www.muslimuz
Расмий хабар: умра визаси вақтинча тўхтатилди
Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги 2020 йил 27 февраль кунидан эътиборан дунёнинг барча мамлакатлари учун “Умра” визасини тақдим этишни вақтинча тўхтатди.
Ушбу чора каронавирусга қарши кураш доирасида амалга оширилмоқда.
Саудия ҳукуматининг ушбу масала бўйича расмий қарори ва баёноти бугун эълон қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
“Усмон Мусҳафи” нусхаси Туркиядаги халқ кутубхонасига туҳфа қилинди
Жорий йил 19-20 февраль кунлари Юртбошимиз Туркия Президенти таклифига биноан ушбу мамлакатда бўлиб, Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти девони Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари ташриф давомида ушбу кутубхона фаолияти билан яқиндан танишди, Ўзбекистон номидан 350 дан зиёд турли мавзудаги ноёб ва қимматбаҳо китобларни тақдим этди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган дунёда ўта ноёб бўлган “Усмон Мусҳафи”нинг хаттотларимиз томонидан кўчирилган нусхаси, Жалолиддин Румийнинг машҳур “Маснавий”, Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” асарлари қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари, “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китоб-альбом, Юнус Эмро шеърларининг ўзбек тилига таржимаси жамланган “Ўлмас кўнгул” деб номланган китобларни кутубхонага туҳфа қилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Ҳиндуийлик эътиқодидагилар оммавий Исломни қабул қилмоқда
Ҳиндистоннинг Тамил Наду штатида юзлаб одамлар ижтимоий адолатсизлик сабаб ўз динларидан воз кечиб, Исломни қабул қилди. Коимбатур шаҳри яқинида жойлашган қишлоқнинг 3000 дан ортиқ аҳолиси мусулмон бўлишга қарор қилган. Уларнинг бу қарорга келишига кучли ёғингарчилик туфайли деворнинг қулаши билан боғлиқ ҳодиса сабаб бўлган, дейди Islamisemya.com сайти. “Биз ислом динига каста адолатсизлиги ва жамиятда мавқега эга бўлмаганлигимиз сабабли қабул қилдик. Биз ҳатто автобусда ҳам бошқа одамлар билан бир қаторда ўтира олмаймиз”, дейди улардан бири.
ФИТНАЧИЛАРНИНГ ТАШҚИ АЛОМАТЛАРИ.
Ижтимоий тармоқларда Иcҳоқжон домла Бегматов билан боғлиқ гап-сўзлар тарқалди. Домланинг айтган гапларини турлича талқин қилишлар кузатилмоқда. Имом домла жамоатни бирликка чорлаётган бир вақтда бунга қарши кучлар қўлларидан келганича жамоат орасига фитна уруғларини сочишга ҳаракат қилмоқдалар. Aслида Исҳоқжон домла айтган фитначиларнинг аломатлари ҳақидаги гаплар бундан 14 аср олдин хадиси шарифларда Расулимиз алайҳиссалом томонларидан айтилган эди.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али Яманда турганида ёмби тиллони тупроғи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборди. Бас, у Зот уни тўрт киши; Уяйна, ал-Ақраъ, Зайд ал-Хойл ва Aлқамалар орасида тақсим қилдилар. Бунда қурайшликлар ғазабландилар ва: «Нажднинг катталарига бериб бизни тарк қиладими?!» дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, мен буни уларни улфат қилиш учун қилдим», дедилар. Кейин бир серсоқол, икки ёноғи бўртиб чиққан, кўзлари ичига кирган, пешонаси дўнг ва сочи қирилган киши келиб: «Аллоҳдан қўрқ! Эй Муҳаммад!» деди. «Агар мен осийлик қилсам, Аллоҳга ким итоат қилади?! У зот мени ер аҳлига ишонадию, сизлар менга ишонмайсизларми?!» дедилар. Сўнгра ҳалиги одам орқасига қараб кетди. Қавмдан бири уни қатл қилишга изн сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мана шунинг жинсидан бўлган бир қавмлар чиқади. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нари ўтмайди. Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар. Улар Исломдан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар. Агар уларни топсам, албатта, Од қавмидек қатл қилардим», дедилар». (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар).
Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган бошқа ҳадисда, келажакда уни жинсидан ҳаворижлар чиқиши айтилган бу одамнинг исми Зул-хувайсира эканлиги ва у Нажднинг Бану Тамим қабиласидан эканлиги айтилган.
Бошқа ривоятда эса шимини тиззасигача қайириб олган деб тасвирлаганлар.
Демак, қуйидаги аломатлар фитначиларнинг белгисидир.
1) Қуръонни қироат қилурлар, аммо у ҳалқумларидан нари ўтмас.
2) Улар Аллоҳнинг китобига даъват қилурлар, ҳолбуки, ўзларида ундан ҳеч нарса йўқ.
3) Диндан худди ўқ камондан чиққанидек чиқурлар, сўнгра унга қайтмаслар.
4) Аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар.
5) Улар одамларнинг ва ҳайвонларнинг энг ёмонидир.
6) Улар Нажднинг Буну Тамим қабиласидан бўлган Зулхувайсиранинг авлодларидан чиқадилар.
7) Уларнинг белгиси – сочни қирдириш эканлигидир.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бундай кимсалар 14 асрдан буён уммат орасидаги бирликка раҳна солиб келмоқдалар. Имом домлаларимизга отилаётган тошлар ҳам аслида жамоатни келишмовчиликлар гирдобига тиқишдан иборатдир. Бунга ўхшаш вазиятларда биз имомларимизнинг сўзларини тўғри ва ўз маъносида тушуниб, ҳиссиётларга берилмасдан, фитначиларнинг ёлғон сўзларига алданмасдан иш кўрмоғимиз даркор. (https://imbt.ga/Axr8aHq41f)
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати.
Имом ноиб ўқувчиларга маърифат улашди
Тошкент шаҳар Учтепа тумани “Саид Воққос ота” жоме масжиди имом ноиби Умаржон Aбдуманнонов тумандаги 62-умумтаълим мактаб ўқувчилари давра суҳбати ўтказди. Унда асосан мактабнинг 8-, 9-, 10- синф ўқувчилари қатнашди.
Суҳбат давомида ижтимоий тармоқларнинг ёмон жиҳатларидан сақланиш, ишончли манбалардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди, илм олишнинг аҳамияти, жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси илм ва маърифат экани баён этилди, ўқувчилар кўпроқ китоб ўқишга тарғиб қилинди, мавзуга оид ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати