muslim.uz
Сайёрамизда Муҳаммад исмли одамлар қанча?
Муҳаммад исми бутун дунёда жуда оммалашган. Independent маълумотларига кўра, сайёрамиздаги 150 миллион нафар эркак ва ўғил болаларнинг исми Муҳаммад.
Энди дунёдаги энг оммалашган исмлардан бири АҚШдаги болалар орасида ҳам энг кенг тарқалган исмлардан бирига айланди. BabyCenter сайти маълумотларига кўра, Муҳаммад исми ўғил болаларга қўйиладиган энг оммабоп 10та исм рўйхатидан жой олди.
2013 йилда Муҳаммад исми топ юзталикдан жой олган, бироқ ҳали топ ўнталикка кирмаганди.
Шунингдек, Буюк Британия ва бошқа кўпгина давлатларда ҳам Муҳаммад исми энг кўп қўйиладиган исмлар қаторидан жой олмоқда.
Маълумот ўрнида: “Муҳаммад”нинг маъноси – тўхтовсиз, тинимсиз, ҳамиша мақталадиган, демакдир[1]. Яъни, мақтовга муносиб сифатлари, мақтовли хислатлари, мақтовга лойиқ амаллари ва тақдирланарли ишлари жуда ҳам кўп, улуғ фазилатлар эгаси.
Ибодатнинг мағзи нима?
Дуода асл мақсад банданинг ҳолини Раббисига арз қилиши бўлгани боис бу иш Аллоҳ ва бандаси орасидаги муносабат, алоқадир. Бунда банда Яратувчиси, Ризқлантирувчисига ҳолини баён қилиб, ожиз ва хатокор эканини эътироф этади. Аллоҳдан мағфират сўраш баробарида ёрдам ҳам истайди. Бу ҳол банданинг Аллоҳга боғланиши, ундан ҳожатларини сўрашидир. Зеро, ҳар жабҳада Аллоҳ таолога муҳтож, ожиз ва нотавон бўлган қулнинг вазифаси ҳам Раббига дуо қилишдир. Ичдан, самимий қилинган дуони эса Аллоҳ қабул қилиши умид қилинади.
«Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир сураси, 60-оят).
“… Агар дуоларингиз бўлмаганида, Парвардигорим сизларга парво қилмас эди” (Фурқон сураси, 77-оят).
Дуо ибодатларнинг мағзидир. Ҳаётни қамраган ибодат саналмиш дуонинг асосий васфи тавозедир. Кибрдан халос бўлган инсонгина дуо қилишга йўналади. Аллоҳга тақдим этилганда амал қиладиган сармоядир дуо. Чунки Яратганнинг наздида на мол-мулк, на башарий нарсаларнинг аҳамияти йўқ. Дуо бизни Аллоҳ ҳузурида қадрли қиладиган воситадир.
Дуо – яратилишимиз замири бўлган ибодатнинг муҳим унсурларидан. “Жин ва инсонларни ёлғиз менга ибодат қилишлари учун яратдим”, дея мавжудлигимиз ғоясини баён қилган Раббимиз соғлом ақл эгалари учун энг тўғри нишонни, манзилни кўрсатиб қўйгандир.
Дуо фақатгина эҳтиёжларни баён қилиш эмас, балки инсоннинг маънавий сезгилари, илоҳий неъматлар мўъжизаларидан ҳайратланиб, кўрган, ҳис қилган нарсаларини эътироф этиши, тилга олиши ҳамдир.
Дуо банданинг ўз ожизлигини идрок этиб, Яратувчига сиғинишидир. Фақат қийин вазият ё машаққатга дуч келганда эмас, умри мобайнида иртиботини узмаслигидир. Яъни, дуо Аллоҳни доимий зикр қилишдир. Аллоҳдан бир лаҳза ҳам ғофил қолмасликдир.
Дуо икки сўз билан тугал бўладиган, сўзнинг қолипига сиғадиган кичик ва аҳамиятсиз нарса эмас. Дуо бизнинг ҳаётимиз орқали яшаши лозим. Дуо бўлмаса, Аллоҳнинг ризоси ва жаннатига қандай эришамиз?!
Аллоҳим! Дунё ва охиратда Сендан афв, офият тилаймиз. Динимиз, дунёмиз, оиламиз, жонимиз, молимизга хайр сўраймиз. Хатоларимизни кечириб, олдимиздан, ортимиздан, ўнгимиздан, сўлимиздан, устимиздан Ўзинг ҳимоячи бўл! Аллоҳим! Сендан фойдали илм, ҳалол ризқ ва мақбул амал сўраймиз. Дуоларимизни қабул айла. Омин.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 8-сони
Дангасаликнинг зарарлари (давоми)
- Хасрат ва надомат
Албатта дангасалик кишининг ҳаётлик чоғида ҳам, вафот этар соатида ҳам, ҳатто вафотидан кейин ҳам хасрат ва надоматига сабабчи бўлиб қолади. Бу борада Қуръони каримда бундай дейилган:
أَنْ تَقُولَ نَفْسٌ يَا حَسْرَتَا عَلَىٰ مَا فَرَّطْتُ فِي جَنْبِ اللَّهِ وَإِنْ كُنْتُ لَمِنَ السَّاخِرِينَ
Жон: «Аллоҳ ҳақида йўл қўйган камчиликларим учун надомат бўлсин. Тўғриси, мен масхара қилгувчилардан бўлган эдим», демасидан олдин... (Зумар сураси, 56-оят).
