www.muslimuz
Хайрли ишда бирлашайлик
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га дуруду салавот ва саломлар бўлсин!
Ватанимиз обод ва кўркам бўлиб бормоқда. Юртимиз тупроғи эса серунум ва гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанча кўп фахрлансак арзийди. Бу ҳам Аллоҳ таоло бизларга кўплаб яхшиликларини ато этишни аломатидир. Бунинг нақадар ҳақиқат эканлигини қуйидаги ҳадиси-шарифдан ҳам билиб олишимиз мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар:
яъни: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса, ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур”.
Ривоят қилинадики, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг олдиларидан ўтиб бораётса, у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. У киши Абу Дардо розияллоҳу анҳуга қараб: “Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг мевага кираду-ку” – деди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу бунга жавобан: “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин” – деган эканлар.
Вилоятимизда ҳам жуда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётган бўлиб, шу кунларда вилоятимиз бўйлаб вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов ташаббуси билан яна бир хайрли ишга қўл урилди. У ҳам бўлса вилоятимизда “Эко акцияси” ўн кунлиги эълон қилинди. Бу ташаббус эса барчани бирдай қувонтирди. Сабаби эса ўлкамизга кириб келаётган баҳор, янгиланиш фаслида бутун вилоятимиз аҳолиси томонидан кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу “Эко акцияси” доирасида эса вилоятимизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига янада эътибор қаратилади десак асло муболаға бўлмайди. Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган масжид имом-хатиблари орасида ҳам мазкур акция доирасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Масжидларнинг олд қисми ва экин майдонларидаги бўш жойларга манзарали ва мевали дарахтлар экилмоқда.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати билан обод қилди” деганлар. Ва яна “Агар Ватан муҳаббати бўлмаганида юртлар хароб бўлади” деганлар.
Инсоннинг ўз Ватанига, яшаб турган гўшасига бўлган меҳр-муҳаббати – унинг ободлиги йўлида начоғлик ҳисса қўшиши билан боғлиқдир. Сизу-биз Ватанимизни севар эканмиз, унинг ободончилигига ҳам муносиб ҳисса қўшмоғимиз даркор. Шу он, шу фурсатда эса барчаларимизда гўзал ва бетакрор бўлган Андижонимизга бўлган муҳаббатимизнинг исботлаш вақти келди деб ўйлаймиз. Унинг ободончилиги йўлида бир ёққадан бош чиқариб ҳаракат қилайлик, бирлашайлик!
Ушбу хайрли ишлардан биргина мақсад эса, юртимиз чиройига янада чирой қўшиб, юртдошларимизнинг Ватанга бўлган муҳаббатини янада ошириш, уларнинг табиатга бўлган эътиборини янада юксалтиришдан иборатдир.
Аллоҳ таолодан юртимизнинг янада обод ва гўзал бўлиши йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларимизни тинч ва омон айлаб, икки дунё саодатига сазовор қилсин. Юртимиз тинч, осмонимиз эса доимо мусаффо бўлсин.
Мирзамақсуд домла Алимов
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Андижон вилояти вакили,
вилоят бош имом-хатиби
Ҳанафийлик мўътадил мазҳаб (2- қисм)
Ҳанафий мазҳабида ҳукмларнинг халқчил, оммабоп тарзда олингани ҳам бу мазҳабнинг сафи кенгайишига асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган. Мазҳабимизда ҳукм олишда авваламбор Қуръон, суннат, саҳобаи киромлар сўзлари, ижмо, қиёс, истиҳсон шунингдек, урф ҳам асос қилиб олинган. Ҳукм олишдаги асос ўша манбаларнинг биридан топилмаса, кейингисига мурожаат қилиш бўлган. Бу эса саҳобийларнинг ижтиҳод қилишларини ўзгинасидир. Бу худди Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Яманга кетаётган вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берган жавобларига ўхшашдир. Ҳанафий мазҳаби бошқаларига нисбатан ҳукмларни дақиқ, нозик томонларига эътибор берганлиги билан ажраб туради.
“Урф” ҳақида айтиладиган бўлса, бу ҳанафий мазҳабини асосларидан бири бўлгани маълумдир. Бирор бир масалада Қуръон, Суннат ва ижмолардан ҳукм топилмагандан кейингина бу усулдан фойдаланилган.
“Урф”ни хукм даражасига чиқишига баъзи олимлар икки оятни далил қилишган. Улардан бири “Аъроф” сурасининг 199-ояти:
وَأْمُرْ بِالْعُرْف
…..яхшиликка буюринг,!…
“Урф” сўзини муфассирлар қўйидагича маъно беришган: “Киши уни яхши амал деб билиб, шариат қайтармаган нарсага айтилади”.
Яна бошқа маъноси: “Ақл унга рози бўлиб, кўнгил ундан таскин топган барча яхши хислатга “ урф”, дейилади.
Урфдан барча усулчилар “Урф – шаръий хукмлардан биридир” деган қоида олиб, хукм чиқарганлар. Шунга эътибор қилиш керакки, ҳар қандай урф-одатлардан ҳукм олинмаган. Балки, қайси бир урф-одат Қуръон, суннат, саҳобаи киромлар сўзларига зид келмаса ва фитна туғдирмасагина олинган.
Шариъатимизда урфнинг шаръий хукм бўла олишга очиқ-ойдин далиллардан бири Ибн Масъуд (ра)ни: “Мусулмонлар яхши деб билган нарса (шариъат жиҳатидан ҳам) яхши саналгандир”, деган сўзларидир.
Бундан ташқари ҳанафий мазҳабининг халқчиллиги, ибодатларда мусулмонларга енгиллик исташи ва ҳар нарсада кенг назар солиши ҳам бордир. Шу сабабдан ҳам бошқа мазҳаблар баъзи ибодатларини Ҳанафий мазҳаби асосида адо қилишлари бунга ёрқин мисол бўла олади. Бундан ташқари уламоларимиз томонидан ҳанафий мазҳабини кенг тарқалишида бош омиллар дея қуйидагилар ҳам санаб ўтилган:
- Абу Ҳанифа (р.а)ни шогирдлари кўплиги (882та) ва улар устозларига кўп ҳукмларда мувофиқ келганлари.
- Шогирдлари ҳар бир ҳукмни далил ва сабабларини баён қилганликлари.
- Туркий султонларнинг ҳукм чиқаришда асосий дастуруламал қилиб ҳанафий мазҳабини ихтиёр этганликлари
- Диёримиздан етишиб чиққан олимлар ҳанафий мазҳабида ижод қилганликлари.
Туҳматнинг барбод бўлиши.
Барча уламоларга нисбатан одамлар томонидан ғаразли ишлар амалга оширилган. Лекин Аллоҳ таоло уламоларни ҳам, уларнинг номларини ҳам Ўзи муҳофаза қилгани сабаб улар ҳар доим омондадирлар. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳаётида бўлиб ўтган қуйидаги воқеа ҳам сўзимизга ёрқин мисол бўла олади.
Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳни кўра олмайдиган кимсалар ўша даврда ҳам турли хил бўҳтонларни тарқатиб юрар эдилар. У зот борасида тарқалган бўҳтонлар ўша замоннинг пешвоси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зурриёдларидан бўлган Имом Муҳаммад ал-Боқирга етиб борди. Бир куни Имом Муҳаммад ал-Боқир роҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ билан учрашиб қолдилар. Муҳаммад ал-Боқир роҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифага қарата:
- Бобомнинг дини ва ҳадисларини қиёс билан ўзгартирётган киши сенмисан, – дедилар.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ унга қарата:
- Аллоҳ сақласин,- дедилар.
Муҳаммад ал-Боқир сўзида қаттиқ туриб, изоҳ беришини сўрадилар. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ унга қараб: “Мақомингизга мувофиқ ўринда ўтиринг токи мен ҳам ўз ўрнимда ўтирайин” деди.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ у кишига қарата :
- Мен учта сўз ҳақида сиздан сўрайман, менга жавоб беринг: “Эркак заифми ёки аёлми?, – дедилар.
Муҳаммад ал-Боқир роҳимаҳуллоҳ: Аёл.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: Аёлнинг (меросда) улуши қанча?
Муҳаммад ал-Боқир: Эркак икки хисса олади, аёл бир хисса.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: “Бу бобонгизнинг сўзлари, агар мен динни ўзгартирмоқчи бўлганимда эди, эркакка бир ҳисса ва аёлга заифроқ бўлгани учун икки ҳисса бериш керак”, дер эдим.
