muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Четвер, 16 Январь 2020 00:00

Минг дирҳамлик хурмо қиссаси

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу онани ҳурмат қилишда барчага ўрнак эдилар.

Имом Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Муҳаммад ибн Сирийн розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида бир туп хурмонинг нархи минг дирҳамга етди. Усома розияллоҳу анҳу ўзининг бир туп хурмосини кесиб, унинг чарвисини (ичидаги мазали мағзини) онасига олиб берди. Одамлар унга:

«Сени бунга нима мажбур қилди? Бир туп хурмонинг баҳоси минг дирҳамга чиққанини ўзинг кўриб турибсан-ку?!» дедилар.

«Онам мендан ўшани сўрадилар. У киши мендан ўзим қодир бўлган нарсамни сўрасалар, албатта, бераман», деди у киши».

Салафи солиҳларимиз шундай бўлишган. Улар ота-оналарининг розилиги учун қўлларидан келган барча чораларни кўрардилар.

Бизчи?! Биз ҳам ота-онамизни хурсанд қилиш учун имконимиз борича уринамизми?!

Минг афсуски, баъзилар ота-оналарининг кўнглини кўтаришга уриниш у ёқда турсин, ота-оналари сўраган нарсани олиб беришга қунт қилмайдилар.

Масалан, онасининг дориси тугаб қолган бўлса, “Болам, фалон дорим тугаб қолибди. Шуни олиб келиб берсанг” деганда, хўп деб олиб келиш ўрнига, “Яқинда олиб бергандим-ку! Дарров ичиб бўлдингизми? Бунақада сизга дори ташийвериб, топганимни ҳаммаси шунга кетар экан-да” дейдиганлар ҳам йўқ эмас.

Баъзи ўғиллар эса онаси пул сўраганда “Онажон, ана укамга айтинг. У пул бериб турсин. Нима, менинг пул заводим борми? Улар ҳам фарзанд-ку!” деб жеркиб беради.

Мусулмон одам ота-онасининг розилигини олишга, уларни хурсанд қилишга, дуоларини олишга интилиши керак-ку!

Унутмайлик! Ота-она фарзандини “оққ қилдим” дейиши шартмас. Фарзандининг бирор ёмон иши сабабли отанинг ёки онанинг кўзига ёш келса, шунинг ўзи фарзанднинг оққ бўлганини англатади.

Ота-онасига оққ бўлган фарзанднинг эса икки дунёси куяди, икки дунёда ҳам хор бўлади. Аллоҳ асрасин!

Аллоҳ таоло барчамизни ота-оналаримизга яхшилик қилиб, уларнинг розиликларини топишимизни насиб этсин. Ота-оналаримизнинг умрларига, ризқларига барака ато этсин!

Оламлар Робби барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

 

Islom.uz маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Қуръон ота-боболарга, бошлиқларга ва йўл-бошчиларга кўр-кўрона тақлид килишдан қайтариш билан бирга, фақат бир тарафлама фикрлашдан ҳам қайтаради ва бирор нарса қилмоқчи бўлса, ўша нарсанинг яхшисини танлаб олишга чақиради. Чунки, кўпгина кишилар бирор нарсани бир марта эшитса ёки ўқиса, шунга ишониб кетаверадилар. Лекин ўша нарсани чуқурроқ ўйлаб, яхши тарафини танлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳақиқатга Қуръон бундан 15 аср аввал чақирган:

“Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир” (Зумар сураси, 18-оят).

Мана шу оятда Аллоҳ таоло мусулмонларни барча гапларни эшитиб, тушуниб, сўнгра яхшиларига эргашишга буюради. Аллоҳ шундай қилган инсонни  «ҳидоятга эришганлар» ва «ўткир ақл эгалари» деб атайди.

Шу билан бирга, Ислом яхшиликни таърифлаб ҳам беради ва унга амал қилишга чақиради. Одатда, одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Ислом динида яхшилик – Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима эканини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 177-оятида ояти каримасида тўлиқ таърифлаб берган:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтириш ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мис кинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга бериш, намозни қоим қилиш ва закот беришдир. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир».

Ояти каримада кўриниб турибдики, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламокда

Имон келтириш яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни имонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Асл имони бор инсон бузғунчилик, террорчилик, фитнакорликга ружу қилмайди.  Чунки, кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга имони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди.

Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини эхтиёжмандларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу амал мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарз-ни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.

Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, имоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.

Сабрлилик ҳам имонли, мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳисобланади. У ҳакда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.

Баҳодир БОТИРОВ,
Чуст тумани “Охун бобо” жоме
масжиди имом-хатиби

Умму Ҳаким бинт Ҳорис розияллоҳу анҳо Икрима ибн Абу Жаҳлнинг хотини эди. Бу аёл Макка фатҳи куни Исломга кирди. Икрима эса Яман тарафларга қочиб кетди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Икриманинг Исломга ва мусулмонларга қилган душманчилиги сабабли уни ўлдиришга амр қилган эдилар.

Умму Ҳаким розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эри учун омонлик сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг эрига омонлик бердилар. Аёл дарҳол эрини излаб қизил денгиз қирғоқлари сари жўнади ва эрини ўша ердан топди. Эрига ортга қайтишни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга омонлик берганларини, энди у зотнинг олдиларига бориб, Ислом динини қабул қилиши кераклигини айтди. Кўп ўтмай, Аллоҳ таолонинг фазли билан, Умму Ҳакимнинг орзуси рўёбга чиқди. Икрима бориб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан узр сўради, Исломни қабул қилди ва оламларга раҳмат бўлган зотдан ўзи учун дуо қилишларини илтимос қилди.

Кейинчалик Икрима розияллоҳу анҳу бир неча жангларда иштирок этдилар. Ярмук жангида ўзларининг шижоатларини ва бор имкониятларини ишга солиб жанг қилдилар ва шаҳид бўлдилар.

Аллоҳ таоло барча эркак ва аёл саҳобалардан рози бўлсин!

 

Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва солиҳалар,

зоҳидлар ва зоҳидалар ҳаётидан минг бир қисса”

китоби асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Эй Роббим! Сендан ризоингни, айбларимизни сатр қилишингни, солиҳ амалларни қолдирмай қилишга қувват ва муҳаббат беришингни, гуноҳларимизни мағфират этишингни, ота-оналаримизнинг умрларига, ризқларига барака ато қилишингни ва охиратда жаннатга киритишингни сўраймиз.

Эй Роббим! Биз сендан дунёда ҳам, охиратда ҳам афвингни, офиятингни ва сатрингни сўраймиз.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Тошларнинг орасидан гуллар ундирувчи Роббинг бор бўла туриб умидсизликка тушасанми?!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Мени Аллоҳ таолонинг розилиги сари бошлаган ҳар бир кишини севишга қарздорман.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Оналари билан кўп яшамадилар. Оталарининг меҳрини туймадилар. Ака-укаларнинг елкасини кўрмадилар. Опа-сингил табассумини сезмадилар. Шунга қарамасдан у зот оламларга раҳмат эдилар. Аллоҳ таолонинг Ўзи у кишини меҳрли, раҳмли, табассумли, қийналганларга ёрдам берувчи қилиб яратди. У зот алайҳиссаломга кўплаб саловот ва саломлар бўлсин!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Агар молни йўқотсанг, ҳеч нарсани йўқотмабсан.

Агар саломатликни йўқотсанг, баъзи нарсангни йўқотибсан.

Агар ахлоқни йўқотсанг, ҳамма нарсани йўқотибсан.

“Ховатир роқия журнали”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

ЎМИ матбуот хизмати

 
 

Видеолавҳалар

Top