www.muslimuz

www.muslimuz

Саудия Арабистони меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги хорижликларга туризм соҳасида 20га яқин лавозимни эгаллашни тақиқлади. Бу ҳақда Saudi Gazette нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, чекловлар уч юлдузли ва ундан юқори бўлган барча меҳмонхоналар ҳамда туристлар учун апартаментларга тааллуқли. Хорижликлар эгаллай олмайдиган лавозимлар қаторига бронлаш ва маркетинг бўйича мутахассис, меҳмонхона директори ўринбосари, савдо бўлими раҳбари, спорт клуби супервайзери ва бошқалар киритилди.

Эндиликда фақат Саудия Арабистони фуқароларигина юк қабул қилиш ва хоналарга буюртма олиш, ресторан ва кафеларда официантлик қилиши мумкин.

Чекловлар йил охиридан бошлаб амал қила бошлайди ва келгуси йил охиридан тўлиқ кучга киради.

Аввалроқ қироллик фуқароларининг ишсизлик даражасини пасайтириш мақсадида савдо соҳасининг 12та йўналишида ана шундай қарор қабул қилинганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 29 Июль 2019 00:00

Жаннат ва дўзах абадийдир!

Аллоҳ таоло кофирларнинг жаҳаннамда, мўминларнинг жаннатда абадий қолишларини баён этиб шундай марҳамат қилган:

إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ وَالْمُشْرِكِينَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا أُوْلَئِكَ هُمْ شَرُّ الْبَرِيَّةِ إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُوْلَئِكَ هُمْ خَيْرُ الْبَرِيَّةِ جَزَاؤُهُمْ عِندَ رَبِّهِمْ جَنَّاتُ عَدْنٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَداً رَّضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ ذَلِكَ لِمَنْ خَشِيَ رَبَّهُ

“Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар жаҳаннам ўтидадурлар, у ерда абадий қолурлар. Ана ўшалар халойиқнинг энг ёмонларидир. Албатта, иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, ана ўшалар, халойиқнинг энг яхшиларидир. Уларнинг мукофотлари Роббилари ҳузуридаги остидан анҳорлар оқиб турган жаннат “адн”дир. У ерда абадул абад қолажаклар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам У зотдан рози бўлдилар. Бу Роббисидан қўрққанлар учундир (Баййина сураси, 6-8-оятлар).

Ушбу оятда кофирларнинг дўзахда, мўминларнинг эса жаннатда абадий қолишлари баён этилмоқда.

Хўш, “Абадий” нима дегани?

“Абадий” – “Ниҳояси йўқ”, “Ҳеч қачон тугамайдиган” деганидир.

Менинг ёшим 36 да. Сизники 40 да. Яна бировники 80 да. Бутун бир умр 80-90 йил бўладиган бўлса, шу муддат ичида қанча воқеалар бўлиб ўтади.

Аммо «абадий» деган сўз 36 йил ҳам, 40 йил ҳам, 100 йил ҳам, 1000 йил ҳам, 5000 йил ҳам, 500 000 йил ҳам, 5 миллион йил ҳам, 100 миллиард йил ҳам, 80 триллион йил ҳам эмас.

Абадий жаннат – ниҳоясиз, ҳеч қачон тугамайдиган роҳат-фароғат, неъмат масканидир.

Сиз жаннатда истаган мевангизни ниҳоясиз муддат еяверасиз.

Сиз жаннатда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида тўхтовсиз иштирок этасиз, этаверасиз, тинглайверасиз, юзларига назар солаверасиз, миллиард йиллар давомида суҳбатлашасиз, аммо муддат тугамайди, вақт чегараланган эмас.

Сиз жаннатда Роббул оламийннинг Карамли Жамолини ҳар куни кўрасиз, тўхтовсиз кўрасиз, ТУГАМАЙДИГАН БАХТ ичида бўласиз.

Абадий дўзах эса, азоби ҳеч қачон тўхтамайдиган, тугамайдиган жойдир. Аллоҳ барчамизни бундан асрасин!

Аллоҳ таоло барчамизни абадий Жаннатига дохил айлаб, Карамли Важҳига назар солишимизни насиб этсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Индонезиядаги Ўзбекистон элчихонасида «Ratih TV» телеканали учун мамлакатимизнинг тарихи, маданияти ва туристик диққатга сазовор жойлари ҳақидаги кўрсатувни суратга тушириш жараёни бўлиб ўтди, хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Суратга тушириш чоғида индонезиялик телеканал журналистлари учун ўзбек миллий ошхонасининг тансиқ таоми – палов тайёрланди, телекўрсатувда унинг тайёрланиш жараёни ҳақида ҳам сўз боради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Воскресенье, 28 Июль 2019 00:00

Одамлар нима деркин?!

Одамлар орасида яшар экансиз турли ҳолатларга, гап-сўзларга дуч келасиз.

Агар аёл киши қизлик уйига бир неча кунга борса, қўни-қўшнилар дарров гап чиқаришади: “Фалончи қайтиб келибдими?”

Агар аёл ота-онасини кўргани анча вақт келмаса, қўни-қўшнилар яна гап чиқариб, қизнинг ота-онасига: “Сизларни ўйламас эканда бу қизинглар? Нега сизларни кўргани келмайди? Куёв чатоқроқ шекилли, қизингизни сизларни кўришга юбормаяпти”.

Кўзингиздан шикоят қилиб, шифокорга бордингиз. Текширувлардан сўнг сизга кўзойнак тақиб юриш буюрилди. Кўзойнак тақиб юрган эдингиз, таниш-билишларингиз кўриб қолиб, “Кўзойнак тақиб олибсанми? Ўқитувчиларга ўхшаб қолибсан. Ярашмабди” дейишади.

Бу гаплардан сўнг кўзойнакни ечиб қўйдингиз. Шунда ҳам улар нимадир деб ғашингизга тегишади. Ўйлаб кўринг, агар уларнинг гапини деб кўзойнак тақмадингиз. Натижада кўзингизнинг кўриш қуввати янада пасайиб, аҳволингиз олдингидан ҳам оғирлашди. Хўш, энди ўша гапирганлар сизнинг олдингизга келиб, “Оғайни, мени гапимни деб кўзойнак тақмай юрдинг. Энди мана бу пулни олиб қўй, кўзингни муолажа қилишга ишлатарсан” дейдими?! Йўқ, ундай демайди. Улар фақат гапиришни билишади, холос. Бошқа ҳеч нарса қилишмайди.

Мусулмонликка хос бўлган чиройли либос, бошингизга дўппи кийиб олсангиз, “Ҳа, домлаларга, қори акаларга ўхшаб кийиниб олибсанми?!” дейишади.

Агар тор футболка, жинси шим, бошингизга кепка кийиб олсангиз, “Ҳоо, културний бўлиб кийиниб олибсанми?!” дейишади. Ҳа, улар сизни ҳар қандай ҳолатда ҳам тинч қўйишмайди.

Фарзанд кўришингиз чўзилса, “Дори-дармон қиляпсизларми? Докторга бордингларми? Нега бўлмаяпти фарзанд?” деб сўраб қолишади.

Агар тўйдан кейин 9 ойдаёқ фарзанд кўрсангиз, “Тўй яқинда бўлганди шекилли. Ҳали эртамасми?” деб хавотирли саволларни беришади. Ҳа, уларнинг гапи тугамайди.

Агар машина олсангиз, “Бу одам ойликка ишласа, машинани қайси пулга олди экан?!” дейишади.

Агар машина олмай, пиёда юрсангиз, “Тошкентда ишлайди. Кўтарилиб кетган-у, аммо ҳалигача пиёда юради. Машина олса бўлмасмикин?” дейишади.

Шу ўринда бир ҳикоя эсга тушиб қолди.

Бир одам ўғли билан эшакка мингашиб кетаётса, уларни кўрган одамлар “Иккиси бечора эшакни эзиб, унга мингашиб олганини қаранглар” дейишибди. Бу гапдан қутулиш учун иккиси эшакдан тушиб олишса, одамлар яна “Булар аҳмоқ экан. Тайёр эшак турганда, унга минмай, пиёда кетишини қаранглар” дейишибди. Эшакка ота миниб олиб, ўғли пиёда кетаётса, одамлар “Қанақа ота экан бу? Ўзи эшакка миниб олиб, боласини пиёда юргизиб қўйибди” дейишибди. Шунда ота эшакдан тушиб, ўғлини унга миндириб қўйса, одамлар яна “Ўғли беодоб экан. Отасини миндирмай, эшакка ўзи чиқиб олибди” дейишган экан.

