www.muslimuz

www.muslimuz

Жорий йил 24 февраль куни Андижон шаҳар “Уйғур” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳмон домла Артиқов Андижон давлат тиббиёт институтида профессор ўқитувчи ва ёшлар билан учрашув ўтказди.
Маърифий суҳбат давомида Абдураҳмон домла бугунги кунда долзарб муаммолар, илм олишнинг фойдалар ҳақида маъруза қилди, талаба-ёшларнинг қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Юртимизга исломшунос олим, шайх Сулаймон Ғани бошчилигидаги меҳмонлар келишди. Ташриф давомида меҳмонлар “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида бўлиб, Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳаёт ва илмий мерослари билан яқиндан танишди. Бу ерда меҳмонлар аср намозини жамоат билан адо этгандан сўнг масжид имом хатиби Исмоил Муҳаммад Содиқ учрашди.
Исломшунос олим, шайх Сулаймон Ғани ҳафизаҳуллоҳ бошчилигидаги меҳмонларнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳати давом этмоқда.
Маълумот учун, шайх Сулаймон Ғани 1969 йил 29 август куни жанубий Африкада таваллуд топган. У киши Покистондаги Жамия Исломия Бинорида уч йил, Ал Азҳар университетида Араб тили ва Исломшунослик фанлари бўйича икки йил, Арабистонидаги Мадина университети Ҳадис факультетида 4 йил тафсир ва ҳадис илмини ўрганди.
1998-2001 йилларда Шайх Сулаймон Ғани Лондон университетининг Шарқ санъати ва илми бўлимида ўқиб, исломшунослик магистр даражасини олган. 2010 йилда шайх Сулаймон Ғани Лондонда Аҳмадийя корхонасига раҳбарлик қилган. Ҳозирги кунда Лондондаги маҳаллий масжидлардан бирида имом хатиб вазифасида фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мусулмон устидан кофир хукмини бериш энг нозик ва хатарли масалалардан бўлиб, унга далилсиз якинлашиш мумкин эмас. Чунки, кофирлик хукми берилган одам шу ҳукмга лойиқ бўлмаса, ҳукм килган кишининг ўзи кофир бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Бир киши биродарига: "ҳой кофир" деса, у иккисидан бири (кофир бўлишга) дучор бўлади"- дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

         Жумҳур уламолар ижмоси билан куфр исобланган сўз мутлоқ куфр сўздир. Бу сўзни талаффуз қилган ҳар бир киши устидан кофир ҳукмига лойиқ шартлар бўлиб, монеликлар йўқолмагунига қадар ҳукм чиқариш мумкин эмас. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз» дейди.

 Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли кофир, деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматни ҳаддан ошишдан қайтариб шундай марҳамат қилдилар:  

وقال صلى الله عليه وسلم إيَّاكم والغلوَّ في الدِّين؛ فإنَّما هلك مَن كان قبلكم بالغلوِّ في الدِّين ، وهو حديث صحيح، أخرجه النسائي وغيرُه، وهو من أحاديث حَجة الوداع،

         Маъноси: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиш билан ҳалокатга учрадилар”.                 

         Ушбу ҳадисни Пайғамбаримиз алайҳиссалом видолашиш ҳажидаги маърузаларида баён қилганлар. Ҳадисдаги ғулув сўзи “ҳаддан ошиш”, “тажовуз қилиш” маъноларини англатади. Ҳаддан ошиш турли масалаларда бўлиши мумкин,  жумладан, шиалар ҳазрати Али (р.а)га бўлган муҳаббатларида ҳаддан ошганлиги натижасида баъзилар уни худо даражасига кўтаришган, хулафои рошидинларга нисбатан таъна тошларини отишган. Кўриниб турибдики, муҳаббатнинг ҳам чегараси бор. Қуръони каримда Аллоҳ таоло аҳли китобларга динларингизда ғулувга кетманглар, деб амр қилган. Чунки насоролар Исо алайҳиссаломни худо даражасига кўтариб, уни худонинг ўғли деб ғулувга кетишган. Бугунги кундаги такфирий жамоалар эса мусулмонларни куфрга чиқаришда ғулувга кетишган. Тарихдан маълумки, ғулув катта фожеаларга сабаб бўлган, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкилишига олиб келган. Ҳазрати Али ҳалифалик даврларида вужудга келган хаворижлар тоифасининг ғулувга кетиш сабаби ҳам ҳозирги ғулувчилар билан бир хил, яъни, мусулмонларни куфрга чиқаришда эди.

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар сабабидан Қуръон ва Суннат ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган. Жумладан, “Нисо” 94-оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда, аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, – демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.

