muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

ЗАКОТ МОЛНИ ПОКЛАШ ДЕМАКДИР

Муҳтарам жамоат! Закот – исломнинг бешта асосий устунларидан учинчиси бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили шаввол ойида рамазон рўзаси ва фитр садақасидан сўнг фарз қилинган. Закот  луғатда: поклик, кўпайиш, зиёда бўлиш ва барака маъноларида келади. Шаръий истилоҳда эса: “Муайян моллардан белгиланган бир бўлагини Аллоҳ таоло белгилаб берган бир тоифа мусулмон кишиларга мулк қилиб беришдир”. Закот сўзининг маъноларидан бевосита кўриниб турибдики, уни берган кишининг мол-у давлатининг қолган қисми фақир ва мискинларнинг ҳаққидан пок бўлади. Закоти берилган молга барака киради, шунингдек, кўпайиб, ўсиб бориб, зиёда бўлаверади. Закоти адо этилган молларни Аллоҳ таоло асрайди. Бу ҳаёт тажрибаларидан жуда кўп маротаба ўтган.  Қуръони Каримнинг ўттиз икки жойида закот  беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма саккизтаси намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан баробар десак ҳато қилмаймиз. Ҳолбуки, намоз диннинг устуни дейилади. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган:

وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

 (سورة النور/56)

яъни: “Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз”(Нур сураси, 56-оят).

Рамазон ойи хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлганлиги учун ҳамда бу ойда бажариладиган барча амалларга ажрлар бир неча баробар кўпайтириб берилишидан умид қилиб мўъмин-мусулмонлар закотларини ушбу ойда беришга одатланишган.

Қуйидаги ояти карима закот бериш фарз эканлигига далил ҳисобланади.

خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا  ...

(سورة التّوبة/103)

яъни: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг...”. (Тавба сураси, 103-оят)

Бойлар бир қисм молларини камбағалларга беришлари фарз қилинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَالَّذِينَ فِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ مَعْلُومٌ لِلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ

 (سورة المعارج/24-25)

яъни: “Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва бечора учун маълум ҳақ бордир” (Маъориж сураси, 24-25-оят)

Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.

Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

عَنِ الْحَسَنِ الْبَصْرِي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ "حَصِّنُوا أَمْوَالَكُمْ بِالزَّكَاةِ وَدَاوُوا مَرْضَاكُمْ بِالصَّدَقَةِ وَأَعِدُّوا لِلْبَلاءِ الدُّعَاءَ"

(رواه الإمام أبو داود)

яъни: Молларингизни закот (беришлик) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (Имом Абу Довуд ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِذَا أَدَيْتَ زَكَاةَ مَالِكَ فَقَدْ قَضَيْتَ مَا عَلَيْكَ"

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Қачон молингни закотини адо қилсанг, албатта, зиммангдаги бурчни бажарибсан, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Закот зиммасига фарз бўлган кимса уни кечиктириш билан гуноҳкор бўлади. Чунки, закот фақирларнинг ҳаққи бўлиб, уни бермасдан ўзида ушлаб туриш мумкин эмасдир. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “Закотни қасддан бермай кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди” деганлар.

Шайтон закот берувчи кишига гўё молини қирқдан бирини берса, моли озайиб кетгандек туйилтириши мумкин. Бироқ молни фақирга бериш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

عَنْ أَبِي كَبْشَةَ الْأَنَّمَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَا نَقَصَ مَالٌ مِنْ صَدَقَةٍ قَطُّ"

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).

Закотда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби, покланиб, руҳий томондан ўсиб бориши юзага келади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга волий қилиб юбораётганларида  шундай деганлар:

فَأعْلِمْهُمْ أنَّ اللهَ قَدِ افْتَرَضَ عَلَيْهِمْ صَدَقَةً تُؤخَذُ مِنْ أغْنِيَائِهِمْ فَتُرَدُّ عَلَى فُقَرَائِهِمْ

(رواه الإمام البخارى)

яъни: “Уларга билдиргинки, Аллоҳ таоло зиммаларига закотни фарз қилгандир. Закотни у ернинг бойларидан олиниб, камбағалларига берилур!”. (Имом Бухорий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

عن أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "وَيْلٌ لِلأَغْنِيَاءِ مِنَ الْفُقَرَاءِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، يَقُولُونَ: رَبَّنَا، ظَلَمُونَا حُقُوقَنَا الَّتِي فُرِضَتْ لَنَا عَلَيْهِمْ، فَيَقُولُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: وَعِزَّتِي وَجَلالِي، لَأُدْنِيَنَّكُمْ وَلأُبَاعِدَنَّهُمْ"

(رواه الإمام الطبرني)

яъни: “Қиёмат куни йўқсиллар сабабли бойларнинг ҳолига вой! Қамбағаллар шундай дейдилар: “Парвардигоро! бой кишилар Сен бизга ажратиб берган ҳақларимизни бермасдан зулм қилдилар”. Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади: “Иззатим ва жалолим ҳаққи, сизни ўзимга яқинлаштираман, уларни эса узоқлаштираман” (Имом Табароний ривояти).

Имом Ғаззолий раҳматиллоҳу алайҳ айтадилар:

“Аллоҳ таоло ўз бандасига жон неъматини ва мол неъматини бергандир. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар эса, мол неъматининг шукридир”.

Закот бериши вожиб бўлган киши ўз вақтида закотини чиқариб бермаса, моли ҳалокатга учраши ҳақида Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَا خَالَطَتِ الْزَكَاةُ مَالًا قَطُّ إِلَّا أَهْلَكَتْهُ"

(رواه الإمام البخاري)

яъни: “Қачон бир молга закот аралашса, албатта, уни ҳалок қилади

(Имом Бухорий ривояти). Демак,  закот бериш қолган молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими, баракали бўлишига ва турли бало офатлардан сақланишига сабаб бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бир неча оятларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадисларида бойнинг молида камбағалнинг улуши борлигини баён қилганлар. Шундай экан, ким молининг закотини хасислик ва оч кўзлик қилиб бермаса, барибир ўзи билмаган ҳолда камбағални ҳаққи уни молидан чиқиб кетади. Демак, камбағални ҳаққи барибир чиқиб кетар экан, ундан кўра закот вожиб бўлган вақтни ўзида закотини берган кимса ҳам зиммасидаги фарзни адо қилган бўлади ва закоти берилган молларга ваъда қилинган барча фазилатларга эришади.  Дунё ва охиратдаги юксак даражаларга эришади.

Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида закотга тегишли баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.

ЎМИ Фатво ҳайъати томонидан 2018 йилги закот нисоби 16 000 000 (ўн олти миллион) сўм этиб белгиланди.

Закот бериш ҳур, ақлирасо, балоғатга етган, мусулмон, нисоб миқдорича маблағга эга, нисобга эга бўлганига бир йил тўлган шахслар зиммасига фарз бўлади.

  • закотнинг шарти иккитадир: биринчиси закот олувчига закотни мулк қилиб бериш, иккинчиси эса, закотни бериш ёки ажратиш пайтида закот эканлигини ният қилишдир;
  • 85 грам ва ундан ортиқ тиллоси бор киши закот бериши фарз бўлади;
  • пул ёки тижорат молларининг қиймати нисобга етса закот бериши фарз бўлади;
  • бир кишининг озгина тилло, озгина кумуш, озгина пули бўлса, уларнинг барчаси қўшилганда нисобга етса закот бериш фарз бўлади;
  • ишлаб чиқарувчи корхоналарда икки хил мол бўлади. Биринчиси, хомашёлар. Иккинчиси, тайёр бўлган маҳсулотлар. Закот бериш пайтида иккаласининг қиймати ҳисобга олинади. Лекин, завод, фабрикаларнинг асбоб-ускуналаридан закот берилмайди;
  • закот фарз бўлган вақтда уни адо этмаган бўлса, неча йил ўтса ҳам закоти зиммасидан соқит бўлмайди;
  • ҳозирги солиқларни закот ҳисобласа бўладими? деган савол билан кўп мурожаат қилишмоқда. Ислом уламолари солиқлар ҳеч қачон закот ўрнига ўтмаслигини таъкидлашган;
  • яшаб турган уй-жойлари, истеъмолдаги кийимлари, минилиб турадиган улов, озиқ-овқат, пардоз буюмлари (агар тилла, кумушдан ясалмаган бўлса), гавҳар, маржон, ёқут, зумрад (агар сотиш учун сақланмаётган бўлса) касб-ҳунар асбоблари каби нарсалардан закот берилмайди;
  • гаровга қўйган бойлиги, мадомики, гаровга олган киши қўлида экан, ундан закот бериш фарз эмас (Фатовойи Оламгирия);
  • қарзини бўйнига олмай юрган қарздор кейинчалик қарзига иқрор бўлиб адо этса, ҳақдорнинг зиммасига ўтган йиллар учун закот бериш вожиб бўлмайди. (Фатовойи Оламгирия);
  • қарздор киши агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган бўлса, у кишига закот фарз эмас;
  • ижарага берилган бино, дўкон ва уловлардан закот берилмайди. Балки, улардан тушган маблағ нисобга етса, закот берилади.
  • чорва моллари ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилса ва нисобга етса улардан ҳам закот берилади. Туянинг сони 5 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта қўй берилади. Қора молнинг сони 30 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта бир ёшли бузоқ берилади. Қўй ва эчкининг сони 40 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта қўй ёки эчки берилади. Тижорат ниятида ўйда боқилаётган ҳайвонларни сони қанча бўлишидан қатъий назар уларни пули ҳисобланади. Агар пули нисобга етса қирқдан бири закот учун берилади.
  • закотни кимларга бериб бўлмайди: закотни нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.
  • закотни гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.
  • кимларга берган афзал: ушбу саволга “Фатавои ҳиндия” китобида шундай жавоб берилган: “Закот ва фитрни беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнг уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнг уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар.
  • “Баҳрур роиқ” китобида: “Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир”, дейилган.

