб қозидан талоқ олишлигимни маслаҳат берди. Баъзи шайхлар эр кишининг мияси ўлганлиги аниқ бўлган тарзда аёл киши талоқ олиши мумкин деб фатво берди. Бироқ мен бундан қатъийян бош тортиб, модомики эримнинг жасади ер устида экан талоқ олмаслигимни айтдим. Ёки бошқа ўликлар сингари дафн қилинсин ёки Аллоҳ бир ишга бошлагунча уни мендан айирмасинлар дедим. Энди асосий аҳамиятимни қизчамга қаратдим. Қизимни Қуръон ёдлатиш мадрасасига олиб кирдим. У ўн ёшга тўлмасдан Қуръонни тўлиқ ёд олди. .......
Кейинчалик қизимга отасига нима бўлганини айтдим. У доим отасини ёдга олар, гоҳида йиғлар, гоҳида ичига ютар эди. Қизим динга аҳамиятли қиз бўлганди. Ҳамма фарз намозлирини ўз вақтида ўқирди, етти ёшга кирмасдан туриб кечанинг охирида туриб ибодат қиларди. Раҳматли бувиси ва боболари билан биргаликда менга уни чиройли тарбия қилишни муваффақ қилган Аллоҳга ҳамдлар айтаман. Қизим мен билан бирга вақти-вақти билан дадасини кўргани борар, баъзида эса салом йўллар, шунингдек дадасининг номидан садақалар қилар эди. 1410 йил кунларидан бирида қизим менга караб: "Эй онажон, мени дадамнинг олдида қўйиб кетинг, бу кеча дадамнинг ёнида ётиб қолай" – деди. Бир оз иккиланиб турдим-да, кейин рози бўлдим. Қизим сўзлайди: Дадамни ёнига ўтириб Бақара сурасини ўқий бошладим. Уни ўқиб битирдим. Кейин мудроқ босганди, ухлаб қолдим. Турсам, гўё юзимни табассум қоплагандай, қалбим эса ором олгандай бўлди. Шунинг учун ўрнимдан туриб, таҳорат қилдим ва Аллоҳ қодир қилгунча намоз ўқидим. Сўнг намозгоҳимда иккинчи марта мудроқ босди. Лекин худди бир киши менга: - Тур, қандай қилиб Раҳмон Зот уйғоқ бўлса, сен ухлайсан?! Аллоҳ бирон бандасини қуруқ қайтармайдиган бу ижобат соатида қандай ухлайсан, дегандай бўлди. Худди бир йўқотган нарсамни эслагандай бўлиб турдим. Қўлимни кўтардим, дадамга қарадим, кўз ёшларим тўлиб оқаётган эди... ва дуо қилдим: "Эй Роббим, Эй тириклик ва қайюмлик сифатига эга Зот! Эй Жаббор! Эй Буюк Зот! Эй ҳамма нарсадан олийликдаги Зот! Эй Раҳмон! Эй Раҳийм! Мана бу менинг дадам – Сенинг бандаларингдан биридир, унга мусибат етди, биз эса сабр қилдик ва Сенга хамдлар айтдик. Сен бизга қазо қилган ҳукмингга рози бўлдик". "Эй Аллоҳ, у Сенинг хоҳишинг ва раҳматинг остидадир!" "Эй Аллоҳ! Эй Айюбга дардидан шифо берган, Мусони онасига қайтарган, Юнусга балиқ қорнида нажот берган ва оловни Иброҳимга совуқ ва саломатлик қилган Зот! Дадамга тушган дарддан Ўзинг шифо бергин!" "Эй Аллоҳ, дадамни умид йўқ ҳолатда дейишди. Эй Аллоҳ, қудрат ва буюклик Ўзингдадир. Дадамга марҳамат айла, ундаги дардни Ўзинг кўтар!"
Кейин яна кўзларимни уйқу босиб, бомдоддан озгина олдин ухлаб қолдим. Шу он бирдан: "Эй қиз, сен кимсан, бу ерда нима қилаяпсан" – деган овоз келди. Овозни эшитиб у ёқ-бу ёққа алангладим, лекин ҳеч кимни кўрмасдим. Кейин иккинчи марта такрорланди. Қарасам, овоз эгаси дадам экан. Ўзимни тутиб тура олмасдан, хурсандлигимдан дадамни қучоқлаб олдим. Дадам эса, мени ўзидан узоқлаштириб, «астағфируллоҳ» деди ва: - Аллоҳдан қўрқ, сен менга ҳалол эмассан, деди. Мен қизингиз Асмо, дедим. Шунда дадам жим бўлиб қолди. Дўхтирларнинг олдига чиқиб буни айтдим. Улар дадамни кўриб ҳайратда қолдилар. Америкалик доктор синиқ араб тилида дудуқланиб: -Субҳаналлоҳ! – дея олди холос. Бошқа бир мисрлик доктор: - "Суякларга улар чириб кетгандан кейин жон киргизадиган Аллоҳ покдир!" маъносидаги оятга ўхшаш сўзни айтди. Дадам эса тушунтириб бермагунимизча нима бўлганини билмай турди. Кейин йиғлаб: "Аллоҳ Ўзи энг яхши сақлагувчидир ва у солиҳ кишиларни дўст тутади"- деди. " Аллоҳга қасамки, авариядан олдин зуҳо намозини ўқишлик учун ният қилганимни эслайман, холос. Билмадим, уни ўқидимми, йўқми?!" - деди. Аёли айтади: "Абу Асмо уйимизга аввал таниганимдек қайтиб келди. Ҳозир у 46 ёшга кириб қолди. Бир ўғгил фарзанд кўрдик. Ҳозир икки ёшга қадам босяпти. Эримни менга 15 йил ўтиб қайтариб берган, унинг қизини саломат сақлаган ҳамда мени дунёдан унутилган ҳолатида ҳам эримга вафодор бўлишга ва ихлос қилишга муваффақ қилган Аллоҳ ниҳоятда Пок Зотдир. Шунинг учун дуони тарк қилманглар, чунки дуо қазони қайтаради. Ҳамда ким Аллоҳни назарида тутса Аллоҳ уни назарида тутади. Ота-оналаримизга яхшилик қилишни унутмайлик. Билайликки, ишларни юргизиш ва уларни ўлчовлаб қўйиш Аллоҳнинггина қўлидадир. Бошқа ҳеч кимса буни қила олмайди". Бу қиссамни мен ибрат учун айтиб бердим. Шояд Аллоҳ уни дунё йўллари торайиб, мусибатлари катталашган, олдида ҳамма эшиклари беркилиб, нажот йўллари кесилиб қолган кишиларга фойдали қилса. Дуо билан осмон эшигин қоқинг ва ижобат қилинишликка аниқ ишонинг. Охирги сўзимиз Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамд.
Охирги сўзимиз Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Умид узманг, фақат Аллоҳга дуо қилинг.

