muslim.uz
Хиёнат – оғир гуноҳ!
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) "Ҳажжатул вадоъ"да мусулмонларга қарата бундай деб панд-насиҳат қилганлар: "Эй одамлар, хоҳ ўзингизнинг ва хоҳ бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди. Шу билан бирга бир-бирингизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди. Ушбу Арафа кунида одам ўлдириш ва бошқалар жонига қасд қилиш қанчалик ҳаром бўлса, мол ва жонингизга тажовуз қилиш ҳам шунчалик ҳаромдир" (Имом Бухорий ривояти).
Парвардигоримиз бизларни барча ёмонликлардан сақланишга, илоҳий амрларни адо этишга, жамият ва дин манфаати йўлида яхши амалларни қилишга, виждонли, мустаҳкам иродали, жисми соғлом, гўзал хулқли, дини ва жамиятига наф келтирувчи, Ватанини ҳимоя қилувчи, умматга қалқон бўлувчи, Ўзига ибодат қилувчи, зиммасига юклатилган вазифани мукаммал адо қилувчи бўлишга ва фақат покиза нарсаларни истеъмол қилишга даъват этади. Шу боис инсон зиммасига буюк масъулият – Аллоҳ ва Унинг расулига имон келтириш, ер юзини обод этиш, наслини давом эттириш, жамиятга фойда келтириш, зулм ва разолатни бартараф этиш, турли гуноҳлардан сақланиш ва доимо яхшилик қилиш каби улкан омонат юклатилган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди... (Аҳзоб, 72)”.
Банданинг юрти ва миллатига хиёнат қилиши оғир гуноҳ, зиммасига олган илоҳий омонатдан юз ўгиришдир.
Разил, имони йўқ, гиёҳванд моддалар ва одам савдосининг ортидан келаётган ҳаром маблағлар эвазига фаолият юритаётган кимсаларнинг хуружи юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги, фарзандларимизнинг келажагига қаратилган тажовуздан ўзга нарса эмас. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўпгина мамлакатларида гиёҳвандлик офати инсон жони ва ақлини ўз вазифасини адо этишдан маҳрум қилиб, ҳаётга эндигина қадам ташлаб бораётган азиз фарзандларимизнинг ногирон бўлиб қолишларига олиб келмоқда. Ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги тўғрисида қайғурмайдиган кимсалардан бепарво бўлмаслигимиз керак. Ҳар доим бу террор ҳуружидан ким фойда кўради, у қандай вазифаларни бажаради, буюртмачи ким, бундай амалиётларнинг инфратузулмалари ортида кимлар турибди деб савол бериб кўриш лозим.
Буни амалга оширганлар истаган одам ёки гуруҳ бўлиб чиқиши мумкин. Амалга оширганлар ўзларининг кимларнинг қўлида қай мақсадда ўйинчоқ бўлиб қолганини билмаган бўлишлари ҳам мумкин.
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Уларда қалблар бор, лекин улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, лекин улар билан кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, лекин улар билан эшитмайдилар. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир” (Аъроф, 179).
Муфассирлар , ушбу оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган, дейди. Яъни, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панд-насиҳатни эшитсалар-да, унга амал қилмаганлар назарда тутилган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир” (Моида, 32).
Ушбу оятдаги “исроф қилувчилардир” хабаридан мурод – мол-дунёни исроф қилиш эмас, балки умрни гуноҳ ва жиноий ишлар билан исроф қилиб ўтказишдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (солаллоҳу алайҳи ва саллам) халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида бундай огоҳ этганлар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмони фарқига бормаса, мўминга зиён етказишдан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” (Имом Муслим ривояти).
Имонли, виждони пок, қалбида Ватанга, халқига муҳаббатли киши ҳеч қачон ўзи билиб тургани ҳолда хато ишларга қўл урмайди. Ватан меҳри, дегани шунчаки айтиладиган сўз эмас, балки у – бахт топган остонамиз – оиламиз, бизни элу юртга қўшган урф-одатларимиз, удумларимиз – миллий қадриятларга, биз ўсиб-улгайган тупроқ, ота-онамиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатимиз, ҳаяжонли туйғуларимиздир. Фақат буни биз ҳис қила билсаккина, у қалбдан чиқади, самимий бўлади.
Дин душманлари одамларнинг қўлларига қурол бериб, инсониятга зид бўлган қабиҳ режаларини амалга ошириш пайида экан, шу Ватан учун, миллат келажаки, фарзандлар камоли, динимиз ривожи учун ҳам ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз лозим. Ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва кашандаликка қарши бутун чоралар билан кураш олиб бориш инсониятнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан биридир. Бу ишдан мусулмонларимиз ҳам четда турмасликлари, ёшларга бу одатларнинг зарари ва келтиражак кулфатлари ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб боришлари, уларни пок турмуш тарзи, гўзал одоб-ахлоққа тинмай тарғиб қилишлари зарур бўлади.