Аллоҳ таоло барчамизга ибодатларни ўз вақтида адо қилувчилардан, закотни чин дилдан берувчилардан қилсин. Омин!

Айни кунларда Андижон вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, бугун жума намозини адо этиш учун Андижон шаҳридаги “Пистамозор” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Ушбу кўркам жомеда муборак кун ибодатини адо этиш учун минглаб намозхонлар йиғилди.
Муфтий ҳазратлари “Ислом – мўътадил дин” мавзусида маъруза қилиб, динимиздаги барча ибодатлар бандаларнинг тоқатларига қараб буюрилиши, Ислом уммати мўътадил уммат экани, инсон ўз фитратидаги хусусиятига қараб ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли, мўътадил ва энг афзал муносабатда экани ҳақида сўзладилар. Шунингдек, мўмин-мусулмонларга муборак Рамазон ойида ибодату илтижоларни кўпайтириш, ғанимат кунларни қадрига етиб қолиш тўғрисида ҳам нутқ қилдилар.
Муфтий ҳазратлари мавъиза якунида, намозхонларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, ижроотлар ва бундай неъматларга нисбатан ҳар бир киши туну кун Парвардигорга доим шукрона қилиш тўғрисида гапирдилар.
Жума намози адо этилгач, муфтий ҳазратлар бошчиликларида барча жамоат баралла дуога қўл очиб, юртимиз тинчлиги, динимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини сўрашди.
Муфтий ҳазратнинг Андижон вилоятига сафарлари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳар йили Саудия Арабистонига Ҳаж  ва Умра ибодатларини адо этиш мақсадида миллионлаб зиёратчилар келади. Ўтган йиллардаги тажрибадан келиб чиққан ҳолда Саудия Арабистони ҳукумати “Масжидул Ҳарам” ҳудудида “Умра-2018: Рамазон мавсуми” даврида хавфсизлик даражасини оширишни режалаштирмоқда. Ушбу йўналишдаги ишларни жадаллаштиришда замонавий техникалардан унумли фойдаланиш кўзда тутилган.

Жорий Рамазон ойи умра мавсуми давомида Ҳарам ҳудудидаги зиёратчиларни назорат қилиш учун биринчи маротаба дронлардан фойдаланилади. Бундан ташқари, 2500 та видео кузатув камералари ҳам қўшимча равишта Ҳарам ҳудудига ўрнатилади.   

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Ушбу мавсумда Умра ва Ҳаж зиёратини амалга оширишни мақсад қилган зиёратчилар учун Харам масжидида электр токи ёрдамида ҳаракатланувчи машиналар жойлаштирилди.

Маълумотларга қараганда, Саудия Арабистони ҳукумати ногиронлиги бўлган зиёратчилар учун тўққиз мингга яқин машина араваларни тақдим этган. Ушбу машиналардан катта кўчаларда, масжидга келишда фойдаланиш мумкинлиги айтилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Рамазон ойи бошланганидан буён кўпчиликни қайси мамлакатларда қанча вақт мобайнида рўза тутаётганликлари қизиқтиради.

Мисол учун мамлакатимизда рўзадорлар ҳар куни қарийб 16 соатдан ортиқроқ вақт мобанида рўзадор бўладилар.

Рўза вақтини ҳисоблашда мамлакатнинг географик жойлашуви ва йил фасли ҳисобга олинади. Баъзи пайтларда рўза тутиш вақти айрим мамлакатларда уч соатгача тўри келиши мумкин.

Бироқ 2018 йилда Рамазон ойи узун кун ва қисқа тун бўладиган пайтга тўғри келган. Сахарлик ва ифторлик вақтини оддий кўз билан аниқ айтиш ноқулай, буни Ер шарининг шимолий ҳудудларида яшовчи халқлардан кўриш мумкин. Ушбу ҳудудларда тун ёруғ кечгани сабабли тун вақти қисқа бўлмоқда.

Ушбу йилда энг узун рўза вақти Исландия мамлакатида кузатилмоқда. Ушбу мамлакатда тун вақти бор йўғи 4 соат давом этади. Европанинг бошқа қисмлари (Туркия, Испания)да эса кун узоқлиги 16 соатдир.

Ер шарининг жанубий қисмида жойлашган мамлакатлардан бўлган Аргентинада энг қисқа рўза тутиш муддати тўғри келади. БУ вақт ўртача 11 соат 46 дақиқани ташкил этиши аниқланган. Австралияда ҳам рўзадорлар 11 соат 50 дақиқа давомида рўза тутишларига тўғри келмоқда.

Арабистон яриморолидаги мамлакатларда эса рўза тутиш вақти 14 соат 22 дақиқани ташкил этмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top