 

Середа, 28 сентябрь 2016 00:00

Муборак ва Нуҳ ибн Марям

Марв шаҳрида Нуҳ ибн Марям исмли киши яшаб ўтган. У Марв ҳокими ва қозиси бўлган. Унинг кўп мол-дунёси ва гўзал қизи бор эди. Қизига казо-казолардан совчилар келар, лекин ҳаммасига рад жавоби бериларди. Унинг ўзи ҳам ким билан қуда бўлишини билмай қийин аҳволда қолган эди. 

Унинг яна меваларга тўла катта боғи бор эди. Нуҳ ибн Марям боққа Муборак исмли ҳинд қулини жўнатар экан: "Ўша боғни яхшилаб қўриқлагин", деди. Муборак боғда икки ой хизмат қилди.

Бир куни Нуҳ боққа келди-да, қули Муборакка узум олиб келишни буюрди. Олиб келган узумни еб кўриб, меванинг нордонлигини ва бошқа узум олиб келишни айтди. Олиб келинган иккинчи бош узум ҳам ширин эмас экан. Шунда хўжайин қули Муборакдан сўради: "Нега шундай катта боғдан менга фақат аччиқ узум олиб келяпсан?" Қул жавоб берди: "Чунки мен қайси узум ширин-у, қайсиниси нордонлигини билмайман". Хўжайин: "Ё, Аллоҳ! Сен бу боғда икки ой яшаб, қайси узум қанақалигини ўрганмадингми?” – деди. Қул деди: "Аллоҳга қасамки, мен ҳеч қайси узумни татиб кўрмадим". "Нега емайсан?" Қул жавоб берди: "Чунки сиз менга боғни қўриқлашни буюрдингиз".

Ҳоким ҳайратда қолиб, деди: "Аллоҳ сенинг софлигингни йўқотмасин!" 

