muslim.uz

muslim.uz

Среда, 03 Август 2022 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Термиз шаҳар бош имом-xатиби Расулжон домла Абдуллаевнинг волидаи муҳтарамаларининг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳума онахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Расулжон домла Абдуллаевга ва марҳума онахоннинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Жаноза намози Термиз шаҳар “Кокилдор ота” маҳалласи, Султон саодат кўчасида соат 11:00 да ўқилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла ҳазратлари

“Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–338-сон, 29.07.2022 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Huquqiy axborot канали хабар берди.

Қарор билан туркий дунё доирасида “Табаррук зиёрат” туризм концепцияси тасдиқланди.

Концепция доирасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Термиз ва бошқа тарихий шаҳарларда буюк алломаларнинг илмий ва маданий мероси тўғрисида семинар, симпозиум, конференция, илмий-амалий анжуманлар ўтказилади.

Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўзаро ҳамкорлик орқали “Табаррук зиёрат” бренди яратилади.

2023 йилдан ҳар 2 йилда 1 маротаба:

▫️май ойининг учинчи декадасида Марғилон шаҳрида “Марғилон ипак матоларининг халқаро бозордаги аҳамияти” мавзусида кўргазма ва илмий-конференция;
▫️июнь ойининг биринчи декадасида “Лаванда” фестивали;
▫️июль ойида талабалар ва ёшлар учун Халқаро “Turksoy” ташкилоти билан ҳамкорликда “Туркий тилли ёшлар” халқаро фестивали;
▫️август ойининг учинчи ҳафтасида туркий давлатларнинг тадбиркорлари, ОАВ, журналист ва блогерлар учун “Табаррук зиёрат” халқаро медиатури ва унинг доирасида “B2B” форматида учрашувлар ташкил этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мисрлик Муҳаммад Абдураҳмон Қуръони Каримни етти соат ичида тўлиқ қироат қилиб берди. У маҳаллий телеканалга берган интервьюсида оиласининг барча аъзолари Қуръон Каримни ёддан билиши ҳамда ўзи ҳам 9 ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олганини таъкидлади.
Абдураҳмон Белла шаҳрида Қуръони Каримни тўлиқ ўқиш учун танлов эълон қилганини эшитиб, астойдил тайёргарлик кўриб, ушбу натижага эришишганини қайд этди.
Islam.ru хабарига кўра, ҳозирда Муҳаммад Абдураҳмон фармакология факультетида таҳсил олмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Среда, 03 Август 2022 00:00

Салафийликаро зиддиятлар

Ҳозирда мазҳабсизликка тарғиб қиладиган кишилар: “Келинглар, мазҳабларни қўяйлик, Қуръон ва суннатга бирлашайлик”, дейдилар. “Қуръон ва ҳадисга қандай бирлашамиз”, дейилса, “Ижтиҳод қиламиз”, дейишади. Воқеликда ҳам шундай бўлди, уларнинг кўзга кўринган олимлари ижтиҳод қилиб бошлади, натижада битта ягона уммат пайдо бўлмади, аксинча бешинчи, олтинчи, еттинчи, саккизинчи мазҳабни келтириб чиқаришди. Пайдо бўлганига эндигина 200 йилдан ортиқроқ вақт ўтган салафийлик ҳозирнинг ўзида 4 та катта мазҳабга бўлинган:


1. Ас-салафиятул-илмия (1920 й.да ташкил этилган)
2. Ас-салафиятул-жиҳодия (1979 й.)
3. Ас-салафиятус-сурурия (1984 й.)
4. Ас-салафиятул-жомия (1990 й.)


Энди бу салафийларнинг устидан минг йиллар ўтса, қанча мазҳаб ва фирқаларга бўлиниб кетаркин?! Бунинг устига мазҳабга эргашувчи мусулмонларга турли “тамғалар”ни ёпиштирадиганлар мана шундай бўлинишлардан кейин “тамға”ни ўзларига ёпиштиришлари айни адолат ва мардлик бўлади. Шу ўринда кичик маълумот, Саудиялик доктор Саъд ибн Абдуллоҳ Барик “Ал-ийжаз фи баъзи махталафа фийҳил Албоний ва Ибн Усаймин ва Ибн Боз” (яъни, “Албоний, Ибн Усаймин ва Ибн Боз ихтилоф қилган баъзи масалалар ҳақида мўжаз (қисқа) китоб”) номли икки жилдли китоб ёзган. Унда мавзудан маълум бўлгани каби салафийларнинг кейинги йилларда энг машҳур намояндалари ўрталаридаги ихтилофларнинг бир қисми келтирилган. Энг қизиғи китобда улар ўртасидаги ақидавий масалалардаги ихтилофлар ҳам келтирилган ва улар анчагина (ажабки, ақидада бир нуқтага кела олмаётган салафийлар бошқаларни қандай бирлаштирар экан?!). Демак, уларнинг ҳар бирининг мазҳаби бор. Энди салафийлар уларнинг қайси бирига эргашади ва улардан бирини танлаганлар бошқалари ҳақида қандай ҳукм беради?! Яна бир ҳақли савол, охир оқибат Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари ҳам, салафийлар ҳам (ўз) мазҳабларига эргашар экан, қайси жамоанинг мазҳаббошилари ижтиҳод мақомига лойиқ?! Тобеъинлар ва таба тобеъинлар билан бир замонда яшаб, уларнинг илмини ўзлаштирган Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмадларми (раҳматуллоҳи алайҳим) ёки бизга замондош бўлган Албоний, Ибн Усаймин ва Ибн Бозларми (ҳозирги кунда бу салафий олимларнинг ҳар бирининг мазҳаби шаклланган)?! Инсоф билан айтганда қайси жамоа ҳаққа яқинроқ?! Салафийларнинг пуч даъволарига маҳлиё бўлган мусулмон биродарларимизни мана шу масалада оқилона фикр юритишга чақирамиз. Чунки Аҳли сунна вал жамоа мужтаҳидларининг мазҳабларини 14 асрдан бери бутун ислом уммати бир овоздан ҳақ, деб қабул қилганлар. Кейинги саналган олимларнинг мазҳаблари бошлангандан ҳозиргача аксар олимларнинг эътирозига сабаб бўлиб келмоқда. Уларнинг мазҳабини ўзлари ва ҳиссиётга берилган юзаки илм билан машғул бўлганлар қабул қилишди холос. Қиёмат куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом башорат қилган саводул аъзам (кўпчиликни ташкил қилган ҳақ жамоа) билан турган маъқулми ёки жамоатга хилоф қилган ихтилофчилар биланми?!

Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби

Янгиликлар

Top