muslim.uz

muslim.uz

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўзбекистонлик зиёратчилар жорий йилнинг 18-30 июнь кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина, Нукус-Мадина йўналишлари бўйича ҳаж сафарига кузатилган эди.

Бу муқаддас зиёратга биргина Бухоро вилоятидан жорий йилда жами 11 та гуруҳда 522 нафар юртдошимиз иззат-икром билан жўнатилди. Уларнинг ислом дини арконларидан бири ҳаж сафарини кўнгилдагидек амалга оширишлари учун ҳукуматимиз, вилоят ҳокимлиги, қолаверса, республика Дин ишлари бўйича қўмита томонидан барча шароитлар яратилгани қувонарли, албатта. 

Муқаддас амални бажариб она юртга ёруғ юз ва юксак мақом билан қайтган ҳожиларимизни кутиб олиш маросимлари ҳам Бухорода тантанали равишда ташкил этилди. Дастлаб Бухоро вилоятидан бўлган 37 нафар зиёратчи Бухоро темир йўл вокзалида кутиб олинди. Яна 245 нафар зиёратчимиз, қолган барча ҳожиларимиз Навоий вилоятидан муқаддас сафарга отланган юртдошларимиз билан бирга ҳаво йўли орқали “Жидда-Бухоро” йўналишида вилоятга етиб келди. 

Кутиб олиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Мажидов сўзга чиқди. Барча зиёратчиларни муқаддас ҳаж амалини адо этганликлари билан қутлади. Уларнинг келгусидаги фаолиятларига муваффақият тилади. Ўз навбатида, ҳожилар номидан сўзга чиққанлар юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўзлари истаган динга эътиқод қилишлари учун барча шароит яратилгани, қолаверса, ҳаж амалини адо этиш жараёнида ҳам меҳмонхона, ҳаракатланиш, тиббий хизмат ва бошқа масалаларда ҳукумат эътиборини ҳар қадамда ҳис этиб турганликларини алоҳида таъкидлашди.  

– Давлатимиз яратиб берган имкониятлар, ўзимизга яратилган қулай шароитлардан фойдаланиб, ислом динининг бешинчи рукнини адо этган бухоролик 500 нафардан ортиқ ҳожилардан бири сифатида яратганга шукроналар қиламан, – дейди Олим Азимов. – Муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларидаги табаррук қадамжоларда бўлиб, яқинларимиз, халқимиз ва юртимиз ҳақига дуолар қилдик. 

Зиёратчиларнинг кутиб олинишини тартибли ташкил этиш мақсадида вилоят ИИБ ҳамда Ўзбекистон Миллий гвардиясининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси томонидан жамоат тартибини сақлаш бўйича хавфсизлик чоралари кўрилди. Қолаверса, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят маркази ходимлари томонидан ҳаж зиёратидан қайтган юртдошларимиз гуруҳ раҳбарлари бошчилигида тартибли равишда аэропорт чегара ўтказиш пунктида коронавирус инфекциясига бепул экспресс-антиген тест кўригидан ҳам ўтказилди. Муҳими, бир ой давомида Макка ва Мадина шаҳарларида бўлган вилоятдошларимиз муқаддас ҳаж амалининг барча рукнларини бажариб, зиёратнинг энг сўнгги босқичи ҳисобланган видолашув тавофини ҳам адо этиб қайтишди. 

Юзларида улуғ зиёрат файзи, шукроналик ҳисси ва юрт соғинчи ифодаси кўриниб турган ҳожилар давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олинди.  

Зариф Комилов,  
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Республикамиздаги масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар ҳамда "Ҳаж – 2022" мавсумида гуруҳ раҳбари бўлган имом-хатиблар мурожаати инобатга олиниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти Модуль таълим тизими учун ҳужжатларни қабул қилиш муддати 2022 йил 6 август кунига қадар (шу куни хам 18:00 гача) узайтирилганини маълум қиламиз. Бу ҳақда Диний идора Таълим ва илмий тадқиқодлар бўлими хабар берди.

Маълумот учун: Тошкент Ислом институти Модуль таълим тизимига 2022-2023 ўқув йили учун қабул шу йил 15 июлдан 30 июлгача (шу куни 18:00гача) оффлайн тарзда амалга оширилиши белгиланган эди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ислом институтида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, ўрта махсус маълумотга эга имом-хатибларни олий маълумотли кадрлар қилиб тайёрлаш мақсадида Модуль таълим тизими жорий қилинди.