У йигитнинг жуда ақлли эканлигини билиб, деди: "Эй, Муборак, сен менга ёқиб қолдинг. Айтган буйруғимни бажарасанми?". Муборак тасдиқлагач, Нуҳ ибн Марям деди: "Менинг бир қизим бор. Кўп кишилардан совчилар келди. Қизимни кимга берганим тўғрироқ бўлади?" Қул жавоб берди: "Жоҳилият давридаги бутпарастлар аждодлари билан фахрланардилар, яҳудий ва насоролар ҳуснга қизиқадилар, аммо Аллоҳнинг Пайғамбари замонларида имон ва тақвони қидирганлар, бизнинг давримизда эса, бойлик одамларга яқин бўлиб қолди. Шу тўрттасидан ўзингиз танланг?" Шунда ҳоким унга деди: "Муборак, мен тақво ва имонни танладим. Ва сенга ўз қизимни никоҳлаб бераман". Қул унга жавобан деди: "Эй, жаноб! Мен қора, ҳинд қул бўлсам. Мени ўз пулингизга сотиб олган бўлсангиз?" Ҳоким уни етаклаб уйига олиб келди ва хотинига деди: "Бу йигит тақволи, Аллоҳдан қўрқадиган одам экан. Мен унга қизимизни бермоқчиман. Сен нима дейсан?" Онаси қизига отанинг қарорини айтганда, қиз: "Мен сизлар нима десангиз шуни қиламан. Аллоҳ ва сизларнинг раъйингизга қарши бормайман", деди.

Шундай қилиб Муборак ҳокимнинг қизига уйланди. Улар ўғил кўриб исмини Абдуллоҳ қўйдилар. Бу зот бутун Ислом оламида Абдуллоҳ ибн Муборак номи билан машҳур олим, муҳаддис бўлиб етишди.

Абдуллоҳ ибн Муборак, Нуҳ ибн Марям

Mehrob.uz 

 

Вівторок, 27 сентябрь 2016 00:00

“ЭРИМНИ ИСИТИБ БЕРИНГ”

“Опа, шу кунларда куёвингизнинг қадам олиши бошқача. Бирортасига илашиб қолганми, ишдан бери келмай қўйди. Менга ҳам, болаларига ҳам эътиборсиз. Нима қилсам экан?”. Синглисининг гапларини эшитиб,  Саида  ўйланиб қолди.

Бирор чора топмаса синглисининг оиласи бузилиб кетиши мумкинлигини ўйлаб, миясига келган фикрдан хурсанд бўлиб кетди: “Куёвни синглисига иситиш керак!”.

Опа-сингил биргалашиб фолбиннинг олдига боришди. Ҳолатни тушунтиришганидан сўнг, фолбин аёл  шакар,  майиз, эрининг ички кийимларидан олиб келишни тайинлади. Дам солиб эрини иситиб беришини учун бир неча марта келишлари кераклигини айтди.

Умида фолбинни олдига бир неча марта борганига қарамай, эрининг ўзидан тоборо  узоқлашиб бораётганини, оиласидан хотиржамлик йўқолиб, фарзандларининг тарбияси ҳам оғирлашиб кетаётганини сезиб турарди.   Ўтиб бораётган вақт фақат унинг зарарига хизмат қилаётган эди.

Фолбинни олдига бориб кетгазган вақтига, пулига қаттиқ ачинди. Аслида оиласидаги бу  ҳолатларнинг асосий сабабчиси ўзи эканини кеч англади. Ишдан кечроқ қайтган эри ҳақида  нотўғри гумонлар бориб, чарчаб турган одамга ҳар хил ҳақоратларни ёғдириб, ўзига бўлган ҳурмат ва муҳаббатни йўқотиб қўйганини, болаларининг олдида ҳам эрини беҳурмат қилганлиги боис хонадонидан, оиласида файзу-барокатни кўтарилганини узоқ мулоҳазалардан сўнг тушуниб етди. Афйсус, синган идишни ямаган билан, чегирмаси қолар экан...  Калтабинлик билан қилинган бундай муомала эрининг оиласидан кўнглини совишига, ҳатто гулдек фарзандлари ҳам кўзига  кўринмай,  оиласини ташлаб кетишига сабаб бўлди.

 Умида ўз хатоларини тушиниб етди. Бироқ энди қандай қилиб бу хатоларни тўғирлаш, эрининг кўнглига қайндай йўл топиш мумкин?!