يَا وَيْلَتَىٰ لَيْتَنِي لَمْ أَتَّخِذْ فُلَانًا خَلِيلًا
“Эй воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмасам эди” (Фурқон сураси, 28-оят).
يَقُولُ يَا لَيْتَنِي قَدَّمْتُ لِحَيَاتِ
“У, афсуски, (охират) ҳаётимга ҳам бирор нарса тақдим қилсам бўлар экан, дейдир” (Фажр сураси, 24-оят).
- Ғофиллик ва қалбнинг муҳрланиши
Шунингдек, дангасалик кишининг ғафлатда қолишига ва қалбини муҳрланиб, яхшилик ва хайрли ишлардан юз ўгирадиган шахсга айланиб қолишига сабаб бўлади. Охир оқибатда эса барча яхшиликлардан бебаҳра қолади ва гуноҳ-маъсиятларни қилишни енгил санайдиган осий бандага айланади.
Бу борада Қуръони каримда бундай дейилган:
فَلَمَّا زَاغُوا أَزَاغَ اللَّهُ قُلُوبَهُمْ
“Улар (ҳақдан) бурилган эдилар Аллоҳ уларнинг қалбини буриб қўйди” (Соф сураси, 5-оят).
سَأَصْرِفُ عَنْ آيَاتِيَ الَّذِينَ يَتَكَبَّرُونَ فِي الْأَرْضِ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَإِنْ يَرَوْا كُلَّ آيَةٍ لَا يُؤْمِنُوا بِهَا وَإِنْ يَرَوْا سَبِيلَ الرُّشْدِ لَا يَتَّخِذُوهُ سَبِيلًا وَإِنْ يَرَوْا سَبِيلَ الْغَيِّ يَتَّخِذُوهُ سَبِيلًا ۚ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمْ كَذَّبُوا بِآيَاتِنَا وَكَانُوا عَنْهَا غَافِلِينَ
“Энди ер юзида ноҳақдан мутакаббирлик қилаётганларни, барча оятларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмаётганларни, тўғрилик йўлини кўрсалар ҳам, уни ўзларига йўл тутмаётганларни, агар адашув йўлини кўрсалар, уни ўзларига йўл тутаётганларни Ўз оятларимдан бураман. Бундай бўлиши уларнинг оятларимизни ёлғонга чиқаришлари ва улардан ғофил бўлишлари сабабидандир” (Аъроф сураси, 146-оят).
وَنُقَلِّبُ أَفْئِدَتَهُمْ وَأَبْصَارَهُمْ كَمَا لَمْ يُؤْمِنُوا بِهِ أَوَّلَ مَرَّةٍ وَنَذَرُهُمْ فِي طُغْيَانِهِمْ يَعْمَهُونَ
“Худди аввал иймон келтирмаганларидек, қалблари ва кўзларини буриб қўярмиз ва туғёнларида довдираган ҳолларида тек қўярмиз” (Анъом сураси, 110-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни бу зарарлардан йироқ қилсин!
Яҳё Абдураҳмонов Убайдуллоҳ ўғли,
“Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби
Коронавирусга чалиниб, ундан тузалган кишининг маслаҳатлари
«Кимларгадир керак бўлиб қолар, деган ўйда касаллик тарихимни ёзиб қўйяпман. Аллоҳ ҳамма беморларга шифо берсин.
КАСАЛЛИК ТАРИХИ ВА ДАВО УСУЛЛАРИ
• 2020 йил 23 мартдан 2020 йил 6 апрелга қадар, 14 кун мобайнида иситмам тушмади. Қаттиқ совқотдим, титрадим, бироз бошим оғриди, нафас олишим қийинлашди.
• Иситманинг ўн биринчи куни, 2020 йилнинг 3 апрелида доктор келиб, «Катта эҳтимол билан коронавирус бўлиши мумкин», деди. Шифохонага боришга рози бўлмадим. Улар ҳам мажбур қилмадилар.
• Таҳорат олишим ва намоз ўқишим бироз оғир бўлса-да, давом этиб турди ва бу жуда катта маънавий қувват бўлди.
• 2020 йил 6 апрел, душанба кунидан бугунга қадар иситмам чиқмади. Фақат қувват йўқ, холос.
• 2020 йил 7 апрел, сешанба куни машинада бироз юриб кўрдим. Хато қилган эканман. Дарров тўхтатдим.