Модуль таълим тизимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасалари, яъни мадрасаларни тамомлаган, 5 йил ва ундан ортиқ муддат давомида масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар танлов асосида ўқишга қабул қилинади.

Модуль таълим тизимига абитуриентлар номзодларини Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти ва вилоятлар вакиллари тавсия этади.

Талабалар Модуль тизимида тўлов-контракт асосида 3 йил таълим оладилар, хорижий фуқаролар ўқишга қабул қилинмайди.

Тошкент ислом институти Модуль таълим тизими учун қуйидаги фанлар мажмуасидан қабул имтиҳонлари ўтказилади:

- ихтисослик фанлари мажмуаси (Қуръони карим ва тажвид, ҳадис, фиқҳ, ақоид) – 73,5 балл;
- ижтимоий-гуманитар фанлар мажмуаси (Ўзбекистон тарихи, Маънавият асослари, Миллий ғоя) – 27,5 балл.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вторник, 02 Август 2022 00:00

Намозда оёқларни кериб туриш

Бугунги кунда намозга оид ихтилофларнинг энг кўзга кўринган шаклларидан бири намозда турганда икки оёқни ҳаддан ташқари кериб туриш бўлиб қолган. Бу ҳол бемазҳаб ихтилофчиларга ҳузур бағишласа ҳам, мазҳабни тутганларга эриш туюлиши турган гап. Худди шу нарсанинг ортидан ихтилоф чиққани ҳам ҳақиқат. Бу масала бўйича доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг «Ал Фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу» номли китобида қуйидагиларни ўқиймиз: Ҳанафийлар айтадилар: «Қиёмда икки оёқ орасини тўрт энлик миқдорича очиб туриш суннатдир. Чунки бу хушуъга яқинроқдир».

«Шофеъийлар айтадилар: «Икки оёқ ораси бир қарич микдорида очилади.

«Моликий ва ҳанбалийлар айтадилар: «Икки оёқнинг орасини очиш мандубдир. Ўртача ҳолатда бўлсин. Иккисини бир-бирига қўшиб олмасин ёки жуда кенгайтириб, урфда нохуш саналадиган бўлмасин».

Демак, мўътараф тўрт мазҳабнинг барчасида намозда оёқни кериб туриш дуруст эмас. Аммо бемазҳаблар ихтилоф чиқариш учун намозда оёқларини ҳаддан ташқари кериб турадилар.

«Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар» китобидан.

Қуръони каримни шарҳлаш ва тушунтириш Набий алайҳиссаломга берилган иккинчи ҳуқуқдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони карим оятига қилган тафсирлари ҳал қилувчи сўз саналади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ﴾

“Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар” (Наҳл сураси, 44-оят).

Ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий вазифаларидан бири – Қуръони каримни баён қилиш экани алоҳида таъкидланмоқда. Макка аҳли Қуръон оятларининг зоҳирий маъноларини шарҳланишига эҳтиёж сезишмаган. Чунки Қуръони карим уларнинг ўз она тилида ваҳий қилинарди. Арабларнинг аксарияти саводсиз бўлишига қарамай, тил ва адабиёт борасида жуда кучли билимга эга бўлганлар. Уларнинг сермазмун шеърлари, балоғатли нутқлари, таъсирли суҳбатлари араб адабиётининг бебаҳо хазинасини ташкил этарди. Шу сабабли, араблар Қуръон оятларининг зоҳирий маъносини яхши тушинишган. Маъноларини англамай қолишлари амри маҳол бўлган.

Демак, бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арабларга Қуръон оятларининг ботиний маъноларини ҳам баён қилиб бериш вазифаси юклангани маълум бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

﴿ثُمَّ إِنَّ عَلَيْنَا بَيَانَهُ﴾

Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамиздадир (Қиёмат сураси, 19-оят).

Бу оятни тафсир қилишга асло ҳожат йўқ. Аллоҳ таоло Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон оятларининг тафсирини билдирган. Шунга кўра, Набий алайҳиссалом бирор оятни қандай тафсир қилган бўлсалар, албатта уни Аллоҳ таоло билдирган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони карим тафсири ва шарҳида айтган сўзлари ҳал қилувчи сўнгги сўздир.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

 

1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, Давоми бор...

Янгиликлар

Top