Ҳа, одамлар ҳеч қачон жим бўлишмайди, гапираверишади. Яхши бўлсангиз ҳам гапиришади, ёмон бўлсангиз ҳам. Афсуски, биз одамларнинг гап-сўзларига қараб иш қиладиган, “Одамлар нима деркин?!” деган фикрда юрадиган бўлиб қолдик. Кийинишимиз ҳам, овқатимиз ҳам, юриш-туришимиз ҳам, соч турмагимиз ҳам, минадиган машинамиз ҳам, яшайдиган уйимиз ҳам, фикрлашимиз ҳам “Одамлар нима деркин?!” деган хаёл билан бўляпти. Бу нотўғри. Одамлар олдин ҳам гапиришган, ҳозир ҳам гапиришади. Биз одамларнинг эмас, Аллоҳ ва Расулининг айтганини қилишга, Динимиз кўрсатмаси бўйича яшашга уринайлик!

Буюк имомлардан Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ “Одамларни рози қилиш етиб бўлмас мақсаддир. Аллоҳни рози қилиш тарк этилмас мақсаддир. Шундай экан, етиб бўлмайдиганини тарк этгинда, тарк этилмайдиганига эришишга интил!” деганлар.

Аллоҳ таоло бизни фақат Унинг амрига итоат қилиб, Ўзини рози қилиш учун яшашимизни насиб этсин, одамларнинг гапига қараб иш қилишимиздан асрасин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Воскресенье, 28 Июль 2019 00:00

Уламоларни яхшилик билан эслайлик!

Уламолар ҳақида ёмон гап гапириш, ғийбат қилиш мунофиқлик бўлади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳдан кимдир уламоларни, имомларни, аҳли илмларни ёқтирмаслик, орқасидан гапириш мунофиқлик саналадими, деган маънода савол берганда, Шайх ҳазратлари “Мунофиқнинг каттаси бўлади” деган маънода жавоб берганлар.

Ижтимоий тармоқларда Динни холис етказиш ҳақида мақола қўйилса, остида аҳли илмлар, имомлар ҳақида ёмон гаплар, ғийбатлар ёзиб изоҳ қолдириш ҳам юқоридагидек ҳукмда бўлади.

Бундай ишлардан эҳтиёт бўлайлик!

Қайси имом домланинг айблари бўлса, номларини ёзиб, оммага эълон қилмай, ўзларига айтиш керак. Чиндан насиҳат қилишни истаган, насиҳатни ўша инсоннинг ўзига айтади. Шарманда қилишни истаган эса, ўша инсоннинг исмини, камчиликларини ёзиб, оммага эълон қилади. Зеро, Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: “Агар менга ёлғиз ўзим турганимда насиҳат қилсанг, чиндан насиҳат қилган, агар одамлар ичида турганимда насиҳат қилсанг, шарманда қилган бўласан” деганлар.

Салафи солиҳларимиздан бирлари: “Уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким уни ҳидласа, касал бўлади, ким уни еса, ўлади” деганлар. Ғийбат қилиш биродарининг гўштини ўлганидан кейин ейишга тенглаштирилганини ҳисобга олсак, уламоларни ғийбат қилаётган одам заҳарли гўшт еяётган бўлади. Бундай гўштни еган кимса ўлар экан, шу ғийбатга қулоқ солган киши эса касал бўлар экан.

Дуоларимизда уламоларимизни, устозларимизни, имом домлаларимизни, аҳли илмларни унутмайлик! Ўтганларини ҳам, ҳаётларини ҳам яхшилик билан эслайлик!

Аллоҳ таоло ўтиб кетган барча уламоларимизни, устозларимизни, имом домлаларимизни, аҳли илмлар ва мударрисларни раҳматига олсин! Ҳозирда яшаб турганларини Ўз паноҳида асрасин! Ўзининг розилигини кўзлаб қилаётган хизматларининг ажру савобини кўпайтириб берсин! Барчамизни Ҳақ Йўлда собитқадам қилиб, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин! Омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар

Top