muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг асрий анъаналари билан ҳамоҳанг равишда яратилиб, фаровон турмуш, фуқароларимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодасидир. Мана неча йиллардан бери мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Бош қомусимизни “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида ҳақиқий халқчил ҳужжатга айлантириш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Зеро, бу Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор мақсади ҳисобланади.

Хабарингиз бор, бундан бир неча ой муқаддам Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия тузилган эди.

Бу борада фуқаролар ва кенг жамоатчилик вакиллари таклифларини йиғиб, умумлаштириш, уларни Конституциявий комиссияга тақдим этиш тизимини ишга тушириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мутасаддилар томонидан “Менинг Конституциям” онлайн платформаси, колл-марказ, почта, жумладан, электрон почта ҳамда телеграм махсус боти орқали таклиф ва мулоҳазалар юбориш учун барча имкониятлар яратилди.

Конституциявий комиссия ўз фаолиятини уч босқичда амалга ошириб, биринчи босқичда Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифларни қабул қилиш, жамлаш ва таҳлил қилинди. Қисқа муддатда фуқаролардан 60 мингдан зиёд таклиф ва ғоялар келиб тушди. Иккинчи босқичда эса парламент томонидан ишлаб чиқилган, такомиллаштирилаётган Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқилди. Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига чиқарилгандан сўнг 1 августга қадар 150 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди.

Якуний босқичда эса умумхалқ муҳокамаси натижасида маромига етказилган қонун лойиҳаси Президентимиз таклифига асосан, референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиниши белгиланган.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур жараённи таҳлил қилиш, мавжуд хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш давлатимиз раҳбарининг диққат-эътиборида бўлди. Жумладан, Президентимиз жорий йилнинг 20-июн куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашув ўтказиб, энг аввало, мазкур ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга хизмат қилиши таъкидлади. Бундан ташқари, истиқлолимизнинг 31 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ҳам Бош қомусимизни такомиллаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси жорий йилнинг 25-июнидан умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Эътиборлиси, ушбу жараёнлар халқимизнинг катта қизиқишига сабаб бўлди. Фуқароларимиздан келиб тушган таклиф-мулоҳазалар, истаклардан келиб чиқиб, конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддати икки маротаба узайтирилганини қайд этиш жоиз. Бу эса аҳолида сиёсий онг ва маданият, ҳуқуқий саводхонлик, мамлакатнинг эртанги кунига бўлган дахлдорлик туйғуси янада ортганидан далолат беради. Натижада Конституциямизнинг муқаддимасидан тортиб, 76 та моддасига тузатишлар, 15 та янги модда ва 1 та янги боб киритиш назарда тутилган конституциявий қонун лойиҳаси шакллантирилди.

Хулоса қилиб айтганда, Бош қомусимиз миллатнинг юзи, халқнинг эркини ифодасидир. Уни такомилга етказишда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Президентимиз айтганидек, “Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим”.

Манба: ЎзА

1-декабрь – Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз уч йиллиги байрами муносабати билан Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти устоз ва талабалари халқимизни ушбу байрам билан муборакбод этди.

Ҳозир ишлатадиган телефонингизнинг модели қанақа? Нархичи? Миниб юрган машинангиз ҳам арзон бўлмаса керак? Ҳар ҳолда совриндан ютиб олмагансиз. Меҳнат қилгансиз, пул йиққансиз. Яшаётган ҳовлингиз ва бошқа шахсий буюмларингизнинг қиймати қанча? Анча! Чунки ҳозирги кунда уйлар қимматлиги ҳеч кимга сир эмас.

Тасаввур қилайлик, бир кунда севимли аҳлимиз, фарзандларимиздан маҳрум бўлсак... Камига ишимиз, уйимиз, машинамиз, қимматбаҳо буюмларимиздан ҳам айрилиб қолсак, ҳеч вақойимиз қолмаса... Қай аҳволга тушамиз экан... Инсон ўйлаб кўришга ҳам чўчийди. Йўқ, ҳаммасидан айрилган инсон ақлини йўқотиб, сазойи ва мажнунга ўхшаб қолса керак. Яшашдан мақсад, илинж ҳам кесилади.