• Чоршанба ва пайшанба кунлари тахминан 300 метрдан пиёда юрдим. Қаттиқ чарчадим.
• Кеча жума куни тахминан 2 км юрдим. Тўртга бўлиб. 500 метрдан. Ҳар юрганимда қаттиқ чарчадим ва қотиб ухладим.
• Бугун бирданига 2 км юриб келдим. Қаттиқ чарчадим ва қотиб ухладим. Иситмам чиқмади.
ОДАМЛАРНИНГ КЎРСАТМАЛАРИ, МАСЛАҲАТЛАРИ БИЛАН ҚУЙИДАГИ ДАВОЛАРНИ ҚЎЛЛАДИМ:
1. Занжабилни асалга аралаштириб қўйиб, тинимсиз чой қилиб ичдим. Ҳозиргача ичяпман.
2. Хушхўр бўлиши учун қизил малинадан ҳам аралаштириб турдим.
3. Оёғимнинг остига пиёз босиб юрдим, ухладим.
4. Парацетамол ичиб турдим. Иситмам тушганидан кейин тўхтатдим.
5. Оёғимни бир неча марта иссиқ сувга солиб ўтирдим.
6. Яхши овқатландим. Кўпроқ шўрва ва мастава. Парҳезни тўхтатдим. Семириб кетиб қолишдан кўра тузалмай қолишдан кўпроқ қўрқдим.
7. Олма сиркасини сувга аралаштириб баданимга суртдим. Спирт билан ҳам шундай қилдим.
8. Седана ёғини ичдим. Седанани асалга аралаштириб едим.
9. Асал ва лимонли чой ичдим. Кўп ичдим.
10. Қайнаган сувнинг ўзини ҳам кўп ичдим.
11. Иситма бироз тушганидан кейин малҳам суриб массаж олдим.
12. Кўп Қуръон эшитдим. Атрофимдагилар Қуръон ўқиб дам солдилар.
13. Хонани тез-тез шамоллатиб, ҳавосини алмаштириб турдилар.
2020 йил 11 апрел куни ёзилган
islaminstitut.uz
Сўкинишдан сақланинг!
Сўкинч ва ҳақорат инсоннинг кайфиятини бузиб, сўкиш эшитган одамни дили оғриб, кўнгли ўксийди.
Уйдаги фарзанд ҳам ота-онадан ҳамиша ширин сўз кутади. Зеро, яхши гапга илон инидан чиқади. Мусулмон кишиларнинг сўкиниши фазилат саналмайди, фосиқлик ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлашларича, “Сўкинишни бошлаган киши гуноҳкор бўлади, сўкиш эшитган эса, мазлум бўлади”. Ўзаро жанжаллашиб, одамлар бир-бирини ҳайвонлар номи билан атаб ҳақоратлаши ҳам динимиз талабига тўғри келмайди. Ҳатто ҳайвонларнинг ўзини, паррандаю даррандаларни ҳам сўкиш ман қилинган.
Расулуллоҳ: “Хўрозларни сўкманглар, зеро улар одамларни бомдод намозига уйғотадилар”, дея айтганлар ҳадисларда.
Ҳозирги кунда пана-пастқамларда эмас, жамоат жойларда айрим ёш яланг, оғзи бузуқ эркакларнинг сўкинишлари қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Ижтимоий тармоқдаги суҳбатларда турли майда ва фитна гаплар ортидан сўкинишлар, ҳақоратлар бошланади. Ҳаттоки ота-онадан сўкинишгача етиб борадилар, ота-онадан сўкиш, ўз ота-онасини сўкиш билан баробар бўлган гуноҳи кабирадир. Қаердан туриб сўкинаётган бўлмасин гуноҳлигини албатта идрок қилиши керак.
Ўспирин ёшлар орасида ҳазиллашиб, бир-бирларини нолойиқ сўзлар билан аташ, ота-онасини қўшиб сўкиш ҳоллари кўп учрайди. Бундай тубан ҳазиллар ҳам тарбиясизлик оқибатидир. Сўкишни ишлатадиган одамлар, олий илм даргоҳини битирган бўладими, катта мансаб эгаси бўладими, яхши яшаб, яхши кийинган бўладими, ким бўлишидан қатъий назар беодоб фосиқ бўладилар. Чунки Расулуллоҳ: “Мусулмонни сўкиш фосиқликдир, у билан урушиш куфрдир”, деганлар.
Шарият кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар, сўкувчилар тавба қилиб, ўзларини тузатиб олишлари керак. Биз мусулмонлар ўзимизнинг барча ишларимизда яхши сўзларни айтиб, ёмон сўз ва амаллардан қайтишимиз лозим. Ислом динимизнинг нафақат одамни балки ҳайвонни ҳам сўкишни ман қилади. Ёш болаларимизни шу руҳда тарбиялаб боришимиз, катталар ёшларга ўрнак бўлмоғимиз лозим.
ЎМИ матбуот хизмати