muslim.uz

muslim.uz

Среда, 14 Апрель 2021 00:00

Гуноҳларни куйдиргувчи ой

Яратганга шукрки, минг ойдан афзал бўлган Рамазони шариф ойи муборак кунларни ўтказмоқдамиз. Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, “Катта Қозиработ” жоме масжиди имоми Абдуқаҳҳор қори ЮНУСОВ билан ушбу саодатли ой фазилатлари ҳақида суҳбатлашдик.

  • Ассалому алайкум, қори ака. Аввало, ойлар султони – Рамазони шариф билан самимий муборакбод этамиз. Ўқувчига, табиийки, ойнинг номи қизиқ. “Рамазон” сўзининг маъносини билиб олган муштарийлар мавзуни аниқроқ тушунишади. Шунингдек, рўзанинг айнан Рамазон ойида бажарлишида ҳам ҳикмат бўлса керак, албатта. Шу ҳақда тўхталсангиз.
  • Ваалайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.

Рамазон сўзини араблар қадимдан келаётган луғатларидан олганлар. Ҳижрий тақвимнинг тўққизинчи ойи бўлмиш Рамазон илк бор шиддатли жазирама иссиқ кунларига тўғри келгани учун “Рамазон” деб аталган. Бу ном “рамз” сўзидан олинган бўлиб, “қизимоқ”, “қизиб чўғ бўлмоқ”, “куйдирмоқ” маъноларини англатади. Жазирама иссиқда қолган қўйлар куйиб, қорайиб, ўлиб қолар экан.

Шунинг учун мазкур ойда рўза тутган одамнинг гуноҳлари куйиб, йўқ бўлади, айбу нуқсонлари Рамазоннинг савоблари жилоланиб турган муборак қуёшида ўлиб кетади, деган тушунча яъни рамзий маънога эгадир.

Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йилида Шаъбон ойидан икки кеча ўтганидан сўнг душанба куни фарз қилинди. Бу милодий 623 йилнинг 7 февралига тўғри келади.

Шаъбон ойи тугаши билан Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар илк Рамазон рўзасини тута бошладилар. Бу кунлар жуда иссиқ эди. Набий алайҳиссалом тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар.

Бошқа ойларда эмас, айнан Рамазонда рўзанинг тутилишида ҳикмат кўп. Чунки Аллоҳ таоло рўза тутиш учун ушбу ойни танлаган. Бу ойда Қуръон нозил бўлган. Ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир. Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу — ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир” (Бақара сураси, 183–185-оятлар).

Оятдан маълум бўладики, рўза тутиш ибодати Одам алайҳиссаломдан бошлаб то Муҳаммад алайҳиссалом давригача ўтган барча пайғамбар ва умматларга фарз қилинган. Лекин рўза тутишнинг шарт ва қоидалари турлича бўлган. Айрим умматлар Рамазон ойи ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиб қолганида Аллоҳдан ёки Унинг пайғамбаридан беижозат шаккоклик ила уни бошқа ойларга кўчириб, бу қилмишларининг жаримаси учун, ўзларича, яна ўн кун қўшимча рўза тутишган.

Демак, рўза Одам алайҳиссаломдан бери бажариб келинаётган ибодатдир.

  • Рўзадорнинг одоблари ҳақида айтсангиз. Кўпчилик рўзани саҳардан шомга қадар еб-ичишдан тийилиш, ижмо қилиш, шаҳватдан тийилишгина деб тушунишади. Аммо рўза бу қадар жўн амал эмас-ку, тўғрими?
  • Ҳалим бўлишлик, ўзгалар билан уришиб тортишмаслик, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиш рўзадорнинг одобларидан ҳисобланади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар: “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса, ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ё уни ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифдаги “қалқон” дея таржима қилинган “жуннатун” калимаси луғатда “тўсувчи”, “ҳимоя қилувчи” каби маъноларни англатади. Шунга кўра уламолар ушбу калимадан қандай маъно кўзлангани ҳақида қуйидагиларни айтганлар:

Рўза, гуноҳ маъсиятлардан ҳимоя қилувчидир. Чунки у туфайли рўзадор танасидаги шайтон юрадиган йўллар бўлган таом ва қон йўллари тораяди. Ана шу эътибордан рўза уни гуноҳлардан ҳимоя қилувчи бўлади;

Рўза, дўзахдан тўсувчидир. Чунки иймон ва савоб умидида тутилган рўза рўзадорнинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Ана шу эътибордан у дўзахдан тўсувчи бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларининг давомида рўзадорга “ёмон гап гапирмасин”, дея тайинлаганлар. Яъни, бировни ҳақоратлаш, биров устидан кулиш, лаънат айтиш ва фаҳш гапларни гапириш каби шариат ман қилган гаплардан қайтарганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадорнинг яна бир сифатини таъкидлаб “жоҳиллик қилмасин”, деганлар. Шунга кўра рўзадор кишини биров уришиб ҳақорат қилган тақдирда ҳам: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, дейиши ва унинг ҳақоратига “жавоб” қайтаришдан ўзини тийиши лозим. Ана шунда у рўзанинг ҳурматини сақлаган ҳамда мазкур ҳурмат сабабли ўзига жоҳиллик қилаётган беодоб кимсани ҳам одобга чақирган бўлади.

Яна уламолар шундай деганлар: “Инсон бир нарсадан узлуксиз бир ой ўзини сақласа, ўша нарса унинг одатига айланиб, мазкур муддатдан кейин ҳам доимо ундан сақланадиган бўлиб қолади”.

  • Рўзанинг шартлари ҳақида батафсилроқ айтсангиз.
  • Рўза мукаммал бўлиши учун бир қанча шартлар мавжуд. Биринчи шарт — лозим бўлиш шартлари. Бу шартлар тўртта: 1) Ислом. Мусулмон бўлмаган одамга рўза фарз бўлмайди. Ундай одам рўза тутса ҳам, рўзаси ибодат ўрнига ўтмайди. Кофир одам Рамазонда Исломга кирса, ўша кирган кунидан бошлаб рўза тутади. 2) Ақл. Ақли йўқ одамга рўза фарз бўлмайди, чунки у мукаллаф эмас. 3) Балоғатга етганлик. Балоғатга етмаган болаларга рўза фарз бўлмайди. Рамазон ойида балоғатга етганлар ўша кундан бошлаб рўза тутишни бошлайдилар. 4) Рўзанинг фарзлигини билиш.

Иккинчи шарт — рўзани адо этиш учун зарур шартлар. Булар иккита: 1) Беморликдан холи бўлиш. Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга ҳамда бемор шахсга рўза тутиш вожиб эмас. Покланганда ва тузалганда қазосини тутиб берадилар. 2) Муқим бўлмоқ. Мусофирга ҳам рўза тутиш фарз бўлмайди. Сафардан қайтганда қазосини тутиб беради.

Учинчи шарти — рўзанинг тўғри бўлиши шартлари. Булар учта: 1) Ният. Ниятсиз рўза тўғри бўлмайди. 2) Нифос ва ҳайздан холи бўлиш. Нифос ва ҳайзли бўла туриб, тутилган рўза ҳам рўза бўлмайди. 3) Рўзани бузадиган нарсалардан холи бўлиш. Рўза тутиб турганда уни бузадиган нарса ориз бўлса, рўза қолмайди. Ўрнига қазосини тутиб бериш лозим бўлади.

  • Рўза аҳамиятига кўра, намоздан кейинги муҳим амал ҳисобланади. Рамазон ойида имкони бўла туриб рўза тутмасликнинг оқибати қандай? Шу ўринда каффорат ҳақида ҳам маълумот бериб кетсангиз.
  • Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким рухсатсиз ва касал бўлмай туриб, рамазонда бирон кун рўза тутмаса, гарчи бир умр рўза тутса ҳам, ўша бир куннинг қазосини ўтай олмайди” (Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ухлаб ётган эдим. Ёнимга икки киши келиб билакларимдан тутди-да, мени чиқиш қийин бўлган тоғ олдига олиб боришиб, унга чиқинг, дейишди. “Тоқатим етмайди”, деган эдим. “Сизга чиқишни осон қилиб қўямиз”, дейишди. Мен кўтарилиб тоғнинг текис жойига (устига) етганимда кучли шовқин эшитилди. “Бу қанақа шовқин?” деб сўраган эдим, улар: “Бу дўзахийларнинг фарёди”, деди. Сўнг мени у ердан олиб кетишди. Бир жойда оёқларидан осиб қўйилган, лунжлари йиртилиб, қон оқиб турган қавмга дуч келдим. “Ким улар?” — деб сўраган эдим, “Улар рўзалари ниҳоясига етмай туриб ифтор қиладиган кимсалардир”, дейилди (Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон ривояти).