Аёлнинг энг асосий “иш жойи” – оила қўрғони! Фаолият юритаётган ҳар бир ишчи ўз устида ишилаб, ўсишга, ишини энг аъло даражада бажаришга ҳаракат қилиши лозим бўлганидек, аёл ҳам ўзининг рафиқалик, оналик, уй бекалик каби фаолиятларини юксак савияга кўтариши лозим.  Оиласини мустаҳкамлиги, фарзандлари тарбияси, эрининг розилиги ҳаётидаги бош меъзон бўлиши лозим.  Камчиликларини  англагач ҳам, уларни тўғирлашга ҳаракат қилмай, “Қандай бўлсам шундайлигимча қабул қилишсин!” деб туриб  олиш оқилалик эмас.

Бирор касалликни даволашдан олдин касалликни келиб чиқиш сабаблари ўрганилади. Сабаблари аниқ бўлгандагина касаллик тезда бартараф этилади.  Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, давони  ҳам фақат халол йўллардан қидириш керак. Шундагина меҳр-муҳаббат билан мустаҳкам бўлган хонадонга Аллоҳнинг раҳмати ҳам ёғилиб туради.

“Эрни иситиш”нинг ҳалол йўли Аллоҳ ҳалол қилган воситалар билан эрининг меҳрини қозонишдир. Эр уйига келганида хонадонининг тартибсизлиги, таом ўз вақтида тайёр бўлмаслиги, хотининг сочлари тўзиган, эгнидаги куйлагидан ёғ ҳиди келиб туриши, бунинг устига аёлининг тунд қиёфаси ҳар қандай эркакни уйидан, оиласидан безишига олиб келади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум, 21)

Одатда, эркаклар ишхона, кўча ташвишларидан чарчаб, ҳаловат ва таскин илинжида оиласи бағрига қайтадилар. Аёл оқила, фозила ва тадбиркор бўлса, эркак  учун уйи фароғат қасрига айланади. Чарчаб, асаби таранглашган эр уйига кириб келганида эшикни очган аёлининг кулиб турган чеҳраси, бир оғиз “Яхши бориб келдингизми?” деган ширин сўзи, ҳамма жойнинг озодалиги ва ширин таомнинг ёқимли иси, фарзандларининг гўзал ҳулқи эркакка ҳузур бахш этади. Ташвишлардан бир муддат бўлса ҳам узоқлашишига ёрдам беради.

Аёл эри учун уйида безаниши, ўзига оро бериши, тоза либослар кийиши, ёқимли ифорлар ишлатиши керак. Аёлидан, атрофдан ёқимли ислар таралиши эрнинг баҳри дилини очади.  Афсуски,  айрим аёллар тўй, базм,  меҳмондорчиликка боргандагина энг сара либосларини  кийиб, ўзларга оро берадилар. Буларнинг ҳаммаси ким учун, атрофдаги бегоналар учунми? Аслида  аёл гўзаллигини кўришга энг ҳақли инсон аёлнинг эри.

 Шу билан бирга аёлнинг эр ҳақларига тўла риоя қилиб, унга итоат этиши ҳам оиладаги келишмовчиликларни бартараф этиб, эр ва хотиннинг бир-бирларига меҳр-муҳаббатли бўлишларига сабаб бўлади.  

Бир аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб: “Мен эрга тегмоқчиман. Эркакнинг хотин зиммасидаги ҳақи нима?”, деб сўради. У зот (алайҳиссалом): “Эринг сени хоҳлаган пайтида, туянинг устида бўлсанг ҳам, тушиб унинг истагини бажармоғингдир, овқатини пиширмоғинг, кийимларини ювмоғинг, нонини тайёрламоғингдир” (Ибн Можа ривояти), деб жавоб бердилар.

 Аёлнинг эри учун қилган хизматларига ҳам ажру савоб берилади: эрининг куйлакларини ювиб, дазмоллаш, овқатини тайёрлашда ҳам аёлга ажр бор. Аёл ажрдан умид қилган ҳолда хизматларини сидқидилдан қилса  хонадони обод, озода, ва файзли бўлади. Шу билан бирга оиласи тинч, турмуш ўртоғи садоқатли, фарзандлари солиҳ, солиҳа бўлишини истаган аёл   доимо уларнинг ҳақига дуо қилиши лозим. Зеро, дуо ибодатнинг мағзи.

Санаб ўтилган амалларда бардавом бўлган аёлга нисбатан эрининг муҳаббати зиёда бўлади, оиласига қаттиқ боғланиб қолади. Оиладаги соғлом муҳит, фарзандларига бераётган чиройли тарбия учун эрнинг кўнгли хотиржам бўлади. Бу эса аёлнинг эрининг рози қилиши учун энг яхши тадбирдир. Шундагина аёл  нафақат эрининг, балки Аллоҳ таолонинг розилигини ҳам қозонади. Аёллиги, оналиги, бекалиги учун ҳам яқинларининг меҳрини қозонади, ҳам ажрларга сазовор бўлади, иншоаллоҳ!

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Вівторок, 27 сентябрь 2016 00:00

Теримчилар қўллаб-қувватланди

Айни кунларда юртимизнинг барча вилояту туманларида миллий бойлигимиз – пахта йиғим-терим ишлари авжига чиққан. Нафақати фермерларимиз, балки юртимизнинг иқтисодий ривожланишини истовчи ҳар бир фуқаро ёмғирли кунлар келиб қолмасдан оқ олтинни нес-нобуд қилмай йиғиб олишга киришган. Ушбу хайрли ишга диний соҳа ходимлари ҳам муносиб тарзда ҳисса қўшаётганларини алоҳида таъкидлаш лозим.

Жорий йилнинг 26 сентябр куни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Нуриддинхон Исломов ва ўринбосари Зайниддин Эшонқулов Нарпай туманидаги пахтакорлар билан учрашиш учун ташриф буюрдилар. Улар ҳашарчилар билан учрашар экан, қилаётган бу ишлари Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлидаги ўзига хос хизмат эканини эътироф этдилар. Аллоҳ таоло: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз!” (Моида сураси, 2-оят) дея марҳамат қилиб, бандаларини ўзаро ҳамколикка, бир-бирига кўмаклашишга чорлаганини таъкидладилар.

Учрашувлар  якунида илғор теримчиларга гилам, электр чойнак каби  эсдалик совғалар топширилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Вівторок, 27 сентябрь 2016 00:00

Анъанавий мусулмончилигимиз асослари

Бугун дунёнинг барча мамлакатларида турфа тилларда гаплашадиган турли миллат ва ҳатто ташқи кўринишию, танасининг рангигача бир-биридан фарқ қиладиган 1 миллиард 600 миллионга яқин мусулмон истиқомат қилади. Милоднинг VII асрида биргина инсон – Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқали тарқалган ислом динига эътиқод қилувчиларининг сони бугунга келиб дунё аҳолисининг деярли 23 % ини ташкил қилди.

Ислом дини – дунёнинг энг навқирон дини (бизнинг эътиқодимиз бўйича ундан кейин бошқа дин эълон қилинмаган, бўлмайди ҳам), энг порлоқ, энг гўзал, энг мўътадил, энг халқпарвар, энг бағрикенг дини эканлиги бутун дунёда эътироф этилмоқда.

Шу дин сабабли насл насабимиз буюк бўлган, шу сабабли ҳаётимиз тартибга солинган, шу орқали инсоний хулқ-атворимиз шаклланган, шу асосида оиламиз, жамиятимиз ташкил топган. Имонимиз шу дин устига қурилгандир.

Шу динда туғилганмиз. Шу дин сабабли она тупроғимизни (тупроқдан яралиб, тупроққа қайтганимиз учун) севганмиз, Ватан қадрини билганмиз, уни асраганмиз, шаънини улуғлаганмиз, кўзимизга тўтиё қилганмиз, унга хиёнат қилмаганмиз, унинг ҳажрида кўз ёш тўкканмиз, жонимизни фидо қилганмиз. Мусулмончилик бизнинг онамиз, ватанимиздир.

Бу дин “Бухорий, Ибн Сино, Фарғоний, Самарқандийлар авлодимиз” деб, улар билан фахрланишимизга имкон яратган. Бугун биз “Алҳамдулиллоҳ, мусулмонман” деб ғурурланиимиз шу дин иноятидандир. Мусулмончилик бизнинг фахримиз, ғуруримиздир.

Мусулмончилик бизнинг қон-қонимизга, онгу-шууримизга теран сингиб кетгандир. Бизнинг молимиз, жонимиз, шаънимиз мусулмончиликдадир. Мусулмончилик бизнинг ҳаётимиздир.

