muslim.uz
Ўзбекистон ва «CrescentRating» ташкилоти "Muslim guide book" китобини тайёрлайди
Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Сингапурнинг «CrescentRating» ташкилоти ижрочи директори Фазал Баҳардин билан учрашди. Унда вазир Хива шаҳрининг «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» дея эълон қилингани катта ютуқ эканлигини алоҳида таъкидлади.
Фазал Баҳардин юртимизга ташрифи давомида Ўзбекистонда Ислом мамлакатларидан келаётган туристларни қабул қилиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Шунингдек, у зиёрат туризми ҳафталиги давомида "Halal Food Market in Uzbekistan" тадқиқотини якунлаб, намойиш этиш ниятида эканлигини билдирди.
Якунда Вазирлик ва «CrescentRating» ташкилоти қуйидаги лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олишди:
— ноябрь ойида Зиёрат туризми ҳафталигини ташкил этиш, экспертларни жалб этишда ҳамкорлик қилиш;
— хорижий сайёҳларга кўрсатиладиган хизмат турлари ва сифатини ўрганиш учун ҳамкорликда тадқиқотлар ва сўровномалар ўтказиш;
— «CrescentRating» ташкилотига Ўзбекистонда ваколатхона очишда амалий кўмак бериш;
— Ўзбекистонда амалга оширилаётган йўлбўйи санитария инфратузилмасини яхшилаш бўйича лойиҳаларда Малайзия ва Сингапур тажрибасини ўрганиш ҳамда вазирликка консултатив ёрдам кўрсатиш;
— Ўзбекистон ва асосий туризм шаҳарлари учун "Muslim guide book" китобини тайёрлаш ҳамда нашр қилиш («CrescentRating» ташкилотининг Нью-Йорк шаҳри ва Кейптаун шаҳарлари учун яратилган қўлланмалари мисолида);
— Ўзбекистонда Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари турфирмалари билан ҳамкорликда “Umra trip training center” марказини ташкил қилиш масаласини ўрганиш ва бошқалар йўналишлар бўйича.
Маълумот учун: «CrescentRating» ташкилоти “Global Muslim Travel Index” («Жаҳон мусулмон саёҳати индекси») халқаро рейтингини тузиб боради. 2022 йилги рейтингда Ўзбекистон 9-ўринда қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Тарбиясиз боланинг жиноятчидан фарқи кам...
Динимиз таълимотига кўра, фарзанд Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати ва омонатидир. Бу неъмат шукрини адо қилиш зиммамиздаги энг муҳим бурчлардан ҳисобланади. Бунинг учун уни асраб-авайлаш, чиройли тарбиялаб, камолга етказиш лозим. Фарзандларимизни ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан эҳтиёт қилмоғимиз шарт.
Чунки бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг амалларини бузади”, деган муборак ҳадис ворид бўлган.
Фарзандларимизни турли иллат ва ахлоқсизликлардан асрашнинг бош омили чиройли таълим-тарбия бериб, Аллоҳни танитиш, имон-эътиқодли инсон қилиб вояга етказишдир. Зотан, фарзанд учун таълим-тарбия, одоб-ахлоқ сув ва ҳаводек зарур. Ҳадисда: “Ота-она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, дейилади (Имом Термизий ривояти). Чунки эътиқоди ва дунёқараши соғлом фарзанд ота-она хизматини қиладиган, эл-юртига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади.
Фарзандларимизнинг солиҳ, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўринларини топишида илмнинг ўрни беқиёс. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади. Инсоннинг ўсиб, камолга етишида илмнинг зарурлигини қисқа сатрларда баён қилиш қийин, албатта. Доно халқимиз: “Бола – азиз, одоби – ундан азиз”, дейди. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас. Чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади.
Бола тарбияни дастлаб оиласида олади. Катталарнинг хатти-ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётига татбиқ этади. Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити бузуқ оилалардан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний. Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг кўча-кўйда юриш-туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганларига ҳам алоҳида аҳамият беришимиз керак.
Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: “Ҳар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир” (Имом Бухорий ривояти). Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахту саодати йўлида ёшларимизнинг илму фан ва касбу ҳунар соҳиблари бўлиб етишишлари учун давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрлик билан бирга ота-оналарнинг бу борадаги доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.
Фарзандларини ёшлигиданоқ кучи, қобилиятига мос тушадиган илм-фан, меҳнат ва касб-ҳунарларга йўналтиришлари ва “оммавий маданият” ва турли ғоявий ҳужумлардан эҳтиёт қилишлари жуда зарур.