Нахаъий рамазоннинг рўза тутилмаган ҳар бир куни учун уч минг кун рўза тутиб беришни вожиб деб билганлар.

Саид ибн Мусайяб: “Ҳар бир кун ўрнига ўттиз кун рўза тутиб бериш вожиб”, деган бўлсалар, Имом Моликнинг устози Робийъа розияллоҳу анҳу: “Ҳар бир кун эвазига, ўн икки кун рўза тутилади”, деганлар.

  • Ифторлик қандай бўлиши керак. Бугунги кунда ифторликлардаги дабдабабозликлар қанчалик тўғри?
  • Ифторлик дабдабадан холи, Аллоҳ учун бўлиши керак.
  • Рўза тутиши шарт бўлмаган кишилар ёки ҳолатлар ҳақида айтсангиз. Улар бунинг ўрнига нима қилишади?
  • Рўза тутмасликни ёки тутган бўлса ҳам, очишни мубоҳ қилувчи бир қанча ҳолатлар мавжуд. Ҳалок бўлиши, бирор аъзосига талафот етиши, янги касаллик пайдо бўлиши, мавжуд беморлиги зиёдалашиши хавфи бўлган кишилар рўза тутмайдилар; Мусофир киши рўза тутиш-тутмасликда ихтиёрлидир. Имкони бўлса, тутгани афзалдир. Рўза тутмаслиги мумкинлигига шариат томонидан рухсат берилган. Рўза тутганидан сўнг сафарга чиқса, рўзасини очишга рухсат берилмайди. Очиб юборса, қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди. Рўза тутганидан сўнг сафарни ният қилса-ю, ўз шаҳридан чиқиб кетишидан аввал еб-ичиб юборса, каффорат лозим бўлади; Ҳомиладор ёки эмизикли аёл ўзининг ё боласининг жонига нуқсон, ҳалокат етиш хавфи бўлса, рўза тутмасликка, тутган бўлса, очиб юборишга рухсат берилади. Уларга каффорот вожиб бўлмайди; Очлик ёки чанқоқлик ҳалокат ёки беморликка олиб борса, рўзани очишлик узр саналади; Эркагу аёл ёши кексайиб, рўза тутишга қудрати етмаса, бу ҳолат умрининг охиригача давом этса, рўза тутмасдан бадалига фидя тўлашлари лозим бўлади. Шунингдек, сурункали касалликка дучор бўлганлар ҳам рўза тутмаслиги мумкин. Уларга ҳар кунлик рўзаси эвазига фидя тўлаши вожиб бўлади. Айрим кишилар ёзнинг узун кунларида тутолмай, қишнинг қисқа кунларида тутишга қудратлари етса, рўза тутишлари фарз бўлиб, фидя кифоя қилмайди; Сафарбарлик ҳам рўза тутмасликка сабаб бўлади.
  • Рўзанинг маънавий ва жисмоний фойдалари (тиббиёт томонидан исботланган фойдалари ҳақида) ҳам билиб олсак.
  • Рўзанинг жуда кўп ва турли-туман фойдалари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ана шу фойдаларга тарғиб қилганлар. Улардан баъзиларини айтиб ўтсак. Биринчидан, рўза инсон танасини турли касалликлардан асрайди. Чунки танадаги кўп касалликлар асосан меъда ва ичакларда тўпланиб қолган чиқиндилардан ҳамда ортиқча семириб кетишдан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазот қилинглар, ўлжа олурсиз. Рўза тутинглар, соғлом бўлурсиз. Сафар қилинглар, бой бўлурсиз”, деганлар (Табароний ривоят қилган). Иккинчидан, рўза зеҳннинг саломатлиги, фикрнинг тўғри бўлиши, ҳофиза қувватининг фаоллашувида фойдали, унутувчанликни камайтиради. Кўп ейиш мияда намлик ва ботни кўпайтиради ва бу хотира қувватига оғир келади. Учинчидан, рўзадор кишининг тана аъзолари ҳаракати тоат-ибодатлар учун енгил бўлади. Ҳаддан ташқари тўйиб овқатланиш танани бўшаштиради, ибодат қилишга оғирлаштириб қўяди. Тўртинчидан, рўза туфайли шайтоннинг малайлари мағлуб бўлади, Раҳмоннинг лашкарига нусрат ато этилиб, ғолиб бўлади. Рўзада нафсни тийиш аъзоларнинг бемалол бўлишидан, шаҳватларга муккасидан кетишидан сақланишдир. Озуқанинг кўпайиб кетиши нафсни ёмон шаҳватларга ундайди. Бешинчидан, рўза туфайли дуолар қабул ва ижобат бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч киши борки, уларнинг дуосини рад қилмаслик Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақдир: оғзини очгунча рўзадорнинг, нусрат топгунча мазлумнинг ва қайтгунича мусофирнинг”, деганлар.

