muslimuz

muslimuz

Ота-онангиз ҳаққига дуо қилинг.

“Эй, Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этгач амаллари тўхтайди. Фақат унга уч нарсадан савоб етиб туради: садақаи жория, фойдали илм, унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).

Суфёни Саврий айтади: “Маййитлар дуога тириклар таом, ичимликка муҳтож бўлганларидан ҳам кўра муҳтожроқдирлар”.
 

Ота-онангиз қабрини зиёрат қилинг.

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи қабрни зиёрат қилувчи Қуръони каримни тиловат қилгандан сўнг ушбу дуони ўқиши лозимлигини таъкидлайди: “Аллоҳумма авсил саваба ма қараътуҳу ила “фулан” (Аллоҳим, ушбу ўқиган Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни (маййитнинг исми зикр этилади) ...га етказгин).

Ибн Ҳожар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ: “Маййитнинг ҳаққига Қуръони каримдан тиловат қилиб, унинг савобини бағишлаш билан бирга, маййит ҳақига Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини ҳам сўраб дуо қилиш қабрларни зиёрат этишдан кўзланган асосий мақсаддир”, деган.

Ота-онангиз ҳаққига истиғфор айтинг.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Маййитнинг вафотидан кейин даражаси кўтарилди. Шунда у: “Ё Роббим! Бу нима?” деди. “Боланг сенга истиғфор айтди”, дейилди.

Муҳаммад ибн Сиррийн айтадилар: “Кунларнинг бирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни: “Аллоҳим! Онамни ва мени ҳамда онамга ва менга истиғфор айтганларни мағфират қилгин” деяётганини кўрдик. Шундан бери Абу Ҳурайранинг дуосидан умидвор бўлиб, унга ва онасига мағфират сўрайдиган бўлдик”.


Ота-онангиз номидан садақа қилинг.

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга савоби етадими?” деб сўради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ онам вафот этди. Онамнинг номидан бирор нарса садақа қилсам бўладими? Қайси садақа афзал?” деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга сув улашиш”, дедилар. (Имом Насоий ривояти).


Ота-онангиз дўстлари ва яқинларини ҳурмат қилинг.

Абу Усайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради. “Ҳа! Тўрт хислат қолди: Уларга дуо қилиш. Уларга истиғфор айтиш. Уларнинг аҳдига вафо қилиш. Уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш”, дедилар».

Аллоҳ таоло барчамизга ота-онамиз тириклик вақтида уларга яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишга тавфиқ ато этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам ихлос билан адо этишга муяссар қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Cавол: Намоз ўқиётган кишининг олд томонидан аёл киши ўтса, намози бузиладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намозхон олдидан ҳар қандай инсон ёки ҳайвоннинг ўтиши унинг намозини бузмайди. Бу мавзуда Имом Бурҳониддин Марғилоний раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Аёл киши намозхон олдидан ўтса, унинг намозини бузмайди” (“Ҳидоя” китоби).

Баъзи кишилар қуйидаги ҳадисни далил қилиб, аёл киши намоз ўқиётган эркакнинг олдидан ўтса, унинг намози бузилади дейишади:

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки бирингиз намозга турса, унинг ҳузурида эгарнинг суянчиғига ўхшаш нарса бўлса, сутра қилиб олади. Қачонки, унинг олдида эгарнинг суянчиғига ўхшаш нарса бўлмаса, унинг намозини эшак, аёл киши ва қора ит кесади”, дедилар...” (Имом Муслим ривояти).

Лекин биргина ҳадиснинг ўзини ушлаб, бошқа ҳадисларни ўрганиб чиқмасдан ҳукм чиқариш катта хато ҳисобланади. “Саҳиҳи Муслим”нинг машҳур шориҳларидан бири Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Ал-Минҳож шарҳи саҳиҳи Муслим ибн Ҳажжож” китобида юқоридаги ҳадисни шарҳлаб бундай деганлар:

“Имом Молик, Абу Ҳанифа ва Шофеий розияллоҳу анҳум ҳамда салаф ва халаф уламоларнинг жумҳури: “Ҳадисларда зикр қилинган тоифадагиларнинг намозхоннинг олдидан ўтиши билан унинг намози бузилмайди”, дейишган. Юқорида айтилган ҳадисдан намозхоннинг қалби олдидан ўтаётган мазкур нарсаларга машғул бўлиши туфайли унинг савоби камайиши ирода қилинган, намози бузилиши эмас”.

Қолаверса, “Саҳиҳи Муслим”нинг ўзида юқоридаги ҳадисларнинг кетидан қуйидаги ҳадислар келган:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “У кишининг ҳузурларида намозни кесадиган нарсалар зикр қилинди. “Намозни ит, эшак ва аёл киши кесади”, дедилар. Бас, у киши: Батаҳқиқ, бизларни эшаклар ва итларга ўхшатдингиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида мен у киши билан қибланинг орасида бўлганим бор. Мен сўри устида ёнбошлаб ётар эдим. Агар бирор ҳожатим чиқиб қолса, у кишига юзланишни ёқтирмай, секин сурилиб чиқиб кетар эдим”, дедилар”.

Фақиҳларнинг бу мавзудаги, намозхонни олдидан аёл киши ўтиши намозни бузмайди, деган гаплари юқорида келган ҳадисларнинг хулосаси ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

П'ятниця, 03 май 2024 00:00

Ўзингдаги оғриқларни яшир

Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу айтади: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бир ишни айтинг, уни маҳкам тутай”. У зот: “Аллоҳга иймон келтирдим, деб айт ва устувор бўл (ўлгунингча шу иймонингга кўра яша)”, дедилар.

“Аллоҳ учун Унинг тоатида устувор бўлганлар”. Абул Олия Риёҳий: “Оятнинг маъноси – динни, даъватни ва амални Аллоҳ учун холис қилганлар, дегани”, деб айтган. Устувор бўлишнинг асоси учта нарсада бўлади: Қуръон ва суннатга эргашиш ҳамда жамоатни лозим тутиш.

Билки, банда учун энг яхши нажот йўли – илмга амал қилиш, Аллоҳдан қўрқиб ёмон ишлардан четланиш ва Аллоҳ азза ва жалла билан бой бўлишдир. Ҳолингни ислоҳ қилиш билан шуғуллан, Роббинг қаршисида хокисор тур, шубҳалардан сақлан, одамларга бўлган эҳтиёжларингни камайтир, ўзинг учун нимани раво кўрсанг, одамларга ҳам шуни раво кўр, нимани ёмон кўрсанг, улар учун ҳам ёмон кўр. Ҳеч кимнинг айбини ошкор қилма.

Ёмон иш қилишни кўнглингга тугиб қўйма, кичкина гуноҳларни такрор-такрор қилаверма. Ҳар қандай ҳолда Аллоҳга шошил, Ундан ҳожатингни сўра. Барча ишда Аллоҳга таваккал қил. Ҳавои-нафсни қўй. Ўзингдан қониқиб, кутиб юраверма. Зикрингни махфий тарзда қил. Аллоҳга доим шукр қил, истиғфорни кўпайтир, фикрлаб ибрат ол.

Одамлар шошадиган вазиятларда сен хотиржам бўл, одамлар билан муомала қилганингда одоб билан муомала қил. Нафсинг учун одамларга жаҳл қилма. Аллоҳ учун ўзингга ғазабинг келсин. Ҳеч кимга яхшилиги эвазига ёмонлик қилма. Ўзини яхши билмаган одамни асло мақтама, ўзинг учун ҳам мақтов қабул қилма. Кулишни, ҳазил-мутойибани камайтир.

Ўзингдаги оғриқларни яшир, ўзингни соғлом қилиб кўрсат. Ишончни яшир, одамларнинг молидан умидингни уз, гўзал фақирликни ўзингда ҳис эт. Бошингга тушган мусибатга сабр қил, Аллоҳ сенга тақсимлаб берганига рози бўл, Аллоҳнинг ваъдасига ҳеч шубҳасиз ишон, амлларингдан қўрқувда бўл. Сенга алоқаси бўлмаган ишни қилишга уринма, сендан талаб қилинган ишни зое қилма. Ҳар бир инъомида Аллоҳга муҳтож бўл ва нажотни Ундан иста.

Сенга зулм қилганларни кечириб юбор, сендан қизғанганларга ҳам сен беравер, сен билан алоқани узганларга Аллоҳ йўлида силаи раҳм қил, сени яхши кўрганларни Аллоҳ учун Афзал кўр, ўзингни ва молингни биродарларинг учун сарф эт, дининг хусусида сенга бош бўлганларнинг ҳақларига риоя қил. Қилган яхшилигинг кўзингга катта бўлиб кўриниб кетмасин, қилган ёмонлигингни кичкина санамагин.

Амал билан ужуб қилишдан эҳтиёт бўлганингдек, илм билан зийнатланишдан ҳам эҳтиёт бўл. Ҳеч қачон одоб илмга зид келади деган тушунчага борма. Одамларга бўйсунмаслик бирла Аллоҳга итоат қил, лекин Аллоҳга маъсият бўладиган ўринда одамларга бўйсунма. Аллоҳ йўлида кучингни аяма. Амалларинг борасида ўзингдан рози бўлма. Намозингда Аллоҳнинг ҳузурида бутун вужудинг билан тур.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Мазҳабга эргашиш дегани Қуръон ва суннатни қўйиб, шахсга эргашиш дегани эмас. Балки бу айнан Қуръон ва суннатга эргашиш саналади! Мисол учун, сизнинг бел қисмингизда қаттиқ оғриқ турди. Шу даражада оғрияптики, жасадингиз букилиб қолди. Шу маҳал сиз дорихонага борасизми ёки мутахассисга учрайсизми? Ёки ўзингиз белингизни нимага оғриётганлигини билмаган ҳолингизда дорихонага бориб, менга анави дорини беринг, деб истеъмол қилаверасизми?

Ҳолбуки, сиз қайси дори қандай касалга шифо эканини билмайсиз-ку! Бундай пайтда шифокорга бориб, унинг кўригидан ўтилади. Шифокор сизнинг шикоятингизни эшитиб, сўнг қўлингизга сизга зарур дорининг номини ёзиб беради. Шундан сўнг дорихонага бориб, тавсия этилган дорини оласиз. Аммо на сиз, на дори сотувчи у дорининг таркибини ва нимадан тайёрланганини билмайди.

Мазҳаб уламолари биз учун гўё табибдир. Бизга қайси оят ёки қандай ҳадис шифо бўлишини улар билади. Бу бир ақлий далил эди.

Шу йил 2 май куни Бухоро шаҳридаги “Хўжа Исмат” жоме масжиди янги биноси пойдеворига илк ғишт қўйилди.

Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, нуроний отахонлар иштирок этди.   

Лойиҳага кўра, янги масжид 2 000 намозхонга  мўлжалланган. Шунингдек, мажмуада кутубхона, ходимлар хоналар, 60 кишилик таҳоратхона, омборхона ўрин олган. Эндиликда қурилиш ишлари янада жадал суръатда давом этади.

Тадбир сўнгида Жобир домла Ҳақ таолодан ушбу масжид тез орада қад ростлаб, мўмин-мусулмонларга то Қиёматга қадар хизмат қилишини сўраб хайрли дуолар қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бухоро вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Сторінка 65 з 265

Видеолавҳалар

Top