muslim.uz

muslim.uz

Воскресенье, 11 Ноябрь 2018 00:00

“Мурувват карвони” Навоий вилоятида

Куни кеча, «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири Навоий вилоятида ўтказилади. Юк автомашинасига ортилган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ва диний-маърифий китоблар ушбу вилоятга етиб борди. Вилоятнинг марказий масжиди ҳисобланган “Алишер Навоий” жомесида хайрия тадбири бўлиб ўтди. Унда ёрдамга муҳтож кишиларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ва имконияти чекланган шахсларга ногиронлик аравачалари ҳамда диний соҳа ходимларига маърифий адабиётлар тақдим этилди.
Шунингдек, вилоятдаги айрим кам таъминланган оилаларнинг таъмирга муҳтож уйлари бориб ўрганилди, яқин кунларда ёрдам бериш режалаштирилди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Меҳрибонлик уйи”га ҳам ташриф буюрилиб, 118 нафар болаларга эҳсон дастурхони ёзилди ва инглиз тили бўйича дарслик китоблари тарқатилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 2025 йилгача соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича концепция лойиҳасини пухта ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ҳақда 9 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Давлат раҳбари соҳани молиялаштиришнинг амалдаги смета усули эскиргани, тиббиёт муассасалари қанча бемор даволанганига қараб эмас, койка-ўринлар сонига қараб молиялаштириб келинаётганини айтган.

"Бугунги замон талаблари ва хориж тажрибасидан келиб чиқиб, синов тариқасида мамлакатнинг 14 та ҳудудида биттадан тиббиёт бирлашмасини аҳоли жон бошига ва стационар шароитда даволанганлар сонига қараб молиялаштириш бўйича топшириқ берилди", дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Статистикага кўра, камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш оқибатида Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга, одамларнинг 46 фоизи қон таркибида меъёрдан ортиқ холестерин мавжуд, 31 фоизида қон босими юқори.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қозоғистон мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, мамлакат жанубидаги Жамбил вилоятида иккита масжид очилди.

Масжидларнинг очилиш маросимида Қозоғистон мусулмонлары идорасининг раиси, бош муфтий Серикбай ҳожи Ўраз иштирок этди. Аввалига Жамбил вилояти маркази ҳисобланувчи Тароз шаҳрида “Наметбай” масжиди фойдаланишга топширилди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 800 киши намоз ўқиши мумкинлиги қайд этилган.

Эртаси кун эса Шуй туманидаги Балуан Шолақ қишлоғидаги масжидниннг очилиш маросими ўтказилгани Azon нашри томонидан маълум қилинган. Маросим Қуръон тиловати билан бошлангае. Қозоғистон бош муфтийси масжид қурилиши учун ташаббус кўрсатганларга алоҳида миннатдорлик билдирдган. Балуан Шолақ қишлоғи масжидида бир пайтнинг ўзида 400 киши намоз ўқий олиши айтилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Самарқанд вилоятидан “Умра-2018-2019” мавсумининг дастлабки зиёратчилари вилоятдан пойтахтга қараб жўнаб кетдилар.

Уларни кузатиш жараёни алоҳида эҳтимом ва кўтаринки кайфият билан ташкил этилди. Зиёратчи отахону-онахонлар дастлаб вакиллик биносига тўпландилар. У ерда уларга Самарқанддан бошлаб Саудия Арабистонигача бўлган сафар қоидалари ва манзилга етиб борганда қилиниши лозим бўлган ишлар яна бир бор қисқача эслатиб ўтилди. Сўнгра уларни йўлга кузатиш ишлари бошланди. Замон талабларига тўлиқ мос келадиган, қулай шароитли автобусга чиққан зиёратчиларнинг юзларида хурсандчилик, завқу-шавқ, шукроналик балқ уруб турарди.  Уларни Самарқанддан вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари вакиллари, вилоят вакиллиги ходимлари ва зиёратчиларнинг яқинлари кузатиб қолишди.

47 нафар зиёратчидан иборат дастлабки гуруҳга вилоят бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов раҳбарлик қилмоқда.

Зиёратчилар шу куннинг ўзида кеч соат 17.40да Тошкент халқаро Аэропортидан Саудия Арабистонига қараб учиб кетадилар.  

 

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги

 

 