Афсуски, бир кеча-кундузда қанчадан-қанча одамлар мана шу аҳволга тушадилар. Ҳақиқий касодга учрайдилар. Бор-йўқларидан ажраладилар. Улар ким биласизми?

Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу одамни ўз ҳадисларида баён қилиб берганлар: “Аср намози ўтиб кетган инсон – худди аҳли ва моли олиб қўйилган киши кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор узрсиз аср намозини қуёш ботгунга қадар тарк қилса, аҳли ва молидан ажраган кимса каби бўлади”, дедилар (Имом Суютий ривояти).

Уламолар “Бу маҳрумлик нафақат аср намозини, балки, қолган намозларни тарк қилган кимсага ҳам тегишли” дейдилар. Аср намозининг қадри, шаъни ва алоҳида фазилати бўлгани учун хослаб зикр қилинган.

Дунёдаги энг бахтли инсон – намозини ўқиган, ўз вақтида адо этган инсондир, гарчи бой бўлмаса ҳам. Аммо, Аллоҳ бадавлат қилган, намоз ўқимайдиган инсон – аслида ҳеч нарсаси йўқ, ҳақиқий бахтиқаро, касодга учраган кимсадир. Аллоҳ ҳақиқий саодат соҳибларидан қилсин! Ибодатдан маҳрум қилмасин!

Н.Саидакбарова,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Шу кунларда Ўзбекистон ва Белорус ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги доирасида Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази вакиллари ишчи ташриф билан Белорус Республикасида бўлиб турибди. Ташриф давомида “Ўзбекистон-Белорус вақт синовидан ўтган дўстлик” давра суҳбати (28 ноябрь), ўзбек халқининг II жаҳон урушига қўшган ҳиссасига бағишланган кўргазма (29 ноябрь) ўтказилди. 30 ноябрь куни Белорус мусулмонлар бирлашмасида  мазкур идоранинг илмий-тадқиқот бўлими ходими Максат Овезовнинг "Основы религии по убеждениям наставленных Абу Хафса Умара ибн ан-Насафи" китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Асарда буюк аждодимизнинг "Ақоид ан-Насафия" китобидаги матнлар ўрганилган. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан ақоид илми вакилларининг илмий мероси тадқиқ қилинади. Кириш қисмида муаллиф юртимиздаги бирқанча илмий-тадқиқот институтларига мурожаат қилганлиги ва асар учун маълумотлар тўплаганлигини айтиб ўтган.

Тадбир Белорус Мусулмонлар бирлашмаси, Ўзбекистоннинг Белорус Республикасидаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Кун тартибидан китоб тақдимоти билан бирга Абу Хафс Умар ибн ан-Насафий ҳаёти ва ижодига бағишланган давра суҳбати ҳам ўрин олди. Унда белорусиялик диний соҳа вакиллари, ўзбекистонлик Насафийшунос олимлар, хусусан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази мутахассислари онлайн шаклда иштирок этишди. 

Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров, илм аҳли ўртасидаги ўзаро мулоқатнинг ривожланиши халқларимиз ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига, буюк алломаларимиз илмий меросини кенг жамоатчиликка етказиш, айниқса, ёшларни аждодлардан ибрат олиб, тинмай меҳнат қилишга ундашини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар бошлангани,  бу борадаги саъи-ҳаракатларимизда илмий дипломатия муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Мутахассислар китобдан ўрин эгаллаган мазмун-моҳият, илгари сурилган ғоялар ҳақида ўз фикрларини билдирди. Дарҳақиқат, ҳар бир маънавият тарғиботчиси бор экан, ундан зиё тарқатишда юксак билим, самарали меҳнат, тинимсиз изланиш, ўқиб-ўрганиш талаб этилади. Ўзбекистонлик мутахассислар муаллифнинг аждодимиз илмий меросини ўрганиш йўлидаги меҳнатини юксак баҳолади.

Тадбир ўзаро мулоқат шаклида, кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Томонлар бу каби тадбирларни давомий равишда ташкил этиб боришга, ҳамкорликда илмий изланишлар олиб боришга келишиб олдилар.

 

Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати

Мақолалар

Top