Сўнгра сўради: “Намоз афзалми ёки рўзами?”
Муҳаммад ал-Боқир: “Намоз!”
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: “Бу бобонгизнинг сўзлари, агар мен динни ўзгартирмоқчи бўлганимда эди, қиёсга мувофиқ аёл киши хайздан покланганидан кейин намозни қазосини ўқисин, рўзасини тутмасин”, дердим.
Сўнгра сўради: “Бавл нажасроқми ёки нутфами?”
Муҳаммад ал-Боқир роҳимаҳуллоҳ: “Бавл нажасроқ”, деб жавоб берди.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: “Бу бобонгизнинг сўзлари, агар мен динни ўзгартирмоқчи бўлганимда эди, бавл сабабли ғусл, нутфа сабабли таҳорат қилишни хукм қилган бўлар эдим. Бироқ мен динни қиёсга айлантиришдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман”, деди. Шундан сўнг Муҳаммад ал-Боқир Абу Ҳанифа (р.а)га хурмат ва эҳтиром кўрсатдилар.
Ушбу воқеадаги Имом Муҳаммад ал-Боқир роҳимаҳуллоҳнинг тутган йўлларидан уламоларнинг иши етиб келган хабарларни аниқлаштириб, кейин хулоса қилиш экани аён бўлади. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг тутган йўлларидан эса ҳақ бўлган ҳолда улуғлар талаб қилса шубҳа ўрнида қолмаслик учун изоҳ бериш, ўзини оқлаш мумкин эканлигини билиб олишимиз мумкин.
Аллоҳ таоло барчаларимизга ҳақни кўра олиш ва унга эргашиш неъматини ато этсин. Уламоларни ғийбат қилиб, уларнинг гўштини ейишдан асрасин! Зеро, уламоларнинг гўштлари заҳарлангандир…
Элёржон Ахматқулов
ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
Ҳанафийлик мўътадил мазҳаб (1-қисм)
Маълумки динимиз илм ўрганишга, ўзаро илм улашишга тарғиб қилади. Шу боисдан ҳам олимлар, илм эгалари, илмни ўргатиш, дарс бериш билан машғул кишилар динимизда юксак эътироф этилади, уларнинг ҳурмати кўкларга кўтарилади. Айниқса, дин илмлари борасида сўз кетганда илмга муҳаббат, устозларга ҳурмат биринчи ўринда эканлигини ҳеч бир мусулмон инкор эта олмайди.
Муқаддас динимизда кўпчилик мусулмонлар тутган йўли бўлмиш аҳли сунна вал-жамоанинг фиқҳий масалалар борасида тўрт мазҳабни ўз ичида қамраб олгани ҳам илм олишга, ҳақни ошкор қилиш учун баҳс қилишга бўлган динимиз тарғиботи натижасидир, десак хато қилмаган бўламиз. Ана ўша мазҳаб уламоларининг ҳаёт йўлларига назар солар эканмиз уларнинг ўзаро ҳурмат, илмга ва унинг аҳлларига нисбатан муҳаббат ила муносабатда бўлганлигининг гувоҳи бўламиз. Бу эса ўша буюк имомларнинг бағрикенг ва очиқкўнгил бўлганлигидан нишонадир. Бугунги кунимизда эса бутун дунё эътироф этадиган ўша буюк имомоларга, уларга эргашадиган уламоларга тош отадиган, ҳақорат қиладиган кимсалар ҳам учраб туради. Уларнинг йўли бир-бирларига нисбатан ўзаро ҳурматда бўлган имомларимиз тутган йўлдан бошқа йўл деб айтсак, муболаға қилмаган бўламиз…
Ушбу фиқҳий мазҳаблар орасида энг кўп тарқалгани, бағрикенглик, мўътадиллиги билан ажралиб турадигани Ҳанафийлик мазҳаби бўлиб, ҳозирда аҳли сунна вал жамоа мазҳабларининг энг кўп эргашиладиганидир. Туркий миллатлар, Ўрта Осиё халқларининг деярли барчаси хусусан ота-боболаримиз ҳам узоқ йиллардан бери ушбу мазҳабга амал қилиб келишади. Уламоларимиз ҳанафий мазҳабининг кўп тарқалганлигида бу мазҳабнинг бир қанча афзаллигини санаб ўтганлар. Бошқа мазҳаб уламолари ҳамда улар тутган йўлларни эътироф этган ҳолда ҳанафий мазҳабидаги ўша афзал жиҳатлар билан ўртоқлашсак.