Бу оятни нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом ибн Касир ўз тафсирида шундай дейди: Имом Аҳмад ибн Аббос (р.а)дан ривоят қиладилар: “Бану Салимдан бир киши ўзини қўйларини боқаётганда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларининг бир гуруҳининг олдидан ўтиб туриб уларга салом берди. Улар: “бизга салом берма, балки биздан паноҳ сўра”, дедилар. Сўнг уни ўлдирдилар, кейин уни қўйи билан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га олиб келганларида ушбу оят “Эй иймон келтирганлар” дан охиригача нозил бўлдива улар бу ишдан қаттиқ қайтарилдилар.        

Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий ибн Умар (р.а)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Агар киши биродарига “Эй кофир”, – деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади”.

Абу Зарр (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна шундай деганлар: Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”.

Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра бирор-бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам қибла аҳлларидан бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган экан.

Ақида китоблари, жумладан, “Таҳовий ақидаси”да: “Қибла аҳлидан бўлган бирор бир мусулмонни гуноҳи туфайли кофир санамаймиз”, – дейилади. Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилган шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорат бўлиши, мободо вафот этса, бу – Аллоҳнинг ҳоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён қилинган.

Бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳурматли бўлиши лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг видо ҳажларида айтган қуйидаги гаплари буни тасдиқлайди: Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳарингиз каби ҳурматлидир. Шу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга етказсин”.

 

Имом Фахриддин ар-Розий

ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Сабиров Маҳмуджон

Понеділок, 24 февраль 2020 00:00

Имом Аъзам зикрлари (маноқиблари)

Бу зот Нўъмон ибн Собит (р.а) кўп саҳобаларни сухбатларини топганлар, шу сабабли Тобиъинлардан хисобланади. Жумладан Анас ибн Молик (р.а), Жобир инб Абдуллоҳ (р.а), Восилатубни Асқа (р.а), Абдуллоҳ ибн Зубаир (р.а) сухбатларини топган эканлар. Шу билан маълум бўладики, Имом Аъзам Тобиъинлардан бўлган эканлар ва Жаъфари Содиқ билан сухбат қилган эканлар. Жаъфари Содиқ Пайғамбаримиз с.а.в.ни набираларидан. Жаъфари Содиқ Авлиёларни улуғлари, Тобиъинларнинг энг пешволаридан.

Имоми Аъзам жуда улуғ бўлганларки, у кишини мақтаб кўп китоблар ёзилган. Тазкиротул авлиё муаллифи айтадилар: хамма халқ Имоми Аъзамни мақтаган бизни мақтовимиз қаерга хам борар эди деганлар.

Имоми Аъзам р.а ни бир кишида хақлари бор экан. Кунларнинг бирида имоми аъзамдан карздор одамни махалласида бир одам  вафот этибди. Имоми Аъзам жаназага бордилар ва кўрдиларким, кун иссиқ, соя жой йўқ эди. Фақатгина Имоми Аъзамдан қарздор кишини уйининг сояси бор эди. Одамлар Имоми Аъзамга келинг, сояга ўтиб турайлик дейишса, йўқ деб унамаган эканлар. Нимага унамайсиз деб сўрашганида, бу девор бу уйни эгаси мендан қарздор. Агар буни соясида турсам рибо қилган бўламан, судхўрлик қилган бўламан деган эканлар. Пайғамбаримизнинг хадислари бор унда, “Хар бир қарзики манфаат келтирса у рибо хисобланади” деганлар.

Имоми Аъзам хар кечаси 300 ракат намоз ўқир эканлар. Баъза ривоятларда 200 ракат. Форидуддин Аттор айтадилар бу ривоятни бу киши хам Авлиё уламолардан бўлганлар.

Бир куни кечаси бир хотин бир хотинга ишора-имо қилиб, мана бу киши кечаси 500 ракат намоз ўқир экан деб гапирганида, ўша гапни эшитиб қолиб, Имоми Аъзам хар кечаси 500 ракат намоз ўқийдиган бўлган эканлар. Яна бир кечаси бир йигит бир йигитга мана бу киши 1000 ракат намоз ўқийди деган экан. Уша кеча 1000 ракат намоз ўқиган эканлар. Чунки, ўша айтган одамларнинг гумони нотўғрига чиқиб қолмасин, уларни ёлғончи қилиб қўймайин деб, риоя қилиб, ёлғончи бўлишига сабабчи бўлиб қолмайин деб 1000 ракат намоз ўқиган эканлар.

Бир куни шогиртлари Имоми Аъзамни олдиларига келиб айтдиларки, Устоз, одамлар сиз хаққингизда шундай гапларни гапиряпди, Абу Ханифа кечаси ухламайди дейишяпди. Шунда Имоми Аъзам иншааллоҳ ният қилдим, бугундан бошлаб ухламайман деган эканлар. Ҳа нима учун одамларни гапига кириб шундай қиласизми десалар, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади. Инсонларни ичида шундай одамлар борки, ўзлари қилмаган нарса билан мақтанишни яхши кўрадилар, ўзлари қилмайдилар, лекин ўша нарсани яхши кўради, ўша нарса билан мақтансалар хурсанд бўладилар, мен ўшалардан бўлиб қолмайин деб, демак одамлар шу иш билан мени мақташяптими мен ўша ишни қилишлигим керак. Ўшандан кейин 30 йил умрларини охиригача кечаси ухламаган эканлар. Хуфтонда қилган таҳоратлари билан бомдодни ўқиган эканлар. 30 йил Имоми Аъзам шунақа даражада кўп намоз ўқир эканларки, ибодат қилар эканларки, тиззалари туяни тиззасига ўхшаб кетган экан, тиззаларини доим ерга қўйиб, чўккалаб ўтирганларидан.

