muslim.uz

muslim.uz

Тақво узун соқол, жунли жубба, бирон иш қилмай масжидда узоқ қолмоқ, ўзингдан зоҳидни ясаб олиб, одамларни сенга берадиган садақасига кўз тутиб ўтириш эмас. Тақво булардан кўра баландроқ, улуғроқ ва олийроқдир. Тақво илм ва амални ўзида жамлагандир. Илм тақводадир... Уни тушунибгина олиш ишларингизда фойда бермайди. Балки, фаҳмлаганингдек унинг тақозосига кўра амал қилишдир.

Шайх Аҳмад Кафтару

1994 йилда Нью-Йоркда ташкил этилган Assouline Publishing нашриёти китоб нашр этишда АҚШдаги энг нуфузли нашриёт ҳисобланади. Унинг бренди аҳоли ўртасида яхшигина ном қозонган. Нашриёт асосан санъат, меъморчилик ва саёҳат ҳақидаги китобларни чоп этади.
2022 йилнинг июль ойида Assouline Publishing инглиз тилида "Ҳаж ва ҳаж зиёрати санъати" китобини нашр этди. Унда ҳаж ибодатига оид барча амаллар батафсил баён этилган. Шунингдек, унда ҳажга оид санъат асарлари билан ўқувчиларни таништирувчи 300 га яқин иллюстрациялар мавжуд.
Китобни тақдим этган Assouline Publishing нашриёт веб-сайтида "Ол-имрон" сурасининг 96-ояти келтирилган " Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй, Баккадаги уйдир "
Islam.ru хабарига кўра, китобга ҳажнинг энг қадимги фотосуратлари, шу жумладан 1880 йилда Каъбани тавоф қилаётган зиёратчилар тасвирланган фотосуратлар киритилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Суббота, 06 Август 2022 00:00

Ғийбатнинг муолажаси

 

Жамияту оилаларни ич-ичидан емира­диган, инсонлар ўртасида фисқу фасод, адоват уруғини сочадиган иллатлардан энг жирканчи ғийбатдир. У туфайли оила­лар пароканда, одамлар бир-бирлари би­лан юзкўришмас бўлиб кетади. Бунинг оқи­батида жамиятда кўплаб нохушликлар юзага келади.

Айниқса, бугунги ижтимоий тармоқлар тобора ривожланаётган бир пайтда ғийбат ҳам замонга мос тарзда виртуал кўринишга кўчмоқда. Буни бирор ахборот ёки турли видео чиқишлар тагига қолдирилаётган изоҳлардан билиш мумкин. У ерда очиқ-ойдин ғийбат қилишлар кузатилади. Агар бирор таниқли, машҳур шахс ҳақидаги хабар бўлса, унга билдирилган сўзларни ўқишга ҳам киши хижолат бўлади. Энг ёмони, бу инсонлар билиб-билмай гуноҳга, ғийбатга шерик бўлаётганидадир.

Ҳамма уламолар бир овоздан ғийбатни гуноҳи кабира эканини эътироф этишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан: “Ғийбат нима эканини биласизми?” деб сўрадилар. Улар: “Аллоҳ ва Расули билувчироқ”, дейишди. Набий алай­ҳиссалом: Биродарингиз у ҳақида гапирган сўзингизни эшитиб, хафа бўлса, сиз уни ғий­бат қилибсиз”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Ра­сулуллоҳ, биз айтган сифат унда бўлса-чи?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Агар сиз айтган сифат унда бўлса – ғийбат, бўлмаса – бўҳтон қи­либсиз”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллалло­ҳу алайҳи ва саллам: «Меърожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлари билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: “Эй Жаброил, улар ким­лар?” деб сўрадим. “Булар у дунёда одам­ларнинг гўштини еб (яъни, ғийбат қилиб), обрўларини тўккан­лар”, деб жавоб берди» (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).

Ҳужурот сурасида ғийбат нақадар ёмон иллат экани бундай баён қилинади: «Баъзи­ларингиз баъзиларингизни ғийбат қил­ма­син. Бирортангиз ўзининг ўлган бирода­рининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳ­дан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавба­ни кўплаб қабул қилув­чидир, ўта раҳм­лидир» (12-оят).