Қолаверса, тиббий-илмий изланишлар натижасида рўзанинг турли жисмоний ва руҳий касалликлардан ҳимояланишда ва уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги собит бўлди. Баъзи мисолларни айтадиган бўлсак: Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилиятни (иммунитет) кучайтиради, чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий исботини топган.

Шаҳзод ШОДМОНОВ суҳбатлашди.

Фотиҳа сураси етти оятдан, йигирма етти сўз ва бир юз қирқ ҳарфдан иборатдир. Ибн Аббос, Қатода ва Абул Олия Фотиҳа сураси Маккада нозил бўлган, дейди. Фотиҳа сурасининг номи кўплиги унинг шарафи ва фазлининг юқорилигига далилдир. Фотиҳа сураси билан намознинг ҳар бир ракати аввалида ўқилиши ва Қуръони карим у билан бошлангани учун “Фотиҳа” (очувчи) деб номланади.

Анас, Ҳасан ва Ибн Сирин бу сурани “Уммул Китоб”, яъни Китоб (Қуръон) онаси дейишган. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн Уммул Қуръон, Уммул Китоб, Сабъул масоний (етти такрорланувчи) ва Ал-Қуръанул аъзийм (улуғ Қуръон)дир”, дедилар. Яна “Ас-солат” (намоз) деб ҳам номланади. Чунки у намознинг шартларидан биридир.

Ушбу сура “Шифо” деб ҳам номланган. Имом Доримий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилган ҳадисда: “Фотиҳатул Китоб – ҳар бир заҳарга шифодир”, дейилган.

Бу сура “Руқия” деб ҳам номланади. Сўфён ибн Уйайна Фотиҳани “Воқия”, Яҳё ибн Аби Касир эса “Кофия” деган. Яна у “Намоз ва хазина” ҳам дейилади. Буни Имом Замахшарий ўзининг “Кашшоф” тафсирида келтирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Фотиҳатул Китоб – Аршимнинг хазиналаридан бир хазинадир”».

Шотландиялик муслима шифокор кутиш вақтларини қисқартириб, бемор парваришини яхшилаган жарроҳлик роботларини жорий этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан тарихий муваффақиятга эришди.

Доктор Шафақ Шейх MBBS FRCS PhD колоректал ва умумий жарроҳлик соҳаси бўйича ишлайди. У иккита да Винчи роботи ва Mako роботлаштирилган қўл билан жарроҳлик тизимини тақдим этди.

"Беморлар роботлаштирилган операциядан кейин шифохонада камроқ қолиб, тезроқ тузалиб кетади, уларга камроқ оғриқсизлантириш ва анестезия керак бўлади", – дейди муслима шифокор.

Islam.ru маълумотларига кўра, роботлар билан ишлагандан кейинги жарроҳларнинг фикри жуда ижобий бўлди.
"Жарроҳлар сўнгги олти йил давомида биринчи да Винчи роботимиздан фойдаланишди ва бу вақт ичида беморларимиз учун ҳақиқатда фойда берганини кўрдик...", - таъкидлади маслаҳатчи жарроҳ Жюстин Ройл.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Рўза — бандани дунёда ифторга, уқбода ифтихорга етказадиган қутлуғ ибодат.

Рўза — нафсни сабр қафасида тутмоқ, ишқ самосидат руҳга тутунмоқ.

Рўза — ғафлатдан қутлуғ тирилмоқ, шаҳватга қарши  курашмоқ.

Рўза — зоҳиран қоринни оч қолдириш, теран нигоҳ ила эса қоринни оч қолдириб, қалбни тўйдирмоқ.

Ғайрат ва муҳаббат билан ёзилган  дастурхон дунёда қанчадан қанча эшикларни очишга кучи етади, лекин бир мўминнинг кичкина оғзини очолмайди.

Рўза ўзлигимизга уюштирган саёҳатимиз

Рўза — бизга йўқсилга яқин бўлишни, фақир билан баҳам кўришишни, дўст билан қадрдон бўлишни ўргатган муаллими азиз.