Кўп намоз ўқиганларини нишоналаридан экан.

Бир куни бир бой одамга тавозу қилиб бой одамни хурматлаб, дини учун ёши кексалиги ёки бошқа нарса учунмас, фақат бойлиги учун бой одамни хурматлаб, қўйган эканлар. Мана шуни каффоратига минг марта хатми қуръон қилган эканлар. Бир масалани билмай қолсалар, чиқаролмай қолсалар 40 марта хатми қуръон қилар эканлар, кейин ўша масалани кўрар эканлар. 40 марта хатми қуръон қилганлигини шарофатидан уша масала очилиб кетар экан.

Шундай мазҳабга лойиқ қилганига Аллоҳ таолога хамдлар айтишимиз керак.

 

Тазкиротул Авлиё китобидан

“Ал Бадр” жомеъ масжиди имом ноиби   

  Зиёев Шухрат

Понеділок, 24 февраль 2020 00:00

Либосларнинг энг яхшиси

Камтар, ҳокисор киши Аллоҳнинг даргоҳида ҳам мақтовга лойиқдир. Бундай инсонлар ўз ҳурматини сақлай билиш билан бирга ўзларининг қадр-у қийматини  ўрнига қўяди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: "Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди", - деганлар (Имом Муслим ривояти).
 
Камтарликнинг зидди манманликдир. Бу сифат ёлғиз Парвардигоргагина хосдир. “Осмонлар ва Ердаги барча буюклик ёлғиз Уникидир! У Қудратли ва Ҳикматли (Зот) дир.” (Жосия 37).
Киши мақтанса, ғурурланса, ўз ҳаддини унутиб, ўзига лойиқ бўлмаган, балки Аллоҳ таолога хос сифатни ўзлаштирмоқчи бўлади. Ҳадиси қудсийда айтилади:"Қудрат менинг изорим, кибриё эса кийимимдир. Бас, кимда-ким мана шу икки нарсанинг бирортасига эга бўлишга даъвогарлик қилса, албатта, уни азоблагайман".
 
Бошқа бир ҳадисда эса: "Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибри бўлса, жаннатга кирмайди."-дейилган (Имом Муслим ривояти).
Гуноҳларнинг асоси кибр ва манманликдир. Ана шу сифатлар билан шайтон, Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлди.
 
"Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга:"Одамга сажда қилингиз! деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат иблис бош тортиб такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди." (Бақара 34). Такаббурлик бир неча хил кўринишларда бўлиб, энг юқори даражаси Аллоҳни тан олмаслик  инсон ўзининг ожиз эканлигини унутишидир. Барчага маълум Фиръавн ҳам худолик даъво қилишига,  ундаги кибр сабаб бўлган эди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло: “У (Фиръавн) ва унинг лашкарлари ер юзида кибрландилар ва ўзларини  Бизга қайтарилмайдилар, деб гумон қилдилар.” (Қасас 39) деб мархамат қилган.
 
Одам (алайҳиссалом) жаннатда содир этган гуноҳи учун тавба қилди. Аллоҳнинг раҳматидан умидини узмади. Камтарлик билан яна Ҳақ раҳматига эришди.
Камтарлик борасида оёғимиз остидаги ердан ибрат олайлик.  У бизга ризқ келишига сабабчи. Бағрида ҳар турли ноз-неъматлар пишади. Барча маҳлуқотларнинг қароргоҳи. Хизмати холис,  беминнат. Унда ғурур ва манманлик йўқ. Балки мана шу сифатлар сабаб, "Ер"  сўзига ҳар доим "Она" сўзи қўшиб ишлатадилар.
 
Доно ҳалқимиз: "Камтарга камол,  манманга завол",- деб бежиз айтмаган. Камтар,  ҳокисор одам ҳатто унга ёмонлик истаганларга ҳам яхшилик қилиш пайида бўлади. Кибрни камтарлик тиғи билан синдириш,  жаҳлни ҳалимлик билан енгиш осон иш эмас. Бунинг  учун собит имон-эътиқод, мустаҳкам ирода ва мардлик  керак. 
Аллоҳ таоло барчамизни манманлик иллатидан асраб, камтаринлик либосини кийдирсин.
 
Когон туман “Шохи-Нажаф” 
жоме масжиди имом хатиби 
Асадов Ҳусен

Видеолавҳалар

Top