Ҳар қандай дард уни келтириб чиқарган са­баб­ларни йўқ қилиш билан даволанади. Бизни кўпгина гуноҳларга етаклаган тил, кўпдан-кўп савобларга ҳам олиб бориши мумкин.

Қуръони каримда зикрга тарғиб қили­ниши баробарида унинг самараси ҳам айтиб ўтилган. Жумладан, Аллоҳ таоло ҳидоят топган бандаларини васф этиб, бундай марҳамат қилади: «Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳ­ни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)» (Раъд сураси, 28-оят).

Руҳий тарбия уламолари бун­дай дейди­лар: “Аллоҳ таолони зикр қи­­лишнинг тар­биявий аҳа­мияти ажойиб ва гўзалдир. Би­­ринчидан, Аллоҳнинг зикри қал­бингиз­да У зотга бўлган му­ҳаббатни уйғо­тади. Аллоҳнинг муҳаббати эса унинг зикрини кў­пайтиришга ундай­ди. Бу иккиси ўртасида ўзаро мутано­сиблик бор экани шундан маълум бўлади”.

Зикр ризқнинг мўл ва баракотли бўли­шига сабабдирҚалбни ғаф­лат­дан уйғотадиГуноҳ ва маъ­сиятларни ўчиради. Зикр кишини турли тил офатларидан ва бекорчи сўзлардан узоқлаштирадиБан­дани дунё ва охират саодатига эриштиради.

Мусъаб ибн Саъд розийаллоҳу ан­­ҳудан, у киши отасидан бундай ри­воят қилади: «Расулуллоҳ сол­лалло­ҳу алайҳи ва салламнинг ҳу­зурларида эдик. У зот: Сизлар­дан бирингиз ҳар куни мингта са­вобни қўлга кирита олмайдими?” дедилар. Шунда у зотнинг ҳамсуҳбат­ларидан бир киши: “Қандай қилиб бирортамиз мингта савобга эга бў­лиши мумкин?” деб сўради. У зот“Юз марта тасбиҳ айтадиШунда унга мингта савоб ёзилади ва ундан мингта хато ўчи­рилади”, дедилар» (Имом Та­бароний ривояти).

Ҳам енгил, ҳам буюк ибодат­дан ғафлатда қолмаслигимиз, дои­мо Аллоҳнинг зикри ила тилимиз банд бўлиб туришига эътибор бери­шимиз шарт. Айниқса, тили­мизни тасбиҳ (Субҳоналлоҳ), ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), таҳлил (Лаа ила­ҳа иллаллоҳ) ва такбир (Аллоҳу ак­бар) кўп айтишга одатлантириб олсак, у бизни тил офатларидан йи­­роқлаштириб, гуноҳлардан тийи­лишимизга сабабчи бўлади.

Васлиддин РИЗАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари

идораси Тошкент шаҳар

вакиллиги Матбуот котиби

Бугун, Муфтий ҳазратлари абитуриентлар учун овозли чатда дастлаб, диний таълим муассасаларида кириш имтиҳонларига қандай тайёргарлик кўрилгани, холислик, шаффофлик ва адолатни таъминлаш учун қилинган ишлар ҳақида маълумот бердилар.

Марафонда Муфтий ҳазратлари ўзларининг ўқишга кириш жараёнлари, талабалик йиллари ва бошга тушган синовлар борасида ҳам тўхталдилар.

Бўлғуси талабаларга илм олишнинг фазилати, Ислом динида илм талаб қилувчиларга берилган хушхабарлар ҳақида оят ва ҳадисларни баён этдилар.

Cуҳбатда абитуриентлар ҳаяжонни енгиши учун нима қилиши, натижа ўзлари кутгандек бўлмаса ўзини қандай тутиши ҳақида насиҳатлар қилдилар.

Фарзандини турли қинғирликлар билан ўқишга олиб кирмоқчи бўлган ота-оналарга мурожаат қилдилар ва бу ножоиз йўллардан қайтардилар.

Мулоқот сўнггида абитуриентлар ҳақларига дуо қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Суббота, 06 Август 2022 00:00

Сохта мужоҳидлар

“Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир” (Ҳужурот сураси, 15-оят).

  Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла росулиллаҳ, ва баъд. Оламларнинг Робби ва мақтовларнинг энг яхшиси Унга хос бўлган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Шафоатчимиз пайғамбарлар саййиди Муҳаммад Мустафо сололлоҳу аълайҳи ва салламга салоту саломлар бўлсин. Бизгача илмни омонат билан етказган барча уламолардан Аллоҳ рози бўлсин. Дунёнинг бугунги ҳолати ҳеч кимга сир эмас. Ўзини ҳақиқий мусулмон деб қолганларни адашганга чиқараётган фитначи бемазҳаблар дунёни бузиб юборишгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат саналади. Бундай адашган тоифаларга эргашганларга эътибор берилса, уларнинг аксарининг ақллари ноқис, илмдан узоқ ва кўр-кўрона мутаассиблик қилувчи одамлар эканлиги кўринади.

Баъзилари эса қандайдир обрў ёки мол-мулк орқасидан қувган гумроҳ кимсалардир. Яна баъзилари эса аламзада ҳаётда мақсадларига эришолмаган одамлардир. Улар умуман илм ҳам олишмайди, олимни ҳам тинглашмайди. Шундай экстремистик оқимлар Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмаган мусулмонларни куфрда, жоҳилликда ва кўпхудоликда айблайдилар. Уларнинг фикрича ислом ер юзидан бундан неча юзлаб йиллар илгари йўқ бўлиб кетган ва ҳозирги қонунлар, конституциялар ва ҳокимлар барчаси куфр ҳисобланади. Буларни тўғрилаш учун эса барча “адашган” мусулмонларга қарши жиҳод қилишимиз шарт деб билишади. Ҳақиқат эса тамоман бошқачадир.

Аллоҳ таоло жиҳодни айнан урушга боғлаб қўймаган ва бу сўзнинг асли ислом манфаатлари йўлидаги уринишларни ифода этади. Энди қачонки жиҳод фарз бўлиб қолса ҳам унда дарахтлар кесилмаслиги, чорвалар ўлдирилмаслиги ва бошқа дин вакиллари ўз ибодатхоналарида қатл қилинмаслиги каби бир қанча шартларни қўядики бундан исломнинг фақатгина олий манфаатларни кўзлагани тушунилади. Уни Аллоҳ инсонлар учун раҳмат, адолат ва ўзаро ҳурмат қилиб жорий қилган. Бундан бошқаси жиҳод эмас золимлик ва ноҳақ урушлардан бошқа нарса эмас. Энди бугунги кунга келиб бу разил мақсадли адашган экстремистларнинг қилмишлари туфайли исломни дунё босқинчилик, зулм, ноҳақлик ва мутаассиблик сифатида кўрмоқда. Улар эса “намоз ўқишни билмайдими демак кофир”, “конституцияга амал қиладими демак кофир” ҳатто “соқоли йўқми демак адашган” деб иддао қилишдан чарчашмаяптилар. Буларнинг исломга келтираётган зарарларининг чегараси йўқ, афсуски. Бир ҳадис мисолида уларнинг йўллари нақадар хато ва нақадар суннатдан узоқлигини исботлаб берамиз инша Аллоҳ.

Муҳаддислар имоми Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг машҳур сахихларида Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорийдан қуйидаги сахих ҳадисни ривоят қилганлар: “Бир куни кечки пайт бир киши туяда масжидга келди ва Муоз розиаллоҳу анҳунинг орқаларида туриб у кишига эргашган ҳолда намоз ўқишни бошлади. Ўшанда Муоз розиаллоҳу анҳу жамоат билан намозда Бақара ёки Нисо сурасини ўқиб тургандилар. Шунда ҳалиги киши жамоат намозидан чиқиб ёлғиз ўзи намоз ўқиб олди ва кетиб қолди. Унга бу ишини Муоз розиаллоҳу анҳу маъқулламаганлигини айтишганда у пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб Муоз розиаллоҳу анҳунинг намозни узун ўқишларидан шикоят қилди. Шунда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розиаллоҳу анҳуга уч бора: “Эй Муоз, фитна қиляпсанми?” деб туриб яна шундай дедилар: “Нега намозингда “Саббиҳисма Роббикал Аъла”, “Вашшамси ва дуҳаҳа”, “Валлайли иза яғша” каби кичик сураларни ўқимадинг?” – дедилар. “Сенинг орқангдан қари одамлар, кам қувватлар ва иши борлар намоз ўқишини унутма” – дедилар.”

