muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 03 Декабрь 2022 00:00

Соф эътиқод душманлари

"Тинчлик, миллатлар ва динлараро бағрикенглик, Ватанни ардоқлаш, оилани муқаддас санаш каби ғояларни тарғиб қилувчи динимиз номига доғ тушурган ва бутун жаҳон халқлари нигоҳида ислом динини “терроризм дини”га айлантиришга хизмат қилаётган ва мусулмонларни ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий хизматини йўққа чиқараёзган сохта салафийлик XXI асрда мусулмонлар бошига келган энг катта мусибат бўлди. Бу оқим кўплаб уламоларнинг жонига қасд қилиш, худкушлик, тинч аҳолини қириб ташлаш, вояга етмаган болаларни қўлига қурол бериш, олимларни қадрсизлантириш каби мусулмончиликка умуман тўғри келмайдиган сифатларга эгалиги билан мусулмонларни жаҳон ҳамжамияти олдида қадрсизланишига хизмат қилди.


Сохта салафийлар “тасаввуф – бу куфр”, “мазҳабга эргашиш — ширк”, “васила – ширк”, “Аллоҳ таоло осмонда” каби кўплаб фитнага сабаб бўлувчи мавзулар орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлини заҳарлашга ҳаракат қилдилар ва озми-кўпми жамиятни пароканда қилиш, олимларни қадрсизлантириш ва ёшларни ўз йўлларига оғдириш каби жирканч мақсадларга эришишга интилдилар. Салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидавий фитнаси мусулмонлар орасида тафриқаланишни келтириб чиқаришга сабаб бўлган мавзулардан биридир.


Рисолат даврига назар солинса, Расулуллоҳ алайҳис-салом, у кишидан сўнг саҳобаи киромлар мусулмонларга: “Аллоҳ таоло юқорида” деб эътиқод қилинглар” деб буюрмаганликлари кўзга ташланади. Чунки, у пайтда мусулмонлар орасида “Аллоҳ таоло осмондами, ердами?” деган савол ёки қарашга ўрин йўқ эди. Чунки улар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида содда ва асосли тарзда танир эдилар ҳамда эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалалардан ўзларини олиб қочар эдилар. Шунинг учун ҳам Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳид илмида илмий суҳбат қилмочи бўлсалар, салоҳиятсиз инсонларни суҳбатдан четлатар эдилар.


Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўзини ўзи ёки Расулуллоҳ васф этган нарса билан сифатланади. Бунда Қуръон ёки ҳадисга қўшимча қилмаймиз. Аллоҳ у ила васф этилган нарса шаксиз ҳақ деб биламиз. Шу билан бир қаторда ” (Унга ўхшаш бирор нарса йўқ) деб эътиқод қиламиз. Унинг сифатлари ва феълларини ўхшаши йўқ. Нуқсон ва яратилганликни англатувчи барча нарсадан Аллоҳ азза ва жалла покдир.”.
Имом Шофеъий Имом Моликдан нақл қилган ривоятда, “Расулуллоҳ умматга истинжо ўргатиб, тавҳидни таълим бермасликлари мумкин эмас. У зот ҳадисда: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш билан киши мусулмон бўлади деб айтганлар. Лекин бирор ҳадисда Аллоҳ таолога юқори томонни, яъни осмонни нисбатини бериш тавҳидга алоқадор, деб айтилмаган” дейдилар.


Имом Шофеъий: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳаром ва бу мавзуда чуқур кетиш ҳам” деганлар. Саҳоба ва тобеъинларнинг ҳаётига назар солинса, ақида масаласида улар жуда ҳассос бўлганликлари кўзга ташланади, яъни бу мавзуда улар ўзаро баҳс қилмаганлар. Ақида баҳсига оми халқни жалб қилмаганлар ва минбарларда нозик ақидавий масалаларни мавзу сифатида гапирмаганлар. Сохта салафийлар эса, мусулмонлар орасида мазҳабсизликни сингдириш мақсадида ўз издошларига биринчи кунданоқ “Аллоҳ таоло осмонда”, “васила ҳаром”, “Аллоҳ таолонинг қўли, юзи мавжуд” каби ақидавий масалаларни тизимли баён қилиб келадилар. Ҳолбуки, бу чин салафларнинг йўлига зиддир. Сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодий қарашлари ҳақида сўз юритишдан олдин, аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилиш ва мусулмонлар эътирофига сазовар бўлган салафи солиҳларнинг мавзу бўйича қарашларини келтириб ўтиш ўринлидир. Зеро, биринчи сингдирилган фикр, у қандай бўлишидан қатъий назар ўқувчи онгига албатта у ёки бу жиҳатдан таъсир қилади. Аллох таоло юртимизни энг кучли ва билимли булган эртамиз келажакларини узинг асрагин.

Мингбулоқ тумани “Мулла Абдурахмон” жоме
Масжиди имом хатиби: Шерзодбек Ахмедов.

Суббота, 03 Декабрь 2022 00:00

Ўзбекистон халқига мурожаат

Қадрли ватандошлар!

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Бу жараёнда барча фуқароларимиз каби ногиронлиги бўлган юртдошларимизга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Бу борада чуқур инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган саъй-ҳаракатларимиз 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунидан кўзланган мақсад ва вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг эканини таъкидлаш лозим.

Дунё мамлакатлари қатори юртимизда ҳам кенг нишонланаётган мазкур сана муносабати билан мамлакатимиздаги 1 миллионга яқин ногиронлиги бўлган юртдошларимизга ўзимнинг самимий ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Маълумки, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларга жамият ва давлат томонидан кўмак ва ёрдам бериш, уларни ижтимоий- сиёсий ҳаётга фаол жалб этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда ушбу тоифага мансуб фуқароларни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган бир қатор тузилмалар, хусусан, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти самарали фаолият кўрсатмоқда.

Энг муҳими, тақдир тақозоси билан ногирон бўлиб қолган биронта ҳам юртдошимиз халқимизнинг, давлат идораларининг меҳру эътиборидан четда қолмасдан, ўзининг меҳнати ва қобилияти билан нафақат ҳаётда ўз ўрнини эгаллаб келмоқда, балки азму матонати, сабр-бардоши ва шукроналик фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлмоқда.

Биз сизларнинг бундай олижаноб интилишларингизни юксак қадрлаймиз ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги фаол иштирокингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Азиз дўстлар!

Жамиятимизнинг ажралмас бир қисми бўлган ногиронлиги бор фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида кейинги йилларда мамлакатимизда бир қатор қонунлар ҳамда 25 дан ортиқ бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, мустаҳкам қонуний база яратилди. Бу эса мазкур тоифа вакилларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, малакали тиббий хизматлардан фойдаланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариши, мухтасар айтганда, ўзларини жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этишлари учун янада қулай шароитлар яратиш имконини бермоқда.

Бугун, бутун халқимизга мурожаат қилиб, сиз, азиз ватандошларимни  бу йўналишда бошлаган хайрли ишларимизни фаол давом эттиришга чақираман. Шу мақсадда, биз барча фуқаролар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун бир хил имкониятлар амал қиладиган инклюзив жамиятни барпо этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширамиз. Шу асосда ногиронликни белгилашнинг аллақачон эскирган тиббий моделидан умумэътироф этилган ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтишни ўз олдимизга муҳим вазифа қилиб қўйганмиз.

Бундан буён бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, жамоат транспорти, ахборот ва алоқа воситаларини ишлаб чиқаришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг улардан ҳеч бир монеликсиз фойдалана олишига бирламчи аҳамият қаратилади.

Ногиронлиги бор шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларидаги қамров ҳажмини 2 баробар ошириш, ҳудудларда фаолият кўрсатаётган 10 га яқин шундай марказларни кенгайтириб, замонавий тиббий ва реабилитация ускуналари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилади.

Ишонтириб айтаманки, сизлар ўзларингизни ёлғиз ҳис этмаслигингиз, зарур билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, барча соҳа ва тармоқларда фаол иштирок этишингиз, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишингиз, маданий эҳтиёжларингизни таъминлашингиз учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахт-саодат ва омад тилаб қоламан.

Чуқур ҳурмат билан,

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шу йилнинг 2 декабрь куни Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида 1 декабрь – «Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кун» муносабати билан ўтказилган «Иншолар танлови» мусобақасининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда ўрта махсус ислом билим юрти ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Адилбай Ережепов, Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг Қорақалпоқ адабиёти кафедраси доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Қабил Мамбетов ва билим юрти талабалари иштирок этди.
Тадбирни Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Адилбай Ережепов очиб берди.
Кейин сўзга Қабил Мамбетов чиқиб тилимизга кириб келаётган янги сўзларнинг аҳамияти ҳақида кенг тушунча бериб ўтди.
Шундан сўнг иншолар танловида иштирок этган ва ғолиб бўлган талабалар тақдирланди.
Танловда фахрли биринчи ўринни 1-курс талабаси Аллаяр Байимбетов, иккинчи ўринни 2-курс талабаси Бекбаулиев Ҳамидуллоҳ, учинчи ўринни 1-курс талабаси Балтабаев Ўразбек эгаллади. Танлов ғолибларига ва иштирокчиларига совғалар топширилди.

Билим юрти матбуот хизмати

Суббота, 03 Декабрь 2022 00:00

3-декабр халқаро ногиронлар куни!

«Яҳёхон Тўра» жоме масжиди имом-хатиби Жамалов Нуруллоҳон

Татаристонда кўзи ожизлар учун Қуръони карим маъноларининг рус тилида таржимаси чоп этила бошланди”, – деб ёзади ДУМ РТ.
Қуръони карим маъноларининг рус тилига таржимаси Татаристон Республикаси мусулмонлари диний бошқармаси ва Доғистон Республикаси муфтияти томонидан 2019 йилда нашр этилган.

2020 йили “Ёрдам” миллий хайрия жамғармасининг кўзи ожиз мутахассислари Қуръони карим маъноларининг рус тилига таржимасини “Брайл” алифбосидаги нусхасини тайёрлашга киришди. 10 жилдли китоб бўртма усулда ёзилган.
Ушбу китоб воситасида кўзи ожиз инсонлар матнни қийинчиликсиз ўқиши мумкин.

Мазкур тафсир тўпламини чоп этиш Фонд томонидан буюртма асосида амалга оширади.

Маълумот учун, “Брайл” алифбосидаги Қуръони карим маъноларининг рус тилидаги таржимаси китоби қиймати 15 000 рубл (2750 000 сум)ни, бир жилди 1500 рубл (275 00 сум) ни ташкил этади.

“Ёрдам” жамғармаси қошидаги босмахона мустақил давлатлар ҳамдўстлигида “Луи Брайл” тизими бўйича исломий қоғоз маҳсулотларини чоп етувчи ягона босмахона ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими

Мақолалар

Top