Аввало мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (р.а) атрофларида кўп одам тўпланганлига сабаб у зотнинг дин илмларини теран англаган олим, зукко эканлиги, шу билан бир қаторда ўта тақволи, омонатдор, ҳалол инсон бўлганликларидир. Ўз даврида фиқҳ бобида у кишига етадиган инсон бўлмаган. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳадис илмида ҳам кўплаб маълумотга эга бўлиб, ушбу илм бўйича “Муснад” номли асарлари бизларгача етиб келган. Бошқа мазҳабларнинг асосчилари ҳам Абу Ҳанифа (р.а) ни ўзларига устоз деб билганлар. Бундан ташқари кўплаб толиби илмларнинг таълим олишига ҳомийлик қилиб турганликлари ҳам уламолар эътирофига сазовор бўлган…
Элёржон Ахматқулов
ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
“Имом Бухорийга муносиб авлод бўламиз” шиори остида ҳадис мусобақаси бўлиб ўтди
27 февраль куни “Ҳадис ва ислом тарихи” фанлари кафедраси томонидан ТИИ даги 3 курс талабалари ўртасида ҳадис мусобақаси бўлиб ўтди. Унда қуйидаги шартлар қўйилди.
- Муҳаддислар ҳаёти ва асарлари ҳақида;
- Мусталаҳул ҳадис бўйича;
- Билетлардаги аввалги қисми берилган арабча ҳадисларни ёддан давом этдириш;
- Саҳна кўриниш.
Ҳар бир шарт бўйича ҳакамлар ҳайъати гуруҳ иштирокчиларининг берган жавобларини 10 баллдан 50 баллгача баҳолаш тизими асосида баҳолаб борди. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолаб, танлов якунида энг юқори кўрсаткичга эга бўлган ғолиб гуруҳлар ва совриндорлар номини эълон қилди:
I ўрин Бухорий авлодлари
II ўрин Темизий авлодлари
III ўрин Доримий авлодлари
Шунингдек, танловда таълим муассаси талабаларидан Умариддин Муҳаммад ибн Фаттоҳнинг “Манзуматул Байқуния” байтини ёд олган ва виктарина саволларига жавоб берганларга ҳам қимматбаҳо совғалар берилди. Якунида катта устозлардан М. Сайидалиев ва Ф. Маманосиров ва бошқа устозлар талабаларга муҳаддислар ҳаёти ва асарларини янада чуқур ўрганиш ва ундаги эзгу ғояларни ҳаёт тарзига айлантиш кераклиги ҳақида ўзларининг самимий фикрларини билдирди. Мусобақа кўтаринки руҳда ўтди.
ТИИ матбуот хизмати
Тўғри эътиқод- дин ва маънавият таянчи
Жорий йилнинг 27-февралъ куни “Ақоид ва фиқҳий фанлар”кафедрасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда ТИИда таҳсил оляётган талабаларнинг Имом Мотуридий ва Имом Насафийнинг асарларини янада чуқур ўзлаштиришлари, қолаверса бугунги кунда адашган тоифаларнинг асл моҳиятини очиб бериш, уларга қарши далилларни келтиришда кенг кўламли илмий-асосли ишларни амалга ошириш ва фиқҳ фанидан Ҳидоя каби илмий мерос ва ҳозирги замонга мос айрим масъалаларни ёритишда янада аждодларимиз асарларидан кенг фойдаланиш давр талаби эканлиги айтиб ўтилди. Бундан ташқари кафедра устозлари талабаларга манбаларни кўпроқ таҳлилий ёндашишга ёрдам бераётгани бўйича ҳам амалий ишлар қилинаётганилиги айтиб ўтилди. Ақоид ва фиқҳ фанларидан илмий изланиш қилаётган ёш устоз ва талабаларга анъанавий ва хориж тажрибасидан кенг фойдаланиш ва қилинган ишларини турли тилларга таржима қилиш борасида кафедра мудири устоз С. Примов томонидан тавсиялар берилди.
ТИИ матбуот хизмати