Дин бизга Бухорий, Мотуридий, Марғиноний, Термизийлар каби буюк аждодлардан, истибдод даврида бу динни худди чўғ ушлагандай кўтариб, бизгача етказиб берган раҳматли ота-боболардан, момолардан меросдир. Асрлар давомида бу динни авлоддан-авлодга соф ҳолида етказиб, асраб келамиз. Миллатнинг анъаналари диндан яралган ёки анъаналар динга сингиб, миллат ва диннинг бир бутунлигини касб қилган. Бугун бизнинг онгимизда миллат ва дин сўзлари бир маънони англатади: ўзбек – мусулмон; Ўзбекистон – мусулмон диёр. Мусулмончилик меросимиз, ўзимизга хос анъанамиздир.

Бизнинг мусулмонлигимиз энг катта бойлигимиздир ва бундан буён ҳам шубҳасиз шундай бўлиб қолади.

Бироқ айрим ҳолларда бу бебаҳо бойлигимизни арзонга сотиб қўймоқдамиз. Ўз анъаннавий динининг қадрига етмай, қандайдир тайинсиз одамларнинг ғоясига эргашган ғўр ёш мисолида оладиган бўлсак, у ўзининг шаънини, обрўйини, тарихини, маданиятини, анъанасини, аждодлари меросини арзимаган “нарх"га баҳолади.

Мамлакатимизнинг биринчи президенти (Худо раҳматига олсин) 1998 йилда дунё минбаридан туриб терроризм хавфидан барчани огоҳ қилган эдилар. Ўша пайтда уларнинг сўзларига эътибор бермаганлар, бугун келиб ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам террорчилик содир этилаётгани мисолида, ўша минбарда айтилган сўзларнинг қанчалик ҳақ эканлигини эътироф этмоқда.

Биз огоҳ халқмиз. Аммо 1999, 2004 йилларда биз ҳам террорчиликдан жабр кўрдик. Доим бир-биримизни огоҳликка, ҳушёрликка чорлаб келаётган бўлсакда, айрим фарзандларимиз террор тузоғига илиниб қолаётгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Ўзимизнинг жигарларимиз Суриядаги жангларда қон кечмоқда, охир-оқибат кафангадо бўлмоқда. Уларнинг ҳаммаси дин номидан алданган ғўр ёшлардир. Бундан келиб чиқадики, биз фарзанларимизга асл дин нима эканлигини яхши тушунтира олмаганмиз, унинг асл моҳиятини тўғри етказиб беролмаганмиз. Оқибатда улар интернетда танишган “ҳижрат”, “жиҳод”, “куфр”, “дорул ҳарб”, “шаҳидлик” ва яна бир қанча қасддан моҳияти ўзгартирилган тушунчалар билан заҳарланган. Натижасини кўриб турибмизки, улар ўз она тупроғини оёқости қилишга тайёр жирканч махлуқларга айланган. Бу эса миллат учун фожеадир.

Аслида ҳар бир инсон ўзлигини чин юракдан ҳис қилса, фарзандлари, ён атрофидагилари тақдирига бепарво бўлмасдан, буни тушунтирса, ўйлаймизки бизни ҳеч ким, ҳеч қандай ғоя билан йўлдан уролмайди.

Биз диннинг муқаддаслиги, унинг бизга аждодлардан мерос эканлиги, у фақат тўғри йўлни топишимиз учун бизга берилган илоҳий маслак эканлиги, у ҳеч қачон ёмонликни тарғиб қилмаслигини уқтиришимиз лозим.

Дин инсонга берилган қисқа, омонат ҳаётни тўғри кечиришга ундовчи, унинг ҳар бир лаҳзасида дунёни гўзал ва обод қилишга чорловчи дастурдир.

Аммо хунрезлик билан шуғулланаётган террорчилар қайси динга амал қилмоқдалар?!. Жиҳод деб ёш болалар, ҳомиладар аёллар, қариялар, қўйингки, дуч келган бегуноҳ инсонни вахшийларча ўлдираётганларнинг эътиқоди тўғрими ёки тинчликни асраган, оналар ва болалар соғлиги учун қайғурган, кексаларни эъзозлаган, динидан, миллатидан қатъи назар, барчани бирдек севган, юрт равнақи учун, келажак авлоди учун бунданда обод, бунданда фаровон юртни мерос қолдиришга ҳаракат қилаётганларникими?!

Гўзал, тинч, осуда ҳаётимизга кўз тегмасин. Ўзимизни, фарзандларимизни, жамиятимизни, авлодимизни, келажагимизни асраш йўлида олиб бораётган саъй ҳаракатларимизга Яратганнинг ўзи қувват берсин.

 

Муҳаммадамин Насриев, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакиллиги ходими

Видеолавҳалар

Top