Юқоридаги набавий ҳадисдан кўриниб турибдики кимки исломни инсонлар ўртасида ёймоқчи, жорий қилмоқчи бўлса бу ишида уларнинг қийинчилигига сабаб бўладиган ишлардан узоқ бўлиши уқдирилмоқда. Бу ишнинг фитнага, норозичиликка олиб келиши ва хавфли экани тушунтирилмоқда. Бундай ишни қиладиган ҳатто исломдаги энг яхши амал бўлмиш намоз ўқиятганлигига қарамай уни фитначи деб атамоқдалар. Аслида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозни қанчалар яхши кўришлари ва кўп ўқиганликлари маълум ва машҳур. Шундай бўлсада жамоат намозларини орқадаги эргашувчиларнинг ҳолларини инобатга олиб доим қисқа қилишга ҳаракат қилганлар. Ушбу ҳадисда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кимки ислом қонунларини инсонларга сингдиришни хохласа асло уларга қўполлик ёки қийинчилик етказмаслиги лозимлиги ва агар шундай қиладиган бўлса бу иши билан у фитнанинг ёйилишига сабаб бўлиши ва исломдан одамларни нафратлантириб қўйиши айтилмоқда.

Экстремистик оқимлар ҳозирда бутун дунё мусулмонларига жиҳод фарзи айн бўлган деб ҳисоблаб барча мусулмонларни уларнинг наздидаги кофирларга қарши жангга чорламоқдалар ва бу ишда қатнашмаганларга ҳеч қандай узр йўқ деб ҳисобламоқдалар. Бу билан улар ҳақиқий олимларнинг жиҳодга берган таърифига тескари иш қилмоқдалар. Ислом уламолари жиҳодга Аллоҳнинг йўлида турли хил фойдали мақсадларда ҳаракат қилиш деб таъриф берганлар ва нафс жиҳоди, илм билан жиҳод қилиш каби маънолар берганлар. Шунингдек баъзида ҳолатдан келиб чиқиб куч ишлатиш йўли билан ҳам жиҳод қилинади деганлар. (Бундай ҳолатни уламолар кенгашлари ҳал қилади)

 Адашган тоифаларнинг жиҳод борасидаги катта адашувларидан бири улар жиҳодни исломнинг мақсадларидан бири сифатида билишидадир. Тохир ибн Ашур роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мақасидуш Шариъа” китобларида жиҳод исломнинг мақсади бўлмай балки асосий мақсад учун бир восита деб айтганлар. Яъни баъзида экстремистик тоифалар сингари жиҳодни фақат уруш деб билиб уруш қилгандан тескари натижа чиқади ва буни бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Бир овоздан айтилган гап шуки исломда жиҳоднинг асоси одамларни тўғри йўлга бошлашдир. Залолатдан ҳидоятга, жоҳилиятдан илмга ва қоронғуликдан нурга олиб чиқишдир. Бунга мисол пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбар ғазотига Али розиаллоҳу анҳуни юбора туриб шундай деган эдилар: “Аллоҳ сен туфайли бир кишини тўғри йўлга ҳидоят қилиши сен учун энг қиммат туялардан кўра яхшироқдир.” Мана шу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики ғазотнинг асл мақсади йўлда учраганларни қиришмас балки одамлар ҳидоятига сабаб бўлиш эканлиги. Ҳақиқий дин уларни Аллоҳга, тўғри йўлга чақиришда эканлиги маълум бўлмоқда.

Аллоҳ барчамизни Ўзининг мустақим йўлида собитқадам қилсин. Амин.

 

Ҳайбатулло РАШИДОВ - Шўрчи тумани “Толли ота жоме масжиди” имом-хатиби

Янгиликлар

Top