ЎМИ матбуот хизмати
Yeni akit газетаси: "Ўзбекистон-жаҳон маданиятининг ёзма ёдгорликлари ҳазинаси»
Туркиянинг Анатолия ахборот агентлиги "Анадолу" Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фонди директори Шарифжон Исломовдан мамлакатимиздаги қўлёзмалар фонди ҳақида интервью олди. Интервью Анқарада кенг қизиқиш уйғотди ва бир қатор нашрларда, жумладан, Туркиянинг машҳур "Yeni akit" газетасида чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Материалда таъкидланганидек, Ўзбекистон қўлёзмалар фондида 26 минг жилдлик қўлёзмалар, 40 минг жилдлик литографиялар ва 5 мингдан ортиқ тарихий ҳужжатлар сақланади. "Анадолу" нинг Ўзбекистондаги мухбири Бахтиёр Абдукаримов Фонд директори Шарифжон Исломовнинг сўзларига таяниб хабар беришича, Ўзбекистонда камида 40 та кутубхона ва китоб тўпламлари мавжуд бўлиб, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг қўлёзмалар фонди асарлар сони ва мазмуни жиҳатидан дунёдаги энг бойлардан биридир. Энг қадимийси тўққизинчи асрга таалуқли.
- Тўпламдаги қўлёзмалар IХ-ХХ асрларга, литографиялар-ХIХ-ХХ асрларга мансуб. Асарлар асосан араб, форс ва турк тилларида ёзилган, - дейди жамғарма раҳбари.
Шарифжон Исломов бу марказда 26 минг жилдда тўпланган 100 мингдан ортиқ қўлёзма асарлар, шунингдек, 5 мингдан ортиқ тарихий ҳужжатлар ягона нусхада сақланишини таъкидлади. Улар орасида хон, Султон ва амирларнинг фармон ва қарорлари мавжуд бўлиб, улар бугунги кунда минтақа тарихини ҳар томонлама очиб беришга ёрдам беради.
Туркиялик ўқувчилар интервьюлардан Фонд қўлёзмаларни тиклаш, каталоглаштириш ва рақамлаштириш устида иш олиб бораётганини билиб олишди. Энг қимматли асарлардан бири Ибн Синонинг "Тиб илмининг қонуни"дир. Китобнинг ягона тўлиқ нусхаси Ўзбекистон Фанлар Академиясининг қўлёзмалар тўпламидадир. Бу нусха ўн олтинчи асрда турли тилларга таржима қилинган.
Материалда таъкидланганидек, Фонд Қуръоннинг "Лангар Мусхафи" деб номланган нодир қўлёзмаларидан бирини ҳам сақлайди ва у таҳминан IХ асрга тегишли. "Фондда ушбу қўлёзма Қуръоннинг бир саҳифаси, Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонасида 12 саҳифаси, Россиядаги музейда бир неча саҳифаси мавжуд", - дейди Исломов.
1993-йил сентябрь ойида Истанбулда ташкил этилган Yeni akit -оммабоп кундалик газета.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Неъматни изҳор қилиш
Имрон ибн Ҳусайн розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло бандасига бирор неъмат берган бўлса, албатта, ўша неъматнинг асарини унда кўришни яхши кўради” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).
Ҳадисдан мўмин киши неъматга шукр қилиб, ибрат маъносида изҳор этиши Аллоҳга маҳбуб экани келиб чиқади. Бошқа бир ҳадисда зебу зийнат ва кийим-кечакка меҳр қўйишдан қайтарилган. Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар еб-ичиш ва кийинишда соддаликни одат қилганлар. Ҳатто Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу одамлар орасида ямоқ кийимда юрар эдилар.
Хўш, буни қандай тушуниш керак? Зийнат ва янги кийимни тарк этишдаги тарғиб кибр ва фахрланишдан тийилиш учундир. Чунки инсон табиатида янги кийим, зебу зийнат билан ғурурланиш ҳисси мавжуд. Қолаверса, бу ҳиссиётни бошқаларнинг хушомади алангалатиб юборади. Одатда инсонлар нинг аксари, айниқса, ёшлар шундай эканига гувоҳ бўламиз: улар кийиниш, юриштуриш ва модада ажнабийларга тақлид қилишни жуда яхши кўришади…
Аммо янгисига қурби ета туриб, эски кийим-бошда юриш дуруст эмас. Чунки бу зиқналик ва қурумсоқлик аломатидир. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳунинг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло саховатпеша мўминни, у қандай кийинишидан қатъи назар, яхши кўради (яъни у ҳар қанча янги, гўзал ва яхши либос кийса ҳам зарари йўқ)” (Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсияларига биноан банда ўзига берилган неъматни намоён қилгани яхши. Аммо бунда кибр ва фархланиш каби иллатларга берилмаслиги лозим.
