www.muslimuz
Туркистон, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ягона туристик кластерга бирлаштирилади
Қадимдан Марказий Осиё халқлари ўртасида ижтимоий-гуманитар алоқалар ривож топган. Минтақа халқларининг ягона тарихи, урф-одат ва анъаналаридаги муштараклик, маънавий яқинлик иқтисодий ҳамкорликнинг турли йўналишларида ўзаро ишонч руҳидаги шерикликни тараққий эттиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасидаги муносабатларда кузатилаётган ижобий тенденция ана шундай дўстона алоқалар натижасидир. ЎзА хабарига кўра, Тошкентда 5 август куни “Ўзбекистон – Қозоғистон: бепоён кенгликлар – анъанавий меҳмондўстлик” мавзусида ташкил этилган навбатдаги тадбир ҳам икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши сифатида эътироф этилаётган туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, мамлакатларимизнинг сайёҳлик салоҳиятини биргаликда илгари суришдек муштарак мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли.
Тадбир 2019 йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Туркистон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда Тошкент ҳамда Туркистон вилоятлари, дипломатик корпус вакиллари, икки мамлакат вазирлик ва идоралари, туризм саноатида фаолият юритаётган ишбилармонлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг доимийлик касб этган мулоқотлари, сиёсий иродаси сабаб кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларида ижобий қадамлар қўйилди. Бой маданий меросни тарғиб қилиш ва шу орқали туризм саноатини янада ривожлантириш бўйича ижобий натижаларга эришилди.
Учрашувда Тошкент ва Туркистон вилоятларининг сайёҳлик салоҳияти акс этган, мавжуд туризм объектлари жозибадорлигини ошириш масалаларига бағишлаб тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Унда асосий эътибор чегара ҳудудларида жойлашган вилоятлар ўртасидаги ҳамкорликни тарғиб қилиш, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ва Қозоғистонда умумий сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш масалаларига қаратилди.
Мулоқот чоғида туроператор хизматлари, меҳмонхона, санатория ва дам олиш уйлари йўналишида фаолият юритаётган ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди, ягона сайёҳлик йўналиши бўйича хизматларни тақдим этиш механизмларини шакллантириш бўйича таклифлар билдирилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон туризм соҳаси вакиллари В2В шаклидаги учрашувларда ҳамкорлик бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришиш имконига эга бўлди. Қозоғистон делегацияси аъзоларининг сафари Бухоро вилояти бўйлаб давом этади. Ташриф доирасида ўтадиган учрашувларда Туркистон, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини ягона йўналишда бирлаштирадиган туристик кластер ташкил этиш масалалари муҳокама қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Россия уламолар кенгаши Қурбон байрам санасини эълон қилди
РФ Мусулмонлари диний бошқармаси ва РФ Муфтийлар кенгаши Россияда Қурбон байрамни нишонлаш санасини белгилади. Sputnik ахборот агентлиги хабарига кўра, ушбу байрам бутун дунёда бўлгани каби 11 август якшанба куни нишонланади.
"Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ва Қурбон байрам 11 август куни кириб келади. Зулҳижжа ойининг ўн биринчи, ўн иккинчи ва ўн учинчи кунлари, Ат-Ташриқ кунлари, 12, 13, 14 август кунларига тўғри келади", дейилади ташкилотнинг сайтидаги хабарда.
Аввал хабар берилганидек, худди шундай сана Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тожикистон Ислом маркази уламолари Кенгаши томонидан эълон қилинган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Туркияда имомларни хитой тилига ўқита бошлашди
Туркиянинг имом-хатиблар учун мактабларида янги фан - хитой тили киритилади.
Авваллари ўқитиш дастурларига араб, инглиз, испан, рус ва немис тиллари киритилган эди.
islam.ru хабарига кўра, биринчи бўлиб хитой тилини ўқитишни жорий қилиш Истамбулнинг Кючюкчекмеже туманидаги имом-хатиблар мактабидан бошланади. Сентябрь ойидан бошлаб Конфуций Институти кўмагида талабалар ушбу тилни ўзлаштиришни бошлашга киришадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Айтилган гап – отилган ўқ, ёхуд ислом шиорлари ҳақида нотўғри маълумот тарқатаётганларга муносабат
Инсон бу дунёда жисмонан соғлом бўлиб яшаши учун сув ва ҳавога қанчалик муҳтож бўлса, маънан миллий қадриятларга, маърифатга шунчалик эҳтиёж сезади. Бу қадриятларнинг, маърифатнинг илдизи Ислом таълимоти билан суғорилган бўлса, икки карра саодатдир! Аксинча бўлса, қашшоқликдан бошқа нарса эмас.
Сўнгги пайтларда интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда, босма нашрларда тарқатилаётган хабарлар, мақолаларни ўқиб, кишининг ҳайрати ошади. “Ўргимчак тўри” шунчалар ривожландики, фикрингиз бўғзингиздан товуш бўлиб чиқар-чиқмас, бутун дунёга тарқалиб кетяпти. Бу – яхши, албатта: мақолани кўрасиз, кузатасиз, ўқийсиз, уқасиз ва хулоса чиқарасиз.