Сўнгги икки йил мамлакатимиз ҳаётида катта ўзгаришларга, юксалишларга бой бўлди. Республикамиз раҳбарияти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсат узоқ-яқин давлатлар билан дўстона алоқаларимизни янада яхшилашга хизмат қилмоқда. Иқтисодий-ижтимоий соҳада юз берган ўзгаришлар одамларимизнинг турмуш даражаси яхшиланиб боришини таъмин этмоқда. Таълим соҳасида бўлаётган янгиликлар ҳам ёшу қарининг хурсандчилигига сабаб бўлмоқда. Айниқса, диний-маърифий соҳада қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, бундан республикамиз аҳолиси ҳам, хорижлик маърифатпарвар инсонлар ҳам беҳад мамнун бўлмоқда. Хусусан, юртимизга ташриф буюриб, бу ердаги ўзгаришлар билан яхши танишган, уламоларимиз, имом-хатибларимиз билан ҳамсуҳбат бўлган хорижлик номдор алломалар – Шайх Аҳмад Таййиб, Муҳаммад Аввома ва бошқаларнинг қанчалик ҳавас қилиб кетганига ўзимиз гувоҳмиз.
Ватанимиз равнақини, миллатимиз келажагини илми бутун ёшлар тимсолида кўрган муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ўтган йили Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг очилиши эса хорижлик мутахассисларни ҳам қизиқтириб, уларни шу даргоҳда ишлашга ҳавасманд қилиб қўйди. Юртимизда замонавий фикрлайдиган, диний ва дунёвий илмларни пухта ўзлаштирган диний кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилаётгани ҳақ гап.
Дунёда иқтидорсиз одам бўлмагани каби иқтидорсиз миллат ҳам йўқ. Фақат ўзида мавжуд иқтидорни юзага чиқариш учун кўп меҳнат қиладиган ва камроқ ҳаракат қиладиган одамлар ҳамда ўша одамлардан ташкил топган миллатлар бор. Кимнинг ёйинки қайси миллатнинг нимага иқтидори борлигини билмоқчи бўлганлар кўҳна тарих зарварақларини саҳифалаб кўрса, ҳаммасини очиқ-ойдин кўради.
Ҳазрат Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркийларнинг ниҳоятда тезхотир ва илмга ташна халқ эканини таъкидлаб ўтган. Бу борада бобою момоларимиз қўлга киритган ютуқларни санаб чиқишга уриниб ўтирмадик. Зеро, яна бир мутафаккир бобомиз Бобур Мирзо таъбири билан айтганда, аён гапнинг баёнига не ҳожат. Аммо мавзуга дахлдор бўлгани боис Имом Бухорий, Имом Термизийларнинг номини тилга олиб ўтсак, фикримиз тушунарлироқ бўлади, деган умиддамиз.
Юртимизга Ислом дини кириб келган паллаларда миллатимизнинг табиатида ана шу муборак динга мойиллик бўлгани ҳамда миллатимиз фарзандларининг Ислом динини ўрганишга, хусусан, ҳадис илмига катта иқтидори борлиги юқорида номи тилга олиниб ўтган зотлар сиймосида яққол кўзга ташланди.
Хабарингиз бор улкан ўзгаришларга бой бўлаётган жорий йилимизнинг 16 апрелида муҳтарам Президентимизнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Мазкур фармон ижросини таъминлаш, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини пухта ўрганиш, улар асос солган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, шунинг баробарида, соҳага оид олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорда Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланиши кўрсатилган. Мактаб битирувчиларига диний таълим соҳасидаги бакалавр даражаси берилади.
Мазкур мактабда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг асл моҳияти ўргатилиб, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассислар тайёрланади. Шунингдек, ҳадислардаги эзгуликка бошловчи умуминсоний ғояларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш ҳам мактабнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.
Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. 2018-2019 ўқув йили учун қабул квотаси 10 та ўрин этиб белгиланган ва унга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг битирувчилари саралаб олинади.

Бу хабарни эшитиб, Ватанимиздаги ушбу мўътабар илмга қизиққан ёшларимизнинг севинчи ичига сиғмасдан тезроқ қабул кунлари бошланишини кутаётганини кўриб биз – катта авлод вакиллари ҳам севинмоқдамиз. Зеро, фарзандининг камолотга интилганига гувоҳ бўлиб, бундан қалби севинчга тўлиши ота-оналик шарафидир. Юрагига илмдан чўғ тушган фарзандларимиз шунга диққатли бўлиб араб тилини яхши ўрганишларини истаймиз.
Қарорда кўрсатилган муҳим вазифалардан бири – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда мактаб билан хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хорижлик профессор-ўқитувчиларни мактабга жалб қилиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, мактаб профессор-ўқитувчиларини малака ошириш, тажриба алмашиш ва ўқитиш учун чет мамлакатларга юбориш чораларини кўриши белгилангани янада қувончли иш бўлди.
Дарҳақиқат, илм тажриба алмашиш орқали камол топади. Шу мақсадда, бу даргоҳда юртимизда асрлар давомида шаклланган ҳадис илми мактаблари анъаналарини давом эттиради. Шунингдек, ўқув режаларини тузишда Миср, Мавритания, Туркия, Покистондаги ҳадис илмлари бўйича дунёнинг етакчи ўқув юртлари тажрибаси ўрганилди ва уларнинг қўлга киритган ютуқлари амалга жорий этилади.
Айни кунларда Ҳадис илми мактаби учун янги ўқув биноси барпо этилмоқда. Унда барча замонавий шароитлар мавжуд бўлади. Дарслар замонавий педагогик технологиялар, шунингдек, устоз-шогирд анъаналари асосида олиб борилади.
Ушбу даргоҳда ҳадис илмлари бўйича илмий даражага эга бўлган малакали ўқитувчилар дарс беради. Шунингдек, дунёга машҳур Ал-Азҳар университети ва бошқа нуфузли ўқув юртларидан ҳам ўқитувчилар чақириш режалаштирилмоқда.
Ҳадис илми мактаби дунёга илм-маърифат эшикларини очиб берган улуғ алломаларимиз, муҳаддис аждодларимиз ишларини давом эттириш имкониятини тақдим этмоқда. Албатта, бу даргоҳда таълим олган ёшларимиз эртага малакали мутахассислар сифатида аждодларимизнинг давомчиси бўлишга, ёшларимиз онгини ёт ғоялардан ҳимоя қилишга, уларда чинакам мафкуравий иммунитет шаклланишига, динимиз софлигини одамлар онгу шуурига сингдиришга хизмат қилади, иншоаллоҳ.


Усмонхон Алимов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Мақолалар

Top