Неъматга қараб уни зоҳир қилиш ҳам турлича бўлади. Дунёвий неъматларни эслаб, Аллоҳ таолога шукру сано айтиш ва хайрли ўринларга сарфлаш лозим. Ўша неъматдан дарак бериб турадиган янги ва яхши кийимларни кийса бўлади. Бироқ бунда ўта муболаға қилиб юбормайди. Нарсалари ва либосларини покиза сақлашга ҳамда имкон қадар янгироғини кийишга ҳаракат қилиш лозим. Молиявий аҳволи яхши бўлган киши кийимларнинг энг сифатлиси ва муносибини ихтиёр қилсин. Албатта, бу борада либосларнинг шариат андозасига мувофиқ келиши жуда муҳим. Бундай киши либосларини яроқсиз бўлиб қолгунича кийиши шарт эмас. Балки бир муддат кийгач, уни бошқасига ҳадя қилиб, ўзи янгисини олиб кийса, савоб иш бўлади. Зеро, бу билан ҳам ўзидаги неъматни изҳор қилган, ҳам бир мўминнинг кўнглини кўтарган бўлади. Покизаликка хизмат қиладиган совун, шамьпун ҳамда хушбўй таратиб турадиган атир каби воситаларнинг ҳам энг яхшиларини ишлатиши мақсадга мувофиқ.
Инсонга илм берилган бўлса, унинг изҳори илмига амал қилиш, хулқини сайқаллаш, олий ишларга интилиш, бошқаларга ҳам илм ўргатиш ва бунда тавозели бўлиш билан юзага чиқади.
Ҳадисдан Аллоҳ таоло бандасини янги ва чиройли либос кийгани учун эмас, балки ўзидаги неъматни шукр ила зоҳир қилгани учун яхши кўриши маълум бўлади. Демак, кишининг мол-давлат соҳиби экани хайр-эҳсонлар қилиш билан чекланиб қолмас экан. Балки у хайру саховат билан бирга кўркам қиёфа ва хулқда ҳам бошқаларга ўрнак бўлиши мақсадга мувофиқ. Қолаверса, бу иш кимдан ёрдам сўрашни билмай турган ҳожатманд кишиларга асқотиб қолиши мумкин. Бироқ, имконияти етмаса-да, кийинишда муболаға қиладиганлар ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам алдаган бўлади. Бу эса Аллоҳ таолога хуш келмайди.
Мансур ЎРОЛОВ,
Тошкент шаҳридаги «Нўғайқўрғон» жоме масжиди имом ноиби
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 2-сонидан.
Бемор бўлганда бажариладиган 4 суннат
- Дард ҳам, шифо ҳам Аллоҳдан эканига қалбдан таслим бўлиш, бунга қатъий ишониш. Ҳар бир яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридандир. Бунга қалб ила таслим ва рози бўлиш лозим. Ҳар қандай синовларни розилик билан қабул қилиш мусибатларни енгишнинг гўзал муолажасидир. Аксинча, синовларга ношукрлик қилиш, жазавага тушиш мусибат устига мусибатдир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир” (Ҳадид сураси, 22-оят).
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Имоннинг юксак даражаси Аллоҳнинг ҳукмига сабр қилиш ва тақдирга рози бўлишдир”.
- Дардга шифо излаш. Шифо Аллоҳдан эканига имон келтирган ҳолда, шифога олиб борувчи ҳалол йўл ва сабабларни излаш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Даволанинглар! Аллоҳ азза ва жалла қайси бир дардни берган бўлса, унинг шифосини ҳам берган”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Албатта, шифони ёлғиз Аллоҳ беради. Қуръони каримда бундай дейилади: “Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур” (Шуаро сураси, 80-оят).
Аммо истеъмол қиладиган дори-дармонимиз бир сабаб, холос. Сабабни тарк этиш бандани ҳалокатга дучор этади.
- Беморлик сабабли гуноҳлар мағфират этилишига умид қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат – ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам – ғуссами, ҳаттоки тикан киришими етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, деганлар.
- Дуо қилиш.
Аллоҳ таолодан нафақат ўзингиз ёки оилангиз, балки бутун мусулмонларнинг ҳаққига сиҳат-саломатлик сўраб дуо қилинг.
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки бирор ерлари оғриса муборак қўлларини оғриётган жойга қўйиб уч маротаба “Бисмиллаҳ” деб, етти маротаба бундай дер эдилар: “Аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳозиру” (Имом Аҳмад, Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом барча касалликларга ва иситма чиққанида:
“Бисмиллаҳил Карийм, аъузу биллаҳил аъзийм, мин шарри кулли ҳирқин наҳҳар ва мин шарри ҳаррин нар”, деб айтишни ўргатганлар (Имом Ибн Сунний ривояти).
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кимки касал бўладими, ё соғ бўладими ҳамиша Аллоҳнинг розилигига интилиш лозим. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага Қодир, неъматларини беминнат берувчи ва ҳар нарсадан хабардор Зотдир.
Даврон НУРМУҲАММАД