Рўза — муҳтожларга бориш билан, ўзимиз, ўзлигимизга келган муҳташам саёҳат.

Рўза — дарёда тополмаганимиз мусаффо ҳаётни, томчида топмо санъати.

Рўза — исёнкор очлик эълони эмас, итоаткор бандалик вазифаси.

Рўза — машаққатда тобланмоқ, ишқда қоврулмоқ, сабр билан тўғриланмоқ ва ризо билан тўймоқ.

Рўза — мукофотини аниқлаш учун математика илми чорасиз қолган ибодат.

Меҳр-шафқат мавсуми

Оғизнинг чанқоқлик билан қуришига мукофот қилиб, кўнгилнинг нурдан ясалган косалар билан ишқ ирмоғидан сувга қониши.

Рўза — ичимиздаги душманга нисбатан энг буюк жиҳоднинг ягона номи.

Рўза — бандани Аллоҳдан узоқлаштирган ёмонликлардан ҳимояланиши учунбутун умматларнинг пешонасига ёзилган раййон муҳри.

Рўза — ҳаёт йўлида Қуръон чироғи билан Қадр топмоқлик.

Рўза — дунёда гуноҳларни, уқбода дўзах оловини сўндирмоқ учун муҳаббат билан ёнмоқ санъати.

Рўза — меҳр ва шафқатнинг китоблардан қалбларга ҳижрат қилгани эҳсон мавсуми.

Рўза — қўлимизни аввал виждонимизга, кейин эса яхшилик учун чўнтагимизга олиб борган инфоқ баҳори..

Саноқли кунларнинг саноқсиз яхшиликлар ибодати

Рўза — дунё ғала-ғовурида йўқотиб қўйган ўзлигимизни, кимсасизларни хотирдамоқ билан топган дийдор вақти. 

Рўза — саноқли кунларнинг беҳисоб яхшиликларининг ибодати.

Рўза — ҳамма нарсага эришиш билан қидирган ҳаловатни, ҳеч нарсани ўзимизники дея билмаслик билан топган хотиржамлигимиз василаси.

Рўза — жисм кемаси барча ҳаромларга ёпиб, ҳалол денгизининг саломат соҳилига ихлос капитанлиги билан чиққанимиз қутлуғ сафар.

Рўза — бола учун завқли ўйин, ёшлар учун ўзига хос фазилат, кексалар учун азиз хотира, аёллар учун мустасно зийнат.

Рўза — қалбдаги ниятнинг ҳолда самимиятга, ҳаётда маданиятга айланиши.

Рўза — очкўзнинг зиндонидан, кўнгли тўқнинг саройига юксалиш.

Рўза — кўкда ҳилолни, ерда ҳалолни кузатишнинг шуури.

Рўза — нафс тарбияси, кўнгил тазкияси, қалбдаги кирларнинг тасфияси...

* Тазкия — зийнатламоқ
* Тасфия —покламоқ.

 

"Ислом ва эҳсон" сайтидан олинди.

Таржимон: Умида Адизова

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муборак Рамазон ойини юқори савияда ўтказиш ишлари қизғин давом этмоқда. Жумладан, хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида юртимиз қорилари чет мамлакатларда таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиб бериш ва диний-маърифий тадбирлар ўтказиш учун сафарга жўнаб кетишди.

Жумладан, АҚШ даги Туркистон – Америка жамиятининг расмий таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Аҳмаджон қори” масжиди имом-хатиби, 2018 йилги Ўзбекистон Қуръон мусобақаси ҳакамлар ҳайъати аъзоси Муҳаммадий қори Эргашев АҚШга жўнаб кетди ва мутасадди вакиллар томонидан кутиб олинди. Муҳаммадий қори Эргашев АҚШ да Рамазон ойи давомида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, диний – маърифий суҳбатлар ўтказиб беради.

Маълумот учун, бир неча йиллардан буён имом-домлаларимиз Туркистон – Америка жамияти таклифига кўра, Рамазон ойида АҚШда бўлиб қайтган эди. Ўтган 2020 йили пандемия сабаб қориларимизнинг хориж сафари ташкил этилмади. Жорий йил Рамазон ойида қориларимиз АҚШ, Россия, Украина ва бошқа мамлакатларда хатми Қуръонлар ва диний-маърифий суҳбатлар ўтказиб қайтишади.

Сафар тафсилотлари ҳақида порталимиз орқали хабар бериб борамиз, иншоаллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top