Ҳусайн Воиз Кошифий “Ахлоқи муҳсиний” асарида фарзанд тарбиясида муҳим бўлган жиҳатларга тўхталиб: “Фарзанд Ҳақ таолонинг омонатидир. Ота-онадан маҳшар вақтида бу омонат ҳақи талаб қилинади. Бу омонат гўёки ойна – бутун борлиқ кўзгуси, аввалидир. Ҳақиқат жавоҳири уни нимага хоҳласа, ўшанга мойил қилиш мумкин. Демак, зарурат бўйича фарзандни тўғри тарбия қилиш керак, токи ёқимли сифатларга эга бўлсин. Аввало унга чиройли ном бериш керак. Агар фарзанднинг номи муносиб бўлмаса, маълум муддат яшагандан сўнг унда ўз исмига нисбатан нафрат пайдо бўлади. Яна мўътадил табиатли, хушмуомала ва покиза кўринишли бўлсин”, дейди.
Ҳадиси шарифда: “Фарзандинг ё жаннатинг, ё дўзахингдир”, дейилган. Агар ота-она фарзандини яхши хулқли, одобли ва имон-эътиқодли қилиб тарбияласа, бундай фарзанд қиёмат куни ота-онасини жаннатга етаклайди. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги лозим.
Муҳаммаджон ҚОРАЕВ,
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 7-21 бетлари
Бангладешлик зиёратчиларни транзит қилиш учун Ўзбекистон сайёҳлик инфратузилмасидан фойдаланиш режалаштирилмоқда
Дакка шаҳрида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевнинг Бангладеш Бош вазири Шайх Хасина Вазед билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда транспорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилиб, "Тошкент – Дакка – Тошкент" йўналиши бўйича тўғридан-тўғри ҳаво қатновини тиклаш истиқболлари бўйича фикр алмашилди. Мулоқотда ўзаро алоқаларнинг кенгайиши йўловчилар ташиш ҳажмини ошишига ҳамда маданий ва туристик алмашинув имкониятларининг яхшиланишига олиб келиши таъкидланди.
"Умра + дастури" доирасида туризм соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, бангладешлик зиёратчиларни транзит қилиш учун Ўзбекистон сайёҳлик инфратузилмасидан фойдаланиш режалаштирилмоқда", - дейилади хабарда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Дин қўпол даъватга муҳтож эмас
Модарихон мадрасаси туристлар учун саёҳат маршрутига киритилади
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 22–24 июль кунлари «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» VI Халқаро Конгресси бўлиб ўтди.
Конгрессда 32 мамлакатдан келган 350 нафар илм-фан олами эгалари иштирок этишди. Конгресс давомида 100 дан ортиқ маърузалар ўқилди, давра суҳбатлари, сессиялар ўтказилди.
Маълумот учун: Бутунжаҳон жамияти «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси асосида ташкил этилган ва 2018 йилда Парижда расман рўйхатдан ўтган.
Darakchi.uz билдиришича, Халқаро конгресс фонида Бухородаги Модарихон мадрасасида "Ҳунармандчилик маркази" нинг барпо этилиши ва унинг сайёҳлар учун ташриф манзилига айлантирилди.
Маълумотларга кўра, XX асрнинг бошларида Бухорода 250 дан зиёд мадраса мавжуд бўлган. Шулардан бири 1566—67 йилларда Абдуллахон томонидан онаси шарафига бунёд этилган “Модарихон” мадрасасидир. XVI аср меъморчилик анъаналарини ўзида ифодаловчи бу ёдгорлик Абдуллахон мадрасаси қаршисида жойлашган.
Иккаласи Қўш мадраса мажмуасини ташкил қилади. Мадраса улкан пештоқ, миёнсарой, дарсхона, масжид ва ҳовли атрофида икки қаватли қилиб қурилган айвонли ҳужралардан иборат.
Хоналарнинг ҳар бирида эшик ва унинг тепасида ганчкори панжара мавжуд бўлган.“Модарихон” мадрасаси 1960 йилда давлат томонидан муҳофазага олинган.
Шундан сўнг мадраса биноси туристлар учун саёҳат маршрутига киритилади. Истиқлол йилларида мадраса тўла таъмирланиб, кўҳна Бухоро кўркига кўрк қўшди.
Бухоро шаҳар прокуратураси ташаббуси билан айни вақтга қадар бўш турган мазкур маданий мерос объектидан самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосан мадраса Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказига берилди.
Ўз даврида илм-маърифат маскани ҳисобланган ушбу мадраса таъмирлаш-пардозлаш ишларидан сўнг ҳунармандчилик марказига айланди.
Эндиликда бу ерда 20 нафар ҳунармандлар томонидан мономарказ билан тузилган шартнома асосида мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик, каштачилик, зардўзлик, миниатюра рассомчилиги сингари ҳунарларни ўргатиш имконияти яратилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати